Хитой камбағал давлатларни қарз тузоғига туширмоқдами? Xitoy Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой камбағал мамлакатларга кредит бериш амалиёти, хусусан, улар қарзни тўлашга қийналаётгани ва шунинг учун Пекиннинг босимларига очиқ бўлиб қолаётгани учун айблаб келинади.
Аммо Хитой айбловларни рад этади, у Ғарбдаги баъзиларни Хитой обрўсига путур етказиш учун ушбу "уйдирма"ни атай тарқатаётганликда айблайди.
"Хитойдан қарз олиш натижасида "қарз тузоғи"га тушиб қолган биронта ҳам давлат йўқ", дейди Хитой ҳукумати.
Хитой кредитлари ҳақида нималарни биламиз?
Хитой дунёдаги энг йирик кредитор давлатлардан биридир.
Унинг паст ва ўрта даромадли мамлакатларга кредитлари сўнгги ўн йил ичида уч баравар кўпайиб, 2020 йил охирига келиб 170 миллиард долларга етди.
Бироқ Хитойнинг умумий кредитлари бу рақамларда ифодаланганидан сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин.
АҚШдаги Уильям ва Мери университетидаги "AidData" маркази олиб борган тадқиқот шуни кўрсатадики, Хитойнинг ривожланаётган мамлакатларга берган кредитларининг ярми расмий қарз статистикасида акс этмайди.
Улар кўпинча давлат балансларида қайд этилмайди ва бевосита ҳукуматдан ҳукуматга эмас, балки давлат компаниялари ва банкларига, қўшма корхоналар ёки хусусий муассасаларга йўналтирилади.
"AidData" маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Хитой кредиторлари олдидаги қарзлари - ушбу "яширин қарз" билан бирга - йиллик иқтисодий ишлаб чиқаришнинг (ЯИМ) 10 фоиздан ортиғини ташкил этадиган 40 дан ортиқ паст ва ўрта даромадли мамлакатлар мавжуд.
Жибути, Лаос, Замбия ва Қирғизистоннинг Хитойдан йиллик ялпи ички маҳсулотининг камида 20 фоизига тенг қарзлари бор.
Хитой олдидаги қарзнинг катта қисми автомобиллар, темир йўллар ва портлар каби йирик инфратузилма лойиҳаларига, шунингдек, Си Цзиньпиннинг "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида тоғ-кон саноати ва энергетика соҳаларига тегишли.
"Қарз тузоғи" нима ва унга қандай далил бор?
Британиянинг MI6 ташқи разведка агентлиги раҳбари Ричард Мур Би-би-си билан суҳбатда Хитой бошқа давлатлар устидан таъсир ўтказиш учун "қарз тузоғи" деб атаган нарсадан фойдаланаётганини айтди.
Хитой бошқа давлатларга қарз беради, улар охир-оқибатда қарзларини тўлай олмаса, асосий активлар устидан назоратни Хитойга бериб қўяди - бу айбловни Пекин узоқ вақтдан бери рад этиб келади.
Хитой танқидчилари кўпинча Шри-Ланкани мисол қилиб келтирадилар, у кўп йиллар олдин Хитой сармояси билан Хамбантотадаги йирик порт лойиҳасини бошлаган.
Аммо Хитойдан олинган кредитлар ва Хитой пудратчилардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган миллиард долларлик лойиҳа баҳс ва тортишувларга сабаб бўлди, бу лойиҳани чиндан кераклигини асослаб бериш керак бўлди. Шу билан Шри-Ланка ўсиб борувчи қарзга дучор бўлди.
Ниҳоят, 2017 йилда Шри-Ланка Хитойнинг кейинги сармояси эвазига портнинг 70 фоиз назорат пакетини Хитой давлатига қарашли "China Merchants" компаниясига 99 йилга ижарага беришга рози бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британиянинг "Chatham House" таҳлил маркази порт лойиҳаси битими маҳаллий сиёсий мотивларга асосланганлиги ва Хитой ҳеч қачон портнинг расмий эгаси бўлмаганини ҳисобга олиб, "қарз тузоғи" деган иборани қўллаш қанчалик тўғрилигини савол остига олди.
Унда Шри-Ланка умумий қарзининг катта қисми хитойлик бўлмаган кредиторларга тўғри келиши ва Хитой портдан стратегик ҳарбий устунликка эришиш учун фойдалангани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлиги таъкидланган.
Шунга қарамай, сўнгги ўн йил ичида Хитойнинг Шри-Ланкадаги иқтисодий иштироки ортганига шубҳа йўқ ва бундан Хитой минтақадаги сиёсий амбициялари йўлида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирлар давом этмоқда.
Дунёнинг бошқа минтақаларидаги Хитой кредитлари ҳам баҳсли бўлиб чиқди, чунки тузилган шартномалар Хитойга муҳим активларни назорат қилиш имкониятини беради.
Аммо "AidData" ва бошқа тадқиқотчилар ўрганган юзлаб кредит шартномалари орасида Хитой ҳукумат кредиторлари қарз тўланмаганда катта активни мусодара қилгани ҳолати учрамаган.
Хитой кредитлари нимаси билан фарқ қилади?
Хитой ўзининг хорижий кредитлари бўйича ҳисоботларни эълон қилмайди ва у тузган шартномаларнинг аксариятида қарз олувчиларга уларнинг мазмунини ошкор қилмаслик мажбурияти юкланган.
Хитойнинг таъкидлашича, бундай махфийлик халқаро кредит шартномалари учун одатий амалиётдир.
Лондон Қиролича Мери университети профессори Ли Жонс айтишича, "Халқаро тижорат кредитларида махфийлик келишувлари жуда кенг тарқалган".
"Хитойнинг ривожланиш учун берилаётган маблағларининг кўп қисми, асосан, тижорий операциялардир."
Кўпгина саноати ривожланган йирик мамлакатлар Париж клубига аъзо бўлиб, ўзларининг кредит фаолияти тўғрисида маълумот алмашадилар.
Хитой ушбу гуруҳга қўшилмасликка қарор қилди, аммо Жаҳон Банкининг мавжуд маълумотларидан фойдаланиб, Хитойнинг кредитлаш ҳажми бошқа мамлакатларга нисбатан тез ўсаётганини аниқ кузатиш мумкин.
Хитой кредитларини қайтариш қийинроқми?
Хитой одатда Ғарб ҳукуматларига қараганда юқори фоиз ставкаларида кредит беради.

Сурат манбаси, Getty Images
Тахминан 4 фоиз ставкага эга бўлган ушбу кредитлар тижорат бозори ставкаларига яқин ва Жаҳон Банки ёки Франция ва Германия каби алоҳида мамлакатларнинг одатий кредити фоиз ставкаларидан тахминан тўрт баравар юқори.
Хитой кредити учун талаб қилинадиган тўлов муддати ҳам одатда қисқароқ - 10 йилдан камроқ, бошқа кредиторларнинг ривожланаётган мамлакатларга берган имтиёзли кредитлари учун эса бу муддат тахминан 28 йил.
Хитой ҳукумати кредиторлари одатда қарз олувчилардан кредитор кириш ҳуқуқига эга бўлган офшордаги ҳисоб рақамда минимал маблағни сақлашни талаб қилади.
"Агар қарз олувчи ўз қарзини тўлай олмаса, - дейди "AidData" бош директори Бред Паркс, - Хитой судда тортишиб ўтирмасдан [бу] ҳисобдан маблағни олиб қўяди."
Ғарб кредиторлари берган кредитларда бундай ёндашув камдан-кам учрайди.
G 20 мамлакатлари - энг йирик ва энг тез ривожланаётган иқтисодлар - пандемия таъсирини енгишда ёрдам бериш учун камбағал мамлакатларга қарзларни енгиллатиш ташаббуси билан чиқмоқда.
Хитой бу ташаббусга қўшилди ва режада иштирок этаётган ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ ҳисса қўшаётганини даъво қилмоқда.
Жаҳон банкининг маълум қилишича, G 20 давлатлари 2020 йил май ойидан буён ушбу схема бўйича қарзни енгиллаштириш учун жами 10.3 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган.
Аммо биз Жаҳон банкидан ҳар бир мамлакат бўйича маълумот сўраганимизда, у бу маълумотни бера олмаслигини айтди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















