Россия-Ўзбекистон: Москвада карантин тугадими? Rossiya, O'zbekiston, koronavirus

Чегарадаги ўзбекистонлик

Сурат манбаси, .

9 июндан Москвада ўзини яккалаш тартиби ва рақамли рухсатномалар бекор қилинади. Пойтахт мэри Сергей Собянин бугун шу мазмундаги буйруққа имзо чекди. Ва буни Москвада эпидемиологик вазият яхшиланаётгани билан изоҳлаган.

Россияда яна нима хабарлар бор?

  • Далада яшаётган ўзбеклар чегарадан ўтказилди
  • Элчихонанинг 15 миллионлик ёрдами
  • "Патентсиз ёз" акцияси самара берадими?
  • Халқаро парвозлар июлдан тикланиши мумкин
  • Россия инқироздан чиқа бошладими?
  • 8 млнга яқин россиялик ишсиз қолган

Автобусларда ватанга кетишди

Россия-Қозоғистон чегараси яқинида тўпланиб, очиқ далада яшаётган 350 дан зиёд ўзбекистонликлар 6 июн куни Ўзбекистонга жўнатилган.

Оренбург вилоятидаги ўзбек диаспораси раҳбари Диляра Сабирова «Интерфакс»га «Маштакова» назорат-чегара пункти орқали Қозоғистонга ўтказилган ўзбекистонликлар сони 367 нафар бўлганини айтган.

- Чегарадан ўтиш жараёни шанба куни эрталабдан бошланди. Улар чегарадан ўтиб Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ижарага олинган автобусларга ўтириб, ватанларига жўнаб кетишди", - деб айтган диаспора раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Россияда меҳнат муҳожирлигидаги юзлаб ўзбекистонликлар карантин чекловлари боис ишсиз қолиб, ватанга қайтиш учун чегаралар ёпиқлигига қарамай, йўлга чиқишган эди. Аввалроқ, чегара яқинида тўпланган ўзбекистонликларнинг 1200 дан зиёди ватанга қайтарилган эди. Бу гуруҳ эса иккинчи бора ватанга кетиш истагида йиғилган ўзбекистонликлардир.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, карантин чекловлари боис қийин вазиятларда қолиб, ватанга қайтиш истагида бўлган мигрантлар сони 100 мингга яқинлашган.

Элчихонанинг 15 миллионлик ёрдами

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги ёрдами

Сурат манбаси, uzembassy

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси "Меҳр" лойиҳаси орқали 2428 нафар ўзбекистонликка 15 миллион рублга яқин миқдордаги молиявий кўмак берганини маълум қилди.

"Жорий йилнинг 30 майидан 6 июнига қадар элчихонага мурожаат қилган 100 та шароити оғир бўлган ватандошимизга икки хафталик озиқ-овқат етказиб берилди. Москва шаҳри хостелларида 196 та фуқаромизнинг яшаши ва овқатланиши тўлаб берилди", дейилади элчихона матбуот хизмати хабарида.

"Патентсиз ёз" акцияси

Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов мамлакатда қолаётган мигрантлар учун дастак сўраб Россия ҳукуматига мурожаат йўллади.

Россия президентининг 18 апрелдаги қарорига кўра, карантин чоралари даврида мамлакатдаги меҳнат муҳожирларининг хужжатларида 15 июнга қадар бўлган муддатга бир қатор енгилликлар яратилган эди.

Вадим Коженев Россияда ҳали коронавирус чекловлари давом этаётгани боис, бу енгилликларни сентябрь ойига қадар узайтирилишини сўраган.

Мигрантлар федерацияси ташаббуси билан бошланган #ЛЕТОБЕЗПАТЕНТА акциясига аллақачон ўнлаб ўзбекистонликлар ҳам қўшилишган.

Халқаро парвозлар июлдан тикланиши мумкин

Россия авиаширкати самолёти

Сурат манбаси, TASS

Россия матбуоти Росавиация ва авиакомпаниялардаги манбаларига таяниб, халқаро парвозлар учун чекловлар июл ўрталарига бориб аста-секин бекор қилиниши мумкинлигини ёзишмоқда.

РБК маълумотларига кўра, биринчи босқичда Россия 15 мамлакат билан парвозларни йўлга қўяди. Нашр манбасига кўра, Росавиация биринчи навбатда Европа давлатлари, Туркия, Хитой ва Жанубий Корея билан чегараларни очишни таклиф қилмоқда.

Интерфакс манбаси маълумотларида эса аввало МДҲ ва ЕОИИ давлатларига парвозлар тикланиши мумкин.

ТАСС хабар қилишича, яқин вақт ичида Росавиация Роспотребнадзорга хорижга парвозларни 15 июлдан тиклаш таклифини йўллашни режалаштирмоқда.

Россия инқироздан чиқа бошладими?

Россия ЯИМ кўрсаткичлари

Сурат манбаси, BBC Russian

Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги баҳосига кўра, 2020 йилнинг апрелида мамлакат ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 % қисқарган.

Айниқса, истеъмол талабига боғлиқ тармоқлар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари жиддий жабр кўрган. Сўнгги йилларда бу тармоқлар Россия иқтисодиёти ўсишининг асосий омилларидан бири эди.

Коронавирус туфайли жорий этилган чекловлар маиший хизматларнинг пасайишига олиб келди: аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажми учдан бир қисмга камайди.

Чакана савдо ҳажми 23 % га тушди. Бу пасайиш ноозиқ-овқат маҳсулотлари сегментининг учдан бир қисмининг қулаши билан боғлиқ. Масалан, янги автомобиллар савдоси 72 фоиз тушиб кетди.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2020 йилнинг иккинчи чорагида чеклов чоралари олиб ташланганлиги сабабли савдо айланмасининг пасайиши секинлашишини кутмоқда.

Россия фонд бозорини Россия иқтисодиёти ҳолатининг индикатори деб ҳисоблаш мумкин. У март ойининг бошидан туша бошлаганди. Энди эса тикланиш белгилари кўринмоқда. Москва биржаси индекси апрел ойида қулаганидан кейин яна кўтарила бошлади.

8 миллион россиялик ишсиз

Иқтисодий инқироз мамлакатда ишсизликнинг ўсишига олиб келди. 1 июн куни Россия меҳнат вазири Антон Котяков бандлик хизматида қайд этилган ишсизлар сони 2 млн нафардан ошди, дея маълумот берди. Апрел бошида бу рақам 726 минг нафар эди.

Росстат маълумотларига кўра эса, апрел якунида Россияда ишсизлар (бандлик хизматида қайд этилмаганлар билан бирга) сони 4,3 млнни ташкил этган (март ойидагидан 23 % кўп).

Россия меҳнат конфедерацияси июн ойининг бошида ишсизлар сонини 8 миллион дея баҳолади.

SuperJob асосчиси Алексей Захаров эса, июн бошида Россияда ишсизлар сони 10 млнга етган дея ҳисоблайди.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek