Ўзбекистон: Аёлнинг аҳволини кўрсатадиган 10 кўрсаткич

Перашкачи опа

Жаҳон Банки янги ҳисобот эълон қилди, гендер тенглигига бағишланган бу ҳисоботда дунё бўйлаб аёллар кам маош олаётгани қайд этилади. Сўнгги йиллардаги Ўзбекистондаги аёлларнинг жамиятдаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган ўзгаришлар мамлакатнинг жаҳон рейтингидаги ўрни яхшиланишига сабаб бўлган.

Жаҳон Банкининг "Аёллар, бизнес ва қонун" деб номланган йиллик ҳисоботи 190 мамлакатдаги гендер тенглик вазиятига бағишланган.

Алоқадор мавзулар:

Ҳисоботда аёлларнинг аҳволи 10 та қуйидаги индекс бўйича таҳлил қилинади:

  • хавфсизлик;
  • ҳаракатланиш эркинлиги;
  • бандлик;
  • меҳнатга ҳақ тўлаш;
  • никоҳ;
  • оналик;
  • болаларни парваришлаш;
  • тадбиркорлик;
  • мулкни бошқариш;
  • пенсия таъминоти.

Жаҳон Банки таҳлилларига кўра, Ўзбекистон охирги йилларда гендер тенглигига эришиш йўлидаги ислоҳотлари билан энг катта муваффақиятга эришган дунёнинг беш мамлакати қаторидан ўрин олган.

Булар Ўзбекистон, Иордания, Малайзия, Сьерра-Леоне ва Того.

"2022-йил октябрь ойидан буён Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳот амалга оширилди", дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.

"Ушбу ислоҳотлар, хусусан иккита асосий кўрсаткич - "меҳнатга ҳақ тўлаш" ва "никоҳ" доирасида мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Бу Ўзбекистон рейтингининг 11, 9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва мамлакат "Аёллар, бизнес ва қонун 2024" индексида максимал 100 баллдан 82, 5 балл тўплади. Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил балл тўплади, шунингдек Марказий Осиёда энг яхши натижаларни кўрсатди", дейилади ҳисоботда.

Бозорчи опа

Жаҳон Банки Ўзбекистонда аёлларга эркакларга тенг ҳақ тўлаш кафолатланган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганини олқишлайди.

"Айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди. 2022-йил октябрь ойида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва конвенцияларга мос келадиган ушбу қоидаларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.

"Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 2023-йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, жумладан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши кураш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди", дейилади ҳисоботда.

"Жаҳон банки "Аёллар, бизнес ва қонун" ҳисоботининг охирги нашрида таъкидланган Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш борасида эришган ютуқларини олқишлайди. Яқинда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар аёлларнинг фуқаролик, меҳнат ва иқтисодий ҳуқуқларини сезиларли даражада кенгайтирди", - деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова. "Биз ҳукуматга зарур молиявий ва таҳлилий кўмак кўрсатиш орқали ушбу ислоҳотларни амалга оширишга мамнуният билан ўз ҳиссамизни қўшдик. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги кейинги саъй-ҳаракатлар, жинсидан қатъи назар барча фуқаролар учун бир хил имкониятлар яратадиган янада адолатли ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилади".

Жаҳон Банки ҳисоботидан иқтибос

Сурат манбаси, .

Дунёдаги вазият қандай?

Жаҳонда бандлик соҳасидаги гендер нотенглик миқёси аввал тахмин этилганидан ҳам анча баланд, деган хулосага келганлар Жаҳон Банки ҳисоботи муаллифлари.

Дунёнинг энг бой мамлакатларида ҳам аёлларга эркакларникига тенг имконият кафолатланмаган.

Хотин-қизларга эркакларда мавжуд жами ҳуқуқларнинг учдан икки қисми тақдим этилгани аниқ бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, дунёнинг 98 мамлакатида аёлларга эркакларга тенг маош тўлаш мажбурияти қонунчиликда белгилаб қўйилган.

Бироқ атиги 35 мамлакатда меҳнатга ҳақ тўлаш шаффофлигини таъминлаш ёки меҳнатга ҳақ тўлашдаги фарқларни бартараф этиш имконини берадиган ҳуқуқ механизмлари мавжудлиги аниқланган.

Чебурекчи опа

10 кўрсаткич орасидан энг ёмон вазият хотин-қизлар хавфсизлиги билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.

Дунёнинг 151 мамлакатида аёлга иш жойида жинсий тегажоғлик тақиқланган қонунлар қабул қилинган.

Бироқ атиги 39 мамлакатда аёл кишига жамоат жойида жинсий тегажоғликни тақиқлайдиган қонун қабул қилинган, бу эса аёлларнинг жамоат транспортига миниб ишга боришларига тўсқинлик қилиши айтилади.

Жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларига "бола парваришлаш" йўналиши бўйича паст баҳо қўйилди.

Боиси, аёллар кунига эркакларга нисбатан болага 2,4 соат кўп вақт сарфлайдилар, бу эса маош тўланмайдиган иш ҳисобланади.

Дунёдаги 78 мамлакат боласи кичик оилаларга молиявий ёки солиқ имтиёзлари бериши аниқланган.

Шунингдек, аёллар тадбиркорлик соҳасида ҳам эркакларга нисбатан кўпроқ муаммоларга дуч келиши маълум бўлди.

Мисол учун, ҳар беш мамлакатнинг фақат биттасида давлат харидларида гендер тенглик мажбурияти қўйилган.

Бу эса хотин-қизлар бутун дунё бўйлаб йилига 10 триллион АҚШ долларини ташкил этадиган иқтисодий имкониятлардан узилиб қолишларига олиб келаяпти.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002