Янгиликлар. Афғонистон: Толибон Олий раҳбарининг миясида нима бор? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Hibatulla Oxundzoda

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кобул кўчаларидаги плакатда акс этиб тургани Толибон Олий раҳбари Ҳибатулла Охундзоданинг имконли бўлган ягона сурати

Буёғи нима бўлади?

Алоқадор мавзулар:

Ҳокимиятга келганига икки йил ўтиб, Толибон борган сари кўпроқ қаттиқ тартиб ва қоидаларни жорий қилмоқда. Уларнинг бари толибларнинг муросасиз Шариат талқинига мувофиқ шаклда ўрнатилмоқда.

40 миллион аҳолининг кундалик ҳаётига таъсир қилувчи бу каби қарорлар ортида биргина одам - Толибоннинг олий раҳбари Ҳибатулла Охундзода турибди.

70 ёшлар атрофида, деб ишониладиган бу одам нафақат дунё учун, ҳатто афғонларнинг ўзи учун ҳам сирли шахс. Интернетдан унинг суратини ахтарсангиз иккитасини топасиз. Улардан кўпроқ 1990-йилларда олинган паспорт сурати ўлчамидагиси анча машҳур.

Икки йил олдин халқаро кучлар мамлакатдан бутунлай чиқиб кетгач, у деярли оммага кўринмаган. У ҳеч қачон журналистларга интервью бермаган. Унинг қизлар таълимини тақиқлаши ва аёлларни ишлаш ва барча ижтимоий соҳалардан бадарға қилишга қарорлари юзасидан саволларга ҳеч қачон жавоб бермаган.

Афғон Толибони Олий раҳбарининг миясида нима борлигини тушуниш учун биз унинг барча оммавий нутқлари ва фармонларини имкон қадар тўпладик.

Infografika
Сурат тагсўзи, Толибон Олий раҳбари энг кўп қўллаган сўзлар

Жами 65 та фармонни таҳлил қилдик, уларнинг барчаси 2016 йилда Толибон етакчилигига тайинланганидан кейин қабул қилинган. Шунингдек, унинг 2018 йилдан бери бешта Ҳайит байрами муносабати билан мурожаати, улардан учтаси 2021 йил августида Толибон иккинчи марта ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин қилинган. Бундан ташқари, Олий қўмондон бўлганидан бери унинг ҳукумати томонидан транскрипция қилинган ва нашр этилган барча нутқлари бор.

Барча транскриптлар унинг ҳар бир сўзни қанчалик қўллаганини ҳисоблайдиган Табиий тилни қайта ишлаш дастури ёрдамида таҳлил қилинди.

Ҳибатулланинг Исломи

Hibatulla Oxundzoda

Сурат манбаси, .

Толибон етакчиси оммавий нутқларида энг кўп қўллаган сўз "Ислом"дир - 170 дан ортиқ.

Энг кўп қўлланган сўз сифатида "Ислом" асосан Афғонистонни фақат Ислом қонунларига мувофиқ бошқариш кераклиги таъкидланган контекстларда ишлатилган.

Ҳибатулла Охундзода учун Худо ва давлат бўлиниши йўқ. Унинг Исломи Шариат қонунлари билан бошқариладиган Ислом амирлигидир. У афғонларни ўз ҳаёт тарзини Исломнинг фундаментал тамойиллари асосида қуришга чақиради.

Унинг танқидчиларига кўра, Исломнинг бундай қаттиқ талқини дунёдаги бошқа 50 мусулмон давлатидагидан тубдан фарқ қилади.

БМТ ҳозирда "гендер апартеид" ҳақида гапирмоқда, чунки Толибон ҳукумати аёллар эркинлиги устидан назоратни кучайтириб, уларни жамоат боғлари, спорт заллари ва гўзаллик салонларига киришини тақиқламоқда.

Ғарбга қараш

У фақат бир марта "сайлов" сўзини ишлатган ва бу ҳам ижобий маънода эмас. 2022 йил июнь ойида Кобулда бўлиб ўтган Ислом уламоларининг катта мажлисида у шундай деди: "Мен президент эмасман, сайланган ҳам, ёлғончи сиёсатчи ҳам эмасман". Ҳибатулла Охундзода Ғарб услубидаги демократиянинг ҳар қандай шаклига нафрат билан қарайди.

Икки йил олдин Кобул қулашидан олдин у ўз нутқларида "Америка" сўзини 55 мартадан кўпроқ ишлатган ва деярли ҳар сафар душманлик оҳангида.

Бироқ, ҳокимиятга келганидан бери "Америка" сўзи камроқ қўлланган. Қўлланилганда ҳам бу фақат унинг халқаро ҳамжамият, жумладан, АҚШ томонидан Афғонистоннинг расмий ҳукмдори сифатида тан олиниш истаги контекстида айтилган.

Афғонистонда қашшоқлик кучайгани сари пойтахт Кобулда янада кўпроқ оилаларнинг куни хайрия нонларига қараб қолган

Сурат манбаси, BBC/Nava Jamshidi

Сурат тагсўзи, Афғонистонда қашшоқлик кучайгани сари пойтахт Кобулда янада кўпроқ оилаларнинг куни хайрия нонларига қараб қолган

"Аёллар" - учинчи шахсда

"Аёллар" сўзи Олий раҳбар томонидан 2018 йилда ҳокимиятга келганидан бери бор-йўғи 13 марта тилга олинган.

Эътиборлиси, сўнгги икки йил ичида у фақат учинчи шахсда "аёллар"ни назарда тутган. Аёллар унинг нутқлари қаратилган аудитория эмас, балки мавзу.

Аёлларни ўқиш ва ишлаш имкониятидан маҳрум қилиш ҳақидаги мунтазам буйруқларни ҳисобга олмаса, Ҳибатулла Охундзода Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи аёлларнинг эҳтиёжларини камдан-кам ҳолларда омма олдида муҳокама қилган.

Муқаддас уруш

Толибон аввалига Ҳибатулла Охундзоданинг сурати йўқлигини айтди, аммо афғон матбуоти тез орада мана бу расмни тарқатди

Сурат манбаси, Afghan Islamic Press

Сурат тагсўзи, Толибон аввалига Ҳибатулла Охундзоданинг сурати йўқлигини айтди, аммо афғон матбуоти тез орада мана бу расмни тарқатди

"Жиҳод" ва "мужоҳидлар" сўзлари биргаликда 160 марта қўлланган.

Аксар мусулмонлар учун жиҳод сўзи шунчаки гуноҳдан тийилиш ва яхшиликка интилиш маъносини англатади. Аммо Олий раҳнамо уни Ислом душманларига қарши кураш ва муқаддас уруш маъносида қўллайди.

"Мужоҳидлар" деганда жиҳод йўлида бўлганлар тушуниллади.

Олий Раҳбарнинг жиҳодга тинимсиз даъватлари уруш йилларида ўсиб улғайганига қарамай, ҳозир нисбатан тинч мамлакатда яшаётган Толибон жангарилари авлоди орасида бирмунча зиддиятли кўриниши мумкин.

Яқинда бир неча ёшлар Афғонистондан Покистонга ноқонуний йўллар билан ўтиб, қаттиқ Исломий режим ўрнатмоқчи бўлаётган "Теҳрики-Толибон Покистон" жангари гуруҳига қўшилган эди.

Толибон раҳбарияти жангариларнинг чиқиб кетишини ошкора қоралаган, бироқ кўпчилик ёшлар жиҳодни давом эттиришга қарор қилганликларини айтмоқда.

tps://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002