Ўзбекистон, Марказий Осиё ва Россия: "Яшаб бўлмай қолди". Меҳнат муҳожирлари Россиядан қаерга кетаяптилар?

- Author, Янгиликлар бўлими
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 10 дақ
Россияда мигрантлар устидан назорат тобора қаттиқлаштириб борилаяпти. Бир йил ичида ҳукумат "ноқонуний" муҳожирлар реестрини жорий этди, болаларни мактабларга қабул қилишни қийинлаштирди, полицияга мамлакатдан судсиз чиқариб юбориш ҳуқуқини берди ва Москва ҳамда вилоятида муҳожирларнинг ҳаракатланишини кузатувчи иловани ишга туширди. Украинадаги уруш ва рубл қиймати пасайиши туфайли Россияда ишлаш шундоқ ҳам жозибадорлигини йўқотган эди, янги чекловлар сабабли марказий осиёлик ёшлар тобора кўпроқ бошқа мамлакатларга, жумладан, Европага эътибор қаратаяптилар.
Москвада "ноиложликдан" қолиш
Қирғизистонлик ёшларнинг 89 фоизи сингари 25 ёшли Билол* ҳам доим хорижда ишлашни орзу қилган.
Қирғизистондаги ёшлар меҳнат миграцияси оммавий, иқтисодий жиҳатдан зарур ва ижтимоий жиҳатдан маъқулланадиган шароитда ўсиб улғаймоқдалар.
Бугун Қирғизистонда ўртача маош — 42000 сом (480 долларов) бўлса, Россияда, масалан, ишлаб чиқаришда ойлик маош 150 минг рублга (деярли 2 минг доллар) етади. Кўпчилик ватандошларидан фарқли ўлароқ, Билол у ерда ишлашни ҳеч режалаштирмаган. "Чунки кўплаб юртдошларимиз Россияда ирқчиликка дуч келади," деб тушунтиради у.
Унинг орзуси Европа эди, бироқ таниш-билишлари ва алоқалари бўлмаган ҳолда Европа Иттифоқига ишга таклиф олиш имконсиздек эди. Шунда Билол Европа компаниялари билан алоқалари бўлган "воситачи" ватандошларига мурожаат қилди. Воситачилар унга Санкт-Петербургга боришни маслаҳат беришди, уларнинг айтишича, у ерда ҳужжатларни расмийлаштириш ва виза олиш осонроқ экан.
Бу коронавирус пандемияси авж олган пайтга тўғри келди, Шенген келишувига аъзо кўплаб давлатлар виза беришни тўхтатиб, консулликларини вақтинча ёпган эди. Билол уйга қуруқ қўл билан қайтишни истамади, шунинг учун Россияда қолишга мажбур бўлди – ўзи айтганидек, "ноиложликдан".
"Аввалига чанғи курортида ноқонуний ишладим. Асосан ўтин тайёрлаб, коттежлар атрофидаги қорларни тозалардик. Ҳақ нақд пулда берилар эди," деб эслайди у.

Сурат манбаси, Valentin Yegorshin/TASS
Икки ойдан сўнг Билол Москвага кўчиб ўтди ва визасиз режим бўлган мамлакатлардан келган чет элликларга Россияда қонуний ишлаш имконини берувчи ҳужжат – патент олди. У "Яндекс"га курер бўлиб ишга жойлашди.
Билол рус тилини жуда яхши билади – шу сабабли у дўстларидан фарқли ўлароқ, ксенофобия кўринишларига камроқ дуч келдим, дейди. Бироқ барибир келишмовчиликлар бўлиб турарди. "Баъзан "Мана, мигрантлар яна келди" деган гапларни эшитардим. Айниқса, мижознинг ўзи манзилни нотўғри кўрсатгани туфайли етказиб беришда муаммо юзага келганда, албатта, бунда мигрантлар айбдор бўлиб чиқарди".
Билол Украинада кенг кўламли уруш бошланишидан икки ой олдин Россияни тарк этди. "Ўшанда ҳозиргидек эмас эди, – деб эслайди у. – Ҳа, кўчада тўхтатишарди, лекин пул олиб, қўйиб юборишарди. Ҳозир дўстларим "Амина"(Россиянинг мигрантларни рўйхатга олиш мақсадидаги мобил иловаси — Би-би-си) ҳақида ҳам, полициячилар кўчада қандай ушлашаётгани ҳақида ҳам, урушга жўнатиш ҳақида ҳам гапиришяпти."
Унинг орзуси Европада ишлаш бўлиб қолаверди.
