Қирғизистон: Президент кучаймоқда – бу амалда нимани англатади? Минтақа ва сиёсат Qirg’iziston dunyo yangiliklar

Sadir Japarov

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Қирғизистонда энди Бош вазирлик идораси бўлмайди. Битта президентнинг ўзи ҳам давлатни ва ҳам ижроий ҳокимиятни бошқаради. Мамлакат парламенти зиддиятли Конституциявий қонун лойиҳасини барибир маъқуллади. Бу Қирғизистоннинг ҳам яна авторитаризмга қайтиши нишонаси эканига оид қўрқувларни кучайтирган.

"Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги қонун Қирғизистонда президент ваколатларини сезиларли кучайтириши кутилмоқда.

Унга мувофиқ, энди мамлакатда Бош вазирлик идораси бўлмайди.

Давлат раҳбари сифатида президентнинг ўзи Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва давлат қўмитаси раисларини тайинлайди.

Ҳукумат тузилиши ва таркибини белгилайди.

Аммо тайинловларнинг барчасини парламентнинг розилиги билан амалга оширади.

Бош вазир эса, президент маъмуриятининг бошлиғига айланади.

Янги қонунга мувофиқ, Бош прокурорга Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш ваколати ҳам берилади.

Sadir Japarov

Сурат манбаси, Gov.kg

Хабар қилинишича, таклиф қилинган ўзгартиришлар амалдаги қонунчиликни мамлакатнинг янги конституциясига мувофиқлаштиришга қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳаси шахсан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров томонидан ишлаб чиқилган.

Шу йил январь ойида бўлиб ўтган референдумда овозга қўйилган, ёқланган.

Худди шу нарса Қирғизистоннинг яна президент бошқарувига қайтишига йўл очган.

Қирғизистон ўз вақтида минтақада "демократия оролчаси" сифатида кўрилган.

Марказий Осиёда парламент бошқарувига ўтган биринчи давлат бўлган.

Мамлакатда парламент бошқаруви 2010 йилги "халқ инқилоби" ортидан ўрнатилган, сўнгги ўн йил ичида амал қилиб келган.

Қирғизистондаги Конституцион тузатишлар, ўз навбатида, Марказий Осиёда парламент бошқаруви ишламайди, деган хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Мамлакат ичкарисида ҳам кескин акс-садоларга, митингларга сабаб бўлган.

Намойишчилар "Стоп диктатура!", "Хонликка йўл йўқ" каби шиорлар билан чиқишган.

Митингда оддий фуқаролар билан бир қаторда, ҳуқуқ фаоллари, амалдаги ва собиқ депутатлар ҳамда жамоат арбоблари иштирок этишган.

Янги қонун лойиҳаси Қирғизистонда авторитар бошқарувни қайта тиклайди, мамлакатни тоталитаризмга етаклайди, деган жиддий хавотирларни пайдо қилганди.

Sadir Japarov

Сурат манбаси, Gov.kg

Ўтган ҳафта Қирғизистон президенти амалдаги ҳукуматни тарқатиб юборган.

Ўз ташаббуси билан қайта тузилган янги Вазирлар Маҳкамаси ва президент администрацияси раҳбари этиб Ақилбек Жапаров тайинланган.

Янги ҳукумат тасдиқланганидан кейин парламентда сўзлаган президент янги ҳукумат барқарор бўлишига умид билдирган.

Унинг сўзларига кўра, халқ манфаатини ўйлаб, давлат ривожи учун ишлайдиган вақт келди.

Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.

Бу мамлакатда яшовчи этник ўзбекларнинг сони бир миллиондан ошади.

Қирғизистонда президент икки марта беш йиллик муддатга сайланиши мумкин.

Президент Садир Жапаровнинг олға сураётган якка ҳокимлик ғояси давлатда диктатуранинг қайта тикланишига олиб келмайдими?

Мамлакатнинг энг катта сиёсий кампанияси бўлган парламент сайловлари арафасида оғир иқтисодий аҳволда қолган, энергетик инқироз ва ҳукумат алмашган ҳукуматдан нимани кутиш мумкин? Жапаров эълон қилган режа амалга ошадими ёки бу шунчаки қуруқ ваъдами?

Бу борада қирғизистонликлар фикрлари қандай?

Қирғизистон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Соҳибжон Мамиров, банк ходими

Давлат бир кишининг қарамоғига ўтди. Буни куни-кеча ҳукумат вакили Эдил Байсалов телевидениеда сўзлаган нутқи билан тасдиқлади. "Бизга 40-45та депутат етади. Қолган депутатларга эътибор ҳам бермаймиз. Нима десангиз ҳам бизга фарқи йўқ. Биз ўз ишимизни қилаверамиз", деяпти. Бу жуда катта хавф.

Садир Жапаров ҳокимиятга келганига бир йўл тўлди.

Лекин у ўтган давр ичида ҳеч қандай иш қилмагани билиниб турибди.

Ҳозир ҳокимиятнинг бир кишининг қўлига тўпланиши янада хавфли. Хоҳлаган қўшиғига рақсга туширади.

Ноябрь сўнггига белгиланган парламент сайловлари адолатли ўтмайди, деб ўйлайман. Президент сайловни ўз фойдаси учун ўтказади.

Давлатимиз ривожланишини хоҳлаймиз. Лекин бунга шубҳам бор.

Чунки ҳокимиятдагилар эски юзлар. Эски бўри, эски депутатлар, ўша порахўрлар.

Биронта ҳам янги юз, тоза ҳалқ учун ишлайдиган амалдор йўқ. Вақт кўрсатади.

Балки сайлов тинч, адолатли ўтса, парламентга яхши депутатлар сайланар.

Лекин, менинг фикримча, сайлов адолатли ўтмайди.

Адолатсиз сайлов ортидан яна бир ҳокимият алмашинуви юз бермаса дейман.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Алишер Мадрахимов, мутахассис

Мен президент ваколатлари кенгайиб, ҳокимиятнинг бир қўлга тўпланишини қўллаб-қувватлайман.

Бунисини ҳам кўрайлик-чи. Қандай ишларкин,... Вақт бериш керак.

Агар давлат учун хизмат қиламан, деган одамлар депутат бўлиб ишлашса, парламент бошқаруви ҳам яхши бўларди.

Бизда ундай бўлмади. Бировга қарам ва ўз манфаатини ўйлайдиган депутатлар бир одамнинг айтганини бажаришиб ишлади. Уларнинг куйига рақсга тушишди.

Биз парламент бошқарувини эплай олмагандан кейин, президентлик бошқарувини ҳам синаб кўриш керак.

Президентлик бошқаруви диктатуранинг ўрнашига олиб келиш хавфидан қўрқмаслик керак.

Агар иқтисодий тарафлама ривожланиш бўлса, шу тизим яхши. Қуруқ демократиядан кўра.

Қўшни Ўзбекистон мисолида олсак, биринчи президент Ислом Каримов давлатни ривожлантирди.

Ёки Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам давлатига хизмат қилаяпти.

Улар ҳеч кимга муҳтож эмас. Халқи қай даражада яшайди, унчалик яхши билмайман. Лекин давлати бой.

Қирғизистонни эса ҳозир ҳеч ким тан олмаса, хоҳлагандек ўйнатишаяпти.

Агар диктатура бўлса, порахўрларга қийин, оддий халққа эса яхши бўлади.

Демократиянинг бир тийин фойдаси йўқ бўлаяпти.

Ҳақиқий демократия мажбурият ва жавобгарликка асосланган бўлади. Бизда ўзбошимчалик бўлди.

Кечагина бир танишим Ўзбекистонга инвесторларни олиб борсак, амалдорлар ёшлар экан деяпти.

"Нима қилайлик, қандай шарт-шароит тузиб берайлик" дейишаяпти деди.

Бундай муносабатдан кейин Қирғизистонга келиши керак бўлган сармоядорлар Ўзбекистонга кетаяпти.

Биздаги одамлар қачон онг сезимини ривожлантириб, тўғри йўлга тушади билмайман.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Феруза Шамшитдинова, менежер

Президент барча маъсулиятни ўз зиммасига олиб, давлат бошқарувини қўлга олгани мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Чунки ҳозир давлатнинг уч тизими уч тарафга қараб тортаяпти. Агар барчаси бир тарафга юрса, манзилга етиб боришади.

Вазирлар Маҳкамасида жавобгарликни ҳеч ким олмай, бир-бирига ағдариб тураверади. Ҳозир эса президент барчаси учун жавоб беради.

Парламент бошқаруви Қирғизистонга ҳеч нарса бермади.

Қайси тармоқни ривожлантирди? Ҳеч қайси... на билим, на тиббиёт ва на ўзини-ўзи бошқарув тизимини...

Ўтган 11 йил ичида фақат порахўрлик кучайди.

Парламент бошқарувидан кўра, президентлик бошқарувини қўллаб-қувватлайман, шунга ишонаман.

Президент маъсулиятни олиб, кучли жазоларни жорий қилиш керак.

Қирғизистон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сапарали Закиров, давлат хизматчиси

Давлатни бир одам бошқарса яхши бўлади. Албатта адолатли бошқарув бўлса.

Собиқ президентлар каби ўзи алоҳида, атрофдагилар ўзбошимчалик билан иш қилса яхши бўлмайди.

Қирғизистон менталитетига президент бошқаруви мос деб ўйлайман.

Парламент бошқарувини ҳам кўрдик. Бизга тўғри келмас экан.

Агар президент адолатсиз сиёсат олиб борса, диктатура ўрнаши мумкин.

Парламент депутатлари ўзлари нотаниш бўлган қонун лойиҳаларини кимларнингдир буйруғи билан қабул қилган ҳоллар ҳам бўлди. Ўзларини танқид ҳам қилишаяпти.

Парламент бошқаруви бизга тўғри келмади. Адолатли президент бошқаруви яхши.

Қирғизистон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Адил Турдуқулов, сиёсий таҳлилчи

Бизда тўлақонли президентлик, "авторитар режим" ўрнатилди.

Президентлик бошқаруви амалда бўлган давлатлар, мисол учун, Америкада ҳам кучли парламент ва мустақил суд тизими бор. Қирғизистонда эса ундай эмас.

Халқ вакиллари иродасиз, кучсиз. Бу ҳозир қонуний тарафлама ҳам тасдиқланди. Суд тизими ҳам аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай қарам. Қайтанга бу қарамлик янада кучайди.

Унинг устига махаллий ўзини-ўзи бошқарув тизими тарқатилди.

Авваллари қишлоқ ҳукумати раҳбарлари ва шаҳар мэрларини маҳаллий кенгаш депутатлари сайлаган бўлса, ҳозир энди ҳокимларни ҳам президент ўзи тайинлайди.

Бунинг учун ҳеч кимнинг розилиги керак эмас. Бу жуда мураккаб вертикал бошқарув ўрнатилганидан дарак.

Бу амалдаги ҳокимиятга ҳақиқий радикал иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга имконият берадими - мавҳумлигича қолмоқда.

Сабаби - бугунги кунда ишсизлик, нарх-навонинг кўтарилиши, қурғоқчилик, кредит, Қумтор масаласи, чегара каби кўплаб муаммолар мавжуд.

Буларнинг барчасини амалдаги президентлик бошқаруви ҳал эта олиши савол остига олинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek