Марказий Осиё: Ўзбекистон яна бир Россиянинг Украинадаги урушида жанг қилган фуқаросини жазолади, АҚШ махсус вакилининг ташрифи ва Қирғизистонда санкция баҳси

Сурат манбаси, Getty Images
Яна бир ўзбекистонлик Россиянинг Украинадаги урушида иштироки учун жазога тортилди
Россияда ёлланма аскар бўлиб хизмат қилган 57 ёшли Наманганлик эркак Ўзбекистонда суд томонидан айбдор деб топилди. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг хорижий қуролли тузилмалар сафига қўшилиш билан боғлиқ моддаси асосида январ ойининг охирида жавобгарликка тортилди. Россияга кетишдан олдин у Поп туманида ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Суд материалларига кўра, эркак бир неча йил аввал қарзлари ва моддий аҳволи сабаб Россияга ишлаш мақсадида борган. У ерда оғир меҳнат шароитлари ва паст даромад сабаб Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик ҳарбий шартнома имзолаган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, унга оддий аскар ҳарбий унвони берилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Шартнома асосида у Россия армияси таркибида Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юборилган. Хусусан, у Харков вилоятида бўлиб ўтган жангларда қатнашган ва хизмат давомида жароҳат олиб, шифохонада даволанган.
Суд ҳужжатларига кўра, у жанговар хизматлари учун Россиянинг «Жуков» кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, 2025-йил унга Россия фуқаролиги ва фуқаролик паспорти берилган. Ҳарбий хизмат муддати тугагач, эркак Ўзбекистонга қайтган. Шу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув бошланган ва унинг хорижий қуролли можарода иштирок этгани аниқланган.
Суд молиявий қийинчиликлар ва оилавий ҳолатни енгиллаштирувчи омил сифатида инобатга олиб маҳкама қарорида енгилроқ жазо тайинлашни қўллаган ҳолда, эркакка уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди. Бу ҳақда gazaeta.uz нашриёти хабар берди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бундан ташқари, маҳаллий хабарларда қайд этишича, Ўзбекистонда Россия армиясига қўшилиб урушда қатнашган бошқа бир қатор фуқаролар ҳам жазога тортилган. Лекин thediplomat.com нашрига кўра судлар кўпинча нисбатан енгил жазо қўлламоқда. Мамлакатга қайтиб келган айримлар "чекланган эркинлик" билан жазоланмоқда. Шунингдек, нашрга кўра, ҳеч бир шов-шувсиз Ўзбекистонга Россиядан тобутлар келаётгани ва ўлганлар ҳамда яраланганлар сонини билиш қийинлиги айтилади.
Ўзбекистондан ҳар йили Россияга юз минглаб муҳожирлар иш учун сафар қилишади, сўнгги йилларда уларга нисбатан Россия куч ишлатар тизимларининг муносабати бир неча бор расмий Тошкент хавотирларига сабаб бўлганди.
Sanksiyalar Qirg‘izistonning milliy rivojlanish siyosatiga zarar yetkazmasligi kerak
Россиядаги кўплаб ўзбек муҳожирлари дастлаб қурилиш, қўл меҳнатлари ёки бошқа кам маошли иш учун Россияга боришади. Россияда оддий муҳожирларнинг иш ҳақи кўпинча паст ва ўзгарувчан бўлиб, яшаш нархи эса юқори эканлиги айтилади. Кузатувчиларга кўра, баъзилар учун, ҳарбий шартномалар сезиларли даражада юқори маош ёки олдиндан мукофотлар ваъда қилади, бу фуқаролик ишларида етарлича пул топиш илинжидаги кишилар учун кучли рағбатлантирувчи омил бўлиши мумкин.
Сержио Гор ким ва Марказий Осиёга нима учун келган?

Сурат манбаси, IGOR KOVALENKO/EPA/Shutterstock
АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор 3-7 феврал кунлари Қирғизистон ва Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлади. Бу ҳақда маҳаллий нашриёрлар ёзишмоқда. АҚШ Давлат департаменти ахборот хизмати баёнотида айтилишича, ушбу ташриф Марказий Осиё билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги инвестиция имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган.
Сержио Гор Бишкек шаҳрида ўтадиган "B5+1" бизнес форумида иштирок этмоқда. Бу форумда Марказий Осиё мамлакатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳамда АҚШнинг етакчи бизнес ва сиёсат вакиллари иштирок этади. Форум доирасида у минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва хусусий секторнинг роли ҳақида фикр алмашиши айтилади.

Сурат манбаси, IGOR KOVALENKO/EPA/Shutterstock
Бишкекдаги маросималардан кейин махсус вакилнинг Тошкентга ташрифи кутилмоқда. Ўзбекистон пойтахтида Гор юқори даражадаги давлат расмийлари билан учрашиб, икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, савдо, инвестиция ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича суҳбатлар олиб боради.
Горнинг ўз шахсий тарихи ҳам эътиборга молик: у 30-ноябр 1986-йил Тошкентда таваллуд топган (туғилганда: Сергей Гороховский) бўлиб, кейинчалик оиласи билан бошқа мамлакатларга кўчиб ўтганлиги айтилади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Қирғизистон бош вазир ўринбосари Европа Иттифоқи мамлакатга санкциялар қўйиш режаларига муносабат билдирди

Сурат манбаси, Rasmiy
Қирғизистон Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатга чекловлар жорий этишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни танқид қилди. Ушбу чекловлар Қирғизистон Россияга ёрдам бериш орқали Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга кўмаклашгани ҳақидаги айбловлар билан боғлиқ. У Nomad ТVга берган интервьюсида ЕИ ҳукуматларига Қирғизистон билан алоқаларни шикастламаслик учун сабр, ақл ва тушуниш борлигига ишонишини айтди.
Байсаловнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ЕИ билан музокара ўтказишни режалаштирмоқда ва зарур тушунтиришларни беришга тайёр. У мамлакатнинг ҳозирда иқтисодий ривожланиш йўлида эканини, IT ва авиация саноати учун замонавий техника кераклигини таъкидлади. Шунингдек, санкциялар Қирғизистоннинг миллий ривожланиш сиёсатига зарар етказмаслиги кераклигини билдирди.
31-январ куни Bloomberg нашриётига таянган 24.kg хабарида, Қирғизистонга нисбатан Россияга Ғарб малакатлари санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берганлиги учун санкциялар жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.





























