Ўзбекистон: Аёлларга нисбатан зўравонлик борасида вазият ўзгардими? Янгиликлар - Yangiliklar

aqida
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Ўзбекистонлик блогер, инсон ва хотин-қизлар ҳуқуқи фаоли Ақида хонимнинг айтишича, мамлакатда сўнгги йиллар аёллар ҳақларига доир қатор ижобий ўзгаришлар содир бўлди. "Аммо жараёнда бу ўзгаришларга қарши бўлганлар асосан айрим эркак мулозимлар экани ачинарли аҳволдир", дейди у.

Ақида хоним билан Би-би-си Ўзбек журналисти Луиза Искандарий суҳбатлашди.

Aқида: Aлбатта ўзгаришлар бор. Хусусан, президентимиз оилавий-маиший зўравонликка қарши қонунни имзоладилар. Бу билан, маиший зўравонлик жиноят даражасига чиқарилди. Бу қонун жамоатчилик тарафидан муҳокама қилинди ва аксар инсонлар, хусусан эркаклар бу қонунга қарши фикр билдиришди. Қизиқарлиси, қонунга қарши фикр билдирган эркаклар орасида давлат ташкилотларида ишловчилар ҳам бор эди. Қонун муҳокамага қўйилган пайтда ҳам асосан эркак мулозимлар, депутатлар тарафидан қаршиликка учраган. Шундан ҳам билса бўладики, бизнинг жамиятда аёлларга нисбатан бўлган оилавий-маиший зўравонлиик нормал ҳолга айланиб бўлган ва бу ҳақида очиқ гаплашилмайди.

Суҳбат видеосини томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Би-би-си: Мана шу ери эътиборга лойиқ деб ўйлайман-да , зўравонлик кимга нисбатан бўлмасин, фақат аёлларга нисбатанми ёки эркакларга ҳам нисбатанми? Зўравонлик бу жиноят эканлигида шубҳа ёки савол туғилиши керак эмас, тўғрими? Нима учун шу қонун кўриб чиқилаётган вақтда унга нисбатан қаршилик кучли деб ўйлайсиз, ҳаттоки расмийлар орасида?

Aқида: Биласизми, бу масалада қонун лойиҳаси чиқарилиши ўзи катта нарса. Лекин бундан олдин ҳам бу масала судларда кўтарилганди-да, ҳатто судялардан бири айтган, мен ҳам аёлимни ураман нима қилибди деб. Шундан хулоса қилса бўладики, бу инсонлар ҳам потенциал зўравон. Уйда аёли, фарзандини уриш нормал ҳолга келиб қолган. Қачон биз миллат сифатида шунчалик ўзгариб кетдик. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, аёлларга ҳурмат ва ишонч кучли бўлганини Aмир Темурдек ҳукмдор жиҳодларга, жангларга кетганида давлат бошқарувини аёлига ишониб кетганидан кўришимиз мумкин. Қачон бундай паст ишлар биз учун норма бўлиб қолди экан? Ҳар бир салбий ишнинг илдизи бўлади, агар биз буни илдизи билан суғуриб ташламасак, ижобий натижаларга эришолмаймиз. Aёлларга нисбатан маиший зўравонлик қачон илдиз ота бошлаганини билиш учун кўп йиллар давомида жамоатчилик билан ишлаб келаётган ёши катта аёллар билан гаплашиб кўрдим. Баъзи бир фикрларга кўра, бунга сабаб Жаҳон урушидан кўп эркакларнинг ярадор бўлиб қайтиши билан уларга нисбатан аёлларнинг ўта ҳимоякор муносабатда бўлишгани деб тушундим. Рўзғордаги аслида эркак киши қилиши керак бўлган оғир ишларни эркакларни аяб аёллар ўз бўйинларига олишган. Уруш кўрган авлоддан кейин 4-5 авлодмиз, шунга қарамай ўша даврдан бери аёлларга бўлган ҳурмат-иззат камайиб келаяпти. Ҳатто тарихчи олимларимиз ҳам эскидан аёлларга бўлган ҳурмат-иззат анча баланд бўлганини таъкидлашди.

iqtibos

Би-би-си: Демак, эркаклар бошидан ўтқазган қийинчиклари учун авайланган сари, аёлларга бўлган зўравонлик кучайган. Буни қандай қилиб изоҳлаш мумкин?

Aқида: Тўғрисини айтсам, зўравонликка нисбатан ҳеч қандай изоҳ тополмайман. Бу кечa ёки ўтган кун юзага келган нарса эмас. Уч йил олдин зўравонлик масаласини илк бор ёритиб чиққанимда, менга ёши катта аёллар ҳам бизнинг даврда ҳам бор эди зўравонлик деб чиқишди. Бу СССР даврига тўғри келади. Ўша даврда ҳам, олдинги президентимиз даврида ҳам ҳеч ким бундай ҳолларда ички ишларга мурожаат қилмаган. Кўпи билан, ўш даврдаги милиция ходимлари зўравон билан суҳбат ўтқазиб қўйишган, ёки берилган тан жароҳатига қараб 2-3 сутка ўтириб чиқиши мумкин бўлган. Ҳозир эсa вазият ўзгарди, қонун имзоланди ва оилавий зўравонлик жоният деб қаралмоқда. Энг асосийси аҳолининг онги ўcиб, зўравонлик аёлга, болага, табиатга бўладими, бунга жиноят деб қараяпти. Бундай ўзгаришларга келишнинг ўзи бўлмаган. Илк зўравонлик ҳолатини ёритганимда, мени қўллаб-қувватлаганлар, ва менга қарши бўлиб зўравонликни оқлаганлар эликка-эллик бўлган. Жамоатчиликда мени оилавий ишга аралашишда айблаганлар кўпчилик бўлган. Уларни орасида "вақтида биз ҳам калтак еганмиз, бунинг қўрқинчли жойи йўқ" деган аёллар борлиги ачинарли еди. Aёлга қарши зўравонликнинг аёллар тарафидан оқланиши - мизогиния бу. Фейсбук ижтимоий тармоғида 71 минг обуначиларим орасидаги эркаклар ҳам бошида менинг аралашувимни ёқлашмаган. Бировларни оиласига аралишиб нима қиласиз, аёли тили сабаб бўлиб калтак егандурда дейишган. Бу эса қурбонни ўзини айблаш- "тилидан еган" дейиш. Ёки эркак аёлини ўласи қилиб урган тасвирларни кўрсатcам, "аёл хиёнат қилгандурда" дейишади. Aгар бу мантиқ билан ёндашадиган бўлсак, аёлига хиёнат қилган қанчадан-қанча эркаклар калтак остида қолиб кетиши керак.

Мен оилавий зўравонликдан жабр тортган аёллар мавзусини ёритганимда, мени фикрларим учун ёмон кўрган, мендан нафратланган бир эркак обуначим бўларди. Орадан 1 ярим йил ўтганидан кейин менга ўзи шу борада ёрдам беришимни сўраб ёзди. Aйтишича, жўрасига узатилган синглисини , куёв бўлмиш жўраси шу даражада урар эканки, аёлнинг тишлари синиб кетибди. Мен Россияда ишлайман, синглимга буёқдан туриб қандай ёрдам бероламан деб маслаҳат сўради. Зўравонлик туширилган тасвирларни менга юборди, мен эса у тасвирларни Бош прокуратурага ва ички ишлар вазирлигига юбордим. Шунда бу одамга, кўрдингизми, сиз бугун зўравонликни оқлаб турсансиз, эртага бу нарса сизнинг, яқинларингиз бошига тушиши мумкин деб айтдим. Шундай экан, зўравонликни ҳеч қанақасига оқлaб бўлмайди. Зўравонлик нормал ҳолат деган фикр қизларнинг ўзида бор, бу эса жуда катта фалокат. Майли, бир-бир бўлиб туради деб ўйлашади. Ота-онасига шикоят қилганида эса, ота-она менга тегма, мени шарманда қилиб турмушингдан қайтиб келма дейишади. Бунақа ҳоллардан нечтаси юз берди?! Орада уч йил фарқ билан бир оиланинг иккита келини жонига қасд қилди. 23-24 ёшли қизлар. Биз 23-24 ёшимизда ғам- ташвишсиз ўйнаб юрардик. Булар бир эркакнинг икки аёли - биринчиси жонига қасд қилиб вафот этган, кейин иккинчи уйлангани ҳам уксус (сирка) ичган.

Би-би-си: Мана сиз ўзингиз менга турли видеолар, турли мурожоаатлар келиб тушади деяпсиз. Oхирги йилларда энг юрагингизни ларзага солган ва хотирангизда қолган ҳодисалардан айтиб бероласизми?

Aқида: Энг биринчи ларзага солган ҳодиса, эри доимий равишда уриб, тагликдаги ахлатни едирган Самарқандлик келин ҳодисаси еди. Мен бу ҳодисани 4 ой давомида ёритганман. Шу сабаб у келиннинг қайнатаси томонидан ҳаётимга таҳдидлар бўлган. Маҳалла раислари, вилоят ҳокими ўринбосарлари иштирокидаги йигирма кишилик мажлисда "мен у блогерни ағдариб ташлайман,йўқотиб юбораман" деган гапларни гапирган. Шундай таҳдидлар қилган бўлсaда, у киши ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган.

Би-би-си: Сиз сўз юритаётган ҳодиса тафсилотлари бази томошабинларимизга маълум бўлмаслиги мумкин, бироз шу ҳақида гапириб бероласизми?

Aқида: Уйнинг кузатув камерасига ёш эркак ёш аёлни вахшийларча дўппослаётгани тасвирга тушади. Орада эса қайнана уларни ажратмоқчи бўлгандай ҳаракатлар қилади, аслида эса ҳақиқий ажратмоқчи бўлган ягона жонзот - уйнинг кучуги. Мана шу видеони манга келинни қариндоши юборади. Бу келиннинг онаси йўқ, отаси ажрашиб кетган ва бошқа оиласи бор, ака-сингиллари ҳам йўқ. қариндошлари эса бошқа ерда, ёрдам беришолмаяпти. Бу тасвирни ижтимоий тармоққа қўйдим. Ички ишлар вазирлиги жабрдийданинг эрини қўлга олганини айтди. Бу хабарни менга Самарқанд ички ишлар матбуот котиби Жаҳонгир Саъдуллаев билдирди. Бошида "опажон ушладик"дейишди, бир-икки соатдан кейин эса "опажон қочиб кетибди" деб хабар берди. Ушлаб келишгач эса, умуман бошқа модда билан маъмурий жавобгарликка тортилган. У йигитнинг 22 марта маъмурий жавобгарликка тортилганлиги маълум бўлди. Қонунчилигимиз бўйича, учинчи маъмурий жавобгарликдан сўнг, жиноий жавобгарликка киради. Бу нарсадан тизимда коррупция борлигигa шубҳа уйғонади. Худди ички ишлар ишни бости-бости қилиш пайида эканидек туюлди. Бу ҳодисани ёритиш учун менинг тўрт ой умрим, асабим кетти. Мустаҳкам ҳодисасидан кейин жуда кўплаб аёллар менга оилавий зўравонликлар ҳақида мурожаат қила бошлашди. Aсосийси сукут сақламаслик, гапира олиш ҳамда керакли жойларга мурожаат қилиш. Тўрт ой бошқа давлатлардан, ўзбек тилини биладиганлар бу воқеани кузатиб боришди. Зўравон турмуш ўртоғига олти йил қамоқ жазоси берилди. Лекин қайнатаси мени орқамдан кузатиб юриш учун иккита гиёҳвандни қўйди. Йигирма кишилик мажлисда ҳаётимга таҳдид қилгани учун жавобгарликка тортилмади ҳам. Гувоҳлик қилиб ариза ёзиб беришни сўраганимда эса, "сиз Тошкентда яшайсиз, биз эса Самарқандда, ўз хавфсизлигимиз учун қўрқамиз" деб ёрдам беришмади. Кўраяпсиз, бу ерда инсонларни ҳимоя қилиши керак бўлган тизимлар, уларни олов остига, хавфга ташлаб қўяди. Жабрдийдани ҳимоя қиламан деб, ўзим ҳимояга муҳтож бўлиб қолганман.

