Ўзбекистон - Туркия: Нодира Қодирова ўзини отганми? Шубҳали ўлимнинг янги тафсилотлари

- Author, Маҳмуд Ҳамсижи
- Role, BBC Жаҳон Хизмати, Туркия
Туркияда қудратдаги Адолат ва Тикланиш партияси депутати Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида боқувчи бўлиб ишлаган 23 яшар ўзбек қизи - Нодира Қодирова 23 сентябрь куни ўзини ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди.
Анқара Хавфсизлик мулозимлари ўзбекистонлик қиз "ўзини тўппонча билан отганини" айтишди.
Аммо унинг яқин дугонаси бундан олдин Нодира депутат Уналнинг тажовузига дуч келганини ва яшагиси келмай қолганини айтган эди, деб билдирган.
Ўзбек қизининг Туркиядаги ўлими "шубҳали" деб кўрила бошланди.
Нодира ҳақида нима биламиз?

Ўзбекистонлик Нодира Қодирова атиги 23 яшар эди.
У тўрт йил олдин Туркияга келади. Унинг акаси ҳам Туркияда бўлган.
Охирги бир йил давомида эса қудратдаги АК партияси депутати Ширин Уналнинг уйида ишлай бошлайди.
Депутатнинг рафиқаси касал эди. Нодира у аёлга қараган.
Яқинларининг айтишича, Нодира Туркияда университетда ўқиш учун пул йиғаётганди.
У ўқишга қизиққан, оиласининг севимли қизи бўлган ва ҳаётга катта орзу-умид билан қараган.
Ўлим борасида нима маълум?
Анқара Хавфсизлик идорасига кўра, Нодира 23 сентябрь куни кечки соат 21.00 атрофида оламдан ўтган.
Масъулларга биноан, Нодира ўзи ишлаган уйда жонига қасд қилган ва айни ҳодиса пайти депутат Ширин Унал, унинг хотини, қизи ва бошқа ёрдамчиси ҳам уйда бўлишган.
Воқеа жойида худкушликдан ташқари бирон бошқа шубҳали ҳатти-ҳаракат аломатлари топилмагани уқдирилади.
Нодиранинг акаси Муҳаммадали Қодиров эса журналистлар билан суҳбатда, бу воқеадан беш дақиқа олдин Ширин Унал билан гаплашганини айтган.
"Шу воқеадан беш дақиқа олдин депутат Ширин Унал мени излади. Менга тўппончам йўқолиб қолди, деб айтди. Синглинг олиб, сенга юбордими, дея сўради" - деган марҳуманинг акаси.
"У тўппончани олиб, хонасига кирган ва эшикни қулфлаган. Эшикни очишга уриняпмиз, деди. Айни пайтда депутатнинг қизи Дуйгу Унал эшикка қараб юраркан, бақир-чақир овозлари келди. Шу ерда телефон узилди".
"Тезда такси олиб, етиб бордим. Полиция мени ичкарига киритмади. Синглим қани, деб сўрадим. Касалхонага олиб кетилди, дейишди".
"Такси олиб Билкент Шаҳар Ҳастахонасига келдим. Мени ичкарига киритинг, унинг акасиман, деб айтдим. Аммо киритмадилар",
"Кейин ичкаридан шифокорлар чиқишди ва Бошинг соғ бўлсин, (Туркларда Бандалик маъносида ишлатилади - таҳр) деб айтишди. Тамом бўлдим",

Дугонаси Лайло нима дейди?
Нодиранинг ўзбекистонлик Лайло исмли дугонаси фожиадан бир кун олдин у билан гаплашганини, Нодира йиғлаб, депутат Унал унга тажовуз қилишга уринганини айтган.
"Ўлишни истайман. Акамнинг юзига қандай қарайман? Яшагим келмаяпти, каби сўзларни ишлатди" - деган Лайло.
"Бир куни ухлашга чоғланаётганда хонасига депутат Ширин Унал кириб, эшикни қулфлайди ва унга ташланади. Аммо Нодира қаршилик кўрсатади".
Нодира бу зўравонлик қачон содир этилганини айтмайди, аммо Анқарадаги уйда кечганини тасдиқлайди.
Нодира дугонасига юрагини ёраркан, мен уни фақат акамдек яхши кўрардим деб, депутатнинг тўппончасини олганини билдиради.
"Аммо ҳамон бокира қиз эканини айтди" - дейди дугонаси.
"Мен тўппончани ёнида сақлаётганини эшитгач, ўзингни ўлдирадиган ҳеч бир иш йўқ экан-ку, деб шаштидан қайтардим. Ҳали тўйинг бўлади, рақс тушамиз, деб айтдим".
Дугонаси унга яхши гаплар айтиб кулдирганини ва Нодира ҳам "Иншоллоҳ эрта кўришамиз" деб хайрлашганини урғулаган.
Кейинроқ, Нодира ҳақида чиқарилган айрим номақбул гапларга муносабат билдирган дугонаси у асло фоҳиша эмаслигини таъкидлайди.
Марҳуманинг акаси Муҳаммадали ҳам синглиси ҳақида айрим билган жиҳатларини матбуотга айтган.
"Нодиранинг мендан бошқа сирлашадиган одами йўқ эди. Нодирага ҳам дўст, ҳам ота, ҳам ака эдим. Ўзини ўлдиришига бирон сабаб йўқ эди" - деган акаси.
ББС Муҳаммадали билан бу масалаларда суҳбатлашиш розилигини ололмади.
Адвокат нимадан шубҳада?
Ҳозир адвокат Мужда Тозбей Эрден кўнгилли тарзда Нодиранинг оиласига ҳуқуқий ёрдам бермоқда.
Адвокатга кўра, ёш қизнинг ўлимини шубҳа остига олувчи бир нечта жиҳатлар мавжуд.
"Нодира бир кун олдин яқин дугонасига юрагини очиб, ўзига жинсий тажовуз уриниши бўлганини айтган" - гап бошлайди адвокат.
"Анқара Прокуратураси икки кун ичида суд-тиббий экспертиза хулосасини олиб, Нодиранинг майитини ўз ватанига юборган".
"Ўз жонига қасд қилганига оид саволларга жавоб топилмагани бу ўлимни шубҳа остига қўяди" - дейди адвокат Эрден.
Адвокат бу борада қилинишини зарур бир неча ишларни санаб ўтади:
- Нодира ва уйда яшаган барча одамнинг қўлида ўқ кукуни қолдиқларини текшириш.
- Уйдаги барчанинг, хусусан, уй соҳибларининг ҳам кўрсатмаларини олиш.
- Нодира билан бирга шу уйда ишлаган бошқа ўзбекистонлик аёлга хавфсизлик кафолати берилиб, кўрсатмасини олиш.
- Нодирага жинсий тажовуз бўлганини ўрганиш учун жасадда эркак уруғи бор-йўқлигини ўрганиш ва ДНК текшируви ўтказиш.
- Нодиранинг хонасидаги чойшаблар, иш кийими, тунги кўйлаги ва бошқа нарсаларидан бармоқ излари, соч толаси, сўлак ва ДНК олиш.
- Ўзини отган бўлса, тўппончани қандай ва қай масофада, қандай ҳолатда тутган каби техник саволларга жавоб топиш.
- Нодира ўзини отган тўппонча маркаси, ўзига хослиги, шакли ва бу маркадаги тўппонча билан одам ўзини ўлдира олиш олмаслигини ўрганиш.
- Нодира ўзини отгани айтилган тўппонча техник текширувлардан ўтказилиши лозим.
- Тўппонча ичида бўш патрон бўлган бўлмагани ўрганилиши шарт.
- Нодира айнан даъво қилинган соатда ўзини ўлдирганми йўқми - буни исботлаш учун текширув даркор ва унинг қўл телефони ҳамда компьютерини ишлатган вақтлар аниқ кўриб чиқилиши муҳим.
- Нодиранинг дўстлари ва акасига кўрсатмаларингдан воз кечасан, деб босим ўтказган полиция ходимлари текширилиши лозим.
- Нодиранинг хонасида ўзини ўлдирмоқчи бўлгани ҳақида бирон хат топилганми ва бўлса, уни ўзи ёзганми - ўрганиб чиқиш керак.

Сурат манбаси, Getty Images
Ширин Унал ким?
Ширин Унал ҳарбийлардан чиққан сиёсатчи.
Учувчи сифатида иш бошлаган Унал ҳатто НАТО қароргоҳида полковник ҳам бўлган.
Туркияда ҳозир қудратдаги АК партияси депутати.
У Анқара сиёсий доираларида жуда таъсирли ва қудратли шахс саналади.
ББС журналисти Ойша Сайин воқеа борасида Ширин Уналдан фикр сўраганда, айни масалада гаплашмаслигини билдирди.
Ўзбекистон нима қилмоқда?

ББСга исми сир қолиши шарти билан гапирган Ўзбек дипломатига кўра, улар тергов ишларини олиб бораётган Туркия тарафи билан ҳамкорлик қилишади ва жараён тўғри йўлда кетмоқда.
Ўзбекистон вакиллари Туркия прокуратураси билан учрашувлар ўтказишган.
Ўзбек дипломати Нодиранинг майити тезлик билан Ўзбекистонга жўнатилиб, дафн этилганини тасдиқлади, аммо бу ноодатий эмаслигини айтди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз вебсаҳифасида Нодира Қодированинг фожиали ўлимига оид ишларни назоратга олганини билдирган.
Ўзбекистонлик депутат Расул Кушербаев эса Нодира Қодирова ўлими ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб чиқди ҳамда хориждаги Ўзбекистон ваколатхоналарини фуқароларни ҳуқуқий ҳимоя қилишда пассив ва инсонлар тақдирига бефарқ, деб айблади.
Энди нима бўлади?
Туркия масъул идоралари эса ҳодисадан кейинги жараён рисоладагидек кечганини урғуладилар.
Анқара ҳуқуқ тартибот масъулларига кўра, Нодиранинг ўлими масаласида Бош Прокуратура ҳар тарафлама, батафсил ва изчил текширув олиб борган.
Масъуллар майит ҳам обдон текширилганини айтишди.
Аммо Нодиранинг ўлими бўйича жиноят иши очилмагани ишонилади.
Адвокат ҳам Нодира Қодированинг ўлими юзасидан бошланган ишни тўғри йўналишда эмас, деб билади.
Туркия Жумҳурият Халқ Партияси ҳамда "Саодат" партиялари депутатлари Сера Кадигил ва Жаҳонгир Ислом эса ўзбекистонлик қиз ўлимини холис текширишни Парламент кун тартибига олиб чиқишди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












