Хитой қўрқинчли судхўрми ё меҳрибон ҳожатбарор Xitoy O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Цзянсу вилоятидаги ишчилар Хитойнинг "Бир камар-бир йўл" лойиҳаси доирасида экспортбоп асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришмоқда

Сурат манбаси, COSTFOTO/BARCROFT MEDIA VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Цзянсу вилоятидаги ишчилар Хитойнинг "Бир камар-бир йўл" лойиҳаси доирасида экспортбоп асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришмоқда
    • Author, Селия Хаттон
    • Role, BBC News

Янги далиллар кўрсатишича, Хитой АҚШ ва бошқа ривожланган дунёга қиёслаганда бошқа давлатларга икки баробар кўпроқ қарз берган. Уларнинг аксарияти юқори фоиз асосида Хитой давлат банклари томонидан берилган.

Хитойнинг улкан миқдорда қарз бериши қўрқинчли. Хитой четдан қарз оладиган давлат бўлганига кўп бўлмади, аммо энди жараён тескари йўналиш олган.

АҚШнинг Виржиния штатидаги Уильям ва Мэри университетидаги "AidData" тадқиқот лабораторияси маълумотига кўра, 18 йил давомида Хитой 168 давлатдаги 13427 та инфраструктура лойиҳалари учун 843 миллиард доллар қарз берган.

Бу пулларнинг кўпи Хитой президенти Си Цзиньпиннинг "Бир макон, бир йўл" стратегиясига алоқадордир.

2013 йили бошланган ушбу стратегия Хитойнинг инфраструктура яратиш имконияти ва мўл хорижий валютагага таянган ҳолда янги глобал савдо йўлларини қуришни кўзлайди.

Шунга қарамай, танқидчилар Хитой лойиҳалари учун ажратилаётган юқори фоизли қарзлар олувчи давлатлар аҳолиси елкасиги тушишидан хавотирда.

Бу ҳатто Хитой расмийларининг ўзлари учун ҳам янгилик бўлди.

Хитойнинг глобал миқёсдаги харажатлари ва берган қарзларини тўрт йил давомида кузатган "AidData" тадқиқотчилари айтишича, Хитой ҳукумат вазирларининг ўзлари Хитой пуллари хорижда қандай сарфланаётганини билиш учун улардан маълумот сўраб туради.

"Биз Хитой расмийларидан "Қаранг, сиз шаҳардаги ягона ўйин иштирокчисисиз", деганини эшитиб турамиз, - дейди "AidData" ижрочи директори Брэд Паркс. - "Биз бу маълумотларни мамлакат ичида ололмаймиз", дейди улар."

Юмо темир йўли Хитой ва Лаосни боғлайди, аммо мутахассисларнинг фикрича, Лаос қарзни осонлик билан қайтара олмайди

Сурат манбаси, TPG/GETTY

Сурат тагсўзи, Юмо темир йўли Хитой ва Лаосни боғлайди, аммо мутахассисларнинг фикрича, Лаос қарзни осонлик билан қайтара олмайди

Хитой ва қўшни Лаосни боғловчи темирйўлни Хитойнинг ҳисобдан ташқари берган қарзларига мисол қилиб келтиришади.

Ўн йиллар давомида сиёсатчилар фақат қуруқлик билан ўралган жануби ғарбий Хитойни Жануби Шарқий Осиё билан боғлашни ўйлаб келишган.

Аммо муҳандислар харажат жуда юқори бўлишини айтиб огоҳлантиришган: йўл баланд тик қояли тоғлардан ўтади, ўнлаб туннел ва кўприклар қурилиши керак.

Лаос минтақанинг камбағал мамлакатларидан бири бўлгани учун бундай чиқимнинг бир кичик қисмини ҳам қоплай олмасди.

Хитойнинг амбицияли банкирлари Хитой давлат компаниялари ва кредиторлари консорциуми билан бирга декабрь ойида 5.9 миллиард долларлик темирйўлни қуришга киришади.

Аммо Лаос ўзининг кичик капиталини молиялаш учун Хитой банкидан 480 миллион доллар қарз олади.

Хитойнинг глобал инфратузилма лойиҳалари танқидга учраши ортидан президент Си бошқаларни тинчлантиришга уринди

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Хитойнинг глобал инфратузилма лойиҳалари танқидга учраши ортидан президент Си бошқаларни тинчлантиришга уринди

Лаоснинг оз сонли даромад келтирадиган манбаларидан бири калий конлари бу қарзни тўлаш учун ишлайди.

"Хитойнинг Эксимбанки бераётган бу қарзи Хитой ҳукумати бу лойиҳани тезроқ амалга оширишга ошиқаётганини кўрсатади", деб изоҳлайди Ҳонгконг Фан ва Технология университети тадқиқотчи профессори Ванцзин Келли Чен.

Темирйўл линиясининг асосий қисми хитойликлар назоратидаги темирйўл гуруҳига тегишли бўлади, аммо келишувнинг мужмал шартларига кўра, Лаос ҳукумати темирйўл қарзи учун тўлиқ масъул бўлади.

Нотенг келишув сабабли халқаро кредиторлар Лаоснинг кредит рейтингини энг паст даражага туширди.

2020 йил сентябрида касод бўлиш остонасига бориб қолган Лаос Хитойга катта миқдордаги активларини сотди - хитойлик кредиторлардан қарз бўйича енгиллик олиш учун ўзининг электр тармоқларининг бир қисмини 600 миллион долларга сотди. Булар темирйўл ҳали ишга тушмасидан олдин бўлган ҳолат.

Лаос темирйўли Хитой давлат банклари молиялаган хавфли лойиҳалардан бири, холос.

Шунга қарамай, "AidData"га кўра, Хитой паст ва ўрта даромадли давлатлар учун биринчи даражали қарз берувчи бўлиб қолмоқда.

"Хитойнинг халқаро ривожланиш учун бераётган пуллари йилига ўртача 85 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Қиёсласак, АҚШ глобал ривожланиш ишлари учун йилига 37 миллиард сарфлайди", дейди Брэд Паркс.

Ривожланишни молиялаш бўйича Хитой барча бошқа давлатларни ортда қолдирган. Аммо Пекиннинг бу даражага етиб келишининг ўзи "фавқулоддадир", дейди "AidData".

Ўтмишда Ғарб давлатлари, айниқса, Африка давлатларини қарзга ботиришда айбдор кўрилар эди.

Хитой бошқачароқ шаклда қарздор қилмоқда: лойиҳаларни молиялаш учун бир давлатдан иккинчисига қарз бериш ўрнига, барча пуллар давлат банкларининг бераётган қарзи кўринишида тарқатилмоқда.

Бу қарзлар расмий ҳисобларда давлат берган қарз сифатида қайд қилинмайди. Чунки Хитой давлат банклари имзолаган битимларда марказий ҳукумат идоралари номи тилга олинмайди, натижада бу келишувлар ҳукумат балансидан ташқарида қолади.

Натижада махфийлик тўғрисидаги қонунчиликка асосан, ҳукуматлар ёпиқ эшиклар ортида нималар ҳал қилинганини билишига тўсиқ қўйилади.

"AidData" камайтириб кўрсатилган қарзлар 385 миллиард долларга боришини ҳисоблаган.

Хитойнинг ривожланиш учун давлатларга бераётган қарзларининг аксарисида гаровга ноодатий нарсалар талаб қилинган.

Хитой берган қарзлар учун борган сари табиий ресурслардан келадиган нақд пул гаров сифатида белгилаб қўйилмоқда.

Масалан, Венесуэла билан келишувга кўра, қарз олувчи томон нефть сотилишидан келган пулни тўғридан-тўғри Хитой назорат қиладиган банкда очилган ҳисоб рақамга тушириши керак. Агар қарз вақтида қайтарилмаса, хитойлик кредитор ўша ҳисоб рақамдан пулни ечиб олади.

"Бу худди кундалик ҳаётда қўлланадиган усулга ўхшайди, яъни олувчига "бу ерда биз каттамиз" деган сигнални беради, - дейди Брэд Паркс. - Улар шундай демоқчи: "ҳаммадан бурун қарзингизни тўлайсиз, чунки бу қимматбаҳо мулкни сўрашга бизгина ҳақлимиз."

"Яъни бу ўта камбағал давлатларнинг даромадлари, доллар ва евролари хорижий бир давлат назорат қиладиган офшор банк ҳисобида банди қилинади."

"Хитой ақлли бўлиб кетяптими?" - дейди Жоржтаун университети ҳуқуқ профессори Анна Гелперн. У Хитойнинг ривожланиш учун қарзларини ўрганиш бўйича "AidData" тадқиқотларига шу йил бошида қўшилган. "Менимча, улар бу келишувларда янада мушакдор ва устомон бўлиб қолган. Улар ўз манфаатини қаттиқ ҳимоя қилмоқда."

Давлатлар жуда қийин қарз олувчи бўлиши ҳам мумкин, деб тушунтиради Гелперн. Қарзни тўлай олишмаса, улардан порт каби бирор моддий активни шунчаки топширишини кутиш ақлсизлик бўлади.

Хитой яқин йилларда қарз бериш бўйича халқаро рақобатга учраши мумкин.

Катта еттилик давлатлари (G7)нинг июнь ойидаги йиғилишида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Хитойнинг таъсирига қарши G7нинг харажат режаси қабул қилинганини эълон қилди.

Унга кўра, молиявий ва экологик жиҳатдан соғлом бўлган глобал инфраструктура лойиҳаларига маблағ ажратилади.

Аммо бу режа анча кеч пайдо бўлиши ҳам мумкин эди.

"Ғарбнинг ташаббуси Хитой дастурига катта таъсир қилишига шубҳа билан қарайман", дейди Брукингс институтида тадқиқотчи ва АҚШ Молия вазирлигининг Хитойдаги собиқ вакили Дэвид Доллар.

"Бу янги ташаббусларда ривожланаётган давлатлардаги инфраструктура эҳтиёжларига жавоб берадиган даражада пул йўқ. Ғарбнинг расмий молиячилари билан ишлаш жуда бюрократик ва узоқ кутишлар билан бўлади."

"AidData" тадқиқотчилари аниқлашича, "Бир макон, бир йўл" ташаббуси ҳам қатор муаммоларга йўлиқмоқда.

Ташаббус доирасидаги лойиҳалар Хитойнинг бошқа битимларига солиштирганда коррупция, меҳнат ҳуқуқи топталишлари ва экологик масалалар билан тўла.

"Бир макон, бир йўл" ташаббуси кутилганидек кетиши учун, дейди экспертлар, Пекиннинг қарз олувчи давлатларнинг хавотирлари билан ҳисоблашишдан бўлак йўли йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek