Ўзбекистон: масжидлар очилади, четдан автомашина олиб кириш арзонлашади - янгиликлар

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда яшил ва сариқ ҳудудларда масжид, буюм бозори ҳамда емакхоналар фаолиятига рухсат берилади. Хориждан автомашина олиб киришда акциз солиқлари бекор қилинади. Бу монополияга қарши курашишдаги илк қадамми? Абитуриентлар учун тест синов фанлари қисқартирилди.
Ўзбекистон: масжидлар очилади, четдан автомашина олиб кириш арзонлашади - янгиликлар
Ўзбекистонда яшил ва сариқ ҳудудларда масжид, буюм бозори ҳамда емакхоналар фаолиятига рухсат берилади. Хориждан автомашина олиб киришда акциз солиқлари бекор қилинади. Бу монополияга қарши курашишдаги илк қадамми? Абитуриентлар учун хушхабар, тест синов фанлари қисқартирилди.
Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонда коронавирус тарқалмаган ёки қисман оз тарқалган «яшил» ва «сариқ» ҳудудлар учун айрим фаолият турларига рухсат берилди.
5 июндан бошлаб «Сариқ» ҳудудларда меҳмонхона, санаторий, панционат, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига рухсат берилди.
Шунингдек, уй меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар фаолиятига изн берилди.
5 июндан «яшил» ҳудудларда «сариқ» ҳудудларга қўшимча равишда индивидуал шуғулланиш учун тренажер заллари ва бассейнлар фаолиятига, томошабинлар ва ташриф буюрувчиларга рухсат бермаган ҳолда маданият объектлари (театрлар) фаолиятига рухсат берилди.
8 июндан Яшил ҳудудларда масжидларда намоз ўқишга ва бошқа ибодатхоналар фаолиятига рухсат берилди. Бироқ ҳозирча жума намози каби жамоавий диний маросимлар тақиқланади.
Бунда диний ташкилотлар биноларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шу жумладан намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаши шарт қилиб қўйилган.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига рухсат берилади.
Унда банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди, столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофа таъминланади.
Шунингдек, 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари ва буюм бозорларига рухсат берилади.
Бундан ташқари 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда ҳудудлар ўртасидаги автобус қатновларига рухсат берилади.
Абитуриентлар талаба бўлиш учун жорий йилда карантин сабаб истисно тариқасида фақат 2 та фандан тест синовлари топширади.
Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида ўтган брифингда маълум қилинди.
Унга кўра, жорий йилда истисно равишда 3та мажбурий фанлардан (она тили, Ўзбекистон тарихи ва математика) тест бўлмайди.
Фақат 2та мутахассислик фанидан тест олинади.
1-блок 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин.
2-блок 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл берилади.
Жорий йил тест синовларида худди ўтган йилгидек максимал 189 балл тўплаш мумкинлиги айтилмоқда.
Тест саволларини ишлаш ва жавобларни белгилаш учун жами 3 соат вақт берилади.
Президент қарори билан 1 августдан бошлаб хориждан олиб кириладиган автомобилларга акциз солиғи бекор қилинади.
Ўзбекистонда 2020 йил 1 августдан бошлаб тракторлар, 10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари, енгил автомобиллар ва юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.
Autostrada сайтининг ёзишича, четдан олиб кириладиган енгил автомобиллар учун акциз солиғининг бекор қилиниши импорт автомобиль нархини камида 2400 долларга ва ундан ҳам кўпроққа арзонлашишига сабаб бўлади.
Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худайбердиев акциз солиғи бекор бўлиши янги Volkswagen Passat автомобилини мисолида нархга қандай таъсир қилишини ёзди.
Россияда тахминан 34 минг долларга сотилаётган ва мотор ҳажми 1984 куб.см бўлган бу машина Ўзбекистонга акциз солиқлари билан 63 минг 288 АҚШ долларига тушади.
Блогернинг ёзишича, 1 августдан бошлаб акциз солиғи бекор бўлса, бу машина 5753 доллардан сал кўпроққа нарх арзонлайди.
«Яъни 34 минг долларлик машина салкам 57 мингга кириб келади», келади дейди у.
Ҳуқуқшунос бу яхши янгилик эканлиги билан бирга қаторда, божхона тўловлари жуда юқорилигича қолаётганини таъкидлаган.
Тошкентдан иқтисодчи Юлий Юсупов акциз солиқларининг бекор бўлаётгани монополияни бекор қилишда қўйилган илк қадам, деб баҳолаган.
Иқтисодчи биринчи қадам ортидан бошқа соҳалардаги юқори бож йиғимларини тушириш ва бекор қилиш анъанаси давом этишига умид қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












