Эрон аёллари қамоқдан ҳам қўрқмаяпти

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Кэролайн Хоули
- Role, Би-би-сининг дипломатик мухбири
Озод, Дунё ва Баҳора бир-бирларини танимайди. Аммо уларнинг хавфсизлиги учун исмларини ўзгартириб айтаётганимиз бу уч аёл Эроннинг диний ҳукуматига ва унинг аёллар ва қизларга жорий этган кийиниш қоидаларига қарши қатъият кўрсатмоқда.
Шунинг учун улар ҳар куни хавф-хатарга қарамай, пойтахт Теҳронда кўчага бошларини ёпмасдан чиқишади.
Алоқадор мавзулар:
20 ёшли мусиқа мактаби талабаси Дунё менга мессенжер орқали: "Жуда қўрқинчли", деб ёзди. "Чунки улар сизни исталган вақтда ҳибсга олишлари ва жарима солиши мумкин. Ёки қамчи билан калтаклашади. Агар ҳибсга олишса, одатий жазо 74 даррадир.»
Ўтган ой 33 ёшли курд-эронлик фаол Роя Ҳешмати очиқ ҳавода тушган суратини жойлаштирганидан сўнг 74 марта дарраланганини айтди.
Аммо Дунё, Озод ва Баҳорнинг айтишича, улар учун ортга қайтиш йўқ.
"Бу рамзий маънога эга, - дейди Дунё. - Чунки бу режимнинг аёлларга нисбатан зулми калитидир. Агар бу норозиликни билдириш ва эркинлигим томон қадамнинг ягона йўли бўлса, мен буни қиламан».

2022 йил сентябрида 22 ёшли Маҳса Аминий ҳибсда ўлдирилганидан кейин ҳукумат аёллар бошчилигидаги қўзғолонни шафқатсизларча бостиргани сабабли, уч аёл мамлакатдаги биринчи парламент сайловларида овоз беришга келмай норозилик билдиради.
Ахлоқ полицияси уни ҳижобни нотўғри кийганликда айблаб ҳибсга олган эди. Жамоат жойларида ҳижоб ўрашдан бош тортиш қамоқ ва қийноқларга олиб келиши мумкин, лекин барибир кўп аёллар бош тортмоқда.
"Тўғри, ҳозир кўчаларда одамлар кўп эмас", дейди 34 ёшли HR менежер Озод.
"Аммо қалбимизда бу режим бутунлай вайрон бўлган ва одамлар унинг талабини қабул қилмайди. Шунинг учун уларнинг норозилик билдириш усули овоз беришдан бош тортишдир".
"Камерага ёлғиз қамаш энг ёмон нарса эди"

Сурат манбаси, .
Озод 2022 йил октябрь ойида ҳибсга олинган ва бир ойга қамалган.
У ўтган июль ойида ижтимоий тармоқларда ҳукуматни танқид қилган постлари учун қайта ҳибсга олинган ва 120 кун қамоқда ўтирди, шундан 21 кунни бир кишилик камерада.
"Камерага ёлғиз қамаш энг ёмон жой эди, - дейди у. - Камера эшиги доим қулф эди. Камера ўлчамлари 1 метрга 1,5 метр эди. Ташқи ёруғлик йўқ эди, лекин чироқ кечаю кундуз ёқилган эди. Ҳожатхонага борганимизда, кўзларимизни боғлашарди."
Озод бу синовдан шу қадар асабийлашдики, бошини камера деворига уриб, жароҳат ҳам олди.
"Баъзида сабабсиз йиғлай бошлайман, - дейди у. - Баъзида кўзларимни очгим келмайди, гўё ҳали ҳам ўша ердадекман. Қамоқхона хотиралари ҳар лаҳза мен билан."
У соат 08:00 дан кечгача давом этган сўроқлар ҳақида гапирди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Буни "оқ қийноқ" дейишади ва бу калтакланишдан ҳам баттардир. Мени қўрқитиб, камситишга уринишарди. Лекин мен уларнинг устидан кулардим".
Озод бошидан кечирган ҳамма нарсага қарамай, ҳижобсиз кўчага чиқиб, яна қамоққа тушиш хавфига тайёр.
"Махса Аминийни йўқотганимиздан сўнг, мен ўзимга ҳижоб ўрамайман ва ҳеч қачон ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам ҳижоб сотиб олмайман деб ваъда бердим, - дейди у. - Ҳар бир ўзгаришнинг ўз тўлови бор. Биз эса уни тўлашга тайёрмиз".
Эрондаги кўплаб аёллар ҳозир рўмолсиз чиқишади, баъзилари ахлоқ полицияси томонидан тўхтатилса, бошига рўмол ташлаволади.
Аммо менга айтишларича, ҳар бештадан бири уларни умуман ўрамайди - бу кундалик жасорат, бўйсунмаслик ва принципиал ҳаракат.
"Мен ҳеч қачон таслим бўлмайман", деб ёзади Озод.
"Мен ҳижобсиз ишга боролмайман"
Аммо мен Теҳронда гаплашган яна бир аёл режимга қарши курашдан «чарчаган»ини айтади.
39 ёшли мухбир ва кино танқидчиси Баҳора рўмол ўрашга мажбур қиладиган офисга боргандан кўра, уйдан ишлаш учун маошини сезиларли даражада камайтирди.
"Мен чарчадим, хафаман, - дейди у менга. - Менга ҳижобсиз ишлашга рухсат йўқ, ҳижоб ўрашни эса хоҳламайман."
Ҳозир у эрининг маошига суяниши керак.
Яқинда у рўмолсиз машина ҳайдаб кетаётганида полиция ходимлари уни тўхтатиб, машинасини олиб қўйишди.
У ҳам ўтган йил охирида ҳижобсиз тушган суратларини Instagram аккаунтига жойлаштиргани ва бошқаларни ҳам шундай қилишга ундагани учун ҳибсга олинган эди. Инқилобий суд уни олти ой шартли қамоқ ва жаримага ҳукм қилди.

"Мени ҳақорат қилишди, таҳдид қилишди, хато қилаётганимни айтишди ва одамларни исён ва яланғочликка ундаганликда айблашди."
Мен Баҳордан нега қамоққа тиқишмаган деб ўйлашини сўрайман.
"Чунки қамоқхоналар одамга тўла ва улар мен кабиларни қўрқитиб қўйишни афзал кўришади", деб жавоб беради у.
"Мен ҳали ҳам очиқ ташқарига чиқаман, лекин бу қийин, чунки ҳижобсиз киришимга рухсат бергани учун ресторанлар, кафелар ва китоб дўконлари ёпилиши мумкин, - дейди у. - Мен бундан жуда хафаман."
Суҳбатимизни тугатгандан сўнг чатни дарҳол ўчирамиз, у мен билан гаплашаётганда қўлга тушишдан жуда қўрқади. "Унда мен сизни блоклаб қўяман, - деб ёзади у. - Менда бошқа танлов йўқ. Агар ҳибсга олинсам, ҳеч ким менга ёрдам бера олмайди, мени жосусликда айблаб, ўлимга ҳукм қиладилар".
Террор ва жасорат режимга қарши чиқмоқчи бўлган кўплаб эронлик аёллар учун ёнма-ён яшайди. Ғазаб ва умид билан бирга.
"Саросимага тушиб қолдим. Отам ҳам қўрқиб кетди"
Дунё отаси билан яқинда Теҳрон марказидаги театрга боргани ҳақида гапириб берди.
У шляпа кийган эди ва метрода уни ечганида, бир гуруҳ қора чодрадаги аёллар ва эркаклар унга бақирган, ахлоқ полицияси ходимлари бошига рўмолини ёпишни буюрган.
"Менда у йўқ эди. Шунчаки шляпа. Ўжарлигим тутиб, уни ҳам киймадим, - дейди у. - Бу жуда қўрқинчли эди. Мен уларга эътибор бермай йўлимда давом этдим. Улар шунчалик кўп эдики, станциянинг катта қисмини эгаллаб олишди».
Улардан бири иккинчисига: "Илтимос, бу қизни фургонга тиқинг", деганини эшитгач, фикридан қайтди.
"Қалтираб кетдим. Саросимага тушиб қолдим, отам ҳам қўрқиб кетди. Шундан сўнг шляпа кийдим!»
Дунё фақат университетга борганида бошини ёпади, чунки шусиз киришга рухсат берилмайди. Бироқ, синфга киргач, ечиб қўйишади, дейди у.
"Дўстларим ҳам, мен ҳам бошқа давлатлардаги каби университетга гўзал соч турмагида, чиройли кийимда боришни хоҳлаймиз.
"Маҳса ўлимидан олдин одамлар уйқуда эди, лекин ҳозир кўпроқ хабардор бўлишди", дея қўшимча қилади у.
"Норозиликлар кўплаб аёлларнинг кўчага ҳижобсиз чиқишига сабаб бўлмоқда. Аммо улар босим ва қатл ҳақидаги барча янгиликлардан ҳам чарчаган. Бу қийин ва машаққатли йўл."
Аммо одамлар ҳали ҳам жамоат деворларига граффити ёзишади, давлат телевидениесини бойкот қилишади, дейди у.
"Мен ҳар куни одамлар ўзгаришни истаётганини кўраман, - дейди у. - Мен ўз тенгдошларимга ишонаман. Биз зулмга тоқат қила олмаймиз. Одамлар кўчада рақсга тушиш, шўхлик ёки қўшиқ айтиш учун бор имкониятдан фойдаланади, чунки рақсга тушиш ноқонунийдир.
Бегоналарнинг хайрихоҳлиги ва режимга қарши янги бирлик ҳисси Озодга куч беради.
Унинг айтишича, ҳатто ҳижобли аёллар ҳам уни бошини ёпишдан бош тортгани учун олқишламоқда. Унинг ишонишича, 45 йиллик ҳокимиятдан кейин Ислом Республикасининг кунлари саноқли қолган.
"Инқилоб бўлади, - дейди у. - Аммо аниқ қачонлигини ҳеч ким билмайди."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















