Янгиликлар: Қозоғистон Россиядан қўрқадими? Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Putin va Toqayev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Қозоғистон Россиянинг Украинага босқини манзарасида ўз мудофаасини кучайтиришга киришган биринчи минтақа давлати бўлади.

Мамлакатининг Россия билан муносабатларига Қозоғистон президентининг шахсан ўзи ойдинлик киритди.

Алоқадор мавзулар:

Qozog'iston va Germaniya liderlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Қозоғистон президенти Германияга расмий ташриф билан борган, Қасим-Жомарт Тоқаев ташрифи теграсида Марказий Осиё ва Германия етакчиларининг илк саммитида ҳам иштирок этади.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жавоби Германияда янгради.

Ҳозир расмий ташриф билан Берлинда бўлган Қозоғистон президенти Германия канцлери билан Олий даражадаги музокаралари ортидан қўшма матбуот анжумани берди.

Қозоғистон Россиянинг Украинага босқини манзарасида ўз мудофаасини кучайтиришга киришган биринчи минтақа давлати бўлади.

Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди, табиий энергия захираларига бой ва минтақанинг Россияга чегарадош ягона мамлакати.

Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари номини энг кўп тилга олаётган давлат.

Сўнгги йилларда ери ва давлатчилиги Россия томонидан қайта-қайта ошкора савол остига олинган.

Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги, аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса, икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитган.

Қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, сўнгги йилларда Россия билан ўзаро муносабатларининг қанчалик танглашгани бобида айнан Қозоғистон четда эътиборга тушган.

Охирги пайтларда Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи баёнотларининг сони ҳам ортган.

Улар Путиннинг империалистик амбициялари йўлида айнан Қозоғистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлган Ўзбекистон учун "буфер" вазифасини ҳам бажариб келишини таъкидлашади.

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси саналади.

Унинг узунлиги 7,5 минг километрни ташкил этади.

Берлиндаги матбуот анжумани чоғида Қозоғистон президентидан Украина атрофидаги можарога муносабати ҳақида ҳам сўралди.

Жавоб

Markaziy Osiyo xaritasi
Сурат тагсўзи, Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида айнан Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари номини энг кўп тилга олаётган давлатлардан бири экани кўрилади

Қозоғистон президенти Россиянинг ҳудудий даъволаридан қўрқмасликларини билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара ўз вақтида делимитация ва салмоқли даражада демаркация қилинган, бу икки давлат парламентлари томонидан тасдиқланган ва ратификация қилинган.

"Шунинг учун бизда Россия томонидан ҳудудий даъволар бўйича ҳеч қандай хавотир йўқ", - дея баён қилган Қозоғистон президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, "Россия билан икки томонлама асосда, шунингдек, тегишли интеграция бирлашмалари доирасида мунтазам дўстона алоқаларини давом эттиришади".

Россия ҳукуматининг мамлакат валюта ва деривативлар бозорида эркин савдо қилиш ҳуқуқи берилган ва Ўзбекистон ҳам киритилган 30 дан ортиқ "дўст" давлат қаторида Қозоғистоннинг йўқлиги шу кунларда минтақада яхшигина шов-шувга сабаб бўлмай қолмаганди.

Qozog'iston prezidenti

Сурат манбаси, .

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири эса, шу йил бошида АҚШ Давлат котиби билан пойтахт Остонада берган матбуот анжумани чоғида мамлакатининг Россия билан мавқеига тўхталиб ўтган.

Мухтор Тлеуберди ўшанда Россия билан икки томонлама муносабатлари "мустаҳкам ҳуқуқий база"га асосланганини таъкидлаган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири, "дунёнинг барча давлатлари билан манфаатли ҳамкорлик ва муносабатларни таъминлаш учун ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини сақлашга ҳаракат қилаётганликлари"ни айтган.

Мухтор Тлеуберди "Қозоғистон ҳудудидан Россиянинг ҳар қандай тажовузкорлиги ёки санкциялардан қочиш учун фойдаланилишига ҳам йўл қўймасликлари"ни баён қилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ҳам Россия ва ҳам Украина билан жуда яқин ва тарихий алоқаларга эга эканликларини таъкидлаган.

Вазият шунчалик жиддийми?

Ukraina urushi

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Россия томони ҳам, Украина томони ҳам ўзларининг музокараларга тайёр эканликларини даъво қилишади, аммо музокаралар платформаси ўта ноаниқ", - деб айтган Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент Тоқаев Украина можароси ҳақидаги саволга тўхталаркан, Қозоғистон ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва БМТ Низоси асосида тинчлик музокараларини ўтказиш тарафдори эканлигини яна бир бор такрорлаган.

Қозоғистон президентининг маълум қилишича, вазият жуда жиддий эканини Германия канцлерига ҳам айтган.

"Россия томони ҳам, Украина томони ҳам ўзларининг музокараларга тайёр эканликларини даъво қилишади, аммо музокаралар платформаси ўта ноаниқ", - деб айтган Қасим-Жомарт Тоқаев.

Унга кўра, мавжуд вазиятда оқилона дипломатия лозим бўлади.

"Томонлар ўзаро айбловларни тўхтатишлари ва тинчлик музокаралари учун ҳар икки тарафга ҳам мақбул асос топиш керак".

Қозоғистон президенти мамлакати Украина можаросини ҳал қилишнинг муайян йўлларини таклиф қилаётган давлатларнинг барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.

Бунинг учун ўзларидан нимаики лозим бўлса, ҳаммасини қилишларини ҳам айтган.

Қозоғистон президенти Германияга расмий ташриф билан борган, Қасим-Жомарт Тоқаев ташрифи теграсида Марказий Осиё ва Германия етакчиларининг илк саммитида ҳам иштирок этади.

Беш минтақа давлати лидерлари биринчи бор бир Европа Иттифоқи давлати билан баҳамжиҳат фикр алмашиш учун йиғилишади.

Хабарларга кўра, Украина уруши оқибатлари ҳам муҳокама этилажак мазкур музокаралар чоғида асосий эътибор минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.

Ўзбекистон президенти кеча, 28 сентябрь куни амалий ташриф билан Германияга жўнаб кетган.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳам саммит теграсида Германия федерал президенти ва федерал канцлери билан учрашувлари режалангани расман хабар берилган.

Бу Ўзбекистон президентининг шу йил ҳисобидан Германияга иккинчи ташрифи бўлади.

Май ойидаги ташриф чоғида томонлар икки давлат ўртасида сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этишгани айтилган.

Бу борада "Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида" ҳукуматлараро декларация ҳам имзоланган.

Расмий хабарларга кўра, Германия ҳукумати ўшанда Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиши ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Германия Европа Иттифоқининг энг олд ва етакчи давлатларидан бири бўлади.

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи

Sharl Mishel va Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Шарль Мишель саммит якунлари бўйича нутқида Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлаган.

Украина уруши фонида Европа Иттифоқи юқори мартабали вакилларининг ҳам Марказий Осиё давлатларига ташрифлари ўта фаоллашган.

Европа Кенгаши президенти шу йил июнь ойида қарийб бир йилнинг ичида иккинчи бор минтақага келган, президентлари билан юзма-юз кўришган.

Ўшанда Чўлпонотадаги саммитдан мақсад Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни "чуқурлаштириш" экани айтилган.

Шарль Мишель саммит якунлари бўйича нутқида Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлаган.

Минтақа билан ҳамкорликлари узоқ истиқболга қаратилганини айтган.

Чўлпонотада экан, Европа Кенгаши президенти Марказий Осиё давлатлари билан "самимий ҳамкорлик"ка чақирган.

"Европа Иттифоқининг энг муҳим устунлиги унинг самимиятида эканлиги"ни айтган.

Европа Кенгаши президенти Фран-Пресс ахборот агентлигига ўзларининг "яширин мақсадлари йўқ"лиги, "беқарорлик ва манипуляцияга ҳаракат қилинмаслиги"ни ҳам таъкидлаган.

Унинг бу сўзлари ўшанда Украина уруши боис, Россия кучсизланиб қолиши башорат қилинаётган минтақада Европа Иттифоқининг мавқеини мустаҳкамлаш истаги каби талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Европа Иттифоқи минтақанинг энг йирик донор ва сармоячиларидан бири бўлади.

Остонадаги саммит чоғида келтирилган рақамларга таянилса, сўнгги 10 йил ичида Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига жами 120 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.

Бу эса, минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий сармоянинг 40 фоизи - қарийб ярмига яқинини ташкил этади.

Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясини бундан тўрт йилча аввал қабул қилган.

Минтақа давлатларида Европа инвестициялари ва технологияларига катта эҳтиёж борлигини эса, президентларининг ўзлари ҳам эътироф этишади.

Европа Кенгаши президенти ўтган йил Остонада Марказий Осиё билан яқин алоқалар ўрнатишга чақирган.

Шарль Мишель, ўз ўрнида, Европа Иттифоқи учун келажакда ўз таъминот занжирларини турфалаштиришнинг муҳим эканлигини ҳам таъкидлаган.

Қозоғистон ва бутун минтақа бу масалада Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиши мумкинлигини қайд этганди.

Mинтақада ҳануз ўзининг якуний ечимини кутиб ётган муаммолар эса, оз эмас. Барқарорлиги ҳозир ҳам халқаро миқёсда диққат-эътибордаги масалалардан бири бўлади.

Европа Иттифоқи ва санкциялар

Markaziy Osiyo davlatlari liderlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Қасим-Жомарт Тоқаев Чўлпонотадаги саммитда қилган чиқиши чоғида мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликка қарамай, Марказий Осиё давлатлари минтақалараро мулоқотларини кучайтиришганидан мамнуниятини изҳор этган. Қозоғистон президенти бунда Европа Иттифоқининг хизматлари катта эканини айтган.

Европа Иттифоқи Россияга қарши урушида Украинани фаол дастаклаётган ва Москвага қарши санкцияларда ҳам илғорлик қилаётган томонлардан бири бўлади.

Иттифоқ Марказий Осиё давлатларини Ғарбнинг санкцияларини четлаб ўтишида Россияга кўмак бермасликка ҳам кўндириш ҳаракатида.

Яқинда ўзининг санкциялар бўйича махсус вакилини ҳам минтақага юборган, уларни иккиламчи санкциялар хавфи билан огоҳлантирган, қатор ширкатларини рўйхатига киритишга улгурган.

Расмий хабарларга кўра, Қозоғистон президенти Берлинда ҳам мамлакати Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига аниқ амал қилишига ишонтирган.

Қасим-Жомарт Тоқаев Чўлпонотадаги саммитда қилган чиқиши чоғида мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликка қарамай, Марказий Осиё давлатлари минтақалараро мулоқотларини кучайтиришганидан мамнуниятини изҳор этган.

Қозоғистон президенти бунда Европа Иттифоқининг хизматлари катта эканини айтган.

Марказий Осиё давлатларидан ҳеч бири шу пайтгача Россиянинг Украинага босқинини на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.

Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкциялари масаласида ҳам уларнинг бунга ошкора эътироз билдириб чиқишгани ҳалича кўрилмаган.

Ҳозир ҳам расман ўзларининг кўпқутбли ташқи сиёсат тарафдори эканликлари мавқеида собит…

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002