Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев кимга орқа қилмоқда?

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Миллионлаб сондаги эркаклар миграцияси ҳануз реал воқеъликлигича қоларкан, Ўзбекистонни ривожлантирувчи асосий куч энди хотин-қизлар бўладими? Экспертга кўра, худди шундай.

Буни Президент Шавкат Мирзиёев, жорий ўзбек ҳукумати яхши англаб турибди, дейди Лондондан Гендер тенглик масалалари бўйича асли ўзбекистонлик эксперт Ҳафиза Бўронова.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Президенти томонидан "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг имзоланишига оид хабарни худди ана шундай талқин этиш лозим.

Суҳбатдошимизга кўра, бу билан Ўзбекистон раҳбарияти хотин-қизлар ўзлари учун аҳамиятга эга, давлат ҳимояси остида экани, уларга бундан буёғига кўплаб имкониятлар берилиши ҳақида мужда берди, ана шунга ишора қилди.

Ўзбекистоннинг аҳолиси минтақадаги энг йириги(33 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлса, шунинг ярмидан сал кўпроғини хотин-қизлар ташкил қилади.

Мамлакат мустақиллигининг илк йилларида айнан хотин-қизлар аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби ўз оилалари ва билвосита мамлакат иқтисодини ҳаракатга келтирган асосий ишчи кучи сифатида майдонга чиқади.

Аксарият аҳолиси мусулмон ва анъанадор бир жамиятда, ҳатто, Шўролар даврида ҳам ўз ўрнини йўқотмай келаётган стереотипларни чилпарчин қилишга муваффақ бўлади.

Маълум маънода, йилларки, назариётдан амалиётга кўчмай келаётган гендер тенглигини ўз кучи, меҳнати ва саъй-ҳаракати билан таъминлашнинг уддасидан чиқади.

Аммо худди ўша даврларда ўзбек аёлининг меҳнат бозорида эришган, таъбир жоиз, бу каби ютуғи ҳукумат даражасида эътибор, эътироф топмаган воқеъликлардан бирига айланади.

Янгиликнинг янгилиги нимада?

Боситхонова

Сурат манбаси, AOKA.UZ

Эксперт суҳбатдошимиз ҳам, охирги ўн йилликларни назарда тутаркан, Ўзбекистонда аёллар, гендер тенглик масаласи давлат эътиборидан четда қолиб кетганига алоҳида урғу беради.

"Яна бир марта бу масаланинг кун тартибига чиқиши - аёллар мавқеининг давлат миқёсида янги босқичга кўтарилиши, аёлларга янги имкониятлар берилишидан дарак беради", - дейди у.

Экспертга кўра, қонун кучга кирганидан кейин, тегишли давлат ташкилотлари бу масалага янада жиддийроқ қарайди. Аёлларнинг муаммоларини чуқурроқ ўрганади. Гендер тенглик масаласи бўйича чуқурроқ изланишлар олиб борилади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу гал эксперт сифатида қонуннинг қоғоздан ҳаётга, амалиётга кўчишига шахсан ўзи ишонади.

Агар, шундай бўлмаганида, қонун билан боғлиқ масала кун тартибига олиб чиқилмас эди, дейди у.

Экспертга кўра, бунга биргина Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятига ҳам давлат ва ҳам халқ томонидан билдирилаётган эътибор, қизиқишнинг ҳозир қанчалар юқори эканининг ўзи бир мисол.

Сўнгги ойларда айнан қўмита янги раисасининг ўзбек аёллари билан боғлиқ чиқишлари ижтимоий-мулоқот тармоқларини том маънода ларзага солган воқеъликлардан бирига айланган.

Аввалига бозорчи аёлларнинг маънавияти, сўнгра Тошкент шаҳар хотин-қизларининг жиноят содир этишга қанчалик мойиллигига қараб таснифланиши ҳодисаси озмунча баҳсу мунозараларга замин яратмаган.

Бу ишнинг Ўзбекистон имижи, хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси йўлида қилинаётганига оид расмий изҳоротлар ҳам бунга масъулларнинг истеъфосига оид даъватларни боса олмаганди.

Аммо буларнинг барчаси айнан хотин-қизлар билан боғлиқ мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган воеқъликлар манзарасида кечган.

Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раисаси Танзила Норбоева Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси этиб сайланган.

У Сенат раиси мақомини эгаллаган ўзбекистонлик биринчи аёл сифатида тарихга кирган.

Сенат раиси эга бўлган ваколатлари нуқтаи назаридан мамлакат президентидан кейинги энг муҳим шахс сифатида кўрилади.

Танзила Норбоева

Сурат манбаси, President.uz

Орадан қисқа вақт ўтмай, Ўзбекистон Сенати қошида илк бор Гендер тенглик бўйича махсус қўмита ҳам тузилганди.

Янги қонун матнида ёзишилича эса, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.

Худди шу каби кафолат жамият ҳамда давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёнида тенг иштирок этиш, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини ҳам кўзда тутади.

Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилади.

"Умуман аёллар жамиятда унинг ривожи, янги ва янгича босқичга кўтарилиши учун энг муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, Ўзбекистон, Марказий Осиёда", дейди эксперт.

У ўзининг бу фикрларини миграция жараёни билан боғлаб тушунтиради.

"Ҳозир халқ, давлатнинг ривожланишида аёллар жамиятда энг муҳим бўғин. Ўн йил, йигирма йилдан кейинги жараённи бизлар фақатгина аёлларга қаратилган эътибор билан баҳолай оламиз", - дейди у.

"Тўғри, эркаклар давлатга иқтисодий фойда келтирмоқда, пул олиб келаяпти, лекин айнан давлатда туриб, бола тарбияси, давлат ривожи билан шуғулланиш аёллар зиммасида. Шунинг учун ҳам аёлларга қаратилаётган эътибор - давлатнинг ривожланишига берилаётган эътиборнинг янги бир босқичи, деган фикрдаман".

Қолган Марказий Осиё давлатлари билан таққосланганда, Ўзбекистон ҳали ҳам энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд ягона минтақа давлати бўлади.

Биргина расмий рақамларда бу каби ўзбекистонликларнинг сони бир неча миллионларга нисбат берилади.

Ўзбекистон АҚШ доллари курси эркин қўйилиб, нарх-наволар шитоб билан ошиб бораётган бугунги бир манзарада мамлакатдан миграция оқимининг янада ортиши кутилмоқда.

Ўзбекистонни дунёга очиш, танитиш, мамлакатга янгидан янги хорижий сармоялар жалб қилиш илинжи, ҳаракатида экандек кўринган Президент Шавкат Мирзиёев эса, ҳали-ҳануз малакали кадрлар тақчиллигидан шикоятда.

Президент Мирзиёев ҳатто яқинда қилган чиқишида бу муаммони Ўзбекистон учун энг катта таҳдидга ҳам қиёс берди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek