Хитойнинг Шинжон Уйғур бўлгасига келган миллионлаб турист нималарни кўрмайди?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Келли Нг
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Хитойнинг гўзал Шинжон минтақасига 300 миллион сайёҳ келди. Аммо улар бу ердаги бир нарсани кўришмади.
Анна 2015 йилда Шинжонга биринчи саёҳатини режалаштирганида, дўстлари ҳайрон бўлгандилар.
"Улар ўша пайтда Хитойнинг энг хатарли ҳудудларидан бири ҳисобланган жойга нега бормоқчи эканимни тушунишмади".
Дугоналаридан бири саёҳатдан воз кечиб, WeChat'да у билан алоқани узганини айтади 35 ёшли хитойлик бу аёл ўзининг ҳақиқий исмини ошкор қилишни истамасдан.
"У ота-онам Шинжон яқинига боришни тақиқлашди, бу ҳақда бошқа гаплашишни истамасликларини айтишди деганди".
Анна барибир борди ва шу йил июнида қайтиб келди. Шинжон ўзгариб кетибди, дейди у.
"Шинжон хотирамда қолгани каби гўзал турибди, лекин ҳозир сайёҳлар жуда кўп, айниқса, асосий диққатга сазовор жойларда".
Узоқ йиллар давомида Шинжон нотинч эди, баъзан зўравонликлар кучайиб, кўплаб маҳаллий хитойлик сайёҳларни чўчитган. Кейин у Хитой авторитаризмига қарши энг қаттиқ айбловлар марказида бўлди: бир миллиондан ортиқ уйғур мусулмонлар "қайта тарбиялаш лагерлари"да ҳибс қилингани учун БМТ айбловидан тортиб, инсониятга қарши жиноятлар ҳақидаги даъволаргача.
Хитой бу айбловларни рад этади. Аммо минтақа халқаро оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар учун деярли ёпиқ, муҳожир яшаётган уйғурлар эса қўрқувда ёки ҳамон йўқолган қариндошлари ҳақида ҳикоя қиладилар.
Шунга қарамай, сўнгги йилларда Шинжон сайёҳлик манзилига айланди – ҳам Хитой ичида, ҳам тобора кўпроқ мамлакат ташқарисида. Пекин инфратузилмани ривожлантириш, ўзига хос ландшафтларда суратга олинган телесериаллар учун миллиардлаб доллар сарфлади ва вақти-вақти билан хорижий оммавий ахборот воситаларини пухта ташкилланган саёҳатларга таклиф қилди.
У баҳсли минтақани сайёҳлик масканига айлантириб, нафақат унинг гўзаллигини, балки инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Хитой ҳукумати йўқ қилишга уринаётганини айтаётган маҳаллий "этник" тажрибаларни ҳам кўз-кўз қилмоқда.

Сурат манбаси, Anna
Хитойнинг шимоли-ғарбида жойлашган Шинжон саккизта давлат билан чегарадош. Асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасида савдони ривожлантирган Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган унинг баъзи шаҳарлари тарихга бой. Бу ерда олис, баланд тоғлар, улуғвор каньонлар, ям-яшил ўтлоқлар ва тиниқ кўллар бор.
"Манзара кутганимдан анча зиёда бўлди," дейди 2024 йил май ойида борган сингапурлик Сун Шенгяо ва уни "Янги Зеландия, Швейцария ва Мўғулистонни бирлаштирган маскан" деб таърифлайди.
Хан миллати кўпчиликни ташкил этадиган Хитойнинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ, Шинжонда асосан туркий тилли мусулмонлар яшайди, уйғурлар эса энг йирик этник гуруҳ ҳисобланади. 1990 ва 2000 йилларда кескинлик кучайди, чунки Хан хитойликлар уйғурларни четга суриб қўяётгани ҳақидаги даъволар сепаратистик кайфиятларни ва ҳалокатли ҳужумларни келтириб чиқарди, бу эса Пекиннинг репрессиясини зўрайтирди.
Аммо айнан Си Цзинпин даврида Хитой Коммунистик партияси назоратни ҳар қачонгидан ҳам қаттиқлаштира бошлади. Оқибатда уйғурларни Хан маданиятига мажбуран сингдириш уринишлари бўлаётгани ҳақидаги айбловлар янгради. Сентябр ойидаги саёҳатида Си Шинжондаги "ерни ларзага келтирувчи" ривожланишни мақтади ва "динни хитойлаштириш"га – эътиқодларни Хитой маданияти ва жамиятини акс эттириш учун ўзгартиришга чақирди.
Айни пайтда, бу ерга инвестициялар оқиб келмоқда. 200 га яқин халқаро меҳмонхоналар, жумладан, Hilton ва Marriott каби таниқли брендлар Шинжонда аллақачон фаолият юритмоқда ёки очилишни режалаштирмоқда.
Хитой расмийларига кўра, 2024 йилда минтақага 300 миллионга яқин меҳмон келган, бу 2018 йилга нисбатан икки баравар кўп. Шинжондан сайёҳлик даромади шу даврда тахминан 40 фоизга ўсиб, 360 миллиард юанга (51 миллиард доллар) етди. Жорий йил биринчи ярмида ҳудудга 130 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюриб, 143 миллиард юанга яқин даромад келтирди.
Хорижий сайёҳлик ўсиб бораётган бўлса-да, ташриф буюрувчиларнинг аксарияти ички меҳмонлардир.
Ҳозир Пекиннинг катта мақсади бор: меҳмонлар сони йилига 400 миллиондан ортиши ва 2030 йилга бориб туризмдан тушадиган даромад 1 триллион юанга етиши керак.

Сурат манбаси, Getty Images
Баъзи одамлар ҳали ҳам боришга қўрқади. Жаноб Суннинг айтишича, у дўстларини 2024 йил май ойидаги сафарга кўндириш учун бироз вақт сарфлаган, чунки уларнинг кўпчилиги Шинжонни хавфли деб ҳисобларди. 23 ёшли йигитнинг ўзи ҳам аввалига хавотирда бўлган, аммо саёҳат давомида бу ҳис йўқолган.
Улар Шинжон маркази Урумчининг гавжум кўчаларидан бошлаб йўлга чиқишди. Кейин саккиз кун давомида хитойлик ҳайдовчи билан тоғлар ва ям-яшил даштлар бўйлаб саёҳат қилишди. Манзара Сунни ҳайратга солди.
Шинжондаги ҳайдовчилар ва гидлар одатда хан миллати вакиллари бўлиб, улар ҳозирда минтақа аҳолисининг тахминан 40 фоизини ташкил қилади. Жаноб Суннинг гуруҳи маҳаллий уйғурлар билан кўп мулоқот қилмаган, аммо суҳбатлашилган айрим озчилик "жуда хушмуомала" эди, дейди у.
Жаноб Сун саёҳатдан қайтиб келганидан бери Шинжоннинг тарғиботчисига айланди, унинг фикрича, бу жой хавфли ва кескин деб "нотўғри тушунилган". "Агар битта бўлса ҳам одамни Шинжон ҳақида кўпроқ билишга қизиқтира олсам, бу салбий тасаввурларни бироз камайтирган бўлардим".
Сайёҳ сифатида унинг эътиборини тортган ва завқ берган манзаралар Шинжонни жаҳон матбуоти сарлавҳаларига олиб чиққан ташвишли даъволардан анча йироқдек туюлди. У кўрган ягона нарса Шинжон ҳамон қаттиқ назорат остида экани, полиция назорат пунктлари ва хавфсизлик камералари кенг тарқалгани, чет элликлар эса махсус меҳмонхоналаргагина боришга мажбур эканлиги эди.
Аммо жаноб Сун бунга эътибор бермайди: "Тўғри, полиция ходимлари кўп, лекин бу катта муаммо дегани эмас."
Ҳар бир сайёҳ ҳам кўраётган нарсаси "ҳақиқий" Шинжон эканига ишонмайди.
Май ойида дўстлари билан 10 кунга ташриф буюрган сингапурлик аёл Тенмоли Силвадори шундай дейди: "Мен уйғур маданиятига жуда қизиқардим, улардаги фарқли жиҳатларни кўрмоқчи эдим. Лекин умидимиз пучга чиқди."
У ва унинг дўстлари ҳижоб ўраган экан. Уйғур таом сотувчилари уларга "сизларнинг ҳижоб ўрашингизга ҳавас қиламиз, дейишди... аммо яқиндан суҳбатлашиш имкони бўлмади" дейди Тенмоли. Аксарият маҳаллий масжидларга киришга рухсат берилмади, дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Getty Images
Шундай бўлса-да, хорижлик меҳмонлар қизиқиши кучли. Хитойнинг ўзи жуда машҳур йўналиш бўлиб, Шинжон "ўзига хос," камроқ тижорийлашган вариант сифатида намоён бўлади.
Хитойнинг давлатга қарашли "Global Times" газетаси май ойида ёзишича, тобора кўпайиб бораётган хорижликлар "Шинжонга очиқлик билан ёндашиб, ҳақиқатни ўз кўзлари билан кўриш ва баҳолашни хоҳламоқда" экан.
Партия, шунингдек, хорижлик инфлюенсерларнинг Шинжон ҳақидаги Хитойнинг баёнотларига мос келадиган контентини тарғиб қилишга ошиқди. Улар орасида германиялик влогер Кен Аброуд ҳам бор, у ўз видеоларидан бирида "АҚШ ёки Европанинг бошқа давлатларига қараганда [Шинжонда] кўпроқ масжидлар кўрганини" айтган.
Лекин бошқалар бундай фикрга қўшилмайди. 2010-йилларда Шинжонда яшаган ёзувчи Жош Саммерс Би-би-сига берган интервюсида Қошғарнинг Эски шаҳарчаси "бутунлай бузиб ташланган, уйғур маданиятини акс эттирмайдиган тарзда қайта қурилган"ини айтди.
Human Rights Watch ташкилотининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, 2009 йилдан 2023 йилгача Шинжондаги юзлаб қишлоқларнинг уйғурлар дини, тарихи ёки маданияти билан боғлиқ номлари ўзгартирилган. Ташкилот, шунингдек, расмийларни Шинжон ва бутун Хитойдаги масжидларни ёпиш, бузиш ва ислом дини амалиётига чек қўйиш учун қайта мослаштиришда айблади.
