Ўзбекистон, коронавирус: Жазирама вирусни кучсизлантира олмаяптими? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Ssv.uz
7 июнь куни давомида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши бўйича антирекорд қайд этилди - шу куни мамлакат бўйлаб 237 инсонда коронавирус аниқланди. Бу Ўзбекистонда илк бор коронавирус ҳолати қайд этилган 15 мартдан бери кузатилган кунлик энг юқори кўрсаткичдир.
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков вазият мураккаблашаётгани бўйича расмий баёнот билан чиққан.
У 7 июнь куни аниқланган коронавирус ҳолатларининг 217 таси аҳоли орасида қайд этилганини таъкидлаган.
"Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият ўта мураккаблигича сақланиб турибди. Куни кеча қайд этилган Тошкент шаҳридаги 195 нафар, Тошкент вилоятидаги 10 нафар, Хоразм вилоятидаги 8 нафар ва Сирдарё вилоятидаги 4 нафар бемор аҳоли орасидан қайд этилган", деган у ўз баёнотида.
Нурмат Отабеков одамларни карантин қоидаларига тўла риоя қилишга чақириб, коронавирус тарқалиши суръати ортиб бораётганига тиббий хавфсизлик тавсияларига амал қилмаётганлар кўплиги сабаб бўлиши мумкинлигига ишора қилган.
"Минг афсуски, аҳоли орасида бу каби тавсияларга панжа орасидан қараётган, бефарқ муносабатда бўлаётганлар кўпайиб кетяпти. Вазият мураккаблашиб бораётганини билиб турибсиз. Уни ижобий ёки салбий томонга ўзгартириш ҳар биримизнинг ҳаракатимизга боғлиқ эканини унутманг", билдирган у.
Бозорлар вирус ўчоғига айландими?
8 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 52 нафарга ортиб, 4404 нафарни ташкил этган.
Янги касалланиш ҳолатларининг 29 таси Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 18 таси Тошкент шаҳрида, жумладан, «Ўрикзор» савдо мажмуаси сотувчисининг қариндошлари ва қўшнилари, «Равнақ банк»нинг Шайхонтоҳур филиали ходими аниқлангани хабар қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотлардан сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида касалланиш ҳолатлари бошқа ҳудудларга нисбатан ортиб бораётгани, айниқса, одамлар тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари вирус тарқалиши манбасига айланиб бораётгани англашилади.
Хусусан, июнь ойи бошидан бери пойтахтдаги Ўрикзор бозори билан боғлиқ, камида, 20 га яқин касалланиш ҳолатлари тўғрисида расмий хабар берилган.
Кучаяётган вирус, юмшатилаётган карантин
Коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашаётган бўлсада, мамлакат бўйлаб карантин чоралари юмшатилишди давом этмоқда.
8 июндан «яшил» ҳудудларда карантин талабларига амал қилган ҳолда масжидлар фаолиятини қайта тиклашга рухсат берилган.

Сурат манбаси, Muslim.uz
Шу кундан эса «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда автобуслар қатнови қайта йўлга қўйилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 8 июндан пойтахт кўчаларига 131 та йўналишдаги 1067 дона автобус ишга чиқарилишини маълум қилган.
Бундан ташқари 15 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда, карантин талаблари ва санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, умумий овқатланиш объектлари, буюм бозорлари, болалар боғчалари фаолияти ва ҳудудлараро автобус қатновлари қайта йўлга қўйилиши маълум қилинган эди.
Бироқ, бир вақтнинг ўзида, барча рангли ҳудудларда таълим ташкилотлари, кўнгилочар объектлар фаолиятига йўл қўймаслик, бозорлар ва ташкилотлар биноларига кириш-чиқиш жойларида фуқаролар ҳароратини текшириш, антисептик воситалар билан таъминлаш талаблари сақланиб қолинган.
"Аҳоли орасида касаллик ўчоғи пайдо бўлди"
6 июнь куни маҳаллий Kun.uz нашрининг Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков билан суҳбати эълон қилинган.
Суҳбат давомида Отабеков коронавирус расман қайд этилган 15 мартдан аввал ҳам Ўзбекистонда вирус юқтирган шахслар бўлгани эҳтимолини тан олган.
Шунингдек, у ҳозирда мураккаблашаётган вазиятни 15 мартдан 10 майга қадар кучайтирилган тартибдаги карантин даврида касалликка чалинган, аммо белгилари тўлиқ намоён бўлмаган ёки касаллик енгил кечаётган кўплаб одам уйда ўтиргани билан боғлаган.
"10 майдан кейин карантин бирмунча юмшаши аҳолининг катта тезликдаги фаоллигига сабаб бўлди. Ҳаддан ортиқ фаоллик, мулоқотларнинг ортиб кетгани натижасида биз вақтинчалик уйда қамаб турган касаллик ўчоғи кўчага чиқиб кетди. Шунинг учун ҳам касалликка чалинганлар аҳоли орасида қайд этиляпти", маълум қилган у Kun.uz билан суҳбатда.
8 июнь куни ўтган брифингда эса Нурмат Отабеков кунлар исиши ортидан "вирус тажовузкорлиги"нинг пасайгани тўғрисидаги саволга жавоб бера туриб, иссиқ об-ҳаво вирусга у қадар таъсир ўтказмаётганини маълум қилган.
"Тиббиётда вируснинг агрессивлиги, деганда унинг вирулентлиги ва патогенлигига эътибор қаратамиз. Шундай экан, вируснинг агрессивлиги бирмунча камайган, деб баҳолаш, менимча, нотўғри. Боиси вирус қандай бўлс, шундайлигича қоляпти", деган у брифинг давомида.
Апрель ойининг бошида Нурмат Отабеков коронавирус йилнинг совуқ даврига хос экани, иссиқ кунлар келиши билан эпидемия тўхташини билдирган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












