Ўзбекистон: аёл ва эркак тенглашса, ўзбеклар қандай ўзгаради?

Shahnoza Soatova

Сурат манбаси, Shahnoza Soatova

    • Author, Шаҳноза Соатова
    • Role, Блогер ва журналист, Тошкент

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни кўзда тутувчи янги қонунлар қабул қилинди.

Кўпчилик (асосан эркаклар) ушбу қонунлар орқали давлат оилавий муносабатларга аралашмоқчи деб, ҳимояланувчи мақомига ўтишга ҳам улгурди.

Аслида жамиятда аёллларни тазйиқлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг мавқеини ошириш учун қонун қабул қилишнинг ўзи етарлими?

Умуман, масаланинг ечими фақат ҳуқуқий майдондами ёки кўзга ташланмайдиган яширин тор кўчалар ҳам борми?

Муаммо динда эмас

Аёлларга ҳуқуқий дастаклар берилди дегани ҳали уларнинг бу воситалардан фойдаланишини англатавермайди.

Ўзбекистонда аёллар қонуний ҳуқуқлари камлигидан эмас, балки имконият ва ижтимоий қўллов тақчиллигидан кўпроқ азият чекадилар.

Анъанавий (айрим ўринларда ҳатто, анъанапараст) ўзбек жамиятида аёлларга нисбатан ҳамон паст назар билан қараш, уларни босим остида ушлашга интилиш кучли.

Алоқадор мавзулар:

Аёллар ҳуқуқлари топталишига, кўпчилик ўйлагандек, фақат диний-исломий дунёқараш айбдор эмас.

Чунки бир муддат диндор амалиётчи мусулмонлар орасида ишлаб, бир ҳақиқатни англадим:

Ўз шаръий ҳуқуқларини яхши билган диний билими кучли қиз-аёллар асло ўзларини хафа қилдириб қўйишмайди.

Шунинг учун айрим динни яхши билган эркаклар ўз қизларига диний билим беришни исташса-да, аммо ўз аёллари бундай билимларни чуқур эгаллашини кўп ҳам хоҳламасликларига ҳам гувоҳ бўлганман.

Аслида муаммо диний ёки секуляр дунёқарашга эга бўлишидан қатъи назар, умумий ўзбек жамиятининг аёлларга нисбатан ўзига хос, ўта консерватив ва ўта патриархал муносабатидан келиб чиқади.

Нодиранинг ўлими нимани кўрсатди?

Нодира Қодирова

Сурат манбаси, Internet

Сурат тагсўзи, Нодира Қодированинг ўлимида кўп ўзбек эркаклари марҳумани айблашди.

Масалан, турк депутатининг уйида ҳалок бўлган Нодира Қодирова ҳақида хабар етиб келиши билан барча Нодиранинг ўзини айблаб, ҳодисани эмас, қурбонни муҳокама қила кетди.

Ёки жамиятда уюштирилаётган аёлларга нисбатан самосудлар ва уларга жамоатчиликнинг муносабатини олиб кўринг.

Аёлларга оид ҳар қандай масалада аввало муаммонинг ўзи эмас, аёлнинг шахси, тарихи, оилавий аҳволи ва касб-кори биринчи ўринда муҳокама марказига чиқади.

Бу билан жамият гўёки аёлни тушуниш, оқлаш ва қўллашдан аввал, унинг шунга муносиблигига буткул ишонч ҳосил қилиши керак.

Баъзи жиноятларда аёл қурбон бўлса ҳам, уни тушуниш ва унга ачинишга шошилмайдилар.

Афсуски, жамиятда кўпчилик аёлларга нисбатан аввалдан бадгумонлик кайфиятида.

Шунинг учун ҳам, ўзбек жамиятида аёлни обрўсизлантириш ва айбдор қилиш осон, шаънини оқлаш эса қийин.

Бундан ташқари, ўзбекларда аёл нимагадир арзишини исботламоқчи бўлса, аввало, оиласи, фарзандлари, эри бор-йўқлиги салмоқли далил ҳисобланади.

Акс ҳолда у ҳатто Гарвардни битириб келган ноёб мутахассис бўлса ҳам, ўзини ноқис ҳис қилиши учун шароит ва баҳона етарли.

Бир қарашда тенг, аммо тенг эмас

Ўзбекистонда рақс

Сурат манбаси, Shahnoza Soatova

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда аёллар тенглиги масаласи фақат оқ-қора рангда эмас.

Зўравонлик ҳақида арз қилинганда ҳам, эркак нари борса, 15 сутка ё бир-икки йил "ўтириб" чиқиб, эркакчилик дея бошини баланд кўтариб юравериши мумкин.

