Коронавирус: Янги Зеландия вирусдан холи, бошқа мамлакатлар нима қилаяпти? Koronavirus

Prime Minister Jacinda Ardern speaks to media during a post cabinet press conference at Parliament on June 08, 2020 in Wellington, New Zealand

Сурат манбаси, Getty Images

Янги Зеландияда охирги икки ҳафтада бирорта янги Covid-19 ҳолати аниқланмади.

Шу боис мамлакат раҳбарияти жорий этилган деярли барча чекловларни 9 июн соат 00:00 дан(Гринвич вақти билан соат 12:00) бекор этишга қарор қилди.

Энди мамлакат ҳудудида икки метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб қилинмайди, оммавий тадбирларга тўпланиш мумкин.

Аммо Янги Зеландия чегаралари ёпиқлигича қолади.

Мамлакатда тўрт босқичли коронавирусдан огоҳлик тизими 25 мартдан жорий қилинган, аксар бизнеслар, мактаблар ёпилган, одамлардан уйларида қолиш сўралган эди.

Апрел ойида чеклов тўртинчи босқичдан учинчисига туширилган, ошхона ва ресторанлардан овқат буюртмаларини етказиш, бошқа айрим савдо дўконлари фаолиятига рухсат берилган эди.

Янги ҳолатлар яна камаявергани боис май ойи ўртасидан коронавирус олдини олиш чекловларининг иккинчи босқичига ўтилди ва биринчи босқичга ўтиш 22 июнга режалангани эълон қилинган эди.

Бош вазир Жасинда Ардерннинг репортёрларга айтишича, ўзига Янги Зеландияда бирорта янги ҳолат аниқланмагани ҳақида хабар беришганида рақсга тушиб кетган.

Энди барча мактаблар, барча иш жойларини очиш, тўй ва дафн маросимларини ўтказиш, жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Янги Зеландияда илк коронавирус ҳолати 28 февралда аниқлангани эълон қилинган эди.

Шу вақт давомида 1500 ҳолат аниқланди, 22 киши ҳаётдан кўз юмди.

Жанубий Корея мактаблари қайта очилди

Жанубий Корея мактаби

Сурат манбаси, Getty Images

8 июндан Жанубий Кореядаги мактабларда сабоқларни қайта бошлашга қарор қилинди.

Мамлакатда болалар уч ойдан кўпроқ мактабларга боришмади.

Бу Жанубий Кореяда коронавирус пандемияси боис жорий этилган чекловларни юмшатишнинг охирги босқичидир.

Айни пайтда пойтахт Сеулда Covid-19 га қарши кураш сақланиб қолмоқда.

Чекловлар юмшатилиши билан пойтахтда янги коронавирус ҳолатлари аниқланди, икки кун очилган мактабларни яна қайта ёпишга мажбур бўлинди.

Индонезия: офислар очилди

Жакарта

Сурат манбаси, Reuters

Индонезия ҳукумати ҳам коронавирус пандемияси боис жорий этилган чекловларни юмшатиб бормоқда.

8 июндан мамлакатдаги Жакартадаги барча идора-ташкилотлар фаолиятини қайта бошлашга изн берилди.

Пойтахт жамоат транспорти ҳам ишга тушган, аммо барча автобуслар ва бекатларнинг фақат 50 фоизигача тўлишига рухсат берилган.

Ливан қўш инқироз қуршовида

Байрутдаги норозилик намойииши

Сурат манбаси, EPA

Ливан ҳукумати 24 апрелда коронавирус пандемиясини енгиш бўйича беш босқичли режа эълон қилган, бешинчи босқич 8 июндан кучга кириши маълум қилинган эди.

Чекловлар юмшатилар экан, 6 июн куни пойтахт Байрутда катта сондаги намойишчилар аксилҳукумат норозилигига чиқдилар.

Ливан ўтган йил октябридан буён қатор инқирозлар қуршовида қолган: элитадаги коррупция ҳукумат истеъфосига сабаб бўлди, февралда қудратга келган Ҳасан Диаб раҳбарлигидаги янги ҳукумат иқтисодий ислоҳотларни ваъда қилган, Халқаро Валюта жамғармасидан молиявий кўмак олиш мақсадида музокаралар бошланган, Ливан миллий валютаси - фунт жуда қадрсизланган.

Намойишчилар ҳукуматни ўзи ваъда қилган иқтисодий ислоҳотларни уддалай олмаганликда айбладилар.

Буюк Британияга кирганлар учун икки ҳафталик карантин

Аэропорт йўловчилари

Сурат манбаси, .

8 июндан Буюк Британияга учиб келган инсонлар учун 14 кунлик ўзини-ўзи иҳоталаш тартиби кучга кирди.

Бу тартиб ҳақида 22 май куни Британия Ички ишлар вазири Прити Пател эълон қилган эди.

Бу коронавирус тарқалиши, вируснинг "иккинч тўлқини" олдини олиш мақсадида қилинаётгани айтилди.

Янги тартиб бўйича аэропортда расмийлар билан гаплашган ҳар бир киши икки ҳафталик карантинни қаерда ўтказиши ҳақида хабардор этиши шарт.

Ўзини-ўзи иҳоталаш тартибига қанчалик риоя этилаётгани текшириб борилади, кимки тартибни бузса, 1000 Британия фунт стерлинги миқдорида жаримага тортилиши кўзда тутилган.

Ҳиндистонда янги ҳолатлар кўпаймоқда, аммо чекловлар юмшатилди

Ҳиндистонда янги ҳолатлар кўпаймоқда

Сурат манбаси, Getty Images

8 июндан Ҳиндистонда юқиш ҳолатлари аниқлманмаган ҳудудлардаги ибодатхоналар, меҳмонхоналар, савдо марказлари ва бошқа хизматлар фаолиятини қайта бошлашга рухсат берилди.

Аммо мамлакат иқтисоди рецессияга тушган деб кўрилмоқда, кўплаб кичик бизнеслар ўз фаолиятини қайта тиклаши қийин бўлиши айтилмоқда.

Май ойида Ҳиндистонда кийим-кечак, электроника буюмлари, мебеллар савдоси 80 фоиз тушиб кетгани хабар қилинди.

Коронавируснинг янги ҳолатлари ортиб бормоқда, охирги ҳафтада бир кунда вирусни юқтиришнинг рекорд сондагилари қайд этилди.

Covid-19 ни кўп юқтириш бўйича Ҳиндистон Италия ва Испанияни ортда қолдириб, 8 июн куни 254 мингдан ошиб кетди.

Энг кўп ҳолатлар пойтахт Деҳлида аниқланмоқда, соғлиқни сақлаш тизими шифохонага тушаётган коронавирусни юқтирганларга ёрдам беришга қийналиб қолган.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek