Россия: Хорижликларни чиқариб юбориш янаям осонлашади, Тожикистон фуқаролари Москвага киритилмаяпти, 1500 мигрант депорт қилинади - Видео

migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 13 дақ

Россия думаси хориж фуқароларини ва фуқаролиги йўқ шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини полиция ваколатига берувчи янги қонун лойиҳасини қабул қилди. Москва вилоятида мисли кўрилмаган сондаги мигрант депорт қилинади.

Депутатлар илк ўқишда қабул қилган қонун лойиҳаси Россияда бўлиб турган хорижликларни чиқариб юбориш ва уларни назорат қилишни осонлаштиради.

Ҳозир маъмурий чиқариб юбориш қарорини фақат суд ёки фуқаро мамлакатга кириш ҳуқуқини бузган бўлса, чегара хизмати бериши мумкин.

Қонун шарҳида айтилишича, лойиҳа депортация механизмларини унификация қилишга қаратилган.

Қонун ижодкорлари шу йўл билан вақт ва молиявий xаражатларни қисқартиришни назарда тутишганнини таъкидлашган.

Шунингдек, қонунда чиқариб юбориш режимини жорий қилишни ҳам кўзда тутган. Энди чиқариб юбориш режимида бўлган мигрантлар уй ва транспорт олиши тақиқланади. Улар Россия бўйлаб бемалол юролмайди ва қаерда эканлиги борасида полицияни муттасил хабардор қилиб туриши керак.

Назорат талаблари қайта-қайта бузилган тақдирда, бундай хорижликларга нисбатан депортация тўғрисида қарор қабул қилинади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида йил давомида вақтинча (визасиз) бўлиш муддатини 90 кунгача қисқартириш таклиф этилмоқда. Амалдаги қонунга кўра, визани талаб қилмайдиган тартибда келган хорижликлар Россияда ҳар 180 кунлик муддат давомида жами 90 кун қолишлари мумкин.

Москва вилоятидан 1500 муҳожир чиқариб юборилади

The Moscow Time нашрининг хабар беришича, Россия Ички ишлар вазирлиги Москва вилоятига ноқонуний муҳожирларнинг мисли кўрилмаган миқдорда депортация қилинишини эълон қилди.

"Нолегал" операцияси доирасида 3-июндан 9-июнга қадар Москва вилоятида ўтказилган рейд натижасида 1500 дан ортиқ муҳожир Россиядан чиқариб юборилади, деб хабар қилди ИИВ ҳудудий бош бошқармаси. Судлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган, дея аниқлик киритади департамент.

Бу депортация энг йирикларидан бири бўлди. 14 июн куни Ички ишлар вазирлигининг Москва бош бошқармаси судлар Москвада истиқомат қилган 2000 дан ортиқ миграция қонунчилигини бузганларни Россиядан чиқариб юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.

Таъкидланишича, 4 ой ичида полиция пойтахтдаги 6 мингга яқин объект, жумладан меҳмонхоналар, ётоқхоналар, хостел, саноат корхоналари, қурилиш майдончалари ва турар-жойларни текширган.

Ноқонуний муҳожирларни топиш бўйича рейдлар 22 март куни Москва яқинидаги Крокус Сити Ҳоллда 145 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан сўнг фаол ўтказила бошланди. Россия жамиятида муҳожирларга қарши кайфиятнинг кучайишига сабаб бўлган жиноятни содир этишда гумон қилиниб, Тожикистон фуқаролари қўлга олинди.

Тожикистон фуқаролари Москвага киритилмади

Rossiya

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари Москвадаги қонли ҳужумни бирдек кескин қоралаб чиқишган.

"Марказий Осиё" ахборот хизматининг хабар беришича, Россия махсус хизматлари Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудига киришга рухсат бермаган.

14 июндан бери Душанбедан учиб келган 30 дан ортиқ Тожикистон фуқароси Москванинг Внуково аэропортида чегара назорати зонасида уч кун ушлаб турилган.

Улардан баъзиларининг айтишича, хавфсизлик ходимлари уларни Россия учун "бош оғриғи" деб атаган. "Ўтказилмаган" орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

"Биз "Somon Air" ва "Ural airlines" авиакомпанияларининг рейсларида келдик. Чегара назоратидан ўтаётганимизда ФСБ вакиллари бизга мурожаат қилиб, сиз Тожикистондансиз, Россияга зарар етказяпсиз, ватанингизга қайтинг, деди", — деган муҳожирлардан бири.

Муҳожирларнинг сўзларига кўра, улар "Крокус"даги воқеа юзасидан сўроқ қилинган ва телефонлари текширилган.

"Азия-Плюс" нашрининг ёзишича, Внуково аэропортидан муҳожирлар Озоди радиосига юборган видеотасвирда ерда ётган аёллар ва болаларни кўриш мумкин. Муҳожирларга кўра, уларни сақлаш шароити жуда ёмон ва улар кунига бир мартагина овқатланади.

Крокусга уюштирилган терактдан кейин минглаб муҳожирларнинг Россияга киришига рухсат берилмаган, юзлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари бу мамлакатдан чиқариб юборилган. Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларига вақтинча Россияга боришдан воз кечишни тавсия қилган.

3 май - Путин Раҳмон билан гаплашди, Кремль янада кескин кетдими ёки Ўзбекистон ва Марказий Осиёга энди қийин бўладими?

Markaziy Osiyo davlatlari prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё давлатлари ҳозир ҳам Россиянинг постсовет ҳудудидаги энг муҳим стратегик шерик, иттифоқчи, савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан саналишади.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи минтақада жиддий хавотирлар ва янги саволларни пайдо қилмоқда. Нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Янги тафсилотлар

Migrantlar
Сурат тагсўзи, Жорий пайтда айнан Россия меҳнатга лаёқатли аҳолиси малакасининг қанчалик замон талабларига мос экани бўладими ёки икки ўртада амалда бўлган қатъий виза тартиблари - турфа объектив ва субъектив омиллар боис, ўзининг ташқи меҳнат бозорларини ҳали тўлиғича турфалаштиришга улгурмаган мазкур мамлакатлар учун худди шуниси билан ҳам беқиёс ўрин тутади.

Маълум бўлишича, Россия Марказий Осиё фуқароларига нисбатан янада кескин кетган.

Шу кунларда Тожикистон фуқаролари ортидан, энди Ўзбекистон ва қирғизистонликларнинг ҳам Россияга киритилмай, ёппасига ортга қайтарила бошланганига оид хабарлар олинган.

Бу ҳақда хабар берган Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган айрим таниқли фаоллар буни рақамларда ҳам кўрсатишга ҳаракат қилишган, ҳатто, "бунақаси шу пайтгача бўлмагани"ни айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Валентина Чупик тарқатган айни мазмундаги маълумотларни ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқлай олгани йўқ ва бунга расмий Москванинг муносабати ҳам ҳалича имконсиз.

Агар, фаол келтирган маъмулотларга таянилса, чегарада ушлаб турилганларнинг ярмига яқини ўзбекистонлик, чорак қисми Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Аммо Ўзбекистон Миграция агентлиги бугун, 3 май куни ўзбекистонликларнинг Россияга ёппасига киритилмаётганини расман рад этиб чиқди.

Агентлик мавзуни Россиянинг ўзида ҳар томонлама ўрганишлари ортидан бу каби хулосага келганликларини билдирди.

Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, Москвадаги "теракт сабаб текшир-текширлар кўпайган, бу мигрантлар ҳаракатига таъсир қилмоқда, яъни ноқонуний юрганлар жавобгарликка тортилаяпти, депортация қилинаяпти, лекин оммавий чиқариб юбориш деган гап йўқ".

Унга кўра, "ўзбекистонликлар билан боғлиқ тарқалаётган баъзи хабарлар текширилганда кўплари эски ёки ноаниқ маълумотлар бўлиб чиқмоқда".

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айни мазмундаги иддаолари куни-кеча Россиянинг "Агенство" нашрида бўй кўрсатган.

Валентина Чупикнинг ўзи эса, жорий пайтда Америка Қўшма Штатларида ва ўша ердан туриб ўзининг ҳуқуқбонлик фаолиятини давом эттириб келади.

Унинг "Агенство"га маълум қилишича, 24 апрелдан буён Россия чегарасида ушланган икки юзга яқин мигрант ўзига мурожаат қилган.

Кескинлашаётган сиёсат...

Воқеаларнинг бу каби ривожи шу йил март ойида Москванинг концерт залларидан бирида уюштирилган, 140 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олган, расмий Кремль эса, Украинага боғлаётган қонли ҳужум ортидан кузатилмоқда.

Бу ҳужумга алоқадорликда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари - асосан Тожикистон ва яна Қирғизистон фуқаролари айбланишган ҳамда гумон қилинганлар.

Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари Москвадаги қонли ҳужумни бирдек кескин қоралаб чиқишган.

Аммо бу Россиянинг Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши сиёсатининг кескинлашишига тўсқинлик қила олмаган.

Ҳужумни Киевга боғлаётган бўлса-да, саноқли кунларнинг ўзида мазкур масалага шахсан Россия президентининг ўзи эътибор қаратган, Путин мамлакатнинг миграция сиёсатини назоратга олишни топширган, Давлат думасида, ҳатто, Марказий Осиё давлатларига виза тартибини киритишга оид даъватларгача янграган, визасиз давлатлардан келганларнинг Россияда бўлиш муддатини 3 ойга тушириб ташлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳукумат муҳокамасига ҳам юборилган, рейдлар, текширувлар янада кучайган, Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, айниқса, тожикистонликларни катта сонда ортга депортация қилишлар бошланиб кетган, ксенофобия ва ирқчилик ҳоллари кучайган, худди шу фонда ўз ихтиёри билан Ватанларига қайтишга қарор қилганларининг сони ҳам ортиб бораётганига оид хабарлар олинган.

Қисқа вақтнинг ўзида юзага келган бу каби вазият минтақада яна Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан ялпи чиқарилиши ва оммавий равишда ортга қайтишига оид қўрқув ва хавотирларни уйғотмай қолмаган.

Буларнинг барчаси Россия ҳар йили амалда четдан ўн миллиондан зиёд ишчи кучига эҳтиёж сезиши ва уларнинг салмоқли қисмининг айнан Марказий Осиё фуқаролари ҳисобига тўғри келиши, ўзининг учинчи йилига кириб бораётган Украина уруши расмий Москва учун бу муаммони янада актуаллаштираётгани факти манзарасида рўй бераётгани билан ҳам янада жиддийлик ва долзарблик касб этган.

Россия ва Марказий Осиё

Rossiya va Markaziy Osiyo prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Украина уруши фонида Марказий Осиё атрофида геосиёсий тангликнинг қанчалик кучайиб бораётгани четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, бугун халқаро аҳамиятга молик воқеъликка айланган.

Россия бу уч Марказий Осиё давлати фуқаролари учун, йилларки, энг муҳим ва йирик меҳнат бозори бўлиб келади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий осиёликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Айнан Россия мисолида ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари учун ўта муҳим.

Улар учун ўз мамлакатларида ҳозир ҳам долзарб бўлган ишсизлик ва камбағаллик муаммосининг энг имконли ва амалий ечимларидан бири.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йили ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар ҳар уч давлатда ҳам эҳтимолий ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг муҳим восита.

Худди шу манзарада Тожикистон мисолида Россиядан ҳатто "мигрантлар ярминининг ортга қайтиши" ҳозир ҳам "мамлакатнинг бундай юкка бардош бера олмаслиги"га оид жиддий хавотирларни пайдо қилган.

Ўзбекистон мисолида эса, бу каби эҳтимол сўнгги ҳафталарда президент даражасида қайта-қайта эътибор қаратилган мавзуга айлангани кўрилган.

Минтақанинг мавқеи...

Putin va Rahmon

Сурат манбаси, Rasmiy/illyustrativ

Сурат тагсўзи, Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, масалага шахсан Россия президентининг ўзи эътибор қаратган, Путин уни президент Раҳмон билан гаплашиб олган.

Шу кунларда, яъни қонли ҳужумдан қирқ кунча ўтиб, Тожикистон томони бу хусусда Россия томонига ўзининг норозилигини расман билдирган, элчисига нота топширган.

Бунинг ортидан, Тожикистон Ташқи ишлар вазири россиялик ҳамкасби билан улар кўраётган "кескин чоралар сабаб, ўз фуқаролари тушиб қолган оғир вазият"ни телефон орқали ҳам муҳокама этиб олгани хабар берилган.

Сирожиддин Муҳриддин Сергей Лавровга Россия ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик шартномасини эслатгани, икковлон "стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига содиқ қолиш зарур экани" фикрида бир ёқадан бош чиқаришгани маълум бўлган.

Расмий Душанбенинг билдиришича, "Сергей Лавров бу хусусда Тожикистон томонининг муносабатини тушунган".

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, масалага шахсан Россия президентининг ўзи эътибор қаратган, Путин уни президент Раҳмон билан гаплашиб олган.

Маълум бўлишича, икковлон сўнгги пайтларда муайян кучлар томонидан тожикистонликлар илова Россияга келаётган мигрантлар атрофидаги вазиятни сунъий равишда кескинлаштиришга бўлган фаол уринишларни биргаликда бартараф этиш ва бу икки мамлакат халқлари ўртасидаги вақт синовидан ўтган қардошлик муносабатларига путур етказа олмаслигига ишонч билдиришган.

Террорчилик таҳдидига қарши курашда ҳамкорлик ҳам мулоқот чоғидаги муҳим масалалардан бири бўлган.

Россия президенти матбуот хизматининг расмий хабарига таянилса, Эмомали Раҳмон Москвадаги 9 май тантаналарига таклиф қилинган.

Бундан аввал эса, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Россиядан қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари учун қулай шароитлар яратишда "максимум" ёрдам кўрсатишни сўраганига оид хабарлар бўй кўрсатганди.

Тожикистонликлардан кейин "Ўзбекистон ва қирғизистонликларнинг ҳам ёппасига Россияга киритилмаётгани"га оид сўнгги янгилик норозилик нотасию, телефон мулоқоти ва расмий сўровларга оид ана шу хабару билдиришномалар ортидан олинган.

Ҳаммаси ўзгардими?

Xarita
Сурат тагсўзи, Марказий Осиё Россия, Хитой ва АҚШ геосиёсий рақобатда бўлган, учовлон ўз таъсирини кучайтириш ва манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган ҳудуд.

Таҳлилчилар доирасида айнан Тожикистон ва Қирғизистон Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилишади.

Россиянинг Марказий Осиёдаги иккита ҳарбий базаси ҳам айнан шу икки давлатда жойлашган, Тожикистондагиси эса, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳисобланади.

Қирғизистон, бундан ташқари, Қозоғистон билан бирга Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киради.

Тожикистон ва Қирғизистон яна Россиянинг постсовет ҳудудидаги энг йирик геосиёсий лойиҳаси саналувчи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг тўлақонли аъзолари ҳам саналишади.

Тожикистон, бундан ташқари, Россия Федерацияси билан икки фуқаролик тўғрисида шартнома тузган ягона давлат.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Шимолий Кавказда зил кетган мавқеи ва Украина уруши боис, ўзи қолган Ғарбнинг устма-уст кескин санкциялари боис расмий Кремль Марказий Осиёга ўзининг эътиборини янада кучайтирган ва унга ҳар томонлама яқинлашиш саъй-ҳаракатларини жадаллаштириш пайида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Агар, Ғарбнинг хавотирларига таянилса, Марказий Осиё Россия учун жорий пайтда худди ана шу жазо чораларини четлаб ўтиш ва унинг оқибатларини юмшатиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Буларнинг барчасидан ташқари, барча Марказий Осиё давлатлари ҳозир ҳам Россиянинг постсовет ҳудудидаги энг муҳим стратегик шерик, иттифоқчи, савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан саналишади.

Шундай экан, Россиянинг бугунги мавқеъ ва сиёсатини нима билан тушунтириш, изоҳлаш мумкин? Буларнинг барчаси нимани англатади? Бу Россия томони Тожикистон тарафини ишонтирганидек фақат "вақтинчалик чора"ми? Россия нима қилмоқчи ва минтақа мамлакатларига нима демоқчи? Марказий Осиё давлатларининг хавотирланишлари учун қанчалик асос бор ва улар Россиянинг бу каби сиёсатига қарши ўзларидаги таъсир ва босим воситаларини ишга солишга қанчалик имконли? Бу амалда нечоғлик самара беради? Би-би-си Ўзбек хизмати воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида худди ана шундай саволлар билан Ўзбекистондан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди:

