Ўзбекистон, 8-март: Беморлар олдига 37 йил эшакда қатнаган аёл тақдирланди – бир кунлик байрамда аёллар қандай эъзозланмоқда? Янгиликлар

Сурат манбаси, Screenshot/Qashqadaryo ahli
Ҳолидан хабар олинган бемор аёллар, тарқатилган тикув машиналари ва бошқа совға-саломлар - 8-март муносабати билан маҳаллий ҳокимликлар хотин-қизларни қандай табриклаганидан ушбу мақолада бохабар бўлишингиз мумкин.
Мамлакатда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган энг диққат марказидаги тантана, табиийки, президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлган.
7-март куни аёлларни пойтахт Тошкентдаги Халқаро конгресс марказига йиққан давлат раҳбари уларнинг бир гуруҳини юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирлаган.
Аммо бир кунлик байрамда аёлларни эъзозлаш бобида маҳаллий раҳбарлар ҳам қолишмаган.
Республиканинг деярли барча ҳудудларида 8-март кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтган, ҳокимлар табрик йўллаган.
Қуйида ҳокимларнинг аёлларга эътиборига доир энг кўзга кўринган ҳолатлар билан танишасиз.
"Уйсиз аёл қолмайди"

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyati hokimligi
Би-би-си кузатишлар давомида қарийб барча вилоят ва туман ҳокимлари номидан ҳокимликлар каналлари орқали аёлларга табрик йўлланганига эътибор қаратган.
Аксар ҳокимлар қисқа табриклар билан чекланган бўлса, қолганлари ўз ҳудудидаги аёллар билан боғлиқ вазият сарҳисоб қилинган бир неча саҳифалик табрикномалар эълон қилган.
Масалан, ана шундай табрик йўллаган Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев шаҳар ва туманларда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ёндашувлари қайтадан кўриб чиқилаётгани, бу эса ота-онасидан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг "жамиятда ўз ўрнини топишлари учун улкан имконият эшикларини очгани"ни таъкидлаган.
Бир қатор ҳокимлар имконияти чекланган, кекса, бемор аёллар ёнига бориб, уларни байрам билан табриклаб келган.
Хусусан, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ёши юздан ошган онахонлар хонадонларида бўлган бўлса, айни вилоятдаги Қизилтепа тумани ҳокими Улуғбек Набиев фронт орти қатнашчилари уйини зиёрат қилган.
Учқудуқ тумани ҳокими Соли Ҳамроев эса стационар даволаш бўлимида ётган аёлларни табриклаган.
Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ҳам уруш фахрийлари ва ёши улуғ онахонлар ҳолидан хабар олган.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев байрамга атаб бутун бошли қарор чиқартирган.

Сурат манбаси, Navoiy viloyati hokimligi
Қарор билан ўнлаб қорақалпоғистонлик аёллар "Қорақалпоғистон Республикасига меҳнати цинган ёшлар устози", "Ардоқли нуроний", "Умид учқуни", каби унвон ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Шунингдек, ўнлаб ҳудудларда хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари тарқатилган, бир марталик ёрдам пули ажратилган, бир неча беморлар операцияси ва талабалар шартнома тўловлари қисман тўлаб берилган.
Наманган вилоят Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги байрам арафасида субсидия асосида тикув машиналари тарқатилиши билан "34 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминлангани" ҳақида ёзган.
Бундан ташқари кўплаб ҳокимлар 8-март арафасида ташкил этилган байрам тадбирларида шахсан иштирок этиб, ўз табрикларини ўқиб эшиттирганлар ва аёлларга совға-саломлар топширганлар.

Сурат манбаси, Screenshot/Buxoro shahar hokimligi
Бухоро шаҳри ҳокими Жамол Носиров номидан ободонлаштириш бошқармасида ишлаётган 600 аёлга байрам тадбири учун таклифнома юборилган.
Тадбирда ҳоким Носиров бошқалар "йўлларнинг озодалиги айнан шу аёлларнинг меҳнати натижасида эканидан улардан умрбод қарздорлиги" ҳақида гапиргани хабар қилинган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги улашган яна ана шундай тадбирдан олинган видеода вилоят ҳокими Муротжон Азимов меҳмон аёллардан бирини табриклаётгани кўринади.
Видеога берилган изоҳда эса ҳоким Азимов "37 йил тиббий чақириқларга эшакда қатнаган фидойи ҳамшира"ни тақдирлагани ва эсдалик совғалари бергани айтилган.
Аёллар байрамида сўз олган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразоқов хотин-қизларга ёрдам беришда қатор ваъдалар берган, бу борада "Наманган тажрибаси" бўлишини таъкидлаган.

Сурат манбаси, Norin tumani hokimligi
"Ниятимиз олий — вилоятда уйсиз-жойсиз аёллар қолмайди. Эҳтиёжмандларни моддий таъминотини яхшилаймиз, ишли қиламиз. Фарзандлари тарбиясига кенг жамоатчилик ва хомийлар билан биргаликда ёрдам берамиз. Бу борада Наманган тажрибаси бўлади", деган Абдуразоқов.
Ўзбекистонлик аёлларни нафақат ҳокимлар, балки мамлакатдаги деярли барча вазирлику идоралар табриклаган.
Айрим жойларда ГАИ ходимлари аёл ҳайдовчиларни тўхтатиб, гул улашган.
Адлия вазирлиги аёлларга қандай имтиёзлар мавжудлигини байрам баҳона эслатиб ўтган.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати эса давлат бошқарувида меҳнат қилаётган 40 нафар юқори мансабли аёллар рўйхатини эълон қилган.
Байрамга миллион-миллион сўм

Сурат манбаси, Jarqo'rg'on tumani hokimligi
Байрамдан олдин Kun.uz нашри очиқ манбаларга таяниб, ҳокимликлар 8-март санасига бағишланган тадбирларга сарфлаётган маблағлар миқдори тўғрисида мақола эълон қилган.
Нашрнинг ўрганишича, ҳокимликлар Халқаро хотин-қизлар куни тадбирлари ва байрам совғалари хариди учун 10 миллион сўмдан 250 миллион сўмгача маблағ ажратган.
"Байрамга бюджетдан "пул сочиш" бўйича Андижон шаҳри ҳокими "етакчилик" қилмоқда. Республикадаги аксарият туман ва шаҳар ҳокимлари бу мақсад учун ўртача 40-50 млн сўм ажратган", дейилади Kun.uz'нинг 6-март куни эълон қилинган мақоласида.
Юрак тубидаги истак

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva/Facebook
Мамлакат бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрган бўлмасин, маҳаллий раҳбарларни аёлларни "фақат бир кунлик байрамда эслаш"да танқид қилганлар ҳам кўзга ташланган.
Шу мазмунда қолдирилган айрим изоҳларда "бева-бечора аёлларга тадбирлардаги куй-қўшиқлардан кўра ҳақиқий ёрдам зарур"лиги ҳақида сўз боради.
Бир вақтнинг ўзида президент қизи Саида Мирзиёев "юраги тубидаги истаги"ни баҳам кўриб, байрам куни аёллар ҳақ-ҳуқуқлари масаласини кўтарган.
"Мен жамиятимизда аёлларга ҳар доим ҳурмат билан муносабатда бўлишларини хоҳлайман. Токи хотин-қизларимиз зўравонлик ва зулм, зарарли стереотиплар ва камситувчи муомала объекти бўлмасин", таъкидлаган у.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













