Ғазо касалхонаси: Видеолар, суратлар ва бошқа далиллардан Ал-Аҳли касалхонаси портлаши ҳақида нималар маълум? Янгиликлар

зарар

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Пол Браун, Жошуа Читам, Син Седдон ва Даниел Палумбо
    • Role, BBC Verify
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ғазо шаҳридаги беморларга тўла Ал-Аҳли касалхонасининг даҳшатли портлаши натижасида юзлаб одам ўлгани хабар қилинмоқда.

Ғазодаги Ҳамас назоратидаги маъмурият портлашда дарҳол Исроилни айблади ва бу қасддан қилинган ҳужум бўлганини даъво қилди. Исроил эса бу портлашда қўли йўқлигини айтди.

Даъволар ва рад этишлар орасида ҳақиқатни аниқлаш мураккаб бўлиб қолди.

BBC Verify видеотасвирлар, суратлар ва гувоҳлар сўзларига таяниб, портлаш ҳақида нима маълум ва нима номаълум қолаётганини аниқлашга ҳаракат қилди. Шунингдек, Би-би-си журналисти портлаш бўлган жойга ҳам бориб кўрди.

Бу борада янги маълумотлар пайдо бўлмоқда, шу боис мавзу юзасидан экспертлар фикрлари ва далиллар ҳақида мақолани бойитиб борамиз.

line

Исроил-Ғазо урушига алоқадор мақолалар

line

Исроил-Ғазо можароси шунчаки майдондаги урушгина бўлмай, бу ахборот жабҳасидаги кураш ҳамдир. Бортлаш ҳақида Ғазо ва Исроилдаги расмийлар фарқли маълумот бериши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Биз уларнинг турлича даъволари ва баёнотларига ҳам назар солмоқчимиз.

Портлаш

Касалхонадаги портлаш сешанба куни маҳаллий вақт билан 19:00 атрофида рўй берган. Портлаш тасвирланган ва ижтимоий тармоқдарда тарқалган 20 сонияли видео ҳодиса ҳақидаги биринчи муҳим кўргазмали далил бўлди.

Унда учиб келаётган ракетанинг шувиллаган овози эшитилади ва кетидан портлаш ва ўт кетишини кўриш мумкин.

Видео тагсўзи, Шифохона портлаши лаҳзалари

Ал-Жазира тўғридан тўғри олиб кўрсатаётган жонли эфирда 18:59 да Ғазо осмонига ёрқин чақнаш кўтарилганини кўриш мумкин. Айрим шарҳловчилар портлаш учиб келган ракетанинг касалхонага урилишидан бўлганини айтмоқда. Видео тасвирда чақнаш узоқроқда, катта портлаш эса камерага яқинроқ жойда бўлгани кўринади.

Интернетда тарқалган бошқа бир видео тасвирда портлпш бошқа томондан, бошқа бурчак остида кўринади.

Биз экспертлардан мавжуд далиллар, жумладан, портлаш ҳажми ва ундан аввал эшитилган товушлардан унинг сабабини аниқлаш мумкинми деб сўрадик.

Ҳозирча далиллар аниқ хулоса бермайди. BBC Verify далилларни қуроллар бўйича бир қанча экспертларга кўрсатди. Уларнинг айримлари портлаш Исроилнинг одатий ҳужумига ўхшамаслигини айтди.

АҚШдаги Ванделбилт университети профессори Ж Андрес Гэнноннинг айтишича, портлаш афтидан катта бўлмаган, яъни у ракетанинг қолдиқ ёқилғиси ёнишидан вужудга келган, каллакнинг портлашидан эмас.

Британиянинг Қироллик Бирлашган хизматлар институти тадқиқотчиси Жастин Бронк ҳам бу фикрга қўшилади. Ҳозир аниқ айтиш қийин, дейди у, афтидан портлаш портламай қолган ракетанинг автомобил тўхташ жойига урилиши ва ёқилғининг ёниб кетиши сабабли рўй берган.

Жаноб Гэнноннинг айтишича, видеодан ракета ўз нишонига теккан ё тегмаганини аниқ айтиш имконсиз.

Биз гаплашган экспертларнинг бир нечтаси ҳодиса ҳақида аниқ бир хулоса беришни истамади.

Портлаш жойидан олинган суратлар

Би-би-си Ал-Аҳли касалхонаси бино тузилиши ва режасини очиқ сунъий йўлдош тасвирлари билан солиштириб, шифохона портлаш жойи бўлганини аниқлади.

Мавжуд далилларга кўра, портлаш шифохона ҳовлисида содир бўлган. Портлашдан кейинги тасвирлар атрофдаги шифохона биноларига жиддий зарар етганини кўрсатмайди. Расмларда куйиш излари ва ёниб кетган машиналар акс этган.

расм

Касалхона Англикан черковига тегишли бўлган ва черков томонидан бошқарилган.

Қуддусдаги Авлиё Георг коллежи декани Кэнон Ричард Сюеллнинг Би-би-сига айтишича, ҳовлига ҳужум бўлганда, бу ерда 1000 га яқин кўчирилган одам бошпана топган, бино ичида 600 га яқин бемор ва ходимлар бўлган.

шифохона

Би-би-си мухбири у ерда нимани кўрди?

Би-би-си мухбири Рушдий Абуалуф бугун эрталаб Ал-Аҳли касалхонасига борди. Гувоҳлар вайронагарчилик саҳналари ҳақида хабар беришди ва жасадларни йиғиш давом этаётганини айтишди.

Бир киши унга портлаш вақтида касалхонада аёллар, болалар ва қариялар бўлганини айтди.

Биз жабрланганларнинг тасвирлари ва видеоларини таҳлил қилиб, жароҳатларининг ҳолатига қараб портлаш тафсилотларини аниқлашни давом эттиряпмиз.

Би-би-си портлаш жойида қурбонлар ва омон қолганларнинг кескин график тасвирларини кўрди, уларда ҳалокатли жароҳатларни кўриш мумкин.

синган ойналар

Британиядаги Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар ташкилоти асосчиси ва можароли жойларда олинган жароҳатлар бўйича мутахассис, патолог Деррик Поундер ҳам айрим расмларни кўрган.

"Жароҳатларнинг умумий манзараси, кутилганидек, портлаш натижасида сочилган шрапнелдан олинган", дейди у.

Аммо унинг қўшимча қилишича, тасдиқланган тасвирларнинг озлиги сабаб, ҳамма жароҳатлар ҳақида аниқ хулоса қилиб бўлмайди.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги чоршанба куни портлаш натижасида 471 киши ҳалок бўлганини айтди.

Исроил Мудофаа кучлари рақамлар атайин ошириб кўрсатилганини таъкидлади, аммо қанча одам ўлганлиги борасида ўз баҳосини бермади. Воқеа жойига мустақил ташкилотларнинг киролмаслиги туфайли ўлдирилганларнинг аниқ рақамини текширишнинг имкони йўқ.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Биз ҳали билмаймиз

Энг муҳим далиллардан бири бу портлаш натижасида ҳосил бўлган кратердир.

Исроил мудофаа кучлари (ИМК) катта кратернинг йўқлиги ёки портлаш оқибатида яқин атрофдаги биноларга зарар етмагани портлашга бизнинг қуроллар сабаб бўлмаганини кўрсатади, деди.

Сиз битта кичик кратерни кўришингиз мумкин ва биз бошқа кратерлар кратерлар белгиларини ҳам текширамиз.

расм

Далиллар орасида учрамайдиган нарса ракета парчаларидир. Снарядлар кўпинча уларнинг корпуси қолдиқлар орқали аниқланиши мумкин ва шу билан унинг манбасини аниқлаш мумкин. Аммо бу ҳолатда ушбу турдаги далилларни кўрмадик.

ИМК билдиришича, Ҳамаснинг икки аъзоси ўртасида бўлиб ўтган ва ёзиб олинган суҳбатда касалхонага Фаластин Исломий Жиҳод (ФИЖ) гуруҳи снарядлари урилгани айтилган. ФИЖ Ғазо секторидаги иккинчи йирик жангари гуруҳ бўлиб, 7 октябрь куни Хамаснинг Исроилга ҳужумини қўллаб-қувватлаган.

ИМК назарда тутган ёзувни мустақил тарзда текшириш имконсиз. ФИЖ бу ҳодисага ҳар қандай алоқасини рад этди ва портлашда Исроилни айблади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

BBC Verify logo