Iqtibos

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда, Россия Федерацияси Марказий Осиё аҳолисига нисбатан миграция ва эмиграция масаласидаги сиёсатини ўзгартирмайди. Чунки Россиянинг ичкарисида ўта шовинистик, анчагина миллатчилик ва кайфияти бу Путин томонидан шакллантирилган кейинги 24 йил мобайнида. Бугунги кунда бу якка Путиннинг сиёсати эмас. Россияда мана шундай сиёсий консенсус мавжуд. Яъни, Россияда умуман ксенофобия бу - давлат сиёсати. Ва постсовет Марказий Осиё аҳолисига нисбатан қандайдир империалистик, шовинистик, юқоридан туриб қараш одатий тусга, одатий ҳолатга кириб бўлган. Ҳатто Россиянинг ичкарисидаги этник камчиликларга, жумладан, чеченларга, татарларга, бошқирдларга, яъни этно-мусулмонларга нисбатан ҳам салбий қараш бу - Россиянинг сиёсати. Тўғри, бу Россиянинг ичкарисидаги этник озчиликларга нисбатан камситиш сиёсати у қадар оммавий ахборот воситаларида ёритилмайди. Лекин мана шундай кайфият албатта мавжуд. Энди, Тожикистон тарафининг нотаси Россия томонидан жиддий қабул қилинмайди. Чунки, биз биламизки, Марказий Осиё ёки постсовет давлатларининг ташқи ишлар вазирлари у ёки бу масалада Россияга нота доим билдирган. Россия биладики, Тожикистон ёки Қирғизистон бу постсовет ҳудудидаги энг аҳолиси кичик бўлган, ҳудуди кичик бўлган, иқтисодиёти кичик бўлган республикалар, Марказий Осиёда ҳам энг кичик республикалар ва улар Россияга тарихан боғланган. Яъни, уларга Россиянинг таъсир қилиш, босим қилиш ричаглари, воситалари жудаям кучли. Албатта, Россия мана бу ноталарга нимадир, деб жавоб беради. Яъни, вазиятни бироз юмшатиш ва айни пайтда, фуқароларингни тартибга сол, уларни назоратга ол, деган бир оҳангда жавоблар беради. Лекин, ўйлайманки, Марказий Осиё элиталари, яъни ҳокимиятларида ички келишувлар, ички, демак, маълумот алмашинув ва позиция шакллантириш жараёни кетаяпти. Мана, Ўзбекистон билан Тожикистон яқинда иттифоқчи давлатлар бўлди. Ўтган ҳафтада Қирғизистон президенти Остонада бўлди, иккита президент кўришди. Уларнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янада юқорироққа олиб чиқилди. Шу кунларда Қозоғистоннинг Бош вазири Тожикистонда бўлиб қайтди. Яъни, минтақа лидерлари жудаям интенсив, жудаям изчил фикр алмашаяпти, мана шу масалада нима қиламиз, қандай позиция ишлаб чиқамиз, деган. Чунки Россиянинг Украинага урушидан кейин мана шу ички келишувлар, ички маслаҳатлар ва ички координация ниҳоятда кучли. Ўйлайманки, миграция ва эмиграция масаласида ҳам келишувлар ёки, айтайлик, ички координация ҳар доимгидан ҳам кучли. Яъни, буни Россия ҳис қилади, Россия буни яхши билади, шунинг учун вазиятни юқорироқ, нима дейди, бир қўзғашга интилмайди. Лекин, айни пайтда, буни жиддий қабул қилиб, ичкаридаги ксенофобия сиёсатини ҳам ўзгартирмайди.

Савол: Аммо, агар олинаётган хабарларга таянилса, биргина Тожикистон мисолида олганда, сўнгги кунларда воқеаларнинг ривожи тожикистонликларнинг Россияга киришига оммавий тўсқинлик қилиш даражасига етган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларини ҳатто "зарурат бўлмаса" Россияга боришдан вақтинча тийилишни ҳам тавсия қилиб чиққан. Юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, расмий Душанбе, "ўз фуқароларига нисбатан оммавий содир бўлаётган кескин салбий муносабат, улар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг миқёсда бузилиши ҳолатларидан жиддий хавотир" билдириб, Россия томонига ўзининг норозилигини расмий бир даражада изҳор этишгача борди. Бундай чорага қўл урган биринчи Марказий Осиё давлати ҳам бўлди. Шу кунларда Ўзбекистон ва қирғизистонликлар ҳам Россияга ёппасига киритилмаётганига оид хабарлар-да бўй кўрсатди. Бунга нима дейсиз?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, аслида, арзон ва жудаям катта миқдордаги ишчи кучи Россиянинг ўзига керак. Бугун Марказий Осиё ва умуман, постсовет ҳудудидан борган меҳнат муҳожирларининг сони, жами олганда, тахминан 7 миллион атрофида дейилади. Лекин Россиянинг барқарор иқтисодий ўсиб туриши учун, қурилишлар, бошқа лойиҳалар амалга ошиши учун камида 10 миллион ишчи қўллари керак. Яна камида 2-3 миллион дефицит ишчи кучлари керак. Буни, албатта, Россия Федерацияси яхши билади. Биласизми, бир неча йиллар олдин, тахминан 2011-2012 йилларда ҳам Тожикистонга маълум бир сигналлар, босимлар бўлган. Икки-уч самолёт тожикистонлик меҳнат муҳожири депортация қилинган. Икки-уч самолёт бу бор-йўғи беш юзта, олти юзта одам бўлиши мумкин, ундан кўп бўлмайди. Лекин Россияда бир миллиондан ортиқ Тожикистон ватандошлари ишлайди. Яъни, Россиянинг олдида оғриқли, жудаям қийин бўлган танлов турибди. Ёки Марказий Осиёга, ўша ишчи кучига эшикларини очиб қўйиш, агар мабодо Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига эшикларини ёпадиган бўлса, бошқа йўлларни очиш. Мисол учун, Россия Хитой ёки бошқа давлатлардан бўлган мигрантларга эшикларини очишга мажбур бўлади. Хитойга очолмайди. Чунки Хитойдан қўрқиш, бу Россия сиёсий элитасида айтилмайди, лекин жудаям кучли. Қолаверса, дунёнинг бошқа минтақаларида рус тилини билиш даражаси Марказий Осиёдаги каби эмас. Ва Россия демографик сўниб бораётган, яъни, ҳар йили 400-450 минг аҳолиси қисқараётган, бу расмий қисқариш, аслида норасмий бундан кўпроқ бўлиши мумкин, пайтда Россия Марказий Осиё республикаларига, Марказий Осиё жамиятларига Россия қисқа муддатга, бир неча ойлар давомида мана шундай босим ричаглари, яъни миграция ва эмиграция орқали босим қилади. Ва буни имкон қадар геосиёсий капиталлаштиришга, яъни ундан геосиёсий қадр-қиммат ясашга ҳаракат қилади. Яъни, мен, Россия сенинг меҳнат муҳожирларингга эшикларимни ёпадиган бўлсам, сенда ижтимоий портлаш бўлади, сенинг сиёсий тизиминг беқарор бўлади, деган об-ҳавони яратишга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин, айни пайтда, Россиянинг ўзида ишчи кучига бўлган эҳтиёж жудаям катта. Мен Россияда ишлаган жудаям кўплаб болалар билан гаплашаман. Улар айтадики, россияликлар кўплаб ишларда ишламайди, бир кун ишласа, икки кун дам олиши керак, ичкиликка берилиш жудаям катта, соғлиги билан, бошқа бир қарашлар билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳам кам эмас. Ва шунинг учун россиялик иш берувчиларнинг Марказий осиёликларга кўпроқ эҳтиёжи бор ва агарки, битта рус ва битта тожик ёки ўзбек бўладиган бўлса, табиий равишда Марказий осиёликка ўша ишни беради, чунки арзонроқ, сифатлироқ ва кўпроқ соатли ва барқарор ўша ишларни бажаради дейишади.

Савол: Тожикистон мисолида оладиган бўлсак, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси айнан Тожикистонда жойлашган. Қирғизистон мисолида оладиган бўлсак, Россиянинг минтақадаги энг кўп ҳарбий иншоотлари жойлашган давлатлардан бири. Бундан ташқари, Қирғизистон Россия шамсияси остидаги ва расмий Кремлнинг постсовет ҳудудидаги энг йирик геоиқтисодий лойиҳаларидан бири сифатида кўрилувчи ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг тўлақонли аъзоси. Ҳар икковлон яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам киришади. Агар, шу факторлар назарда тутилса, Россиянинг миграция орқали ўтказаётган ва ўтказмоқчи бўлаётган босимига бу икки давлат қарши тура олмайдими? Булар уларнинг қўлидаги самарали қарши босим воситаси эмасми?

Камолиддин Раббимов: Энди, биласизми, Арманистон Россиядан аразлаган. Украина билан йирик уруш бўлаяпти. Демак, Қозоғистон ва Қирғизистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан норози. ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида ҳам бу давлатлар иштирок этади, жумладан. Мана бу давлатлар, албатта, Россиядан аразлаш ва Россиядан масофа сақлаш орқали Россиядан чекиниши мумкин. Мана, ўтган йили, 2022-23 йилларда Қирғизистон бироз бўлса-да, Россиянинг лойиҳаларидан аразлади. КХШТнинг Қирғизистонда бўлиши керак бўлган ўқув-машғулотларини бекор қилди. Мана, бугунги кунда Арманистон бекор қилаяпти. Яъни, Россия буларни яхши билади. Ва Россия ички сиёсати билан ташқи сиёсати терактларни инструмент сифатида ишлатиш ва мана бу терактлардан кейин миграция ва эмиграция масаласида жамиятга ўша мантиқий сиёсатини давом эттириши керак. Мана, Путин ўзининг чиқишларида биз терроризм билан курашамиз, лекин ксенофобияга берилмаслигимиз керак, Россия кўптаркибли жамият, кўптаркибли давлат, бу ерда мусулмонлар ҳам кўп, аслида мусулмонлар бизни яхши кўриши керак, чунки Яқин Шарқда биз иттифоқчимиз дегандек бир баёнотларни берди. Бу баёнотлар Россия ички ва ташқи сиёсатидаги зиддиятлар жудаям кучайиб кетганлигини кўрсатади. Ўйлайманки, ҳали масала ёки муаммо ўзининг қайноқ нуқтасига чиққани йўқ. Агарки, Тожикистон ёки Қирғизистон ҳақиқатда ўта норози билан нуқтага борадиган бўлса, сиз айтган масалалар бу икки давлат томонидан кун тартибига қўйилади, ҳозирча қўйилаётгани йўқ.

Савол: Лекин айнан Россия мисолида ташқи меҳнат миграциясининг бу икки давлат учун аҳамияти назарда тутилса, улардаги ижтимоий портлаш хавфининг олдини олувчи энг самарали, жорий пайтда энг амалий чоралардан биттаси экани назарда тутилса ҳам, сизнингча, Қирғизистон ва Тожикистон ҳали-вери бу нуқтагача бормайди, бундай имкониятдан фойдаланмайди? Қўлидаги таъсир, босим воситаларини ишга солмайди?

Камолиддин Раббимов: Мен ўйлайманки, иккала тараф ҳам у даражага боришни истамайди. Чунки Россия агрессив давлат. Ўзининг православлари, ўзининг славянлари билан йирик урушлар қилаётган давлат. Ва Марказий Осиё Россия учун беш бегона. Ва Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам Россия билан тўлақонли, фундаментал зиддият бўлишини истамайди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бунга йўл қўймайди. Ўйлайманки, Тожикистон ёки Қирғизистон ўзининг норозиликлари, ноталарини анчайин бир оҳиста шаклда, босқичма-босқич, вазиятга қараб билдиради. Чунки мақсад Россия билан конфронтация излаш эмас. Вазиятга қараб, Россияга сигнал бериш ва янги бир консенсус яратиш ёки олдинги консенсусни сақлаб қолиш.

Савол: Яъни, демоқчисизки, ҳар икки томоннинг ташқи меҳнат миграциясидан бирдек манфаатдорлиги барибир ҳар икки томонни муросага ундовчи, муросага келтирувчи ва ўзаро муросасини сақловчи асосий омил бўлиб қолаверади?

Камолиддин Раббимов: Худди шундай, худди шундай. Энди, биласизми, Марказий Осиёда фақат битта республика ёки бир давлат Россиянинг қорароқ ёки кулранг рўйхатида. Бу - Қозоғистон. Мана, Александр Дугин ёки бошқа мутафаккирларнинг фикрига қулоқ солсангиз, улар Қозоғистон англо-саксон иттифоқларга оғишаётган, улар билан ҳамкорлик қилаётган асосий давлат, деб айтишади. Ва Қозоғистоннинг иккиламчи, дуалистик ҳаракати баъзан Москванинг ғазабига ҳам сабаб бўлади. Лекин қолган давлатлар, мана, Россиянинг мафкураси шаклланган, дўст бўлмаган ёки душман давлат, деган тушунчаси бор, аксилРоссия, деган тушунчаси бор ва дўст бўлган давлатлар, деган рўйхати ҳам бор. Дўст бўлган давлатлар рўйхатига Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам киради. Ва қисқа муддатда, мана бу терактдан кейин икки томон ҳам ўзаро муносабатларини ҳақиқатда бир юқори совуқ нуқтага олиб чиқишни истамайди.

Савол: Аксарият Марказий Осиё давлатларининг бундай мавқеини нима билан тушунтириш мумкин? Буни, дейлик, фақат Россия Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори экани, Россия уларнинг энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори экани билангина изоҳлаш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Йўқ, қаранг, Россия ҳақиқатан минтақа давлатларининг биринчи ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори. Тарихий боғлиқлик. Кечаги Совет Иттифоқининг маркази бугунги Россия Федерацияси. Бу тушунарли. Лекин бугунги республика пойтахтларидаги, элиталаридаги асосий мотив - Россия билан тўқнашмаслик. Агрессив бўлган, империалистик бўлган, шовинистик бўлган, таъбир қилиб бўлмайдиган Россия билан тўқнашмаслик. Бундан бошқа юқори турадиган мотивлар мавжуд эмас.

Савол: Айниқса, ҳозир, халқаро жиҳатдан иҳоталаниб қўйилаётган, Украина уруши боис ўзига Ғарб томонидан устма-уст кириталаётган санкцияларни четлаб ўтиш ёки унинг оқибатларини юмшатиш учун Марказий Осиё давлатларига қанчалик эҳтиёжи борлиги назарда тутилса, сўнгги йилларда уларга ҳар томонлама яқинлашиш, минтақани имкон қадар ўзининг таъсир доирасидан чиқармаслик истаги қанчалик кучли экани назарда тутилса, айниқса, Шимолий Кавказдаги мавқеига етган дарз ва Украинага очган уруши фонида минтақанинг унинг учун қанчалик муҳим экани назарда тутилса, сизнингча, Россия бугун уларга нисбатан қалтис ёки оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган бир сиёсат юритмаяптими? Таъбир жоиз, минтақа давлатлари билан ўйнашмаяптими?

Камолиддин Раббимов: Мен Россия минтақа давлатлари билан ўйнашишга бораяпти, деб айтмаган бўлардим. Чунки, агарки, Россия ҳақиқатда минтақа давлатларини тўлақонли, айтайлик, қора рўйхатига тушириб, минтақа давлатларига махсус операция ёки провакациялар амалга оширмоқчи бўлса, Россия пропагандаси минтақа давлатларига қарши жудаям бир юқори даражада карнай-сурнай чалган бўларди. Ҳозирги бу зиддият техник бир зиддият. Тизимли, стратегик бир зиддият эмас. Яъни, Россияда, Москвада этник тожиклар, тожикистонликлар қўли билан қўштирноқ ичида террористик акт уюштирилди. Ва тожикистонликлар айбдор, деб эълон қилинди. Ва Россия ички сиёсатида мана шу айбловга нисбатан расмий Москва, Кремль ва Путин нимадир чора кўриши керак. Агар, эътибор берсангиз, Тожикистонга қарши катта кампания мавжуд эмас. Яъни, бугунги Тожикистон давлати, Эмомали Раҳмон, буларга қарши кампания мавжуд эмас. Авторитар давлат эканлиги, инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳам айтилаётгани йўқ. Яъни, бу ерда ўша тожикистонликлар айбдор, деб эълон қилинганидан кейин, тожикистонликлар орасида, мигрантлар, эмигрантлар орасида экстремистлар, террористлар бор ва нимадир қилишимиз керак, деган жавоб. Жамият ва давлат даражасидаги ўта примитив, ҳуқуқий бўлмаган жавоб изланаяпти. Лекин бу Тожикистон давлатига нисбатан кампания бошлангани йўқ, ҳудди шундай Қирғизистонга ҳам.

Савол: Яъни, ҳозир биз гувоҳ бўлиб турган миграция муаммоми бўҳроний тус олмайди, шундайми?

Камолиддин Раббимов: Йўқ, йўқ, менимча, йўқ. Мен бундай ҳолатларни йиллар давомида кузатаман. Менимча, йўқ, бўҳроний тус олмайди. Тожикистон билан, айтайлик, чегаралар, визалар жорий қилинмайди. Маълум бир муддатдан кейин, оз-оз миқдорда ўша олдинги ҳажмдаги, йилнинг охирига бориб, худди ўша олдинги ҳажмдагидек тожикистонликлар Россияда ишлашда давом этади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002