Лекин аёл киши бўлса, маломат ва жамоатчилик босими остида қолади.

Уни бегоналар у ёқда турсин, кўпинча ўз яқинлари ҳам қўллаб-қувватлашмайди.

Шу омиллар сабаб аёллар босимларга чидашга, тазйиқ ва зўравонлик ҳақида очиқ гапирмасликка мажбур бўладилар.

Чидамасам оилам бузилиб кетади ва иккинчи даражали инсонга айланиб қоламан, деган қўрқув аёлнинг "унини ўчиради".

Натижада эса қуйидаги статистика юзага келаверади:

  • 2018 йилда эркаклар томонидан содир этилган жиноий ҳаракатлар оқибатида 932 нафар аёл жабрланган.
  • Булардан 215 нафар аёл жинсий тажовузга учраган.
  • 182 нафар хотин-қиз эркаклар қўлида бошқа турдаги жиноятлардан жабр чеккан.

Аёл аёлга қарши

Ижтимоий тармоқларда, хусусан, аёллар гуруҳларидаги муҳокамаларда кузатишларимдан бир аччиқ хулосага келдим: ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам ўзларига ёрдам беришни, вазиятни ўзгартиришни, ҳамжинсларини қўллашни истамайдилар.

Аёллар жамият босимига қарши туришда ҳамжиҳат эмаслар.

Шу сабабли аёллар кризис ҳолатларида арз қилишдан кўра ё ўз жонига қасд қилиш, ё қотилликни афзал билмоқдалар.

Ачинарлиси, руҳан эзилиб, ўзини йўқотган аёл ўзига қўшиб, фарзандлари жонига ҳам қасд қиляпти.

Ачинарлиси, ўзи тирик қолиб, фарзандлари ўляпти.

Аёлга нисбатан зўравонлик айнан шунинг учун ҳам аянчлидир.

Чунки аёл йиқилса, бир ўзи қуламайди, балки у билан бирга кўп тақдирлар қулайди.

Мамлакатда ижтимоий қўллов тизими етарлича йўлга қўйилмагани ҳам аҳволни оғирлаштиради.

Аёллар иложсиз қолганда, босим остида бўлганда кимга мурожаат қилишни билмайдилар (аслида 1146 рақамли ишонч телефони мавжуд), ҳуқуқий саводхонлик паст даражада, ҳуқуқий хизматлар қиммат, ўз ҳуқуқини талаб қилиб барака топган "тирик мисоллар" деярли йўқ.

Аёл тенглиги нега муҳим?

Ўзбекистон
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда қиз боланинг эркаклардан бир поғона "паст туриши" болаликдан қулоғига қуйилади.

Руандада 1996 йилги геноциддан кейин тузилган янги парламентда 50 фоиз аёллар бўлган экан.

Бу - аччиқ уруш тажрибасидан келиб чиққан тўғри хулоса.

Кузатувларга кўра, аёллар маърифатли бўлган жамият тинчроқ, фаровонроқ ва тараққийпарварроқ бўлади.

Чунки аёл киши ресурсларни қуролланиш, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот соҳаларидан кўра кўпроқ кўпроқ таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фанга буришни истайди.

Бу унинг табиати ва оналик инстинкти билан боғлиқ бўлса керак.

Демак, аёлларни маърифатли қилиш, ҳуқуқий билимини ошириш, моддий мустақиллигини таъминлаш (касбга йўналтириш), жамият онгини "аёлларга муносабат - бу тараққиётга муносбатдир" деган тушунча билан тўлдириш, аёлларни ижтимоий қўллаш тизимини ривожлантириш каби яна қатор амалий чора-тадбирлар устида шунчаки бир маротаба хўжакўрсинга эмас, узоқ йиллар давомида мунтазам ишлаш лозим.

Гендер тенглик ва аёлларни тазйиқдан ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда, эркаклар эр бўлиб эмас, ота, ака, ўғил бўлиб фикрлашлари ўта муҳим.

Чунки бир эркак фақат бир аёлга эр бўлгани ҳолда, бир нечта аёлнинг яқин қариндоши ҳамдир.

Жамият аёлга нисбатан бадгумонликдан воз кечиб, унга кўп миқдорда ишонч "кредити" берса, аёллар бу қарзни устама фоизлари билан қайтариши шубҳасиз.

Таҳририятдан: ББС Ўзбек хизмати нуқтаи назари муаллиф фикри билан мос тушмаслиги мумкин ва бу борада сиз ҳам ББС Ўзбек Хизматининг bbcuzbek.com вебсаҳифаси, YouTube, Facebook ва Одноклассникидаги BBC UZBEK каналларида ўз фикрингизни бўлашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek