Ҳижоб - тақво ва тақиқ: "Биз диндорлар нима қилайлик?" Қозоғистон Ўзбекистон Дунё янгиликлар

Қозоғистонлик муслима
    • Author, Айсимбат Токоева
    • Role, Би-би-си, Қарағанда

Қозоғистон мактабларда ҳижобни тақиқлаган кам сонли мусулмон давлатлардан биридир. Чекловлар 2016 йилда киритилган эди, аммо бу борадаги баҳслар ҳалигача сусаймаяпти. Баъзи диндор ота-оналар фарзандларининг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу баҳслар Қозоғистоннинг ўзлигини топишга бўлган интилишини акс эттиради: бир томондан, мамлакат раҳбарияти исломга содиқлигини намойиш этса, иккинчи томондан, совет давридан бери сақланиб қолган дин устидан назоратни бўшаштиришга тайёр эмас.

Қарағандалик 7-синф ўқувчиси Анеля 13 ёшида ўз орзусини амалга оширди - Қозоғистоннинг собиқ президенти номидаги Назарбоев интеллектуал мактабига (НИМ) ўқишга кирди.

Ўз ёшига нисбатан баландроқ бўйли, ориқ қиз, шаҳар, вилоят ва республика олимпиадалари иштирокчиси Анеля 800 га яқин номзодлар орасида энг яхши натижа билан 16-ўринни эгаллади. Унинг айтишича, у президент бўлишни хоҳлайди ва фанларни чуқурроқ ўрганиш учун нуфузли НИМни танлаган. "Биз мактаб яқинида яшардик, деразадан қараб, доим НИМда ўқийман деб ўйлардим", деб эслайди Анеля.

Алоқадор мавзулар:

У ўтган август ойида таништирув машғулотига борди; Биринчи куни унинг ота-онасига мактабдан қўнғироқ қилиб, келишларини сўрашди.

"У ерда директор ўринбосари ва куратор бор эди, - дейди Анелянинг отаси, 43 ёшли тадбиркор Болат Мусин. - Улар бизга ўзларининг ички қоидалари борлигини тушунтиришди ва: "Фарзандингиз бизда ўқий олмайди", деб айтишди."

Мактабида таъқибга учраган муслима қиз

Мактаб раҳбарлари Анелянинг ҳижобини диний рўмол деб айтишган. Сабаби қиз бола вояга етгандан бошлаб бошини ўраб юриши диний талаб саналади. "НИМга рўмол ўраб борганимда ўзимни бошқача ҳис қилмадим, бу шунчаки кийим, аксессуар эди. Бу менинг ўқишимга ёки бошқа одамлар билан муносабатларимга таъсир қилмасди. Синфдошларим эса буни хотиржам қабул қилишди", дейди у.

Қозоғистон конституцияга кўра дунёвий давлат, аҳоли таркибига кўра эса мусулмон давлати ҳисобланади: 2022 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, қозоғистонликларнинг 69 фоизи ўзини мусулмон деб атайди. Президент Қасим-Жўмарт Тоқаев 2022 йил ёзида умра зиёратини адо этган ва ўтган баҳорда Рамазон ойида ўз қароргоҳида расмийлар ва жамоат арбоблари учун ифторлик уюштирган эди.

Шунга қарамай, ўнлаб ўқувчи қизлар асосан русийзабонлар истиқомат қиладиган саноат шаҳри Қарағандада Анелядаги каби муаммоларга дуч келишди: 2023 йил октябрь ойида маълум бўлишича, 47 нафар қизнинг ота-онасига нисбатан Қозоғистоннинг таълим бўйича қонунида кўзда тутилган "ота-оналик мажбуриятларини бажармаганлик" учун маъмурий иш очилган.

Қонунлар нима дейди?

Ота-оналар болалари мактаб формаси қоидаларини бузса жавобгарликка тортилади - аввалига огоҳлантириш, кейин жарима. Бу тартиб таълим вазирлигининг 2016 йилги буйруғига асосланади, дейди бу каби масалаларда диндор оилаларга ёрдам бераётган қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Жасулан Айтмагамбетов.

Буйруқда "мактаб формасига турли конфессиядаги диний либослар элементларини киритишга йўл қўйилмайди" дейилган.

Қаттиққўл дунёвий муаллима ва рўмолли ўқувчи қизлар

1 сентябрь куни Анеля мактабга ҳижобда келган, бироқ ўқишнинг биринчи расмий куни, 4 сентябрь куни у ва бошқа ўранган қизлар бошқа Қарағанда мактабларида бўлгани каби мактабга киритилмаган.

Ота-оналар ва ҳуқуқ ҳимоячилари мактаб мутасаддилари вазир буйруғини фуқароларнинг давлат муассасаларида бепул таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган конституциядан устун қўяётганидан норози.

Анелянинг отаси прокуратура ва Таълим вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик сўровни маҳаллий ҳокимиятга юборди. Ҳокимият эса НИМ бизга бўйсунувчи ташкилот эмас ва улар устидан ҳеч қандай таъсир кучига эга эмасмиз деб жавоб берган. НИМни давлат мансабдор шахсларини ўз ичига олган васийлик кенгаши бошқаради ва бюджетдан маблағ олади.

Прокуратура Мусинни маҳаллий милиция бўлимига юборди, улар аризани қабул қилишди, бироқ иш шундан нарига ўтмади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Ота-оналарни қизлари мактабга ҳижобда боргани учун жазолаш ҳолатлари бир неча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Ақтўба вилоятидаги ўқувчи қизларнинг ота-оналари 2018 йилда "мактаб формаси талабларини бажармаганликлари" учун жаримага тортилган, Оқмўла вилоятида эса худди шундай масалани кўриб чиқиш учун туман ҳокимлигида бутун бошли комиссия йиғилган эди.

"Мактаб раҳбарияти босими остида ҳижобини ечган қизлар кўп бўлган, - дейди Жасулан Айтмагамбетов. - Озчилик қизларгина сабр қилади ва мактабга бормай қўяди. Мана шу йўл билан улар мактабларда диндорлар сонини камайтирмоқда."

Дунёвийлик истаги

Мамлакат раҳбарияти мактабларда ҳижоб масаласини муҳокама қилар экан, асосий эътибор давлатнинг конституцияда кўзда тутилган дунёвийлик мақомига қаратилади.

"Биз доим ёдда тутишимиз керакки, мактаб, энг аввало, болаларга билим берадиган муассаса, - деди Президент Тоқаев 2023 йил октябрь ойида. - Менимча, бола улғайганидан кейин ўз танловини қилса, ўз дунёқарашини шакллантирса, тўғри бўларди."

Адвокатлар таъкидлашича, Қозоғистон қонунларида "дунёвийлик" тушунчасининг аниқ таърифи йўқ.

"Бу осон эмас. Бир томондан, таълим олиш ҳуқуқи ва виждон эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйган конституция бор, - дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси раҳбари Евгений Жовтис. - Шу билан бирга, дунёвийлик тамойили, ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш имконияти ҳам бор. Албатта, ҳуқуқнинг бундай чекланиши вазирнинг буйруғи билан эмас, ҳеч бўлмаганда "Таълим тўғрисида"ги қонун билан белгиланиши керак".

Расмий идораларга мурожаат этишга қарор қилган муслималарнинг оналари

"Дунёвий давлат"нинг [ҳокимият] ва экспертлар томонидан қабул қилинган аниқ ва ўзига хос талқини йўқ, - дейди диншунос олим, Олмаотадаги Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти тадқиқотчиси Асилтой Тасболат. - Жамиятимиз ҳали етук эмас, ҳар бир томон дунёвийликни ўзига хос тарзда талқин қилмоқда. Айрим фуқаролар дунёвийликни атеизм деб тушунади".

Мусулмон аёллар кийимларининг айрим турларини жамоат жойларида кийишга чекловлар дунёнинг бир қатор мамлакатларида бор, бироқ улар асосан юзни ёпиб турувчи парда, масалан, ниқобга тааллуқли. Қозоғистондагига ўхшаш тақиқлар бир нечта давлатда, шу жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистонда мавжуд.

Радикализмдан ҳимоя

Қозоғистонда динни давлат назорати остида сақлаш анъанаси Совет давридан бери сақланиб қолган. 1943 йилда СССРда Ўрта Осиёнинг беш республикасини қамраб олган Ўрта Осиё мусулмонлари диний бошқармаси (ЎОМДБ) тузилган эди.

Совет ҳукумати диний оқимларни бостиришга ҳаракат қилган шароитда ЎОМДБ исломни назорат қилиш учун керак эди: унда КГБга ҳам хизмат қилган "қизил" муллалар ишлаган ва ташкилот фаолияти давлат манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ эди, дейди Асилтой Тасболат. Мисол тариқасида у ЎОМДБнинг биринчи фатволаридан бири Гитлер режимига қарши жиҳод эълон қилиш билан боғлиқлигини келтиради.

Мактабдаги синф ва ўқувчилар

Мустақилликдан кейин расмийлар диндорларни таъқиб қилишни тўхтатди, Қозоғистонда диний бирлашмалар фаол очила бошлади ва масжидлар қурилди - ҳозирда мамлакатда уларнинг сони 2800 дан ортиқ (Совет даврида уларнинг сони ўнлаб эди).

ЎОМДБ ўрнига Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси - давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган орган тузилди. Унинг вазифаси, диншуноснинг фикрича, қозоқлар маданияти ва дунёвий давлат тамойилларига зид бўлмаган анъанавий исломни тарғиб қилишдан иборат.

Дин устидан назорат ҳокимият учун миллий хавфсизлик билан ҳам боғлиқ: тадқиқотчилар таъкидлашича, 2005 йилдан бери Шимолий Кавказ, Афғонистон-Покистон минтақаси, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги исломий ҳаракатлар таъсирида мамлакатда диний экстремистларнинг зўравонлик ҳолатлари кузатилмоқда.

