Марказий Осиёда сайлов: Энди президент кучаядими? (Видео)

Сурат манбаси, rasmiy
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Қирғизистонда парламент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди.
Энди Садир Жапаров янада кучаядими, унинг қайта сайланиш имкониятлари ҳам ортадими?
Агар, Марказий сайлов комиссияси эълон қилган маълумотларга таянилса, аввалги чақириқдан 51 депутат Қирғизистон парламентига сайланган.
Бу эса, 90 кишидан иборат парламентдаги кўпчилик ўринларнинг Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга мойил сиёсатчиларга ўтишини англатади.
Жокоргу Кенеш шу йилнинг сентябр ойида ўз-ўзини тарқатиш учун овоз берган.
Бунинг ортидан 2026 йилнинг декабр ойига режаланган парламент сайлови муддатидан аввал чақирилган.
Парламент вакиллари ўз қарорлари сабабини, акс ҳолда, парламент сайловининг 2027 йилга кутилаётган президент сайловига жуда яқин бўлиб қолиши билан изоҳлашган.
Якшанба кунги сайлов парламентнинг кучсизланиши, мамлакатдаги энергетика инқирози ва мухолифатга қарши таъқиблар фонида бўлиб ўтган.
Бу йил ҳокимият овоз бериш тизимини ўзгартирган, партиявий рўйхатларни мажоритар тизимга алмаштирган.
Ҳар бир сайлов округининг фақат учтадан депутат сайлаши кўзда тутилганди.
Қирғизистонлик сиёсатшуносларга кўра, мамлакатда парламент ҳозирда фақат номинал аҳамиятга эга.
Уларнинг айтишларича, Жапаров ҳокимият тепасига келганидан бери амалга оширилган ўзгаришлар туфайли ҳокимият президент маъмурияти ва унинг ўз қўли остида тўпланган.
Экспертлар фикрича, ҳокимиятнинг асл мақсади – президентнинг қонун чиқарувчи ҳокимият устидан назоратини кучайтириш ва Садир Жапаровнинг иккинчи муддатга қайта сайланиши арафасида рақобатчиларидан халос бўлишдир.
Таҳлилчилар ҳали сайлов арафасида президентга мойил номзодларнинг имконияти катта эканини айтишганди.
Улар мамлакатда кузатилаётган юқори даражадаги инфляция ва электр энергияси тақчиллигига қарамай, Қирғизистон иқтисодининг Марказий Осиёда энг тез суръатда ўсиб бораётгани бу номзодларга қўл келиши мумкинлигини тахмин этишганди.
Олти миллионли Қирғизистонда ўзбеклар ҳам яшашади, уларнинг сони расман бир миллиондан ортиши айтилади.
Қирғизистон Марказий Осиёнинг ўз мустақилликларини эълон қилишлари ортидан энг кўп инқилоблар ва қудрат алмашинувига саҳна бўлган ягона давлати бўлади.
Мустақиллиги тарихида этник ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги энг қонли миллий низолардан бирини ҳам бошидан кечирган.
Садир Жапаров парламент сайлови арафасида, яъни шу ой бошида Қирғизистонда энди давлат тўнтариши бўлмаслиги, яъни такрорланмаслигини айтган.
Қирғизистон президенти ўз баёноти сабабини "бунга имкон бермасликлари, давлатнинг энди кучли экани, халқ кимни қўллаб-қувватлаш кераклиги ва ҳокимият тепасида кимлар бўлиши лозимлигини яхши билиши" билан изоҳлаганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Натижа ва сабаблар

Сурат манбаси, kyrgyzstan presidency/handout
Иқтисодчилар фикрича, Қирғизистон иқтисодининг гуллаб-яшнаб бораётганига Украина уруши ҳам сабаб бўлган.
Қирғизистон Россия билан божхона иттифоқига киради.
Уларга кўра, шу боис, ҳозир санкциялар остидаги Россияга йўналтирилган импорт учун асосий юк ташиш марказига айланган.
Иқтисоднинг нега бунчалик жонланиб бораётганига ҳам асосан худди шу нарса сабаб бўлган.
Якшанба кунги парламент сайлови арафасида Жапаров Россия билан алоқаларини ҳам мустаҳкамлаган, куни-кеча Путин Қирғизистонга давлат ташрифи билан келиб, кетган.
Россия президентининг суратлари билан безанган пойтахт Бишкек эса, Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг йиғинига ҳам мезбонлик қилган.
Қирғизистон Тожикистон билан бирга Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган иккита Марказий Осиё давлатидан биттаси ҳам бўлади.
Қирғизистонда яна Россиянинг қатор ҳарбий иншоотлари ҳам бор.
Россия, бундан ташқари, Қирғизистоннинг юз минглаб фуқароси учун ҳам, йилларки, энг йирик меҳнат бозори.
Жокоргу Кенеш эса регламентни бузганлик, "сиёсий" қонун лойиҳаларини шоша-пиша қабул қилганликда бир эмас, бир неча бор танқидларга тутилган.
Қирғизистон Конституцияси, давлат байроғига ўзгатиришлар киритиш ва цензуранинг кучайишига қаратилган қатор қонунларнинг қабул қилиниши шулар мисолида тилга олинади.
Қирғизистон сўнгги йилларда журналистлар, фаоллар ва мухолифат сиёсатчиларининг таъқиби туфайли халқаро рейтингларда "демократик эркин" давлат мақомини йўқотган.
Уч йил ичида мамлакат Жаҳон матбуот эркинлиги индексида 72 поғонага тушиб кетган ва ҳозирда 180 та давлат орасида 144-ўринни эгаллаб турибди.
Айсымбат Токоева
BBC

Сурат манбаси, Getty Images
Қирғизистонда 30 ноябр куни навбатдан ташқари парламент сайлови бўлиб ўтади. Бу сайлов сентябрда парламент ўзини тарқатиш ҳақида овоз берганидан сўнг белгиланди. Сайловлар мамлакатда парламент роли сусайиб бораётган, энергия инқирози ва мухолифат таъқиби кучайган бир манзарада ўтмоқда.
Парламентнинг ўзини тарқатиш қарорига расмий сабаб — депутатлар президент сайловига халақит бермасликни истаганидир. Чунки парламент сайловлари аввал режалаштирилган 2026 йил декабрда ўтказилганда, президент сайловлари ундан бир ой кейин бўлиши керак эди.
Мутахассислар фикрича, амалдаги ҳукуматнинг асосий мақсади — президент Садир Жапаровнинг қонун чиқарувчи ҳокимият устидан назоратини мустаҳкамлаш ва Жапаровнинг иккинчи муддатга сайланиши олдидан рақобатчилардан қутилишдир.
Қирғизистонда парламент ҳозир номинал аҳамиятга эга, дейди маҳаллий сиёсатшунослар. Жапаров ҳокимиятга келганидан кейин амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳокимият президент аппарати ва президентнинг қўл остида жамланди.
Сиёсатшунос Эмилбек Жўрўевнинг айтишича:
"Парламент анча заиф бўғин — эҳтимол 90 йиллар ёки 2000 йилларнинг бошига нисбатан ҳам заифроқ. Чунки ҳозирги вазиятда ҳақиқий сиёсий куч президент ва куч ишлатар тузилмалар қўлида. Сайловга бораётганларнинг кўпчилиги ким сайланишидан қатъий назар, бу парламент мамлакат тақдирига доир муҳим қарорларга жиддий таъсир кўрсата олмаслигини яхши тушунади".
Шу билан бирга, Жўрўевга кўра, бу сайловлар барибир қизиқ, чунки овоз бериш янги тизим асосида ўтмоқда ва кўп округларда ғолибларни олдиндан айтиш қийин.
Бу йил вазирликлар сайлов тизимини ўзгартирди — партиявий рўйхатлар ўрнига мажоритар тизим жорий қилинди. Унга кўра ҳар бир сайлов округидан учта депутат сайланиши керак.
Шунингдек, сайлов қонуни гендер квотасини ҳам талаб қилади — ҳар бир округда бир хил жинсдан икки нафардан ортиқ депутат бўлмаслиги керак. Бу сиёсатга аёлларни жалб қилиш мақсадида киритилган.
Ҳукумат сайлов тизимини ўзгартириш заруратини "сиёсий коррупцияга" қарши курашиш ва "амалдаги тизим камчиликларини бартараф этиш" билан изоҳлайди.
Бироқ танқидчиларнинг таъкидлашича, янги тизим аксинча коррупцияни кучайтириши ва оддий фуқароларнинг сайловда номзод бўлиш ҳуқуқини чеклаши мумкин.
Тузатишлардан бири сайлов гаров пулининг оширилишига тааллуқли. Мустақил номзодлар учун гаров уч бараварга — 300 минг сомга (3,4 минг доллардан ортиқ), сиёсий партиялар учун эса тўққиз бараварга — 9 млн сомга (102 минг доллардан ортиқ) кўтарилди.
Парламент роли сусайиши

Сурат манбаси, kenesh.kg
Ислоҳотлар натижасида депутатлик ўринлари сони 120 тадан 90 тага қисқартирилди. Парламент ваколатлари анча қисқартирилди— депутатлар ҳукуматга нисбатан ишончсизлик билдира олмайди. Президент импичменти тартиби ҳам қийинлаштирилди.
Сиёсатшунос Наргиза Мураталиева фикрича:
"Парламент бора-бора ташқарида қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш учун керак бўлган расмий институтга айланиб бормоқда".
Парламент бир неча марта регламентни бузгани ва "сиёсий" қонунларни бир нечта ўқишда шошилинч қабул қилгани учун танқид қилинди. Шу йўсинда конституцияга ўзгартиришлар киритилди, мамлакат байроғи ўзгартирилди ва цензурани кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди.
Президент Жапаров талаби билан парламент "фейк" хабарларга қарши кураш қонунини кўриб чиқди. Натижада қонун журналистларга қарши қўлланилди — 2023 йилда мустақил "Клооп" нашри сайтлари "ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот тарқатгани" айби билан тўсилди. Бу йил эса нашрнинг таъсисчиси "экстремист" деб топилди ва "Клооп" мамлакатда тақиқланди.
Мухолифат вакилларининг ҳибсга олиниши
Сўнгги йилларда Қирғизистон халқаро рейтингларда "демократик эркин" давлат мақомини йўқотди. Бу журналистлар, фаоллар ва мухолифат сиёсатчиларини таъқиб қилиш билан боғлиқ.
Уч йилда мамлакат Жаҳон матбуот эркинлиги индексда 72 поғонага пасайди ва ҳозир 180 давлат орасида 144-ўринда.
Парламент сайловларига бир ҳафта қолганда бир қатор мухолифатчилар ва собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг яқинлари қўлга олинди.
Ҳибсга олинганлар орасида — "Социал-демократлар" мухолифат партияси аъзолари Темирлан Султанбеков ва Эрмек Эрматов, шунингдек партия етакчиси, собиқ президентнинг ўғли Қадирбек Атамбаев бор.

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA
Тергов версиясига кўра, Султанбеков тарафдорлари билан бирга парламент сайловларидан кейин оммавий тартибсизликлар ташкиллаштирмоқчи бўлган, унинг уйидан "катта маблағ ва қурол" топилган.
Сиёсатчининг онаси, депутатликка номзод Қиял Тўқтўрбаева эса уй тинтувида ҳеч қандай қурол ёки ИИВ хабар қилган нарсалар топилмаганини айтади.
Султанбеков ҳибсдан ёзган мактубида шундай дейди:
"Ҳукумат бизларни босиш истагида тўхтай олмаяпти. Айблов хулосасида ёзилишича, мен инфляцияга қарши чиққанман, энергия инқирози ва майнинг ҳақида гапирганман, хорижликлар томонидан кўчмас мулк сотиб олиниши муаммосини кўтарганман. Бу ҳақда гапириш мумкин эмасми? Сайловда халқ муаммоларини айтмаслик керакми?"
Султанбеков билан бирга оммавий тартибсизликларда айбланиб яна 10 киши қўлга олинди. Бу модда Қирғизистонда кўпинча журналистлар ва фаолларга қарши ишлатилади.
Темиров Live YouTube лойиҳаси журналистлари иккиси мана шу модда билан 5 ва 6 йилга қамалган. "Клооп"нинг икки собиқ оператори ҳам шунга ўхшаш айб билан 5 йилга ҳукм қилинган, кейин айбни тан олгани учун 3 йил шартли жазога алмаштирилган.
Мамлакатда энергия инқирози
Parlament ancha zaif bo‘g‘in — ehtimol 90 yillar yoki 2000 yillarning boshiga nisbatan ham zaifroq. Chunki hozir haqiqiy siyosiy kuch prezident va kuch tuzilmalari qo'lida.
Парламент сайловлари энергия инқирози авж олган бир пайтда ўтмоқда. Қиш мавсуми бошланиши билан электр таъминотида жиддий камчилик сезилди, ёқилғи нархи эса 8 фоизга ошди.
Энергия инқирозининг асосий сабаблари — ГЭСларда қувват етишмаслиги. Ҳукуматга кўра, мустақилликдан бери аҳоли сони кўпайди, тармоқлардаги юкланиш ошди, лекин мамлакатда етарли миқдорда янги йирик ГЭСлар барпо этилмади.
Электр танқислиги Токтогул сув омборида сув миқдорининг кескин камайиши билан янада оғирлашди. Сувнинг камайиши иқлим ўзгариши ва музликларнинг эриётгани билан боғлиқ.
Энергетика вазири Таалайбек Ибраев сув сатҳини "критик даражада паст" деб атади — омборда ўтган йилга нисбатан қарийб 2 млрд куб метр кам сув бор. Вазир электр энергиясини тежашга чақирди ва "ахоли чақириққа қулоқ тутса", қиш мавсуми узилишларсиз ўтишини ваъда қилди.
Ҳукумат барча давлат муассасаларига соат 18:00 дан 06:00 гача электр таъминотини ўчиришни буюрди. Майнинг фермаларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Сайловга қизиқиш пасайиши
Парламент сайловлари сайловларга бўлган қизиқиш пасайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда.
2020 йил кузида ўтган парламент сайловида иштирок этганлар сони 56 фоиздан ортиқ бўлган. Кейинги сайловда бу кўрсаткич 34 фоизга тушиб кетди.
Ҳукумат муаммони тан олади. Уни ҳал қилиш мақсадида масофавий электрон овоз бериш жорий этилди. Айрим депутатлар "асосли сабабсиз сайловда қатнашмаган фуқароларни жаримага тортиш" таклифини ҳам илгари сурган.
Парламент сайловлари олдидан президент Жапаров фуқароларни масъулиятга чақирди, мамлакатдаги илгариги оммавий норозиликлар ва сиёсий беқарорликни эслатди. Давлат раҳбарининг айтишича, ўша норозиликлар "овоз сотиб олиш ва халқ фикрини инкор этиш" каби адолатсиз сайловлар натижаси бўлган.
Қирғизистонда ҳокимият 2005, 2010 ва 2020 йилларда уч маротаба инқилоб ёки давлат тўнтариши натижасида алмашган. Жапаровнинг ўзи ҳам 2020 йил октябрдаги норозиликлар пайтида ҳокимиятга келган — ўша пайтдаги ҳуқуқбузарлик айблови билан қамоқда вақти тарафдорлари уни озод қилган. Жапаров ўзига нисбатан жиноий ишни сиёсий буюртма деган.












