Дунёнинг ишлари: ‘Ўзимни ўлдиришни истадим’

Мусбаҳу* дунёга келганда унда ҳам эркаклик, ҳам аёллик хусусиятлари бор эди.

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, Masbahu says being intersex in Nigeria means feeling isolated

Ҳикоя қаҳрамони бўлмиш ўз исмини ошкор қилишни истамаган нигериялик эркак интерсекс сифатида дунёга келган ва шу туфайли ҳаётининг асосий қисми «иснод»да ўтмоқда. Бир вақтлар у ўз жонига қасд қилиш «энг яхши йўл», деб ўйлаган ҳам. Унинг ҳикояси Нигерия ва дунёнинг бошқа бурчакларида яшаётган интерсекс одамлар юзлашадиган оғир синовлар ҳақидадир.

Мусбаҳу* дунёга келганда унда ҳам эркаклик, ҳам аёллик хусусиятлари бор эди.

У туғма интерсекс. Бундай одамлар на эркак, на аёл категориясига мос келади.

Ўз жинси туфайли Нигерия шимолида ўтган болалигидан ёқимсиз хотиралар қолган.

«Вояга етган сарим ё ўғил ё қиз эмаслигимни англаб борардим. Бу жуда даҳшатли эди,» дейди 24 яшар Мусбаҳу Би-би-сига.

Уни болалигида кўп мазах қилишган.

«Одамлар устимдан кулаверганидан кейин мактабга ҳам бормай қўйдим,» хотирлайди Мусбаҳу.

«Ўша пайтлар бундай исноддан қутилиш учун ўзимни ўлдириш ҳақида ўйлаб қолган эдим.»

Ўғил бола сифатида тарбияланган қиз

«Ота-онам ва оила аъзоларим қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишади,» дейди у.

Бироқ унинг жинсий тегишлилигини тан олиш отаси учун осон кечмаган: «У туғилган куни жуда даҳшатга тушган эдим,» эслайди Мусбаҳунинг отаси.

«Бундай кўргуликни кўрмасдан ўлиб кетганим яхши эди, деб ўйладим ўша куни. Аммо Яратганга бўлган эътиқодим менга таскин берди.»

«Мусбаҳу ҳаётининг кўп қисмини ўғил бола сифатида ўтказди: унга ўғил болалар исмини бердик, ўғил болалар мактабига юбордик. Бироқ унинг танасида қиз вояга етиб келар эди.»

«10 ёшимда кўкрагим бўртиб чиқа бошлади. Мен ўзимга нималар бўлаётганини англолмай гаранг эдим. Дўстларим эса устимдан калака қилишдан бошқа нарсани билмасди,» ҳикоя қилади Мусбаҳу.

11 ёшга кирганда Мусбаҳу ҳайз кўра бошлайди.

«Шундан сўнг мен тамомила ақлдан оза ёздим,» дейди унинг отаси.

Канодаги Баеро университетида анатомист бўлиб фаолият юритувчи доктор Анас Яҳаяга кўра, «Нигериянинг Муртала Муҳаммад Ихтисослашган Шифохонасидаги ҳар 2,000 туғруқдан биттаси интерсекс сифатида дунёга келади.»

Нигерия ва бошқа давлатлардаги интерсекс одамлар, кўп ҳолларда, жамиятдан ажралиб қолади.

Musbahu identifies as a man
Сурат тагсўзи, Мусҳабу ўзини эркак санайди, аммо унда ҳар икки жинс аъзоси бор

Интерсекс нима дегани?

Интерсекс одамлар эркак ва аёл хусусиятлари қоришмаси билан туғиладилар.

Интерсекс шахснинг жинсини аниқлаш учун шифокорлар ҳомиланинг ривожланиш жараёнини ўрганиб чиқишга уринадилар.

Улар гўдакнинг эркак ёки аёллигини аниқлаш мақсадида тананинг ДНК контейнерлари, хромосомаларни ўрганиб чиқадилар.

Шифокорлар чақалоқнинг тухумдони, мояклари ёки бачадони бор-йўқлини аниқлашга ҳаракат қиладилар.

Шунингдек, тана ишлаб чиқараётган гормонлар ҳам тест қилиб кўрилади ва гўдакнинг жинсий аъзолари қай йўсинда ривожланиши мумкинлигини олдиндан аниқлашга ҳаракат қилинади.

Тест натижалари асосида гўдакдаги эркаклик ва аёллик хусусиятлари нисбати белгиланади.

БМТга кўра, интерсекс аломатларини жаҳоннинг 1,7 фоиз аҳолисида кузатиш мумкин.

A sign is attached to a wall as people take part in the LGBT community pride Parade in the streets of the Namibian Capitol in Windhoek.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жаҳон бўйлаб 1.7% фоиз инсон интерсекс

Танловлар ҳали олдинда

Вақт ўтиши билан Мусбаҳу ўзини ноқулай ҳис қилиб борар эди. Унинг орзуси келгуси ҳаётини эркак сифатида ўтказиш.

У «нормал ҳаёт» кечириб, таълим олиш, ишлаш ва оила қуришни истайди.

Шифокор қабулларидан бирида у жарроҳлик йўли билан ўз жинсини ўзгартириш имконияти борлигидан хабар топади. Бироқ бундай амалиёт нархи $695 га тенг бўлиб, бунга оиласининг қурби етмас эди.

«Жарроҳлик ҳақини тўлаш уёқда турсин, оилам қорнини тўйғазишга ҳам қурбим етмас эди. Шу сабабли ўша пайт бу режадан воз кечишга мажбур бўлдим,» дейди унинг отаси.

Бироқ маҳаллий радиолардан бири унга ёрдам қўлини чўзишга рози бўлди. Оила радио орқали одамлардан кўмак сўради ва, натижада, жарроҳлик амалиёти учун зарур бўлган маблағнинг ярмиси йиғилди.

«Амалиётнинг биринчи ва иккинчи босқичлари муваффақиятли кечди.»

«Улар кўкрагимни, бачадон бўйинларини олиб ташладилар, ҳайз кўриш йўлини ёпиб қўйдилар, лекин шундан сўнг пулимиз тугаб қолди,» дейди Мусбаҳу.

Ҳозирда оила Мусбаҳуни тўлиқ эркакка айлантириш жараёнини тугаллаш учун яна кўмак изламоқда.

«Кўкрагим чиқиб, ҳайз кўрганимга қарамай, эркакка айланишга қарор қилдим, чунки ҳаётим давомида ўзимни ўғил бола, деб ҳисоблаб келганман.»

*Мусбаҳу (исм ўзгартирилган) мақолада ўзининг эркак сифатида тилга олинишини истади.

Мусбаҳу билан интервьюни Би-би-си Ҳауса Хизмати мухбири Ҳалима Умар Салеҳ олиб борди.