Янгиликлар. Россия: Навбатдаги ким? Бугун Путинга қўшни бўлиб яшаш қўрқинчлими? Rossiya Putin Dunyo Yangiliklar

- Author, Катя Адлер
- Role, Европа бўйича муҳаррир
Яна нималар бўлмоқда?
Европа Иттифоқи ва НАТОнинг Россияга қўшни аъзо давлатларида Украинага ёрдам ҳаракатлари авжида.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Россия: Путин энди ҳаммани бўйсундирмоқчими? Видео
- Янгиликлар. Бунақаси кўрилмаган: Минтақага Россия таҳдиди кучайдими - Қозоғистон чегараларини мустаҳкамлашга киришди...
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё
- Янгиликлар: Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
Фронт учун ҳаммомлар... Украинадаги уруш учун маблағ тўплаш кампанияларида бу каби шиорлар кўп учрайди. Киев ўз иттифоқчиларидан узоқ масофали ракеталар ва F-16 қирувчи самолётларини сўрашини тушунса бўлади, аммо ҳаммомлар?
Эстониялик киноижодкор ва инсонпарварлик ёрдамлари уюштирувчи фаол Илмар Рааг тез-тез Украинага бориб туради. Унинг айтишича, украин ҳарбийлари ҳаммом ҳам сўрамоқда.
Рааг оммавий тўпланган маблағ эвазига юзлаб украин аскарларига хизмат кўрсатадиган кўчма ҳаммомлар ясаттирди. Уларда душ ва либосларни ювиш учун кир машина бўлади. Уларни рус ўқларидан сақлаш учун камуфляжланган.
Сизга буюртма ҳаммом керак бўлса, эстонияликдан сўранг. Бу мамлакатда ҳаммом маданияти яхши ривожланган. Бундай ҳаммомлар гигиена ва руҳиятни кўтариш учунгина эмас, қаҳратон қишда исиниш учун ҳам керак.
Эстон аскарлари деярли доим кўчма ҳаммом билан юради, ҳатто охирги марта Ливан ва Афғонистондаги хизмат вақтларида ҳам ҳаммом бор эди. Бу эстонча анъана қарийб бир аср илгари уларнинг большевиклар билан уруши асносида пайдо бўлган. Ўшанда миллий темир йўл хизмати аскарлар ҳандақлардаги ҳафталарча давом этган курашларидан кейин чўмилиши ва дизенфекция учун фронтга яқин жойларга вагон ҳаммомларни жойлаштирган эди.
Раагнинг айтишича, у украин аскарлари, кунларча, ҳатто ҳафталарча чўмилмай, этикларини ҳам ечмай юришади. Мана нима учун Бахмут яқинидаги фронт командири эстон ҳаммомларини Худонинг тортиғи, деб қабул қилган.
Европа Иттифоқи ва НАТОнинг Россияга қўшни аъзо давлатларида Украинага ёрдам ҳаракатлари авжида.
Эстония ва унинг Болтиқбўйидаги қўшнилари Латвия ва Литва Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Совет Иттифоқи томонидан босиб олинган эди. Улар Москва босқинига учраган украинларнинг аҳволини тушунишларини айтишади.
Германиядаги Кил институти берган рақамларга кўра, улар ўз иқтисодлари ҳажмини ҳисобга олганда бошқа давлатларга, жумладан, АҚШ ва Британияга қараганда Украинага кўпроқ қисқа муддатли ёрдамлар бермоқда. Фақат Норвегиягина узоқ муддатли мажбуриятларда улардан олдиндадир.
"Дрифт" (автоспорт тури) бўйича Литва миллий чемпиони Гедиминас Иванаускас Россия босқинининг биринчи куниданоқ тинч аҳолини эвакуация қилишда ёрдам бериш учун тўғридан-тўғри Украинага йўл олганди.
У ердаги азоб-уқубатлар ҳақида гапирар экан, кўзлари ёшга тўлади. Унинг ёрдам бериш истаги, халқаро ёрдамнинг сустлигидан ҳафсаласи пир бўлгани ва автоспорт тажрибаси қўл келиб, у Литвада ўнлаб машиналарни тўплади. У бу машиналарнинг айримларини украиналик ҳарбийлар учун Тез ёрдам машиналари сифатида тайёрлади.
Аммо Украина халқаро бригадасига кўнгилли снайпер бўлиб қўшилган Миндаугас Литувинкаснинг кўмак беришига бошқа сабаблар бор.
Бу мағрур литвалик ўзини Украинада жанг қилиш орқали ўз мамлакатимни ҳимоя қиляпман, деб ҳисоблайди.
"Биз ҳозир [Россияни] тўхтатишимиз керак. Украинада, - дейди у менга фронтга йўл олишдан олдин сумкаларини йиғиб. Литувинкаснинг фикрича, агар Владимир Путин урушда муваффақият қозонса, навбат Болтиқбўйи давлатларига келиши мумкин.
Литва НАТОнинг Россияга қўшни бўлган аъзоларидан биридир. Кремлнинг босқинчилик режалари ва Владимир Путиннинг Ғарбни заифлаштириш ва беқарорлаштириш нияти ҳақида анчадан бери бонг уришмоқда. Йиллар давомида Россияга қўшни бу давлатларнинг иттифоқчилари уларга ваҳимачилардек муносабатда бўлишди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши НАТОда янги мақсад пайдо қилди: Россияга яқин иттифоқчи давлатлар ҳудудида кўпроқ ҳарбий ҳозирлик.
Финляндия Россия билан 1300 км қуруқлик чегарасига эга. У қўшни катта айиқни хафа қилмаслик учун, НАТОга қўшилмай келди. Аммо финлар суверен Украинага босқиндан сўнг мавқеларини бутунлай ўзгартирди. Уруш бошланганидан кўп ўтмай, Болтиқбўйи давлати Швеция билан бир қаторда иттифоққа қўшилиш учун ариза топширди.
Бу Москва учун катта зарба эди.
Қуролдан фойдаланишни ўрганиш учун ёзилаётган финлар сони ҳам сезиларли даражада ошган. Ҳарбий хизмат ёшлар учун мажбурий бўлиб, кейин улар умрбод захирада қоладилар. Одамлар қўшни Россиянинг Финляндияга ташлаган катта сояси энди янада таҳликалироқ кўринишини айтмоқда.
Уруш Финляндия бизнесига катта таъсир кўрсатди. Урушдан олдин бу ерга Россиядан туристлар оқими йилига 630 миллион доллар даромад келтирган. Аммо Россия ёки унинг асосий иттифоқчиси Беларусь билан чегарадош Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари сингари, Финляндия ҳам Россия фуқаролари учун туристик виза беришни тўхтатди.

Сурат манбаси, .
Қорли Лапландияда мен тоғ-чанғи курорти эгаси Вилле Аҳо билан рус тоғларига қараган уйида учрашдим. У менга йиллар давомида россиялик меҳмонлар билан шахсан дўстлик алоқаларини ўрнатганини, аммо ҳозир уларнинг қайтишини истамаслигини айтди. У оддий руслар, айниқса, ўз мамлакатидан ташқарида яшайдиганлар урушга қарши кўпроқ гапиришларини исташини айтади.
У Украина ҳақида гапира туриб ҳаяжонга тушади, уруш қонли давом этар экан, ҳеч биримиз бефарқ қарамаслигимиз керак, дейди у.
"Россия ғалаба қозонса ва Путин ўз кучини оширса, оқибатини тасаввур қила олмайман. Навбатдаги ким? Финляндия, Польша, Эстония, Литва? У Украинада ўз ихтиёри билан тўхтамайди. Аммо буларнинг барчасига Украинада нуқта қўйилиши керак".
Россия президенти анъанавий уруш билан чекланмайди. Ғарбга қарши киберҳужумлар ёки дезинформацион кампанияларда кўпинча Москва айбланади. Аммо Аҳо тилга олган ҳар қандай давлатга ҳарбий ҳужум Владимир Путин учун катта гардкамчилик бўлади.
НАТОнинг бошқа барча аъзолари, жумладан ядровий кучлар АҚШ, Буюк Британия ва Франция уларга ёрдам бериши мумкин. Аммо бунинг ҳеч қандай кафолати йўқ - охир-оқибат, ҳар бир давлат қандай жавоб қайтариши ўзига боғлиқ бўлиб қолади.
Бу эса, Латвия каби этник руслар кўп бўлган Россия билан чегарадош давлатларни асабийлаштириши табиий.
Латвиянинг иккинчи шаҳри Даугавпилс Беларусдан 25 км ва Россиядан 120 км узоқликда жойлашган. У ерда яшовчи ҳар ўн кишидан саккиз нафари оиласида рус тилида гаплашади. Уларнинг аксарияти Латвиядаги рус тилидаги мактабларида таҳсил олган. Улар анъанага кўра янгиликларни Россия телевидениеси, радиоси ёки янгиликлар сайтларидан олади.

Мен шаҳарда Украина байроқлари йўқлигини дарҳол пайқадим. Мамлакатнинг қолган қисмида уларни мактаб бинолари, шаҳар ҳокимиятлари ва дўконлар олдида бирдамлик белгиси сифатида хилпираб турганини кўриш мумкин. Латвия русларининг ҳаммаси ҳам Путин тарафдори бўлмаса ҳам, мен кўчада учраган одамлар урушни муҳокама қилишни истамасди. Россияни тажовузкор, Украинани эса мазлум деб ҳисоблайсизми, деган саволимга жавоб беришдан бош тортишди.
Латвия Владимир Путин бу ерда этник русларни гўё "қутқариш"га уриниши мумкинлигидан хавотирда. Чунки айни шу нарса 2014 йилда Россия қуролли гуруҳлари Украинанинг Россия чегараси яқинидаги Донбасс вилоятининг бир қисмини эгаллаб олиш учун баҳоналардан бири бўлган.
Латвия ҳукумати этник русларни рус пропагандасидан узиб қўйишга уриниб, Россия телеканалларини тақиқлади. Шунингдек, рус тилидаги таълимга чек қўйди. Совет давридан қолган обидалар бузиб ташланган.
Аммо Латвияда жуда оғриқли нозик чизиқлар бор. Янги сиёсат этник русларнинг интеграциялашувини яхшилашга қаратилган, бироқ танқидчилар буни фуқароларни ҳукуматнинг ғарбпараст қарашларини қабул қилишга мажбурлашга уриниш, дейишади. Улар бу кўплаб этник русларнинг бутунлай бегоналашишига ва ҳатто Владимир Путинга хайрихоҳ қилиб қўйишидан огоҳлантирмоқда.
Бу мураккабликлар Украинадаги уруш тугаганидан кейин ҳам сақланиб қолиши мумкин.
Шундай қилиб, мен "Путинга қўшни одамлар" билан учрашиш учун 2400 км йўл босиб ўтдим. Бу менинг жамоам Би-би-си учун тайёрлаётган икки қисмли ҳужжатли фильм номи эди.

Польшанинг жанубий қисмидан Норвегиянинг шимолий чеккасигача, мени энг кўп ҳайратга солган нарса Украинадаги урушнинг кенг ва чуқур таъсиридир.
Келажак умуман мавҳум.
Кўп нарса бу уруш қандай якунланишига боғлиқ бўлади. Аммо бундан кейин биз Россия билан қандай муносабатда бўлишимиз мумкин ёки бўлиш керак? Ҳамкорлик ва ишонч ҳақида нима дейиш мумкин?
Бу фақат Россия билан чегарадош ва бой тарихга эга мен борган мамлакатларга берилган саволлар эмас. Бу ҳақда бутун Европа ва Украинанинг ҳар бир иттифоқчиси ўйлаши керак.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













