Ўзбек аёллари нега фарзандлари ва ўзларини ўлдиряпти? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Social media
Сергели туманида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақида хабар ижтимоий тармоқни ларзага солди. Болалари билан қўшиб ўз жонига қасд қилиш ўзбек жамиятида илк маротаба учрамаяпти.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, 3 апрель куни соат 19.20 ларда Сергели тумани 8-мавзедаги кўп қаватли уйида яшаб келган 27 яшар аёл икки нафар ўғли ва бир нафар қизини қасддан ўлдириш мақсадида, 9-қаватдан бирин кетин деразадан ташлаб юбориб, сўнгра ўзи ҳам ойнадан сакраб ўз жонига қасд қилган.
Оқибатда барчаси ҳодиса жойида вафот этишган.
Расмий хабарда айтилишича, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йил октябрь ойида ёнғин содир бўлганлиги сабабли 3 нафар фарзандлари билан бирга онасининг Сергелидаги уйида, улар билан бирга истиқомат қилиб келган ҳамда ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, марҳуманинг турмуш ўртоғи ҳозирда "Умра" зиёрати мақсадида Саудия Арабистонда эканлиги айтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 103 (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Хусусан, оилавий келишмовчилик, марҳумада кузатилган руҳий ўзгаришларга олиб келган сабаблар, ўз-ўзини ўлдириш даражасига келтириш ва бошқа тахминларнинг барчаси дастлабки тергов жараёнида батафсил текширилади, дейилади расмий хабарда.
Хабар пайдо бўлиши билан ижтимоий тармоқдагиларда турли муносабатларга сабаб бўлди.
Сайёра Мамедова бўлаётган бу каби ҳодисаларни жамиятдаги чипқон касаллигига тенглаштирган.
"Қизиқиш учун, бир ёрдам пули олиниш тартиби билан қизиқиб кўрганмисизлар? Моддий ёрдам миқдори биланчи? Бу маҳалла корчалонларининг истеҳзоли ва кинояли муносабатиничи, худдики ўз чўнтагидан тиланчига саъддайи садақа бераётгандек гўё🙄
Бу ҳар бир ўлимда ҳалқ пулини ўзлаштираётган ҳаромхўрлар, мансабини суистеъмол қилаётган амалдорлар, қонунларимизни пухталаштириб ишлаб чиқмаётган ва унинг ижросини таъминламаётган масъуллар, ён-атрофида бўлаётган ноҳақлик, хўрлик, қийинчиликларни кўриб кўрмаганликка олаётган бефарқ одамларни ҳам қисман айби бор", деб ёзади у.
Аёллар ҳуқуқи бўйича фаол Барногул Санақулова ўзи ва болаларини тепадан ташлаган аёлни тушунишини айтади.
"Бу аёлни тушуниб турибман, уни бу ишни қилишдан бошқа иложиси қолмаган бўлса керак, у билади бу жамиятда уни ҳеч ким ҳимоя қила олмаслигини, ўзини айблашини, ёрдам бермаслигини! Бундай ҳолатга тушган аёллар билан ишлайдиган на бир механизм бор, на бир ташкилот бор, на бир ҳимоя қиладиган одам бор... Бу дунёга келиб кун кўрмаган ва ўзи дунёга келтириб, ўзи ўлдирган онадан бошқасини танимаган болажонлар бизни кечиринглар, қиёматда ёқамизга ёпишманглар илтимос, биз сизни асрай олмадик! Мана нега бизга "оилавий зўравонлик" моддаси керак! Энди киритарсизлар "ҳурматли" зўравонлар адвокатлари бизни таклифларимизни игнор қилмай!", дейди Барногул Санақулова.
Тадбиркор Фируз Аллаев жамият касал бўлганлиги сабаб бу каби ҳолатлар бўлаётганига урғу берган.
"Вазиятга эркакни ёки қайнонани хоҳлагунча айблашингиз мумкин. Ман бўлса касал жамиятга ачинаман. Умумийлаштириш эмас, бор ҳолатлар учун деб қабул қилинг.
Бу жамият касал. Унда бола хотинга эрдан ўч олиш учун, эрга жаҳли чиққанда бақириш учун восита. Бу бахтсиз инсонлар жамияти. Унда ҳар бахтсиз инсон аламини боладан олади, ўз манфаатини ҳимоя қилиш учун боладан фойдаланади. Хотин эрига кўрсатиб ўз боласини уради, эр ҳам хотинига кўрсатиб жаҳлини болага кўрсатади. Жонига қасд қилмоқчи бўлган хотин ҳам шунчаки ўзини ўлдирмайди, болани ҳам ўлдириб ўзича ўч олиб ўлади. Бунинг ҳаммаси бола кучсиз бўлганлиги учун. Бу жамиятда кучсиз бўлиш айб. Эр хотини олдида кучсиз томонини кўрсатиши, хотин эр олдида кучсиз бўлиши имконсиз. Бу жамиятда ришта ҳам, алоқа ҳам манфаат устида қурилган", дейди у.
Фируз Аллаев бир кундан сўнг яна ушбу мавзуга қайтган ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар килиниши кераклигини санаган.
"Қизингизни ўқитинг, унга имкон борича яхши таълим беринг. У ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қиладиган, оғир вазиятда болаларини уддалаб кетиб биладиган даражада кучли бўлсин. Сиз энг яхши сценарийдан умид қилиб эмас, энг ёмон сценарийдан келиб чиқиб таълим беринг. Қизингизни ҳеч қачон мажбуран турмушга берманг. Бир хонадонда ҳам ўзи бахтсиз, ҳам болалари бахтсиз бўлгандан кўра яхшиси қари қиз бўлсин. Ўттиз ёшдан ўтиб турмуш қурсада бахтли яшаб юрганлар нечта. Ҳеч қачон ким биландур мажбуран яшашга йўл қўйманг. Эр уриб ёки келишолмасдан келдими, ажрашаман деса қаршилик қилманг. Қўйиб беринг. Бошқаларнинг фикрига тупуринг, сизга қизингизнинг ҳаёти маҳалладаги тўртта хотиннинг гапидан муҳимроқ, тўғрими?", дейди Фируз Аллаев.
Зулфия Жуманиязова эса ўз ва болалари жонига қасд қилган аёл жамиятда ҳимоясиз эканлигини билган дейди.
"Бу аёл билади бу жамиятда уни ҳеч ким ҳимоя қила олмаслигини, ўзини айблашини, ёрдам бермаслигини! Бундай ҳолатга тушган аёллар билан ишлайдиган на бир механизм бор, на бир ташкилот бор, на бир ҳимоя қиладиган одам бор...
Шу воқеага ОЛИБ келган сабабни ҳам биладиганлар бўлади. Лекин жим кузатади. Бир учи тегиб кетмасин дейди", деб ёзади у.
Kun.uz нашри "минг афсуски, қанчалар даҳшатли туюлмасин, оналарнинг ўзи ва болалари жонига қасд қилиш ҳолати тез-тез учраб туради", деб мақола ёзди.
Мақолада 2018 йилдан бери аёлларнинг ўзи ва болалари ёки фақат болаларининг жонига қасд қилган 8 та ҳолат саналган.
Уларда болани аёвсиз калтаклаб ўлдириш, ўзи ва болаларини каналга ғарқ қилиш, поезд остига ташлаш, ҳожатхонага ташлаб юбориш ёки бўғиб ўлдириш ҳолатлари акс этган.
Мақолада келтирилган ҳар бир холат ўша вақти ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.
2018 йилда 2,5 яшар ўғлини бўғиб ўлдирган ва жасадини арча остига ташлаган Саидахон Тиллаволдиева боласини қаерга сиғидиришни билмасдан бўғиб ўлдирганини айтганди.
"Қўлимда бўғиб ўлдирдим, шунга мажбур бўлдим. Уйга қайтай десам, аям киритмасди. Дадам қабул қилиши мумкин эди, аммо аям киритмасди, барибир бола кўчада хор бўлиб ўларди. Ўлдирганимдан кейин, бағримга босиб ўтирдим, кечирим сўрадим", деган у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













