Қирғиз қизлари ёппасига хитойликларга турмушга чиқаяптими?

Сурат манбаси, EPA
Бу мавзудаги гап-cўзлар жамиятда шунчалар кўпайдики, Қирғизистоннинг хавфсизлик қўмитаси асоссиз хабарларни рад этиш учун махсус баёнот билан чиқишига тўғри келди.
Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси (МХДҚ)га кўра, қирғизистонлик ва хитойлик фуқаролар ўртасида оммавий никоҳлар ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
3 декабр куни Қирғизистондаги 24.kg ахборот агентлиги баёнотини эълон қилди.
Баёнотда МХДҚ шундай дейди: ижтимоий тармоқлар ва интернетда Қирғизистон ва Хитой фуқаролари ўртасида оммавий никоҳлар ҳақидаги провокацион ва асоссиз хабарлар кўпайгани муносабати билан маълум қиламизки, 2020 йилдан ҳозиргача қайд этилган бундай никоҳларнинг расмий сони атиги 129 та.
"Бундан ташқари, никоҳларнинг катта қисми турли этник гуруҳ вакиллари, жумладан, уйғурлар, дунганлар (хитойлик мусулмонлар0 ва бошқа Хитой фуқароси бўлган этник жамоалар вакиллари ўртасида тузилган", дейилади МХДҚ баёнотида.
24.kg агентлиги хабар қилишича, Қирғизистондаги асосий этник гуруҳ - қирғизлар билан хитойлик ханлар ўртасидаги никоҳлар сони 44 та бўлиб, бу оилаларнинг кўпчилиги Хитойга доимий яшаш учун кетган.
МХДҚ ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақалараро адоватни қўзғатишга қаратилган ҳаракатлар учун Қирғизистон қонунчилигида жиноий жавобгарлик кўзда тутилгани ҳақида огоҳлантиради.
Аралаш никоҳлар масаласи, айниқса хитойликлар билан никоҳ мавзуси нозик мавзу бўлиб, Қирғизистонда охирги йилларда Хитойга қарши ташкил этилган норозилик намойишларида кўп марта суистеъмол этилгани кузатилган.
Бу эса Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида Хитой ва хитойликларга қарши кайфиятлар кучайишига олиб келган.

Сурат манбаси, .
2018 йил охири ва 2019 йил январида юзлаб одамлар пойтахт Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида ва Хитой элчихонаси олдида Хитойга қарши бир неча намойишлар уюштирган эди.
Талаблар қаторида Қирғизистон иқтисодиётида Хитой иштирокини камайтириш, жумладан қирғиз-хитой никоҳларига тақиқ қўйиш ҳам бор эди.
Сўнгги воқеалар Хитойга қарши кайфият ҳали ҳам мавжудлигини кўрсатди.
2025 йил 15 ноябр куни Қирғизистон шимолидаги Константиновка қишлоғи яқинида қирғиз ва хитойлик қурилиш ишчилари ўртасида оммавий жанжал келиб чиқди.
Ҳодиса қирғиз ва хитойлик ҳайдовчилар ўртасидаги йўл низоси сабабли келиб чиққан.
Қирғизистон Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов "Хитойга қарши риторика кўрайгани" ва "атайин тарқатилаётган ёлғон ахборот кампаниялари"дан хавотир билдирди.
Байсалов бундай кампанияларни оддий воқеаларни Хитойга қарши кенг кўламли кайфиятга айлантиришга уриниш деб атади.
Хитой ҳозир дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйган, бир томони Европа, нариги томони Лотин Америкаси мамлакатларигача Хитой лойиҳалари, хитойлик ширкатлар қурилиши ёки бошқа фаолияти кузатилади.
Европада, Хитой "камбағал мамлакатларни қарз тузоғига тушираяптими", деган савол ҳам ўртага чиққан.
Худди шу гапни Хитой кўп миллиардли сармоя ва молиявий кўмаклар бераётган Марказий Осиё мамлакатлари яшовчиларидан ҳам эшитиш мумкин.
Аммо худди Қирғизистонда кузатилгани каби расмийлар "Хитой иқтисодий экспансияси" хавотирида асос йўқ дейдилар.












