Тошкент ‘чуқур’ хавотирда, Россия энди нима қилади? Yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Қудратга келиши ортидан, Яқин Шарқдаги вазият Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг диққат-эътиборидаги хос халқаро аҳамиятга молик масалалардан бири экани кўрилади.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Расмий муносабат

LIvan

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Расмий Тошкентга кўра, "танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига ва бутун халқаро ҳамжамият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин".

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият шиддат билан кескинлашаётганидан расман хавотир билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 3 октябр куни бу хусусда баёнот берди.

Расмий Тошкентга кўра, "танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига ва бутун халқаро ҳамжамият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин".

Ўзбекистон томонининг баёноти Яқин Шарқдаги эскалация "мисли кўрилмаган" бир даражага етган пайтга тўғри келди.

Infografika

Исроил Ҳамасдан кейин унинг қўлловчиси Ҳизбуллоҳ билан жангга киришган, лидерини ўлдирган, Ғазо баробарида Ливанга ҳам зарба беришга ўтган, вазиятга Эрон ҳам аралашган, Исроилга сўнгги жавоб ҳужумида баллистик ракеталарини ишга солган, ҳозир эса, Исроилнинг бунга қарши жавоби "қаттиқ" бўлажагига оид хавотирлар бўй кўрсатиб турибди.

Етакчи Ғарб давлатларининг орада рақиб томонларни муваққат сулҳга кўндириш уринишлари самара бермаган.

Аксарият таҳлилчилар эътирофича, Яқин Шарқ узоқ йиллик ашаддий рақиблар ўртасидаги "ҳалокатли уруш" ёқасида, ҳозир бутун минтақа учун энг хавфли паллалардан бири.

Ўзбекистон бу гал ҳам "қарама-қарши томонларни вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш"га чақирган.

Расмий Тошкент "можарони халқаро нормалар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этиш учун шошилинч чоралар кўриш зарур"лигини яна бир бор таъкидлаган.

Расмий Тошкентнинг сўнгги баёноти ва даъватига Яқин Шарқдаги рақиб томонларнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Диққат-эътибордаги минтақа

Iqtibos

Ўзбекистон энг йирик мусулмон пост-совет давлати бўлади.

Қудратга келиши ортидан, Яқин Шарқдаги вазият Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг диққат-эътиборидаги хос халқаро аҳамиятга молик масалалардан бири экани кўрилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сўнгги уруш манзарасида бир эмас, бир неча бор расмий баёнот билан чиққан.

Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг октябрида ўзининг эътиборини Яқин Шарқ можаросига қаратаркан, ўзларининг "Фаластин халқи билан бирдам эканликларини қатъий билдирган".

Фаластиннинг "БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашлари"ни баён қилган.

Ўзбекистон президенти ҳали ўшандаёқ зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилиши, буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин"лиги билан огоҳлантирган.

"Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун" Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратишга қарор қилганликлари"ни ҳам маълум қилганди.

Айрим сиёсий таҳлилчилар Фаластин-Исроил можаросини қолган Марказий Осиё, туркий ва мусулмон давлатлари каби Ўзбекистон учун ҳам ўзининг глобал сиёсатдаги субъектлиги ва аҳамиятини оширишнинг бир имконияти сифатида ҳам кўришади.

Яқин Шарқдаги сўнгги можаронинг Марказий Осиёга геосиёсий ва иқтисодий таъсирига оид хавотирлар эса, аллақачон кенг матбуотнинг эътиборига тушган, халқаро таҳлилларга молик мавзулардан бирига ҳам айланиб улгурган.

Сўнгги Исроил-Ҳамас уруши глобал сиёсатда қудратлар атрофида блоклашувларга сабаб бўлиши, бу каби эҳтимол геосиёсий мувозанат посангисини Россия фойдасига оғдириши мумкинлиги, юзага келажак янгича геосиёсий воқеълик минтақа учун бетаъсир кечмаслигига оид хавотирлар ҳам бор.

Эрон Россияга орқа қилоладими?

Rossiya Bosh vaziri va Eron prezidenti

Сурат манбаси, Rasmiy

Яқин Шарқдаги сўнгги кескинлик Россиянинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Расмий Москва ҳам бундан ўз хавотирларини билдирган.

Эрон Исроилга берган сўнгги жавоб ҳужуми ортидан, томонларни "тийилиш"га чақирган.

Россиянинг бу даъватига расмий Теҳрон ва Тель-Авив муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Расмий Москва Яқин Шарқдаги сўнгги тангликда Америка Қўшма Штатларини айблаган, Россия томонига кўра, Байден маъмуриятининг минтақадаги саъй-ҳаракатлари мутлақ иш бермаган.

Эрон ҳали Совет давриданоқ халқаро саҳнада Россиянинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкорларидан биттаси.

Бу ҳамкорлик яна бугунги Украина уруши фонида ҳам ўзининг ифодасини топади, Ғарб Эронни Россияга дрон ва баллистик ракеталар етказиб беришда айблайди.

Ҳозир Эрон ихтиёрида бўлган бор-йўғи бир неча ўнта самолёт Америкадан қолган эскилари қаторида айнан Россияники экани айтилади.

Эрон Россиянинг замонавий русумдаги Су-35 қирувчи самолётларини сотиб олишга ҳам қизиқиш билдирган.

Орада томонлар бу хусусда келишиб олишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо уларнинг Эронга етиб борган-бормагани ноаён қолган.

Эроннинг Исроилга жавоб ҳужуми арафасида Россия Бош вазири бошчилигидаги ҳайъатнинг Теҳрон қилган ташрифи ҳақида расмий хабарлар олинган.

Михаил Мишустин Эрон президенти билан учрашуви чоғида томонлар ўртасида энергия, транспорт, саноат, савдо, маданият ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилишнинг улкан имконияти борлигини айтган.

Аммо бу ҳарбий технологиялар алмашинувини англатадими ёки йўқлиги ноаён қолган.

Таҳлилчилар эса, Эрон ва Россия ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик салоҳияти катта экани ва у минтақалардаги вазиятга таъсир қилиши мумкинлигини айтишади.

Аммо, уларга кўра, Яқин Шарқ давлатларининг халқаро муносабатлари шу қадар ўралашиб кетганки, ҳар қандай фаол аралашув ўзининг кетидан бошқалари билан муаммоларга олиб келади.

Агар, айни фикрда бўлган таҳлилчиларнинг тахминларига таянилса, ҳар ҳолда Москва ва Теҳрон ҳали минтақадаги вазият кескинлашмасидан аввал барча тафсилотларини муҳокама этиб олишга ҳаракат қилган бўлишгани тайин.

Россия дунёнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзо саноқли ядровий қудратларидан бири бўлади.

Яқин Шарқда ўзининг манфаатларига эга эски геосиёсий ўйинчилардан.

Ўзбекистонликлар нима бўлади?

Tel-Aviv

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 3 октябр куни Яқин Шарқдаги фуқароларини ҳимоя қилиш қандай чоралар кўрилаётганига ҳам ойдинлик киритган.

Вазирлик матбуот котибининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек, Исроилдаги Ўзбекистон фуқаролари билан алоқани мустаҳкамлаб, кучайтирилган тартибда ишламоқда.

Элчихона веб сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шахсий хавфсизлик бўйича тавсиялар тарқатилмоқда.

Ёрдам ёки маслаҳатга муҳтож фуқаролар дипломатик миссияга 24/7 тартибида ижтимоий тармоқлар ва телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда.

Вазирлик, ўзларидаги маълумотларга таяниб, ўтган йилнинг октябрида Исроилда 10,5 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари яшашини маълум қилган.

Исроилда ўқиётган ўзбекистонлик ўнлаб талабаларнинг ортга қайтарилганини ҳам билдирганди.

Жорий пайтда Эрон, Фаластин ёки Ливанда бўлиб турган ўзбекистонликлар сонига оид рақамлар ҳалича имконли эмас.

Саудия Арабистонининг Flynas ва Эроннинг Qeshm Air авиакомпаниялари 2 октябрда Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Эрон устидаги ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши муносабати билан Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатган.

Qeshm Air авиакомпанияси 2023 йилнинг 9 августидан Теҳрон−Тошкент−Теҳрон йўналиши бўйича мунтазам рейсларини йўлга қўя бошлаганди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" эса, 2 октябрдан бошлаб хавфсизликни таъминлаш мақсадида парвозларни Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудларини айланиб ўтган ҳолда амалга оширмоқда.

Авиаширкат Тель-Авивга рейсларини ҳам муқобил йўналишлардан фойдаланган ҳолда давом эттираётир.

Мулоҳаза: Исроил бу сафар Эронга жавоб қайтаришда ўзини чеклаб ўтирмайди

Жереми Боуэн

BBC News

missile

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Одамлар Исроил жануби — Ўлик денгиз яқинига қулаган Эрон ракетаси қолдиғини томоша қилмоқда.

Апрель ойида қилган ҳужумида Эрон мақсади аниқроқ эди. Ҳужум намойишкорона амалга оширилган ва ракеталарнинг катта қисми уриб туширилганди. Аммо бу сафар Эрон Исроилга чиндан катта зарар етказишга уринди. Жавоб эса қаттиқ бўлиши мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Эрон Исроил ҳудудини 180 га яқин ракета билан нишонга олиши ортидан бу икки давлат ўртасидаги зиддият янада жиддийлашган.

Эрон ўз ҳужуми Ҳамас сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания, Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насралла ва Эрон Инқилоб қўриқчилари корпуси қўмондони Аббос Нилфорушаннинг ўлдирилиши учун қасос бўлганини айтмоқда.

Апрель ойида ҳам Эрон Исроилга ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилган эди.

Аммо бу сафарги ҳужум ўзининг тажовузи билан ажралиб турди, Эрон Исроилга чиндан катта зарар етказишга урингани яққол кўзга ташланди.

Эрон агар ўч олишга ҳаракат қилса, жавоб зарбаси бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Ўтган сафар АҚШ Исроилдан реакция билдирмасликдан сўраган ва Бенямин Нетаняҳу шундай қилганди ҳам.

quote

Бироқ бу сафар Исроилдаги кайфият мутлақо бошқача.

Масалан, собиқ Бош вазир Нафтали Беннет ўтган тунда Х'да қолдирган твитга бир назар ташланг:

"Бу ўтган 50 йил ичидаги Яқин Шарқдаги вазиятни ўзгартириш учун энг қулай фурсат".

Беннет Исроил Эроннинг ядровий марказларига зарба бериб, "террор режимини ҳолдан тойдириши керак"лигини таъкидламоқда.

Беннет ҳозир ҳукумат раҳбари эмас, лекин унинг бу сўзлари Исроилдаги мавжуд кайфиятни ўзида акслантиради.

Мен Исроил ядровий марказлар, нефть-кимё заводлари - умуман, Эрон иқтисодиётига муҳим бўлган ҳар қандай объектга зарба бериши эҳтимолини инкор қилмайман.

Шу вақтга қадар Эрон Ливанда Ҳизбуллоҳ кўринишида мустаҳкам мудофаа шакллантирди ва агар ўз ядро марказлари ҳужумга учраса, ўта замонавий қуроллар билан жавоб қайтаради, деган қараш мавжуд эди.

Бироқ атиги икки ҳафта ичида Исроил Ҳизбуллоҳга жиддий зарба берди, ўзи ва АҚШ ҳукумати таъбири билан айтганда, гуруҳнинг қурол-яроқ захирасининг ярмини яксон қилди.

Албатта, Эрон шу вақтгача қўллаб келган чўчитиш воситаси ҳали ҳам мавжуд - фақат энди у мингта парчага бўлиниб кетди, холос.

Шу сабабдан мен Исроил ҳозир ўзини янада бемалол ҳис қилмоқда, деган фикрдаман.

Бир вақтнинг ўзида, Жо Байден Ўртаер денгизи минтақасига янги кучларни ташламоқда. Гўёки бу билан Эронга "агар Исроилга ҳужум қилсанг, менга ҳам ҳужум қилган бўласан", демоқда.

Шу вақтгача одамлар минтақада уруш олови тарқаб кетиши эҳтимолидан ташвиш билдириб келаётган эди.

Ана энди шу олов ҳақиқатан тарқамоқда ва айни вақтда дипломатия учун у қадар ўрин йўқ кўринади.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002