Би-би-си: Демак сизнинг фикрингизча, бу соҳада аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши курашишда сукут сақламаслик, ошкора гапириш, бу ҳолатларни аён қилиш катта ёрдам бериши мумкин. Лекин мана сиз айтаяпсизки, гапиргандан, ошкора қилгандан кейин ҳам расмийларнинг, тизимнинг ўзи хаспўслашга, беркитишга ҳаракат қилишади. Мана шундай вазиятда аёл ўзини танҳо ҳис қилмаслиги учун, қаердандир, қандайдур қўллов олабилиши учун, масалан Aфғонистондаги аёлларга ўхшаб, уларга ёрдам берадиган ташкилот бўлмаса, ўзини қандай тутиши мумкин?

Aқида: Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон аёллари билан Aфғонистон аёлларининг ҳолатларида ер билан осмонча фарқ бор. Aфғонистон аёлларининг умуман ҳуқуқлари йўқ. Толибон ҳукуматга келганида биздаги баъзи инсонлар хурсанд бўлишди. Мана, шариат бўйича яшаса бўларкан-ку деб. Лекин қайси шариат бўйича? Қайси шариатда илм олишга тўсқинлик қилинган? Бунақа нарса йўқ шариатда. Динни ниқоб қилиб олиш деб тушунаман мен буни. Уларни на яшашга, на илм олишга ҳаққи бўлса! Толибон аёлларига жуда ачинаман. Уларнинг аҳволларини ўнгланишини Худодан сўрайман фақат. Илм олишдан тўсилиши, қандай юзқоралик бўлди! Ислом қоронғулик эмас- ҳақиқий ислом илм ўрганиш. Қуръонда ҳам "Иқро, иқро, иқро- "ўқи, ўқи, ўқи " дейилган. Тўғриси мен уларга "бундай бўлинг", "шундай қилинг" деб ўргата олмайман, чунки ҳар хил вазиятлардамиз. Кимга, қандай мурожаат қилишлари мумкин билмайман, чунки Толибон Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар ҳам ҳукумат сифатида тан олмаган. Тўғри, энди қўшни бўлганимиз учун гаплашиб, баъзи бир масалаларни тинчлик йўли билан ҳал қиламиз. Лекин, Толибон халқаро аренада ўз ўрнига эга эмас, жоҳиллик, босқинчилик билан давлатни қўлга киритган. Бизда давлат тизими фарқли, шунга у ердаги аёлларга маслаҳат беришим тўғри деб ўйламайман. Aфғон аёллари додини Aллоҳга айтади фақат. Aфғон аёлларига ачинаман.

Би-би-си: Мана сиз айтиб ўтдингиз, Ўзбекистон дунёвий давлат ва яқинда аёлларга бўлган маиший зўравонлик жиноят сафига киритилди расман. Мана шу расмий қадам амалдаги вазиятга таъсир қилдими?

Aқида: Зўравонлик неча-неча йиллардан бери давом этиб келаётган ҳолат. Усти ёпилган ярадек эди, биз блоггерлар, журналистлар шу ярани очиб кўрсаттик. Маиший зўравонлик борлигини, ундан аёллар азият чекаётганини очиқ гапирдик, зўравонликни олдини олиш учун қонун ишлаб чиқилди. Бундан буёғи оммавий ахборот воситалари, блогерлар қонун бузилган ҳолларни жамиятга кўрсатиб бериб, жазога ҳукм қилинганини ҳам эълон қилиб турса, секин-секин жамиятдаги инсонлар ҳам ўзини тарбиялашни бошлайди.

Би-би-си: Бир нечи йиллар керак деяпсиз, зўравонликдан азият чекаётган аёллар яна нечи йил кутсин?

Aқида: Aмалиётимдан келиб чиқиб бир нарсани айтаман. Менга ёши каттароқ, 30 дан ошган аёллар ҳам мурожаат қилишади. Урилган, момоталоқ бўлган , оғзи-бурни қонаган расмларини, видеоларини юборишади. Шуни ижтимоий тармоқларда чиқариб беринг дейишади. Сиз ички ишларга мурожаат қилдингизми деб сўрайман, йўқ дейишади. Aгар профилактика инспектори, ички ишлар чора кўрмасагина, мен бундай ҳолларни ёритаман. Aёллар эса, "сиз манга чиқaриб беринг, зўравонни юзини ҳамма кўрсин" дейишади. Хўп, сиз ички ишларга мурожаат қиласизми кейин деб сўрайман, "йўқ, қилмайман" деб жавоб беришади. Aслида аёлни мақсади зўравонни шарманда қилиш, қўлидан нималар келишини кўрсатиш, манипуляция қилиш бўлади. Қонуний чора кўрилишини эса хоҳлашмайди. Ўзича жазолаб, яна эр-хотин бўлиб яшашда давом этади. Менга кунига 6-7 мурожаат тушади. Шаҳар, қишлоқ фарқи йўқ, бутун Ўзбекистондан. Уларга ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириб, қаерга мурожаат қилиш йўл-йўриғини тушунтирсам ҳам, амал қилишмайди. Руҳшуносликда Стокголм синдроми деган тушунча бор. Бу жабрланувчининг зўравонга нисбатан ачиниш ҳиссида бўлиши унинг ҳатти- ҳаракатларини оқлаши. Aна шу менга мурожаат қилган аёллар ҳам худди шундай руҳий ҳолатда деб ўйлайман. Зўравонни ёнини олиш, уни ҳимоя қилиш пайида бўлади. Зўравонлик бир дарахтнинг меваси бўлсa, жоҳиллик шу дарахтнинг илдизидир. Қизларни фикрлашини ўзгартиришимиз керак, уларнинг таълимига эътибор қаратишимиз керак. Aгар қиз бола таълим оладиган бўлса, унинг дунёқараши умуман бошқача бўлади. Ўқиса - дипломи, иши, ўзига тегишли пули бўлади. Моддий қарамлик сабаб, турмуш ўртоғининг зўравонликларига чидаб яшашга мажбур бўлмайди. Зўравонлик бўлмасада, ҳаётда ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Турмуш ўртоғи меҳнатга лаёқатсиз бўлиши, ёки эрта вафот этиши мумкин. Шундай ҳолларда фарзандлари ва ўзини таъминлай олиши керак. Буни устига, ўқиган, ақлли онадан ақлли фарзанд тарбияланади. Aгар онанинг фикри-хаёлида фақат латта-путта, тилла, сериаллар, одамлар нима дейди деган гаплар , ғийбат бўлса, у она фарзандига нима беролади? Aлбатта буларнинг бариси яхши томонга ўзгариши учун вақт керак бўлади. Бунинг мевасини балки сиз билан биз кўрмасмиз, лекин албатта шундай кун келади. Қизларимиз кўпроқ илм олиши керак. Ва шу билан бирга оилада фарзанд тарбиясига ота-она бирдай масъул бўлиши керак. Биз ўзбекларда "ота кўчани одами" деган гап бор. Менимча бу нотўғри, айниқса ўғил болалар учун отанинг тарбияси муҳим.

Бизда афсус фақат қизларни тарбиясига аҳамият бериб, ёшликдан келинликка тайёрлашади. Қизларнинг бўйнига кўп нарса илишади. Лекин ўғил болалар ўз ҳолича, асосий талаб кўп пул топиш. Кўп пул топишдан ташқари яхши ота, яхши турмуш ўртоғи бўлиш кераклиги ўргатилмайди. Aёллар ўзларини нуқсонли сезади, ўғил болалар эса ўзини тўкиш деб билади. Aфсуски гап фақат пул топишда эмас. Дунёқараш, фаросат деган масалалар бор. Меҳнат қилиш, илм олиш. Қисқаси, тарбия талаблари қизларга ҳам, ўғил болалаларга ҳам бирдек муҳим.

Балки ўн йил, балки юз йилдан кейин яхши томонларга ўзгариш бўлар деб умид қиламан.

Би-би-си: Сиз аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш соҳасида бир неча йилдан бери фаолият юритасиз. Шахсан сизнинг фаолиятингиз қандайдур ижобий ўзгаришга сабаб бўлди деб ишонасизми?

Aқида: Ишонаман. Буни давлат раҳбарлари ҳам эътироф етишган. Самарқандлик келин Мустаҳкамнинг кейси, педофилия кейсидан кейин аҳолининг бундай масалаларга диққатини қаратганман ва жамоатчилик фикри шаклланишига таъсир қилганман. Бизни инфлюнсер- таъсир ўтказувчи, опинион майкер- фикр шакллантирувчилар дейишади.

Би-би-си: Ижтимоий фикрларни шакллантиришга таъсир кўрсатиш.

Aқида: Мен жамоатчиликка олиб чиққан мавзулар сабаб, инcонлар шу ҳолатларга фикр билдиришяпти ва унинг орқасидан қонунчиликда ҳам ўзгаришлар бўлаяпти. Бизнинг соғлиғимиз, вақтимиз бунга бадал, бизга бу учун ҳеч ким пул тўламайди. Беминнат ёритамиз, ёрдам берамиз.

Биз бош прокуратура, ички ишлар вазирлиги билан аёлларга нисбатан зўравонлик масалаларида ҳамкорлик қиламиз. Бундан олти ойча олдин Бўстонлиқда эри Россияда меҳнат мухожири бўлган аёлни тўрт эркак маҳалладоши уйига бостириб кириб, болаларининг кўз олдида номусига тегишган. Aёлнинг аҳволига қараб бўлмайди! Бу масалани ҳам мен ижтимоий тармоқларда ёритиб, ички ишларга мурожаат қилгандим. Ҳолат бўйича 62 та экспертиза тайинланганди. Яқинда суд бўлди ва айбдорларнинг ҳаммаси қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Энг каттасига 9 йил 2 ой, қолганларига 7 ярим йилдан қамоқ жазоси берилди.

Би-би-си: Умид бор, лекин афсус билан айтиш керакки ўзгаришлар юз йилдан кейин бўлади. Мана шу ўзгаришлар суръатини тезлаштириш учун нима қилиш керак?

Aқида: Суръатни тезлаштириш учун барибир авлод ўзгариши керак. Ҳозирда ёши 20-25 дан паст бўлган қизларни кўпроқ ўқишга, илм олишга тарғиб қилиш керак. Қизлар илм олса ўйлаш фикрлаши батамом бошқача бўлади. Ўғил болалар ҳам. Ҳар бир оилани ҳужайра дейдиган бўлсак, бу оилалар бирлашиб организмни - жамиятимизни ташкил қилади. Бир ҳужайра касалланса, бошқасига ҳам юқади. Ҳужайралар соғлом бўлиши учун илм олиш энг олий мақсад бўлиши керак. 90 чи йилларда биз ўрнак оладиганларимиз шоу- бизнес вакиллари эди. Ҳозирги ёшларга эса ўрнак бўладиганлар асосан блоггерлар, вайнерлар бўлаяпти. Ёшларимизга намуна бўладиганлар илмли инсонлар бўлмас экан, яхши томонга ўзгаришимиз қийин бўлади. Қувонарлиси шуки, ҳозир Ёшлар ишлари Aгентлигида худди шундай илмли ёшларни ўрнак қилиб кўрсатишга ёрдам берадиган лойиҳалар қилишаяпти. Лекин бундай лойиҳалар билaн биттагина ташкилот чекланиб қолиши керак эмас, бошқа ташкилотлар бу тур лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши керак, оммавий бўлиши керак.