Жиддий ҳуқуқбузарликлар бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан ҳам қайд этилган. Би-би-сининг 2021 ва 2022 йиллардаги хабарларида қамоқ лагерлари мавжудлиги, жинсий зўравонлик ва мажбурий стерилизация айбловларини тасдиқловчи далиллар айтилган.
Пекин буларнинг барчасини инкор этмоқда. Мамлакат ичида партия ички сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш учун бир пайтлар муаммоли ўлка сифатида кўрилган ҳудуднинг қиёфасини қайта яратмоқда. Афтидан, бу иш бераётган кўринади.

Сурат манбаси, Anna
Анна иккинчи саёҳатида, шимолдаги тоғли Олтой префектурасида суратга олинган сериал томоша қилгач, у ерни кўришга ошиққан онаси билан борди. "Мўъжиза сари" номли сериал ҳукумат томонидан молиялаштирилган ва давлат оммавий ахборот воситаларида кўрсатилган эди.
Хитой интернетида Олтой мухлислари кўп. "Олтойдаги худонинг сирли боғига кириб қолишимни ким ўйлабди дейсиз? Ка-Наси кўлида мен ниҳоят жаннатда бўлиш қандай ҳис эканини тушундим. Бу тоғлар, дарёлар, кўллар ва денгизлар гўзаллиги ягона манзарага уйғунлашиб кетган жой," дейилади RedNote'даги изоҳлардан бирида.
Яна бири шундай ёзади: "Тонгда меҳмонхонадан молларнинг далада ўтлаб юришини кузатаман. Олтинранг қайинзорлар қуёш нурида жилваланади, ҳатто ҳаво ҳам ширин туюлади, бундай беғубор гўзаллик мен доим орзу қилган Олтойдир."
Сайёҳлик агентликлари минтақани "экзотик" ва "сирли" деб таърифламоқда. У ерда "табиат ва маданиятнинг Хитойнинг бошқа ерида ҳис қилинмайдиган сеҳрли уйғунлигини" топасиз, дейди шундай агентликлардан бири The Wandering Lens. Ушбу саёҳатлар учун нархлар турлича. 10 кунлик саёҳат, парвозларни ҳисобга олмаганда, 1500 дан 2500 АҚШ долларигача бўлиши мумкин.
Шимол бўйлаб одатий сайёҳлик маршрути Канас миллий боғини ўз ичига олади. У ерда алп кўллари ва машҳур беш рангли пляжга саёҳатлар ҳамда уйғур қишлоғига бориш мумкин. Қишлоқда араваларда сайр қилиш ва уйғур оиласи билан вақт ўтказиш имконияти бор.
Жанубда саёҳатлар эса кўпинча чўл бўйлаб юриш, турли кўллар ва 2000 йиллик тарихга эга Ипак йўли шаҳри Қошғарга сафарни ўз ичига олади.
Меҳмонлар ўз сафарларини онлайн тарзда ёритишади, уйғур тансиқ таомлари, масалан, зираворли димлама, "катта лаган товуқ," қўзичоқ кабоблари ва от сутидан тайёрланган шароб ҳақидаги маълумоту тасвирларни улашишади. Баъзилар ҳатто "Ипак йўли улуғворлигини қайта жонлантирадиган соатлаб давом этадиган томошалар" ҳақида гапиришади.
RedNote ва Weibo ижтимоий тармоқларида Шинжонни қидирсангиз, кутганингиздек, унинг гўзаллиги ва рамзий меъморчилиги ҳақида мақтовли постлар топасиз. Бу ажойиб манзарага зид бўлган айбловлар ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
Йилнинг шу пайтида Хитой ижтимоий тармоқлари Шинжон терак ўрмонларининг кузги олтин рангга бурканган манзаралари суратлари билан тўлган.
1998 йилда минтақани тарк этган уйғур-америкалик Ирода Қошғарий айтишича, Коммунистик партия "уйғурларни сайёҳлик объекти сифатида намойиш этиш орқали ўз талқинидаги уйғур маданиятини сотмоқда".
"Улар бизни дунёга фақат рақсга тушадиган, ижтимоий тармоқларда чиройли кўринадиган ранг-баранг одамлар сифатида кўрсатишмоқда."
Тинч океанининг нариги томонидан ўз она шаҳрининг машҳурлиги ортиб бораётганини кузатаётган уйғур фаоли Қошғарий хоним сайёҳларни Шинжондаги "жиддий муаммоларни тан олишга" чақиради.
У шундай дейди: "Одамларга у ерга борманг дейиш менинг ишим эмас, лекин улар у ерда [Шинжоннинг] оқартирилган талқинини кўришларини ҳам тушунишлари керак."
"Шу билан бирга, мен каби одамлар фаолиятимиз туфайли ҳеч қачон у ерга қайта олмаймиз. Бу жуда хавфли... лекин нега қайтолмайман? Ахир бу менинг ватаним-ку."












