Халқаро аёллар куни қандай пайдо бўлган ва унинг аҳамияти нимада? Видео

Сурат манбаси, Getty Images
8 март - Халқаро хотин-қизлар куни нима учун белгиланган ўзи? Қачон? Шунга мос келадиган Халқаро эркаклар куни ҳам борми? Нима учун бу муҳим?
Бир асрдан кўпроқ вақт давомида бутун дунёда 8 мартни аёллар учун махсус кун сифатида нишонлайдилар.
Алоқадор мавзулар:
Халқаро Хотин-қизлар куни қандай бошланди?
Халқаро хотин-қизлар куни ишчилар ҳаракатидан келиб чиққан бўлиб, БМТ тан олган йиллик тадбирга айланди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу кун учун уруғлар 1908 йилда, 15 000 аёл Нью-Йорк бўйлаб иш соатларини қисқартириш, иш ҳақини ошириш ва овоз бериш ҳуқуқини талаб қилиб юришганида экилган эди. Орадан бир йил ўтгач, Америка Социалистик партияси биринчи миллий аёллар кунини эълон қилди.
Бу кунни халқаро миқёсда нишонлаш ғояси коммунист фаол ва аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Клара Цеткин исмли аёлдан чиққан. У бу ғояни 1910 йилда Копенгагенда бўлиб ўтган ишчи аёллар халқаро конференциясида илгари сурган эди. У ерда 17 давлатдан 100 нафар аёл бор эди ва улар бир овоздан унинг таклифига рози бўлишди.

Сурат манбаси, Corbis / Hulton Deutsch
Бу кун биринчи марта 1911 йилда Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда нишонланган. 2011 йилда Халқаро хотин-қизлар кунининг юз йиллиги нишонланди.
1975 йили БМТ ушбу кунни нишонлашни бошлаганидан сўнг, бу кун байрам сифатида расмийлаштирилди. Биринчи шиор 1996 йилда БМТ томонидан киритилган: "Ўтмишни нишонлаш, келажакни режалаш".
Халқаро хотин-қизлар куни аёлларнинг жамият, сиёсат ва иқтисоддаги ютуқларини нишонлаш санасига айланди, шу билан бирга, у гендер тенгсизликдан хабардорликни ошириш учун иш ташлашлар ва норозилик намойишлари ташкил этилишини англатади.
Нега 8 март?
Клара Цеткин Халқаро хотин-қизлар куни ғоясини илгари сурганида аниқ бир кунни айтмаганди.
Бу 1917 йилдаги уруш пайтидаги иш ташлашгача аниқ эмасди. Ўшанда рус аёллари "нон ва тинчлик" талаб қилишган ва иш ташлаш бошланганидан тўрт кун ўтгач, подшоҳ тахтдан воз кечишга мажбур бўлиб, Муваққат ҳукумат аёлларга овоз бериш ҳуқуқини берганди.
Ўша пайтда Россияда қўлланилган Юлий тақвими бўйича аёллар иш ташлаши бошланиш санаси 23 февраль, якшанба эди. Григорий тақвимига кўра бу кун 8 март эди - ана шу бугун нишонлаётган кунимиздир.

Сурат манбаси, Getty Images
Нима учун шу кун одамлар бинафша ранг кийинади?
Халқаро хотин-қизлар куни веб-сайтига кўра, бинафша, яшил ва оқ шу куннинг рамзий ранглари ҳисобланади.
"Бинафша ранг адолат ва қадр-қимматни, яшил умидни, оқ ранг, гарчи баҳсли бўлса ҳам, покликни ифодалайди. Ранглар 1908 йилда Буюк Британиядаги Аёллар ижтимоий-сиёсий иттифоқи томонидан белгиланган", дейди улар.