2011 йилда Қозоғистон мустақилликка эришганидан бери биринчи терактни бошдан кечирди: 25 ёшли йигит Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Ақтўба вилоят бошқармаси биносида ўзини портлатиб юборди, уч киши жароҳат олди. 2016 йилда қурол-яроғ дўконлари ва ҳарбий қисмга уюштирилган қуролли ҳужумда 25 киши ҳалок бўлган, кейин президент Назарбоев ҳужум қилганлар салафий ислом тарафдорлари эканини айтган эди.

Кейинги йилларда ҳукумат диний соҳада қатор чекловларни, жумладан, диний жамоаларни давлат органларида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти ва диний маросимларни уйларда ўтказишни тақиқлаш кабиларни жорий қилди.

Расмийлар буни мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ва уни "радикал" диний ғоялардан ҳимоя қилиш учун дея асосладилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, бу қонунлар диндорлар ҳуқуқларини чеклаб, давлатга диний гуруҳларни қаттиқ назорат қилиш имконини беради.

2023 йил октябрь ойида ҳукумат терроризм ва диний экстремизм тарғиботига қарши қонун лойиҳасини тайёрламоқчилиги маълум бўлди. Маданият ва ахборот вазири Аида Балаеванинг айтишича, бу жамоат жойларида юзни ёпиб "одамнинг шахсини аниқлашни қийинлаштирадиган" ниқоб ва бошқа диний либослар кийишни тақиқлашни назарда тутади. Унинг таъкидлашича, ҳижобни тақиқлаш ҳақида гап йўқ.

Муқобил йўл йўқ

Ҳижоб учун бир неча марта танбеҳ олган Анеля охир-оқибат мактабдан ҳайдалди. Унинг отасини полицияга чақиришиб, баённомаларга имзо чектиришди.

Болат Мусин қизининг мактабдан чиқарилишини ноқонуний деб ҳисоблайди. У НИМнинг диний атрибутларни тақиқловчи ички буйруқларини бекор қилишни, Анеляни ўқишга қайта тиклашни ва маънавий зарар учун товон тўлашни талаб қилиб судга мурожаат қилган.

Мактаб ташқарисидаги рўмолли қизча

"Ё давлат идоралари ўртасида сарсон бўламиз ёки рўмолимизни ечамиз, - дейди у. - Ҳозир бу масалани қонуний йўл билан - суд орқали ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Биз учун давлат аниқ жавоб бериши муҳим. Биз диндорларга нима қилиш ҳақида бирор йўл кўрсатинг ахир. Бизга "динингиздан воз кечинг ва бу жамиятимизда яшашнинг ягона йўли", деган танлов қолдирманг."

Қарағандадаги НИМ раҳбарияти Би-би-сининг ушбу масала юзасидан сўровига жавоб бермади. Таълим вазирлиги ҳам саволларимизга жавоб бермади.

Мусулмонлар диний бошқармаси ниҳоятда эҳтиёткор жавоб қайтариб, расмийларнинг тақиқларини тўғридан-тўғри танқид қилмасдан, шариат қизларни ҳижоб ўрашга буюришини эслатди, аммо бу фақат балоғат ёшига етганларгагина деб қўшиб қўйди. Ташкилот ўз тавсияларини ҳукуматга юборгани ва улар инобатга олинишига умид қилишини билдирди.

Қарағандадаги диндор оилалар учун ҳижобдаги қизларни ўқитишнинг бошқа муқобил йўли йўқ, дейди Жаслан Айтмаганбетов. Унинг айтишича, диндор ота-оналар ўз қизларини ўзларини қулай ҳис қиладиган диний мактабда ўқишга "бажонидил" юборишади, лекин бундай таълим муассасалари йўқ. Бошқа ҳудудларда хусусий қизлар мактаблари бор, аммо уларда ўқиш тўлови йилига 400 мингдан 700 минг тенгегача (890 дан 1560 долларгача). Қозоғистон бўйлаб тўққизта мадраса мактаби ҳам бор, лекин уларнинг ҳаммасида ҳам аёллар бўлими йўқ.

"Биз бу масалани ўтган йили ҳам, бу йил ҳам кўтарган эдик. Улар [ҳижоб]ни тақиқлаш ҳақида гапиришмоқда, бошқа муқобил йўл кўрсатишмаяпти. Биз ҳатто онлайн таълим олишни сўрадик. Агар биз каби диндор ота-оналар ва ўқувчиларни кўришни истамасангиз, бизга онлайн таълим беринг", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

НИМдан ҳайдалганидан сўнг, Анелянинг ота-онаси унга рус тилида сўзлашувчи онлайн репетитор топдилар. Болат Мусиннинг айтишича, агар қизи мактабга қайтиш учун рўмолини ечишга қарор қилса, оиласи унинг қарорини қўллаб-қувватлайди.

"Кўп танишларим: "Рўмолни еч, мактабга бор, яхши ўқувчисан, - дейди Анеля. - Бунақа фикр хаёлимга ҳам келгани йўқ, ҳижоб менинг бир қисмим."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002