Ўзбекистон: қачон аёл ҳоким бўлади?

Сурат манбаси, FB/Shavkat Mirziyoyev
Президент Шавкат Мирзиёев мавжуд вазиятни ўзгартира оладими? - Ўзбекистон мустақиллиги тарихида бирорта ҳам аёл вилоят ҳокими ё-да элчи бўлмаган. Аёл вазир ва парламент аъзоларининг сони эса, ҳатто, қирқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистондагидан кўра кам.
Афғонистонда хотин-қизларнинг атиги 10 фоиздан ортиқроғи саводхон бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич деярли 100 фоизни ташкил қилади.
Афғонистонда беш вазир, етти элчи, вилоят ва туман ҳокими бўлган аёллар бор, парламентдаги ўринларнинг камида 27 фоизи хотин-қизлар эгаллаши лозимлиги конституцияда мустаҳкамланган.
БМТ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўрта таълимга эга хотин-қизларнинг фақат 35% ишлайди, олий маълумотли хотин-қизларнинг 68% иш билан таъминланган.
Парламентдагиларнинг фақатгина 16%, вазирларнинг эса 5%игина аёллардир.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён бирорта ҳам аёл киши вилоят ҳокимлигига тайинланмаган.
Хўш, Ўзбекистон тарихида илк бор қабул қилинган гендер тенглик тўғрисида қонун ушбу вазиятни ўзгартирадими?
Гендер тенглик қонуни ўзбек аёлларининг ҳаётида нималарни ўзгартиради?
Би-би-си Ўзбек хизматининг навбатдаги жонли дастури ушбу мавзуга бағишланди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонлик масъулларга кўра, гендер тенглик тўғрисидаги қонун нафақат амалий, балки-да тарихий аҳамиятга эга ҳужжат.
Янги қонун матнида ёзишилича, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.
Худди шу каби кафолат жамият ҳамда давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёнида тенг иштирок этиш, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини ҳам кўзда тутади.
Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати муштарийларидан бирининг ёзишича, "Жамиятнинг шаклланишида аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам ўз ўрни бор. Ҳукумат аёлларга эътибор қаратибдими, демак, оналаримиз, рафиқаларимиз ва опа-сингилларимиз учун имконият эшикларини очиб, уларнинг дахлсизлигини қонун билан мустаҳкамлаб қўйибди. Бу ижобий ғоялар асосида жорий қилинган қонундир.
Бошқа бир коментда эса, "Эркаклари иш учун кетган бўлишса, хотинларга нима бор ишлаб? Агар, эркакларнинг юбораётган пуллари етарли бўлмаса, улар ортга, уйга қайтишлари керак", дейилган.
Яна бирларига кўра, бу каби қонунлар Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун жуда керак. Яъни, шу мақсадни ўйлаб ишлаб чиқилган, қабул қилинган - Ҳафиза, сиз бу фикрга нима дейсиз?
Уларнинг орасида, эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлиги яхши эмас, деган фикрда бўлганлар ҳам кўрилган.
Бошқа бир фолловеримиз эса, "Аёлларга кўп эркинлик берилиб, халқ парокандаликка юз тутмаса бўлгани. Аёл уйники, пишир-куйдирини қилиб, уйда жим ўтиргани яхши", деб ёзган.
Худди шу фикрнинг давомидек кўринган коментда, "Аёлнинг топган пулида баракат бўлмайди".
Яна бирлари, "Ҳаммани аёл туққан шекилли", дея биргина савол билан ўз фикрини ифодалашга ҳаракат қилган.
Би-би-си Ўзбек хизматининг ҳафталик жонли дастури иштирокчиси Лондонда истиқомат қиладиган гендер тенглик масалалари бўйича асли ўзбекистонлик эксперт Ҳафиза Бўронова фикрича, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунни кучга киритиш билан Ўзбекистон раҳбарияти хотин-қизлар ўзлари учун аҳамиятга эга, давлат ҳимояси остида экани, уларга бундан буёғига кўплаб имкониятлар берилиши ҳақида муждани берди.
Жонли дастуримизни BBC Uzbekнинг YouTube, Facebook ва Odnoklassnikiдаги саҳифаларида томоша қилинг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















