Ўзбекистон: Мамлакат ташқи қарзи хавотирли суръатда ошмоқда – халқаро ташкилот O'zbekiston, koronavirus

Dollar

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Америкада жойлашган S&P Global Ratings халқаро рейтинг компанияси Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи қарзлари кутилганидан юқори даражада ортиб бораётганини маълум қилган.

5 июнь куни эълон қилинган ҳисоботда компания Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «BB-» даражада сақлаб қолган, аммо мамлакат кредит рейтинги кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирган.

S&P Global Ratings буни Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус пандемиясига боғлиқ сарф-харажатлар важи асосида ташқи ва фискал қарзларни кўпайтириб юборгани ва қарз олиш суръати, камида, келгуси 12 ой мобайнида ортиб бориши билан изоҳлаган.

Компания ҳисоботини тақриз қилган Telegram'даги MacroBS каналининг ёзишича, жорий йил охирига келиб Ўзбекистоннинг ликвид ташқи активлари (экспорт тушумлари, пул ўтказмалари, Марказий банк ҳисобидаги олтин валюта захиралари ) унинг ялпи ташқи қарзини қоплашга етмай қолиши мумкинлиги туфайли ҳам мамлакатнинг кредит рейтинги кутилмаси «салбий» дея баҳоланган.

Қарздор мамлакат

O'zbekiston

Сурат манбаси, Social media

S&P Global Ratings ўз ҳисоботида 2019-2020 йиллар ичида қарздорлик борасида Ўзбекистондаги вазият жиддий ёмонлашгани, давлат қарзи мидқори давлат активлариникидан ортиб кетиб, Ўзбекистон қарздор мамлакатга айланганини маълум қилган.

Бундан ташқари ҳукумат қарзни, асосан, хориждан олаётгани ортидан мамлакатнинг ташқи иқтисодий позициясига хатарлар ортаётгани ҳам билдирилган.

Компания Ўзбекистон кредит рейтинги пастлигининг бошқа сабаблари ўлароқ мамлакатдаги қашшоқлик ва қарор қабул қилиш жараёнларининг президент қўлида ўта марказлашиб қолгани ҳамда институтлар ўртасидаги масъулият даражаси ва тийиб туриш тамойилларининг етарлича шаклланмаганини ҳам келтирган.

Ҳисоботда табиий газ экспортининг қисқаргани, туризм соҳасининг фалажлангани ва меҳнат муҳожирлари юбораётган пулларнинг камайгани ҳисобига 2020 йилда Ўзбекистонда жорий ҳисоб танқислиги (импорт қилинаётган товарлар миқдорининг экспорт қилинаётган товарларникидан ошиқ бўлиши) ЯИМнинг, тахминан, 10 фоизини ташкил этиши, оқибатда, ҳукумат импорт ва экспорт ўртасидаги фарқни қарзлар эвазига ёпиши прогноз қилинган.

Шунингдек, ташқи қарзларга қарам бўлмаслик йўлида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кучайтириш ва янги иш ўринларини яратиш муҳимлиги ҳам тилга олинган.

"Ўзбекистон аҳолиси ёш. Аҳолининг 90 фоизи ёки ундан камроқ қисми меҳнатга лаёқатли ёшда. Бу меҳнат кучига асосланган ўсиш имконияти демакдир. Бироқ, бизнинг назаримизда, талабга асосан иш ўринларини яратиш мушкул бўлиши мумкин. Барқарор иқтисодий ўсишга қарамай, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот жуда пастлигича қолмоқда - 2020 йилда ЯИМ аҳоли жон бошига $1,700 бўлиши прогноз қилинган", дейилади ҳисоботда.

S&P Global Ratings'нинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтингига ташқи қарз ўсиш суръатининг ўрта муддатларда пасайиши, мамлакатнинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу каби рейтинглар халқаро иқтисодий муносабатларга кучли таъсир ўтказиб, улар орқали мамлакатнинг имижи шаклланади, иқтисодий имкониятига баҳо берилади.

Мамлакатнинг халқаро рейтингларда тутган ўрни, унинг иқтисодий ҳолатига мустақил экспертлар ва халқаро ташкилотлар томонидан берилган баҳо кириб келаётган инвестициялар миқдорига ҳам жиддий таъсир ўтказади.

S&P Global Ratings бошқа нуфузли компаниялар бўлмиш Moody's ва Fitch Group билан биргаликда халқаро рейтинг агентликларининг катта учлигига киради.

"Қарз лимитдан ошмасин"

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни ўтган йиғилишда ташқи қарзни жалб қилишда қонунчиликда белгиланган чегараланган ҳажмдан ўтиб кетмаслик кераклигини тилга олган.

Ўзбекистон ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида 2020 йилда жалб этиладиган ташқи қарз $4 миллиарддан ошмаслиги лозимлиги "Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунда белгилаб қўйилган.

Молия вазирлиги Халқаро валюта жамғармасининг йўриқномасида Ўзбекистон ялпи давлат қарзининг хавфсиз даражаси ЯИМга нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳисобланганини маълум қилади.

Шунингдек, айни вазирлик маълумотларига кўра, 2020 йил 1 июнь ҳолатига давлат ташқи қарзи $17,1 миллиард ёки ЯИМга нисбатан 29,5 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳаж бекор бўлади - энг йирик мусулмон давлати қарор қилди. Ўзбекистон-чи?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бироқ коронавирус пандемияси даврида бир қанча экспертлар Ўзбекистон ҳукумати ташқи қарзларни кўпайтириб юбораётганидан хавотир билдириб чиққан.

Хусусан, апрель ойида Би-би-си билан суҳбатлашган иқтисодий таҳлилчи Жамшид Муслимов имтиёзли бўлсада, кўп кредит олиш узоқ муддатли истиқболда каттароқ муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги, Ўзбекистон инқироздан чиқиш учун ўзининг ички ресурсларини ишга солиши лозимлигини билдирган эди.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek