Ўзбекистонда нон ва ун нархи кескин ошганига сабаб нима? Россия: оғир ишларда ўзбекистонликлар ишлайдими? Марказий Осиё келажаги "йўл харитаси" белгиланди

non
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда нон ва ун маҳсулотлари нархи кескин ўсмоқда. Бунга сабаб нима? Россиянинг Марий Эл Республикасида ўзбекистонлик мигрантларнинг ўта зарурлиги ва ишончлилиги айтилди. Мутахассислар Марказий Осиё келажагини қандай тасаввур қилишмоқда?

Нон нархи ошишига сабаб нима?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда нон ва ун маҳсулотлари нархи кескин ўсмоқда. Марказий банкнинг таҳлилларига кўра, 2020–2025 йиллар оралиғида биринчи навли ундан тайёрланган нон 77,6 фоизга, олий навли ундан тайёрланган нон эса 52,5 фоизга қимматлаган. Нон нархи эса шу даврда 62,4 фоизга кўтарилган.

Мутахассислар бу ҳолатга бир нечта асосий сабабларни кўрсатмоқда. Биринчидан, ишлаб чиқариш харажатлари йил сайин ортаяпти: электр энергияси, газ, сув, ёқилғи ва транспорт хизматлари учун тўловлар бир неча баробар ошган. Масалан, 2020–2025 йиллар мобайнида газ учун тўлов қарийб 130 фоизга, сув ва канализация хизматлари эса қарийб 300 фоизга кўтарилган. Шунингдек, фермерлар иш ҳақи ва техника хизматлари нархлари ҳам ўсгани нон нархига зaнжирли таъсир кўрсатган.

Алоқадор мавзулар:

Иккинчидан, Ўзбекистон буғдой импорт қилишда кўпроқ Қозоғистонга боғлиқ. Жаҳон нархлари ошиши билан маҳаллий бозор ҳам шиддат билан қимматлашмоқда. Масалан, пандемия ва Россия–Украина уруши пайтида буғдой нархи 2020 йилдаги ҳар тоннаси учун 179 доллардан 2022 йилда 406 долларгача кўтарилган, бу эса маҳаллий бозорда ҳам кескин ўзгаришга олиб келган.

Кейинги йилларда таъминот занжирининг тикланиши, альтернатив экспортчилар

(масалан, Ҳиндистон ва АҚШ) бозордаги бўшлиқларни тўлдира бошлаши натижасида

нархлар босқичма-босқич пасайди. 2025-йил апрелида 1 тонна буғдой нархи

174,8 долларга тушиб, сўнгги 5 йилдаги энг паст даражани қайд этганини ҳам эътироф этиш керак.

Getty Images
2020–2025 yillar oralig‘ida birinchi navli undan tayyorlangan non

  • 77,6 foizga,oliy navli undan tayyorlangan non esa

  • 52,5 foizga qimmatlagan.

    Markaziy bank (Batafsil: BBC.COM/UZBEK)

    Учинчидан, иқлим ва аграр омиллар ҳам нархларнинг ошиб боришига таъсир қилмоқда. Суғориш тизимининг самарасизлиги, ернинг шўрланиши, сув танқислиги ва юқори ҳарорат ҳосилдорликни пасайтираётгани қайд этилмоқда, дейилади таҳлилда.

    Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси сони ортиб, даромадлари ўсаётгани қайд қилинган. Бу ҳолат бир томондан унга талабни оширса, иккинчи томондан соғлом турмуш тарзига интилиш ва турли маҳсулотлардан фойдаланиш одати сабаб баъзи уй хўжаликларида нон истеъмоли камайган.

    Мутахассислар фикрича, нон нархини барқарорлаштириш учун ички ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, импорт манбаларини диверсификация қилиш ва аграр соҳада ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш зарур.

    Тошкентда Марказий Осиёнинг келажаги учун "йўл харитаси" тақдим этилди

    rasm

    Сурат манбаси, Strategik islohotlar agentligi

    Тошкентда Марказий Осиё давлатлари иштирокида минтақанинг барқарор тараққиёти ва хавфсизлигига қаратилган янги "йўл харитаси" эълон қилинди. Ҳужжат минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб, иқтисодий ривожланишдан тортиб экология ва хавфсизликкача бўлган масалаларни қамраб олган.

    Gazeta.uz да келтирилган расмий маълумотларга кўра, "йўл харитаси"да қуйидаги йўналишлар асосий деб белгиланган:

    • иқтисодий ҳамкорлик ва савдо айланмасини кенгайтириш,
    • сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш,
    • иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит муаммоларига биргаликда ечим топиш,
    • транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш.

    Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар минтақада хавфсизликка таҳдид солаётган омилларга ҳам алоҳида тўхталди. Улар қаторида экстремизм ва терроризм хавфи, миграция жараёнлари, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар тилга олинди.

    Таҳлилчилар фикрича, янги «йўл харитаси»нинг самарали амал қилиши учун давлатлар ўртасида сиёсий ишонч ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш талаб этилади. Шу билан бирга, умумий лойиҳалар учун молиявий манбаларни топиш ва уларни мақсадли йўналтириш муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланмоқда.

    Муттахассислар таъкидлашича, агар ташаббуслар тўлиқ ишга оширилса, Марказий Осиё нафақат иқтисодий жиҳатдан барқарор, балки хавфсиз ва узвий боғланган минтақасига айланиши мумкин.

    Оғир ишларни ўзбек мигрантлари қилмоқдами?

    migrantlar

    Марий Элда ишчи кучи етишмаслиги туфайли маҳаллий корхоналар ўзбекистонлик мигрантларни жалб этмоқда. Йошкар-Олада ўтказилган конференцияда шу масала муҳокама қилинди.

    Марийлик тадбиркор Денис Клименчук ўз тажрибасини баён этар экан, шундай деди:

    "Роботлар ёки сунъий интеллект оддий ишчи кучини алмаштира олмайди. Бизда ўзбекистонлик ишчиларсиз ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолиши мумкин."

    Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

    Ҳозирги вақтда минтақа корхоналарида айниқса қўл меҳнати талаб этилувчи соҳаларда — қурилиш, тозалаш, тикиш фабрикаларида ишчи кучи етишмайди. Масалан, парранда маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхонада мингдан ортиқ ишчи зарурлиги айтилди.

    Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари ҳам Марий Элга ташриф буюриб, фуқароларнинг шароити ва ҳуқуқлари ҳақида фикр билдиришди. Уларга кўра, маҳаллий аҳоли ўзбек ишчиларига нисбатан дўстона муносабатда бўлиб, улар бу ерда ўзини хавфсиз ҳис қилаётгани қайд этилди.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон томони мигрантларни тайёрлаш учун махсус ўқув марказлари ташкил этган. Улар қурилиш соҳаси учун токар, арматурчи, бетончи каби мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйган.

    Россияда эса ўзбекистонликлар орасида энг талабгор касблар — пайвандчи, қурувчи ва турли ёрдамчи ишлар ҳисобланади.

    Ҳуқуқбонлар сўнгги йилларда Россияда мигрантларга нисбатан таҳқиромуз қўлга олишлар ва уларни камситиш ҳолатлари кўпайганини айтишади.