Қувғиндан кузатувгача
Россияда меҳнат муҳожирлари учун қонуний ишга йўл «Сахарово» деб номланган марказ орқали ўтади – у Москвадан 60 километр олисда жойлашган бўлиб, келганлар кўпинча соатлаб навбатда туради. Ҳудуд периметри қуролланган хавфсизлик кучлари томонидан қўриқланади, ичкарида эса "ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни" аниқлаш учун қон ва сийдик топшириш каби текширувлар ўтказилади. Биринчи уринишда ҳужжат олишга муваффақ бўлганлар қонуний равишда ишлашлари мумкин, аммо улар барибир кейинги муаммолардан холи эмас.
Россияликлар кўпинча уларга уй ижарага беришни истамайди. Мигрантларнинг фарзандлари "жой етишмаслиги сабабли" мактаб ва боғчаларга қабул қилинмайди, уларнинг ўзлари эса иш жойларида "рейд"ларга ёки кўча ва жамоат транспортида доимий "ҳужжат текшируви"га дуч келади. Ҳатто Россия томонидан Украинага қарши бошланган уруш ҳам уларга босим ўтказиш воситасига айланди: кўпчиликни "имтиёзлар" – масалан, фуқароликни тезроқ олиш эвазига урушда қатнашишга мажбур қилишмоқда.
Тўрт нафар Тожикистон фуқароси томонидан амалга оширилган деб тахмин қилинаётган "Крокус Сити Холл"га уюштирилган ҳужумдан сўнг хавфсизлик кучлари кенг кўламли рейдлар ўтказди – Тожикистон ҳукумати ксенофобиядан хавотирлангани боис ҳатто ўз фуқароларига уйдан чиқмасликни тавсия қилди.

Сурат манбаси, OLGA MALTSEVA/AFP via Getty Images
Кейин қонун чиқарувчилар ҳам ишга киришди. Сўнгги бир йил ичида улар никоҳ асосида яшаш учун рухсатнома олишни чеклади, Ички ишлар вазирлигига муҳожирларни судсиз чиқариб юбориш ҳуқуқини берди, мигрант болаларни мактабга кириш учун рус тилидан имтиҳон топширишга мажбур қилди ва Назорат остидаги шахслар реестри – Россияда ноқонуний бўлган чет элликлар маълумотлар базасини яратди. Кейин бу реестрга адашиб қўшиб қўйиш ҳолатлари ҳақида хабарлар чиқди, бунинг натижасида одамлар мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди, уларнинг банк ҳисоблари блокланди, ҳатто машина ҳайдаш имконияти ҳам йўққа чиқди.
Россия ҳукумати бу чораларнинг барчасини ноқонуний муҳожирлар билан курашиш ва жиноятлар олдини олиш зарурати билан изоҳлади. Жорий йил июлида Ички ишлар вазирлиги муҳожирлар содир этган жиноятлар сони ортганини маълум қилди, бироқ умумий жиноятчилик статистикасида чет элликлар улуши пастлигича қолмоқда. "Если быть точным" лойиҳаси тадқиқоти кўрсатишича, вояга етган россиялик эркаклар муҳожирларга қараганда кўпроқ жиноят содир этади.
1 сентябрдан бошлаб синов тариқасида янги лойиҳа ишга тушди: Москва ёки Москва вилоятида бўлган Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украинадан келган муҳожирлар телефонларига "Амина" иловасини ўрнатишлари шарт. Ҳукумат вакиллари илованинг асосий мақсади фойдаланувчиларнинг қаерда юрганини доимий кузатиб бориш эканини очиқ тан олмоқда.

Сурат манбаси, .
Носоз илова
Агар телефон уч иш кунидан ортиқ вақт давомида "Амина"га жойлашув маълумотларини юбормаса, тажриба иштирокчиси автоматик равишда рўйхатдан чиқарилади. Агар муҳожир вазиятни тезда ўнгламаса, у "назорат остидаги шахслар" рўйхатига тушиб қолиши мумкин, бу эса банк ҳисобларини блоклаш, ишдан айрилиш ёки университетдан четлаштирилишга сабаб бўлиши мумкин.
27 ёшли Тожикистон фуқароси Имрон хавотирда: "Телефонда жойлашувни аниқлаш хизмати ёқилган ва "Амина"га ҳамма маълумот узатилади, лекин менга кунига бир неча марта жойлашув маълумотлари узатилмаётгани ҳақида хабар келади. Илова жуда ёмон ишлаяпти. Бундай ҳолат менга қандай хавф туғдиришини тасаввур ҳам қилолмайман."
Фойдаланувчилар доим "Амина" ишидаги муаммолар ҳақида хабар бермоқда. Баъзилар биринчи ойнадан нарига ўта олмайди, бошқаларнинг иловаси расмни қабул қилмайди, учинчилари эса маълумотлари текширувдан ўтмагани ҳақида хабар олади, аммо энг кўп учрайдиган муаммолар айнан жойлашув билан боғлиқ.
RuStore'даги илова изоҳларида ишлаб чиқарувчилар "мутахассислар илованинг барқарорлиги устида доимий ишламоқда" деб жавоб беради ва техник ёрдамга мурожаат қилишни маслаҳат беришади. Аммо фойдаланувчилар соатлаб алоқа линиясида кутиб қолишдан шикоят қилмоқда.
"Сахарово" бош директори Антон Игнатовнинг таъкидлашича, дастур ёрдамида хавфсизликни ошириш ва "инсофсиз фуқаролар томонидан қонунбузарликлар олдини олиш" мумкин бўлади. Мисол тариқасида у муҳожирлар ишлаш учун рухсатномани қисқа муддатга сотиб олиб, кейин "сояга", "Москва ва вилоятнинг қайсидир саноат ҳудудларига сингиб кетадиган" ҳолатларни келтирди.

Сурат манбаси, Mikhail Tereshchenko/TASS
Бундай ҳолатлар ҳақиқатан ҳам учраб туради ва бунинг энг асосий сабаби – пул. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Москва ва вилоятида патент учун ойлик тўлов 8900 рубл (115 доллар) ни ташкил этади. Кам ҳақ тўланадиган ишларда – масалан, қурилиш ёки омборларда ишлайдиган кўплаб муҳожирлар учун бу иш ҳақининг катта қисмидир. Бу эса баъзиларни норасмий секторда ишлашга ундайди.
Яна бир омил – Осиё мамлакатларидан келган муҳожирлар энг кўп ишлаётган соҳаларда иш ҳақи кечикиши. Москва вилоятидаги қурилишда ишлайдиган ўзбекистонлик Муҳаммаджон сўнгги икки ярим ой давомида маош олмаган. Бир ой олдин у патент учун тўловни тўхтатди – чунки тўлашга пули йўқ эди. У ўзини ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай имконият кўрмаяпти.
Бундай одамларни ишлатиш суғурта бадалларини тўлашдан бош тортадиган, нақд пулда ҳақ тўлайдиган, ходимлар иш вақтидан ташқари ишлашга ва паст маошга рози эканликларини тушунадиган иш берувчилар учун фойдали.
Ишлаш жуда қийин бўлиб қолди
Қирғизистонлик 32 ёшли Кудайберген "оиласини боқиш учун" Москва чеккасидаги омборда ишлаган. Иш берувчи омбор ишларида банд бўлган муҳожирлар учун ётоқхона берган экан.
"ОМОН келди. Бизга худди хавфли террорчини қўлга олаётгандек муносабатда бўлишди. ОМОН таёқ ва электрошокерлар билан келарди. Ҳаммамизни ташқарига ҳайдашди. Қўлларимизни орқамизга қилиб, икки соатча эшик олдида туриб қолдик. Шу вақт давомида бизнинг ҳужжатларимизни текширишди, – деб эслайди у. – Рус тилини яхши тушунмайдиганлар ҳам бор эди, уларга жуда қийин бўлди. Агар улар бирор нарсани тушунмаса, калтакланарди. [...] Худога шукр, ҳужжатларимиз жойида эди."
Россия расмийлари, одатда, текширувлар қонунга қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилишини ва муҳожирларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилмаслигини таъкидлайди. Ички ишлар вазирлиги бундай текширувлардан сўнг муҳожирлар полицияга шикоят қилмаслигини далил сифатида келтирмоқда.
Янги 2025 йилга яқин текширувлар кучайтирилди, дейди Кудайберген. Барча янгиликлар ва муҳожирларга бўлган муносабат туфайли у Россияда ишлаш жуда қийинлашиб кетганини англаб ватанига қайтди.
"Аммо энди оиламни боқишим керак, – дейди у. – Мен Европа ҳақида ўйлаяпман, дўстларим ва танишларимдан қандай кетиш мумкинлигини сўраяпман. Лекин имкони бўладими йўқми, билмайман. Айтишларича, виза олиш жуда қийин эмиш."

Сурат манбаси, Kirill Kukhmar/TASS
Уч фарзанднинг онаси бўлган 35 ёшли Гулнура турмуш ўртоғи билан ўн йилдан ортиқ Россияда яшаган. 2025 йил баҳорида у болалари билан она юрти Қирғизистонга дам олиш учун учиб кетди. Ўша ерда у мактабга кириш учун рус тилидан имтиҳон топширишда муҳожирларнинг болаларига қўйиладиган янги талаблар ҳақида билиб олди. Гулнуранинг болалари рус тилини жуда яхши билишади, лекин шундай бўлса ҳам уларни "жой йўқ эди" деган баҳона билан мактабга олишмади.
"Дастлаб Москвага қайтишни режалаган эдик. Аммо ҳозир у ердаги дўстларим болаларини мактабга бера олмаётганларидан шикоят қилмоқда, – дейди Гулнура. – Бир дугонам апрел ойидан бери ҳужжат йиғади, лекин қабул қилишмаяпти. Бошқаси эса тестга киришга муваффақ бўлди, аммо топширганидан сўнг рад жавобини олди: «Фарзандингиз рус тилини етарли даражада билмайди». Ваҳоланки, унинг қизи Москвада туғилиб ўсган, рус тилида эркин гапиради, боғчага ва тайёрлов курсларига борган, ёзиш ва ўқишни билади".
"Тил билиш талаби бутун Россия бўйлаб мактабларда муҳожир болаларни қабул қилишни ўзбошимчалик билан рад этиш учун баҳона бўлмоқда, – деб ҳисоблайди Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ходими Сийнат Султоналиева. – Россия ҳукумати муҳожир болаларни мактабга киришдан маҳрум қилиб, амалда уларни таълим берадиган ҳаётий имкониятлардан маҳрум қилмоқда. Мактабга боришни тақиқлаш узоқ муддатли ижтимоий интеграцияга тўсқинлик қилади, болаларни хавфли меҳнатга жалб қилиш хавфини оширади ва эрта никоҳларни кўпайтиради."
Гулнура болалари билан Россияга қайтмасликка қарор қилди: "Эрим ҳозирча Москвада. Бу ердаги ишлар тайёр бўлгач, у келади. Аммо биз – мен ва болалар – аллақачон бутунлай қайтиб келдик, чунки у ерда яшаб бўлмай қолди."
Европага дарча
Россияда муҳожирларнинг ҳафсаласи пир бўлганига кўплаб мисоллар бўлса-да, сўнгги йилларда меҳнат миграцияси камайиб бораётганини аниқ айтиш қийин: мавжуд статистика бир-бирига боғлиқ эмас, турли идоралар маълумотлари бир-биридан фарқланади.
Вазиятни мураккаблаштирувчи омил шундаки, ИИВ асосий маълумотларни эълон қилишни тўхтатди, миграция ҳисоби методлари бир неча бор ўзгарди, бу эса турли йиллардаги ҳолатларни ишончли таққослаш имконини йўққа чиқарди.
2024 йилда Олий иқтисодиёт мактаби тадқиқотчилари Россияда меҳнат миграцияси сўнгги ўн йил ичида энг паст даражага тушгани ҳақида хулосага келишди.
Ўшандан бери кирувчилар сони ўса бошлади, аммо мамлакатдаги қонуний меҳнат муҳожирларининг ўртача йиллик сони барқарор – 3-3,5 миллион атрофида сақланиб қолмоқда, бу ўтган йиллардаги кўрсаткичлардан анча паст.
"Российская газета" нашри ёзишича, чет элликлар икки сабабга кўра – миграция сиёсатининг қатъийлаштирилиши ва даромадларнинг пасайиши туфайли Россияга ишлаш учун боришни хоҳламаяптилар: рубл курсининг тушишини ҳисобга олсак, доллар эквивалентидаги даромадлар тахминан учдан бирга камайган.
Бироқ Россия Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари учун энг машҳур йўналиш бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган муҳожирлар учун иккинчи ўринда Қозоғистон туради, у ерда кўпчилик қурилиш, улгуржи ва чакана савдо, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайди.
Учинчи ўринда – Туркия, бу ерда Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ишлаб чиқаришда, айниқса, тўқимачилик ва кийим-кечак, қурилиш, меҳмонхона-ресторан соҳасида, шунингдек, мавсумий қишлоқ хўжалигида банд.
Жанубий Корея заводларида, қишлоқ хўжалигида, қурилишда, балиқ ови ва қайта ишлашда муҳожирларга эҳтиёж бор.
Аммо кўпчилик учун, масалан, Россиядан кетган Билол учун Европага ишга таклиф олиш орзулигича қолмоқда. Охир-оқибат, у буни икки минг доллар тўлаб, воситачилар орқали амалга оширишга муваффақ бўлди. Улар юк ташиш билан шуғулланувчи компанияга таклифнома расмийлаштиришга ёрдам беришди.

Сурат манбаси, JUSTIN TALLIS/AFP via Getty Images
"Агар Европада иш тажрибанг бўлмаса, бошида тузукроқ ширкатга ҳайдовчи бўлиб ишга кириш қийин. Келганларнинг ўз ҳуқуқларини билмаслигидан фойдаланадиган ноинсоф иш берувчилар бор. Улар иш ҳақини тўлиқ бермаслиги, иш вақтидан ташқари ишлашга мажбурлаши мумкин. Шу билан бирга, полиция, масалан, меҳнат ва дам олиш тартибига жуда диққат билан қарайди ва жарима солиши мумкин, шунинг учун ҳеч ким қоидаларни бузишни хоҳламайди. Қонунга кўра, агар машина ҳайдаш вақти тугаган бўлса, тўхтаб дам олиш керак," дейди Билол Словакиядаги компаниялардан биридаги биринчи иш жойи ҳақида.
Тажриба орттиргандан сўнг, у бошқа компанияга ўтди, у ерда ойига тахминан икки ярим минг евро маош олмоқда.
Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (IRU) маълумотларига кўра, Европа компанияларининг ярмидан кўпи малакали ҳайдовчилар етишмаслиги сабабли бизнесини кенгайтира олмаяпти.
Европа Иттифоқи мамлакатлари, Норвегия ва Буюк Британияда ҳозирда 233 мингдан ортиқ юк машинаси ҳайдовчиси етишмайди. Инқироз касбнинг тез қариши ва яхши маошга қарамай, ёшларни бундай касб ўзига жалб қилмаслиги билан янада кучаймоқда.
Илгари Европа Иттифоқида юк машиналари ҳайдовчиларининг сезиларли қисмини Украина фуқаролари ташкил этарди, аммо уруш туфайли кўпчилик уйга қайтиб, ҳарбий хизматга боришга мажбур бўлди. Бундан ташқари, баъзи европалик иш берувчилар Россия ва Беларус фуқаролари билан меҳнат шартномаларини бекор қилган ёки уларнинг визалари узайтирилмаган, шу сабабли улар ҳам ватанига қайтган.
Билол расман ишлаётган Словакияда ўтган йили 12 минг ҳайдовчи етишмаган. Шунинг учун мамлакат баъзи давлатлар, жумладан, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Украина фуқаролари учун юк ташишда ишлашга тайёр бўлганлар учун виза олиш жараёнини соддалаштирди.
Полша Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларига иш рухсатномаларини фаол бермоқда, Чехия Ўзбекистон ва Қирғизистондан меҳнат муҳожирларини тезлаштирилган ишчи визалари орқали жалб қилмоқда, Литва ҳам ҳайдовчи бўлиб ишлашни истаганлар учун виза бермоқда.
Масалан, 2023 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун Европа Иттифоқида ишга жойлашиш учун дастлабки рухсатномалар сони ўтган йилга нисбатан мос равишда 30%, 39%, 50% ва 63% га ошган.

Аммо Билолнинг фикрича, шунга қарамай, Ўрта Осиё мамлакатларидан Европага кириш ҳали ҳам осон эмас: "Агар одамнинг бу ерда уни компанияларга тавсия қиладиган танишлари бўлмаса, бу оддий ишчилар учун мураккаб жараён бўлиб қолмоқда."
Айниқса, сўнгги йилларда Европанинг ўзида миграцияга нисбатан жамоатчилик норозилиги кучайиб бормоқда. Бу эса айрим ҳукуматларни учинчи давлатлар фуқаролари учун – ҳатто ишчи кучи етишмайдиган соҳаларда ҳам – қоидаларни қаттиқлаштиришга ундамоқда.
Билолга Европа ёқади. У яхши маошдан, европаликларнинг, айниқса, италияликлар ва французларнинг муносабатидан мамнун.
Ишимиз осон эмас, дейди у. "Биз уйдан кўра кўпроқ ташқарида бўламиз. Йиллар ўтиб бормоқда, одамлар оиласи билан кўришолмаяпти.".
Билолнинг ҳозирча хотини ва фарзандлари йўқ. Бир неча йилдан сўнг у Словакияда доимий яшаш учун рухсатномага даъво қилиши мумкин, аммо у Европа йўлларида умр бўйи юк машиналари ҳайдашга тайёрми ёки йўқ, ҳали билмайди.
*Илтимосига кўра қаҳрамоннинг исми ўзгартирилган.
Мақолани тайёрлашда Алмира Абидинова ва Айсимбат Токоева кўмак берганлар.