Сурат манбаси, .
Халқаро эркаклар куни борми?
Ҳа бор, 19 ноябрь.
Аммо у фақат 1990-йиллардан урфга кирган, БМТ томонидан тан олинмаган. Одамлар уни дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида, шу жумладан, Буюк Британияда ҳам нишонлайдилар.
Ташкилотчилар таъкидлашича, бу кунда "эркакларнинг дунёга, уларнинг оилалари ва жамоаларига олиб келадиган ижобий ҳисса"ни нишонлайди ва ижобий намуналарни кўрсатиш, эркаклар бахти ҳақида хабардорликни ошириш ва гендер муносабатларини яхшилашга қаратилган.

Сурат манбаси, Nava Jamshidi/BBC
Хотин-қизлар куни қандай нишонланади?
Халқаро хотин-қизлар куни кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам миллий байрам бўлиб, деярли барча собиқ Совет республикаларида 8 март атрофида гуллар савдоси уч-тўрт кун давомида икки баравар кўпаяди.
Хитойда Давлат кенгаши тавсиясига кўра, 8 март куни кўплаб аёлларга ярим кунлик таътил берилади.
Италияда Халқаро хотин-қизлар куни мимоза гулларини бериш орқали нишонланади. Ушбу анъананинг келиб чиқиш атрихи аниқ эмас, аммо у Римда Иккинчи Жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган деб ишонилади.
Қўшма Штатларда март ойи Аёллар тарихи ойидир. Ҳар йили эълон қилинадиган Президент мурожаатида америкалик аёллар ютуқлари олқишланади.
Бу куннинг 2024 йилги шиори нима?

Сурат манбаси, China News Service / Getty Images
БМТнинг 2024 йил учун мавзуси "Аёлларга инвестиция - тезкор тараққиёт". Ушбу шиордан мақсад гендер тенглиги саъй-ҳаракатларига инвестиция қилинаётган маблағ етишмаслигини таъкидлашдир.
"Урушлар ва нархлар кўтарилиши 2025 йилгача 75 фоиз давлатлар давлат харажатларини қисқартиришига олиб келиши, бу эса аёллар ва уларнинг асосий хизматларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин", дейди улар.
БМТ ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилгача гендер тенглигига эришиш учун йилига 360 миллиард доллар қўшимча маблағ керак бўлади. БМТ маълумотларига кўра, давлат ёрдамининг атиги 5 фоизи бутун дунё бўйлаб аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашга йўналтирилади ва 0,2 фоиздан камроғи унинг олдини олишга қаратилади.
Аммо бошқа шиорлар ҳам бор. Халқаро хотин-қизлар куни веб-сайти "Илҳомбахш инклюзивлик" шиорини танлади, ташкилотчилар ва тадбирлар "тўсиқларни йўқ қилиш, стереотипларга қарши курашиш ва барча аёллар қадрланадиган ва ҳурмат қилинадиган муҳитни яратиш" мақсадини кўзлаган.
Нега бу байрам керак?
Ўтган йили Афғонистон, Эрон, Украина ва АҚШ каби кўплаб мамлакатларда аёллар ўз юртларидаги уруш, зўравонлик ва сиёсий ўзгаришлар шароитида ўз ҳуқуқлари учун курашди.
Яқин Шарқдаги аёллар Исроил ва Фаластин ҳудудларидаги сўнгги можаролар пайтида ҳаддан ташқари зўравонликка дуч келди. БМТ экспертлари Ғазо секторида аёллар ва қизларга нисбатан инсон ҳуқуқлари поймол қилингани, жумладан, Исроил кучлари томонидан зўрланганлик ҳолатлари бўйича ишончли даъволар олганини айтмоқда. Би-би-си, шунингдек, 7 октябрь куни Ҳамас ҳужумлари чоғида аёллар зўрлангани, жинсий тажовуз қилингани ва жароҳатлагани ҳақидаги далилларни қўлга киритди.
Тўқнашувлар давомида аёллар гуманитар инқироз оғирлигини ҳам кўтарди. БМТ Аҳолишунослик жамғармасига кўра, Ғазо секторидаги 5500 га яқин аёл келаси ойда туғиши кутилмоқда, бунда соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш имконияти чекланган.
Афғонистонда Толибон бошланғич мактаб ёшидан ошган қизларни дарслардан четлаштиришда давом этиб, аёлларнинг тенг таълим олиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмоқда.
Суданда Судан қуролли кучлари ва Тезкор қўллов кучлари (ТҚК) ўртасида давом этаётган можаро ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келди. БМТ маълумотларига кўра, аёллар ва қизлар ТҚК назорати остидаги ҳудудларда ўғирланмоқда ва зўрланмоқда, улар мажбуран эрга берилади ва тўлов учун ушлаб турилади. 1,2 миллиондан ортиқ одам қўшни давлатларга қочган, бошпана сўраган ўн нафардан тўққизга яқини аёллар ва болалардир.
Сентябрь ойида Эроннинг аёлларнинг бошини ёпишини талаб қилувчи қатъий қоидаларини бузганликда айбланиб, ҳибсга олинганидан кейин ахлоқ полицияси ҳибсда бўлган 22 ёшли Маҳса Амини вафот этганига бир йил тўлди. Аксарият аёллар бу қоидани эътиборсиз қолдирмоқда ва Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Наргис Муҳаммадий каби фаоллар узоқ қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Бироқ, ўтган йил давомида маълум ютуқларга эришилди.

Сурат манбаси, Abdulmonam Eassa / Getty Images
2023 йил октябрь ойида Аргентина Конгресси гендер асосидаги онлайн зўравонлик олдини олишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга қаратилган Олимпия қонунини тасдиқлади. Халқаро Амнистия ташкилоти маҳаллий идорасига кўра, Аргентинадаги ҳар учинчи аёл онлайн зўравонликка дучор бўлган.
Тайванда маҳаллий Netflix шоуси сабаб бўлиб, аёллар ўзларига қарши жинсий зўравонликлар ҳақида хабар бера бошлади. Шу билан мамлакатда MeToo ҳаракати бошланди. Бу Демократик Прогрессив партияни жинсий зўравонликка қарши қонунларни кучайтиришга ундади. Бу қонунга кўра, барча иш жойларида зўравонлик ҳақида хабар бериш учун каналлар ташкил этилиши керак. Иш берувчилар, шунингдек, жинсий зўравонлик ҳақидаги барча шикоятларни текширишлари ва уларнинг натижаларини маҳаллий ҳокимиятларга хабар қилишлари керак.
Ўтган йили аёллар ҳуқуқлари учун ташкилотлар Мексикада абортнинг декриминаллаштирилишини олқишлаган эди. Бу Лотин Америкасида "яшил тўлқин" деб номланган аборт чекловларини юмшатиш тенденциясидан кейин содир бўлди.
Яқинда Франция парламентининг юқори палатаси Сенат кўпчилик овоз билан аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқини конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш учун овоз берди.
Июль ва август ойларида Австралия ва Янги Зеландияда ўтказилган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса икки миллионга яқин мухлисни ўзига жалб қилди, бу аввалги рекорддан 600 мингдан кўпроқ. Бу аёллар спортига бўлган қизиқиш ортиб бораётганини акс эттиради, 2023 йилда Буюк Британияда аёллар спорт мусобақаларини 46,7 миллион киши томоша қилган. Бу 2019 йилги энг яхши кўрсаткичдан 2023 йилда бир миллион юқори бўлганини кўрсатади.
Бироқ Испания терма жамоасининг аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлгани тантаналарини мамлакатнинг собиқ футбол раҳбари Луис Рубиалес футболчи Женни Ҳермосонинг лабларидан ўпгани бузди. Ҳермосонинг айтишича, у Рубиалес устидан шикоят қилган. Рубиалес ўз лавозимидан истеъфога чиққан ва қонунни бузганини рад қилган.
Бироқ, бу воқеа аёллар футболида ҳам, ундан ташқарида ҳам кенг тарқалган сексизм ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди.















