Ҳижобимни ечдим ва бу менинг ҳақиқий ўзлигим - Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, MAHSA AMINI FAMILY
- Author, Фаранак Амидий
- Role, Би-би-си Жаҳон хизматининг Аёллар масалалари бўйича журналисти
Айрим мусулмон аёллар учун ҳижобни ташлаш қийин қарор бўлади.
Улар ўз оила аъзоларининг қаршилигига учраши, ўз жамоаларидан бегоналашишлари мумкин. Айрим давлатларда қонунлар ҳам мазкур босимни янада орттиради.
Эрон парламенти яқиндагина ҳижоб қонунларини бузганларга қамоқ ва жарима жазоси миқдорини ошириш ҳақида баҳсли қонунни қабул қилди.
Бу қонун Эронда аёллар норозилик намойишига чиқиб, ҳижобларини оммавий еча бошлагандан кейин қабул қилинди.
Бу намойишлар Маҳса Аминий ахлоқ полицияси ҳибсхонасида ўлгани ортидан юзага келган эди. У ҳижобни талаб даражасида ўрамагани айблови билан ҳибсга олинган эди.
Дунёдаги қарийб бир миллиард муслиманинг аксарияти учун ҳижоб танлов масаласи саналади.
Аммо ҳижобни ташлашни истайдиганлар учун буни амалга оширишга йилларча керак бўлиши, катта босимларни енгиб ўтиши керак бўлиши мумкин.
"Аёллар жуда бўлмаса ҳафтада бир кун кўчага ўзи истаган либосда чиқа оладиган бўлишини орзу қилардим", дейди Рибел (исми ўзгартирилди).
Теҳрон яқинида яшовчи унинг оиласи унга чодра кийдирганда унинг ёши энди тўққизда эди. Бу энг консерватив турдаги ҳижоб бўлиб, бутун бадан ва бошни тамоман ўраб туради.

Сурат манбаси, Supplied
Олти ёшиданоқ унинг оиласи уни ўранишга тайёрлаб боришган.
"Улар менга чодрада юриш Аллоҳнинг амри эканини, агар итоат этмасам, абадий дўзахда ўтда ёнишимни тинмай уқтиришарди. Агар шундай қилмасам, ота-онамнинг юзини ерга қаратишим ва хафа қилишимни гапиришларини-ку айтмаса ҳам бўлади", дейди у Би-би-сига.
Рибел ҳозир 23 ёшда, Эронни тарк этиб, Туркиядан бошпана сўраган. У ерда ҳозир татучи рассом бўлиб ишлайди.
Унинг айтишича, болалигида футболка ва шортикда юришни роса ҳавас қилган.
У ота-онаси айтган гапдан қанчалик даҳшатга тушганини эслайди.
"Мен доимий айбдорлик ҳисси билан яшадим. Бу қаердан келганини билмасдим, лекин шундай эди", дейди у.
Рибел ўз ҳудудида кўрган, нисбатан мўътадилроқ ҳижоб кийган бошқа қизларга ҳасад қиларди.

Сурат манбаси, Supplied
Эронда жамоат жойларида ҳижоб кийиш мажбурий, лекин шахсий йиғилишларда ва уйда кўплаб аёллар уни киймасликни афзал кўради. Рибелнинг оиласи эса жуда диндор ва консерватив эди.
"Онам менга ҳатто ўсмир акаларимнинг олдида ҳам яланг қўлларимни ва оёқларимни кўрсатмасликни айтарди, чунки бу уларнинг гуноҳ қилишига сабабчи бўлиши мумкин экан", дейди у.
Рибел 17 ёшга тўлганда, ота-онаси уни диний мактабга киритди.
"Мен шу мактабга киришим ёки эрга тегишим керак эди", дейди у.

У мактабни ёмон кўрганини, ўқув дастури ҳам аёлларга қарши тарғиботдан иборат бўлганини айтади. Бу унинг ҳижобга бўлган ишончини синдирди.
Ҳижобни ташлашга қарор қилган куни у тиззасидан сал тепароқ бўлган кўйлак ва янги бўялган қизғиш сочлари кўриниб турган кенг рўмол ўраган эди.
Мактаб директори ота-онамга қўнғироқ қилиб, менинг "фоҳишадек" кўчада юришимга йўл қўймаслик кераклигини айтди, дейди Рибел.
Бувиси ота-онасига қўнғироқ қилиб, "уйдан чиқолмаслиги учун оёқларини синдириш" кераклигини айтган.
Онам менга "оиламиз бунчалик азоб чекмаслиги учун Худо менинг жонимни олишини" орзу қилганини айтганди, деб эслайди Рибел.
Зўравонлик давом этар экан, Рибел ўз жонига қасд қилишга уринди. У касалхонада каравот ёнида турган отасининг бақирганидан уйғониб кетди.
Охир-оқибат у Эронни тарк этиб, Туркияга кетишга қарор қилди ва у ерда ҳозир ҳижобсиз очиқ яшайди, оиласи билан алоқаси узилган.
Рибелнинг ҳикояси экстремал бўлиши мумкин, аммо бу алоҳида ҳолат эмас.

Сурат манбаси, Supplied
Асли Мисрдан бўлган америкалик феминист фаол ва ёзувчи Мона Элтахавийнинг оиласи Рибелники каби қаттиққўл бўлмасада, у ҳам ҳижобини ташлашга қийналган.
У тўққиз йил ҳижоб кийган ва "шундан саккиз йилини уни ташлаш учун курашишга" сарфлаган.
Бунинг сабабларидан бири унинг оиласи қаршилиги эди.
"Охир-оқибат жасорат топиб, бошимни ярмини ёпган ҳолда уйдан чиқдим. Мен ҳаммасини бирдан ташлай олмасдим", деб кулади Мона.
У узоқ вақт ҳижобсиз ўзини қулай ҳис қилмади.
"Одамларга илгари ҳижоб кийганимни айтишимга бир неча йил керак бўлди, чунки ҳижобни ташлаганимдан жуда ҳижолат бўлар эдим", дейди у.
Аёлларнинг ўз танаси устидаги ҳақи ҳақида "Рўмол ва бокиралик" китобини ёзган Мона Эрондаги намойишларни диққат билан кузатмоқда.
Аёллар ҳижобини ечиб, ёндириб ёки ҳавода силкитиб: "Аёл. Ҳаёт. Озодлик" деб бақирмоқда.
Монанинг айтишича, Эронда содир бўлаётган воқеалар шунчаки сиёсий ўзгаришларга чақириқ эмас.

Сурат манбаси, Supplied
"Давлат эркакларга ҳам, аёлларга ҳам зулм қилиши ҳақиқат, - дейди у. - Лекин кўча, давлат ва оила ҳамма аёллар ва гомосексуалларга зулм қилади ва эронлик аёлларнинг мажбурий ҳижобга қарши кураши ҳар учаласига ҳам қарши курашдир. "
Би-би-си Эронда диний ва консерватив оилада ўсган бир қанча аёллар билан суҳбатлашди. Улар яқинда бўлган намойишлардан кейин уларнинг оилалари ҳам ҳижобларини ечишига қарши эмасликларини айтишибди.
Эрондаги намойишларда илҳом олган мусулмон аёллардан бири Би-би-си Жаҳон хизмати журналисти Белла Ҳасандир.
У Сомали пойтахти Могадишуда туғилиб ўсган ва умрининг кўп қисмини ҳижобда ўтказган.
2022 йилда, Эрондаги норозиликларнинг авж палласида ва Лондонда бир йил яшагач, ҳижобни ташлашга қарор қилди.

Сурат манбаси, Supplied
"Менинг кўплаб эронлик дўстларим бор ва улар менга аёллар ўзлари хоҳлаганча яшаш ҳуқуқини қандай ҳимоя қилаётгани ҳақида гапириб беришарди ва бу мени ҳақиқатан ҳам илҳомлантирди", дейди у.
"Мен ўйладим: энди Могадишуда эмасман, Лондондаман. Ўз эркимча яшаш имконига эгаман."
Унинг Могадишудаги оиласи унинг ҳижобдан воз кечиш қароридан норози бўлган, бироқ унинг танловини ҳурмат қилган.
Би-би-си журналисти сифатида Белла Сомалида таниқли шахс. Унинг қарори норозилик уйғотди, ҳижобни ташлашга шошмадиммикан деб ҳам ўйлаб қолди.
"Ўз жамоам энди мени бошқа қабул қилмайди, ўзимни хавфсиз ҳам ҳис қилмайман", дейди у.

Сурат манбаси, Supplied
"Ҳижобимни ечганимдан кейин эркаклардан ўлим ва зўрлаш таҳдидларини ола бошладим. Улар мени қоралашди - мен танимаган эркаклар."
У қўшимча қилади: "Ҳижоб ўрамаган аёллар учун алоҳида жазо йўқ. Қуръонда айтилишича, менинг ҳукмим Аллоҳда, лекин юртимдаги мусулмон эркаклар менинг устимдан ҳукм қилмоқда, Аллоҳ эмас".
Белланинг айтишича, Сомалида ҳижоб жуда чуқур илдиз отган ва уни ташлашни истайдиган кўплаб аёллар буни қила олмайди.
"Умид қиламанки, бир кун келиб менинг юртим аёллари ҳам бошқалар, айниқса эркаклар истаган нарсани эмас, ўзлари хоҳлаган нарсани қилишга жасорат ва ирода топа олади."
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













