Ўзбекистон: Бош вазир ўринбосари сўзлари Мирзиёев сиёсатига зидми?

Сурат манбаси, aoka.uz
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, мамлакат Хотин-қизлар қўмитаси янги раисасининг сўзлари таҳлилчилар орасида худди шу каби муносабатларга ҳам сабаб бўлмоқда.
"Мамлакатни биламан десанг, бозор билан мозорига бор, деган гап бор. Ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор", - деб айтган Элмира Боситхонова.
Тошкентдан олинган хабарларга кўра, унинг бу сўзлари кеча, 11 июль куни бўлиб ўтган "Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар" мавзусидаги брифинг чоғида янграган.
Маълум бўлишича, унинг айни мазмундаги чиқиши манзарасида Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси ўзининг "кузатувлари" билан ўртоқлашган.
Гавҳар Алимова, Сиёб бозоридаги аёллар ўзларини тутишни билмасликлари, ўзини хорижлик меҳмонлар олдида уялтирганликларини айтиб берган.
Элмира Боситхонованинг бозорчи аёллар ҳақидаги бу сўзлари қайта Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланишидан саноқли ҳафталар ўтиб янграган.
Худди шуниси билан ҳам оддий ўзбекистонликлар қолиб, қатор маҳаллий экспертларнинг ҳам нигоҳларини ўзига тортган.
Президент ва хотин-қизлар

Сурат манбаси, President.uz
Бошқа томондан, "ҳақиқий бозорчи аёллар" ҳақидаги бу сўзлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раисаси шахсан президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан Олий Мажлис Сенати раиси этиб сайланишидан ҳеч қанча вақт ўтмай кузатилган.
Танзила Норбоева Ўзбекистон мустақиллиги тарихида бу мақомга муносиб кўрилган биринчи аёл сиёсатчи бўлган, бу эса, янги тайинлов энди мамлакат хотин-қизларининг ҳар томонлама ҳимоясига кенг йўл очади, деган умидларга етакламай қўймаганди.
Устига устак, Танзила Норбоева Сенат раиси этиб сайланган ана шу ялпи мажлис чоғида президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис қошида Ўзбекистон тарихида илк бор Гендер тенглик қўмитаси ташкил этилиши ҳақида ҳам эълон қилганди.
Таъкидлаш жоиз, хотин-қизлар масаласи Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келган икки йилдан ортиқроқ вақт ичида энг кўп эътибор қаратган, давлат сиёсати даражасига кўтарган мавзулардан бири бўлади.
Элмира Боситхонованинг Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги раисаси ўлароқ айтган бу сўзлари масаланинг айни шу жиҳати билан ҳам таҳлилчиларнинг диққатини ўзига жалб қилган.
Айрим таҳлилчиларга кўра, бозорчи аёллар ҳақидаги бу сўзлар президент Шавкат Мирзиёевнинг аёллар масаласида олиб бораётган сиёсатига зиддир.
"Унинг (Элмира Боситхонова - таҳр.) ошкора қилаётган илк баёнотларидан бири хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласини кўтариш эмас, уларга, гўёки, ўрнингни билишинг шарт қабилида янграмоқда. Чунки ваколатидан келиб чиқиб, у энг аввало ўзининг биринчи баёнотини худди шу ҳақда қилиши лозим эди", - дейди, жумладан, Лондондан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.
- Мисол учун, шу кунларда аёлнинг ўз эри томонидан ўлдирилгани хабари чиқди. Демоқчиманки, маиший зўравонлик Ўзбекистонда ҳамон жиддий муаммолигича қолмоқда. Хотин-қизларнинг аҳволлари ва ҳуқуқлари билан боғлиқ бундан бошқа муаммолар ҳам бор. Ўзининг айни шу масалалар билан шуғулланиш истагида эканини кўрсатишнинг ўрнига, у аёл ўзининг ўрни, ҳаддини билиши керак мазмунидаги баёнот билан чиқаяпти. Яъни, айблов тўғридан-тўғри аёлнинг ўзига қаратилаяпти. Бу эса, хавотирга лойиқ. Чунки бу гендер тенглик масаласида ҳукумат томонидан амалда ҳам худди шу каби сиёсат олиб борилиши мумкинлигини англатиши мумкин, - дея ўз сўзларида давом этади таҳлилчи.

Сурат манбаси, President.uz
"Бу ҳали ҳаммаси эмас..."
Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, Боситхонованинг бу чиқиши яна бир қанча нуқтада таҳлил ва баҳога молик характерга эга.
"Биринчидан, бу - Ўзбекистон президенти ва ҳукумати қилаётган ошкора баёнотлар(хотин-қизлар масаласида - таҳр.) оммага қаратилгани, амалда эса ҳар доим ҳам унга амал қилинавермаслигига ҳам далолат қилади", - дейди у.
Таҳлилчи наздида бу каби ошкора баёнотлар қандайдир имиж яратиш, пиар мақсадида қилинаётган бўлиши мумкин.
Яъни, бу билан, гўёки, ташқи дунёга, мана, биз инсон ҳуқуқлари, шу қаторда, хотин-қизлар ҳуқуқлари билан ҳам шуғулланаяпмиз, бу масала бизнинг диққат-эътиборимизда, деб кўрсатилади.
"Бу эса, сиёсатда иккиюзламачи ёндашув ҳамон сақланиб қолаётганига далолат қилиши мумкин".
Таҳлилчига кўра, бошқа томондан, сўнгги янгилик кадрлар танловидаги хатоликлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Унинг айтишича, бу - ҳукуматнинг ўзи учун ҳам анчайин жиддий муаммо бўлган воқеъликдир.
"Шавкат Мирзиёев бир эмас, бир неча бор ислоҳотларга чақириб чиқди, бу йўлда муайян қадамлар қўйди, аммо маъмурий тизимнинг ўзаги ҳамон анъанадорлигича қолмоқда", - дейди таҳлилчи.
Унга кўра, "бу каби ҳолат ислоҳотлар сиёсатига зид" бир ҳолатдир.
"Яъни, унинг (президентнинг - таҳр.) ихтиёридаги, у ишга тайинлаётган ходимлар ва олиб боришини эълон қилган сиёсати орасида улкан жарлик бор. Яъни, у аксарият ҳолларда муҳим лавозимларга ислоҳотчи бўлмаган одамларни тайинламоқда".
"Ислоҳотчи бўлганларни эса, одатда, вазир муовини каби иккиламчи вазифаларга қўймоқда ёки бу каби тайинловлар тажрибавий тусга эга".
Таҳлилчига кўра, буларнинг барчаси хавотир уйғотмай қолмайдиган воқеълик ва Ўзбекистонда ислоҳотлар нега секинлик билан амалга ошаётгани сабабларидан бири ҳам бўлиши мумкин.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Veronique DURRUTY
Брифинг чоғида янграган бу сўзлар саноқли соатларнинг ўзида Ўзбекистон ва ўзбек аёллари билан боғлиқ ижтимоий мулоқот тармоқларини жунбушга келтирган мавзулардан бирига айланган.
Ўзбекистонлик ҳам эркак ва ҳам хотин-қиз интернет фойдаланувчиларининг диққат-эътиборларини ўзига тортган. Айниқса, бу борада аёллар жуда фаоллик кўрсатишган.
Бу хусусда турли ижтимоий мулоқот тармоқларида қолдирилган коментларнинг сони бир неча ўнга етган.
Айниқса, Facebook бу хусусдаги чиқишлари, мақолалар энг кўп улашилган ижтимоий мулоқот тармоқларидан бирига айланган.
Аксарият интернет фойдаланувчилари айни шу постлар остида ўз изоҳларини ёзиб қолдиришган.
Жумладан, Shoxida Dehqonova, "Бозордаги аёллар маънавиятсиз, маърифатсиз, деб ким айтди? Уларнинг ҳам ўзига яраша маънавияти, маърифати бор. Бундай деб камситишга ҳеч кимнинг, ҳатто, вазир ўринбосарининг ҳам ҳаққи йўқ. Унинг ўрнига бозорларга бориб, шу аёллар билан суҳбатлашсин, уларнинг дарду ташвишларини билсин. Шундан сўнг баҳо берсин уларга!", - деб ёзган.
Маъмура Хон"Хоҳ бозорчи аёл, хоҳ тадбиркор ёки актриса бўлсин, унинг шаънига тегишли гап гапиришга, ҳаётини муҳокама қилишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ", - деган.
Назокат Азим Абдуқундузова эса, "Фб (Facebook - таҳр.)да Хотин-қизлар қўмитасига раҳбар бўлишга арзийдиган фаол аёлларнинг рўйхатини тузишимиз керак ва таклифлар киритишимиз керак. Раҳбар ўзгармаса, қўмитанинг иши яна орқага тортиб кетиши аниқ", - дея фикр қолдирган.
Omon Mullaboyev, "Ажжжжооооойиб ечим... Ҳар доимгидай ўз репертуаримиздамиз. Бошқа мамлакатларда бирон-бир муаммони ҳал қилиш учун ечим топишса, бизда ҳар қандай муаммони ечиш учун комитет тузилади. Японияда агар балиқ дефицит бўлса, шунчаки кўпроқ балиқ овлашни бошлашади, бизда эса агар қовун танқис бўлса, қовун танқислигига қарши курашувчи қўмита тузилади", - деб ёзган.
Маҳмуд Йўлдошевга кўра, "Бозорда бозорчи опа балки салом бериш ўрнига бирданига молини мақтар, бу маънавиятсизлик эмас. Аммо бирор мансабда туриб, шу давлатнинг қонунларини оёқ-ости қилиш мана бу - МАЪНАВИЯТСИЗЛИК".
Ечим йўллари...

Сурат манбаси, Veronique DURRUTY
"Ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор", - деркан, Элмира Боситхонова, "Аммо шу сўзга мос бўлмаслиги учун хотин-қизлар қўмитаси нима қилди?", - дея сўроқ гап ҳам қилган.
Қатор ўзбекзабон интернет нашрларининг бу хусусдаги хабарларига таянилса, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси янги раисаси шу брифингнинг ўзида ўз саволига жавобни ҳам ўзи бериб қўя қолган.
- Маълум бўлишича, эндиликда бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилоти тузилади.
- Бозорда ишлайдиган аёллар маърифатсиз "бозорчи аёл" номига муносиб бўлмасликлари учун бошланғич ташкилот хонасида улар билан маърифий суҳбатлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган;
- Бозорларда радиоузел орқали Зулфияхонимнинг "Хотирам синиқлари"га ўхшаш асарлар ҳар куни беш-олти мартадан ўқиб эшиттирилиши, муомала маданияти мавзусида эшиттиришлар тайёрланиши ҳам кўзда тутилган.
Хабарларда Элмира Боситхонова томонидан келтириб ўтилгани айтилган бу ечим йўллари ҳам ижтимоий мулоқот тармоқларида бозорчи аёллар билан боғлиқ айни шу мавзунинг хос эътибор тортган, танқид, таажжуб ва кинояларга сабаб бўлган нуқталаридан бирига айланган.
Аксарият интернет фойдаланувчилари Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари дохил 11 июль кунги брифинг иштирокчиларини масаланинг туб илдизлари, асл сабаблари ва ўзбек аёлларининг бугунги ижтимоий-иқтисодий аҳволларига эътибор қаратишдан қочишда айблашган.
Масаланинг ечимига советча ёндашувнинг ўрнига хотин-қизларни бозорга чиқишга ундаган омилларни бартараф этиш, ҳар томонлама уларнинг саводхонликлари, касб, бизнес малакаларини ошириш, лозим даражада муносиб иш ўринларини яратиш йўлида кўпроқ иш қилишга ундашган.
Ўзбек аёллари ва бозорлар

Сурат манбаси, Valery Sharifulin
Ўзбекистон аҳолисининг қарийб тенг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилишади.
Мамлакат мустақиллиги ортидан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида ишсизлик улар тўқнаш келиб турган асосий муаммолардан бирилигича қолмоқда.
Советлар Иттифоқи парчаланиши ортидан, одатда, аёллар банд бўлиб келган аксарият завод, фабрика ва корхоналарнинг ёпилиб кетиши ортидан, айнан бозорлар ўзбекистонлик хотин-қизлар учун ҳам муқобил иш ўринлари имконияти сифатида ўртага чиққан.
Гўёки, ҳукумат учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб, хотин-қизлар ишсизлиги муаммосини енгиллатган факторга айланган.
Айниқса, мустақилликнинг илк йилларида айнан ана шу бозордаги аёллар ўз оилаларининг ягона топувчиси ва боқувчисига айланишган.
Бошқа томондан, мамлакатда куч ишлатар тизимлари мавқеининг йил сайин кучайиши эркакларни бозорлардан четга тортган бир омилга айланган манзарада айнан аёллар олдинги жабҳага чиқишган.
Аммо улар тўқнаш келган, бошларидан кечиришга тўғри келган маҳрумиятлар ҳам озмунча бўлмаган.
Аёлларнинг пул топиш илинжида тартибга солинмаган иш соатлари ва ноқулай шарт-шароитларда бозорчилик қилишдан бошқа танловлари бўлмаган.
Улар билан деярли ҳеч кимнинг иши бўлмаган бир аҳволда меҳнат қилишган.
Бозорчи аёлларнинг бу каби аҳволлари уларнинг саломатликлари, болаларининг тарбияси, таҳсили, оилавий муносабатларининг аҳволи мазмунида фаоллар ва экспертларнинг жиддий хавотирларига лойиқ мавзулардан бирига ҳам айланиб улгурган.
Аммо, бошқа томондан, бу ўзбек аёлининг иқтисодий мустақиллигига йўл очган, жамияти анъанадор ва эркакларнинг сўзи устун бўлган Ўзбекистонда гендер тенгликни амалда таъминлаши мумкин бўлган муҳим омиллардан бири сифатида ҳам ўртага чиққан.
Экспертлар аксарият аҳолиси мусулмон бўлган ва аёлнинг бозорга чиқиши хушланмайдиган Ўзбекистон илова Марказий Осиё давлатларининг барчаси учун бирдек хос бўлган бу феномен ҳамон алоҳида таҳлил ва тадқиққа муҳтож мавзу эканини алоҳида урғулашади.
Уларга кўра, ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш эҳтиёжи, алал-оқибат, ўзбек аёлининг том маънодаги сиёсий фаоллигига ҳам йўл очади, замин яратади.
Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Элмира Боситхонова 2011-2016 йиллар оралиғида ҳам Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, мамлакат Хотин-қизлар қўмитасининг раиси лавозимида ишлаган.
Маълум муддат Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирига муовинлик ҳам қилган.
Ўзбек аёллари тўқнаш келиб турган турли кўринишдаги зўравонликлар, уларнинг ижтимоий, маиший, иқтисодий ва сиёсий аҳволлари билан боғлиқ хабарлар эса, ҳали-ҳануз Ўзбекистон нашрларида бўй кўрсатиб келаётган асосий мавзулардан бирилигича қолмоқда.
Ҳануз юз минглаб ўзбекистонлик хотин-қизлар четда меҳнат муҳожирлигида банд, аёллар мардикорчилиги, фоҳишалар ва фоҳишабозлик муаммоси ҳануз ўз долзарблигини йўқотмаган, сўнгги пайтларда ўз боласини сотишга уринаётган оналар, оилаларга оид хабарлар сони ҳам ортган.
Агар, биргина Элмира Боситхонова ўша брифинг чоғида келтириб ўтган расмий рақамларга таянилса, Ўзбекистонда ҳар йили ярим миллиондан ортиқ аёл ўз жонига қасд қилади.
Хабарларга кўра, ҳатто Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси янги раисасининг ўзи ҳам "бу кўрсаткич биз учун кўп", дея эътироф этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












