Янгиликлар. Россия: Жума намозидан кейин масжидга рейд – намозхонлар урушга ташланадими? Россия Ўзбекистон Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters/illyustrativ
Янгилик етакчи минтақавий нашрларда сарлавҳаларга чиқди.
Алоқадор мавзулар:
- Уруш ва мигрантлар: Муҳожирлардан келаётган "қорахат" - Видео
- Уруш ва мигрантлар: «Илтимос, Мирзиёев, бизни қутқаринг» - Ўзбекистон, Россия
- "Уруш ва мигрантлар": “Ичкарида” қонун йўқ, мажбуран жўнатишаяпти Россия - Ўзбекистон.
- Уруш ва мигрантлар. Бомбада ўлган ўзбекнинг отаси: Ўғлимнинг бир томони ўйилиб кетганди - видео
ОМОН рейди?
Медузанинг ёзишича, ҳодиса Котельникида юз берган.
ОМОН жума намозидан кейин масжидга рейд уюштирган.
Масжиддан чиқиб келаётган барча эркаклар военкомат ёки ҳарбий рўйхатга олиш бўлимига олиб кетилган.
Маълум бўлишича, улар жиноий иш қўзғаш таҳдиди остида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур қилинган.
Нашр бу ҳақда "Перепой звезду" шоуси финалисти Мамут Усеиновнинг Telegram акаунтидаги постига иқтибосан хабар берган.
Сўйишга ташланган қуллардек ё Путин урушидаги ўзбек, қирғиз ва тожиклар
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Telegram'даги пост

Сурат манбаси, .
Медуза келтирган иқтисобига таянилса, Мамут Усеинов ўзининг постида "Ҳарбий рўйхатга олиш бўлими ва ОМОН ходимлари томонидан қўпол қонунбузарлик содир этилганини маълум қилмоқчиман. Жума намозидан сўнг ОМОН Котельники шаҳрида жойлашган масжидга рейд уюштирди ва бинодан чиқиб кетаётган барча эркаклар, жумладан, мени ҳам олиб кетди", - деб ёзган.
Унга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари масжиддан чиқиб кетаётган эркакларни аввалига ҳужжатларини текшириш баҳонасида автобусга ўтқазишган. Бироқ, бир неча соатлик кутишдан сўнг, уларни Люберцидаги военкоматга олиб кетишган.
"У ерда тиббий комиссия ташкил этилди. Мени хизматга яроқли деб топишди ва Восточное шоссесидаги Балашиха шаҳрида жойлашган шартнома асосидаги аскарларни йиғиш пунктига олиб боришди. Кечқурун эса, улар бизга ҳамма бир йилга шартнома имзолаши кераклиги ёки қамоқ эканини айтишди. 21 октябрь куни эрталабки саф тортишда ҳаммамизнинг МҲА(Махсус ҳарбий амалиёт)га юборилишимизни эшитдим", - деган Усеинов.
Унинг қўшимча қилишича, кейинчалик шартнома имзолашдан бош тортганлар билан бир полковник учрашган, "уларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ имкониятини беришга қарор қилганликлари"ни айтган.
"Мен бу жараён билан барча ҳуқуқларим бузилган, деб ҳисоблайман: мени мажбуран олиб кетишди, чақирув комиссиясининг қарори устидан шикоят қилиш имкониятим бўлмади, касалликларим ва эътиқодларим ҳақида маълумот беришга имконим йўқ эди. Энг асосийси - менга чақирув қоғози келмаганди", - дея хулоса қилган Усеинов.
Instagram'даги сўнгги постларидан маълум бўлишича, у ҳеч бир нарсага имзо чекмасликка қарор қилган.
Бунинг ортидан, "эртага Тергов қўмитасидан одам келиб, улар билан гаплашиши" айтилган.
Унинг айни мазмундаги постларига россиялик масъулларнинг муносабати маълум эмас.
Масжиддаги ҳодиса ҳақида "Мобилизация I Новости" Телеграм-канали ҳам хабар берган.
Каналнинг ёзишича, "ушланганларнинг ҳужжатлари ўша жойнинг ўзида олиб қўйилган ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун юборилган, "ҳимоячиларига улар билан учрашишга рухсат берилмаган, Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланган".
Хабарларда айтилишича, бу марказ Котельникида мусулмонлар жума намози ўқийдиган ягона жой бўлган.
Россия, мигрантлар ва мусулмонлар
Рейднинг масжидга нима мақсадда уюштирилгани, рейд маҳалида масжидда қанча намозхон бўлгани, уларнинг орасида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган-бўлмагани ва намозхонлардан қанчаси Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлгани, уларнинг кейинги тақдирлари ҳақидаги тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.
Сўнгги янгилик манзарасида Asia-Plus нашри Москва вилоятидаги масжидларда жума намозидан кейин ҳибсга олиш ҳолатлари бир неча ойдан буён давом этаётганига ўзининг эътиборини қаратган.
Агар, Россияда Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаеванинг шу соатларда Telegram каналида чоп қилган маълумотга таянилса, намоздан кейин олиб кетилганлар орасида мигрантлар ҳам бўлган.
"Ҳақиқатан шундай. Мигрантларни ҳам, Россия фуқароларини ҳам олиб кетган. Фақат медосмотрдан мигрантлар қайтган. Россия фуқаролари эса, ўтиб кетиб, тайёрлов базасига юборилган", - деб ёзаркан, юрист бундай шароитда, "Мигрантлардан талаб қилинадиган ягона нарса - олди-қочди гапларсиз ҳеч қаерга бормаслигингизни аниқ-таниқ айтиш, доим айтиш, биринчи дақиқадан охиригача" эканини яна бир бор эслатган.
Юрист ўзидаги маълумот манбасини ҳалича очиқламаган.
Ислом дини Россияда иккинчи йирик дин саналади, мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача экани айтилади.

Сурат манбаси, EPA
Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этишади.
Уларнинг орасида катта кўпчилиги Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳисобига тўғри келади.
Россия аксарият минтақа давлатлари аҳолиси учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.
Россияда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини урушга ёллаш саъй-ҳаракатлари Москвадаги "Сахарово" миграция маркази ва Россия қамоқхоналари қолиб, энди масжидлар, иш жойлари ва ётоқхоналарга ҳам кўчаётганига оид хавотирлар шу йил бошида бўй кўрсатган.
Агар, муҳожирларнинг ўз сўзларига таянилса, Украинага қарши урушга боришса, уларга юқори маош, хизматдан кейин турли ижтимоий имтиёзлар, энг муҳими, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролиги ваъда қилинган.
Россия хукумати шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаган чет элликлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишини таъминловчи қонунни қабул қилишгача борган.
Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар муҳожирларнинг кўнгилли равишда урушга бориб қолишидан кўра, уларнинг алдов, босим ёки бошқа турли йўллар билан олиб кетилишидан ташвишда эканликлари кўрилган.

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Фаоллар ўз эътиборларини Марказий осиёлик мигрантларни Украинадаги урушга ёллаш даъвати Россиянинг янги мобилизация тўлқини билан бир манзарада кучайганига ҳам ўз эътиборларини қаратишган.
Россиянинг Украинага босқини ортидан, Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига яна бир талаб пайдо бўлган.
Улар вайрон қилинган шаҳарларни тиклаш ва хандақлар қазиш учун ҳам Украинага юборила бошланган.
Шу йил ўрталарида эса, Украина урушида камида юзга яқин Марказий осиёлик меҳнат муҳожири ҳалок бўлганига оид хабарлар ҳам чиққан.
Ўшанда улардан энг кўпи Тожикистон ва ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келиши кўрилган.
Россиядан бориб, Украинада шартнома асосида жанг қилаётган Марказий осиёликлар сонига оид аниқ ва ишончли маълумотлар имконли эмас.
Ўзбекистон расмийлари ҳозирча ўз фуқароларини Украинадаги урушда иштирок этмасликка чақириш ва қатнашганлик ҳолатида узоқ йиллик қамоқ жазосидан огоҳлантириш билан чекланиб келишмоқда.
Россия ўзининг Украинадаги "махсус ҳарбий амалиёти"ни ўтган йилнинг февралида бошлаган.
Уруш, қарийб икки йилдирки, тинмаётир, тинчлик музокаралари истиқболи эса, ҳануз мавҳум.
Путин ўтган йил Украина уруши учун эълон қилган қисман сафарбарлик эса, юз минглаб россияликнинг ўз мамлакатини тарк этишига сабаб бўлган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














