Янгиликлар. Россия: Путин ёмонам ўзгардими? Rossiya Putin Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, GETTY/TASS/BBC
- Author, Сергей Горяшко, Елизавета Фохт, Софья Самохина
- Role, BBC
Энди нима бўлади?
Вақт бой берилдими?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Россия: Путин тугадими - нима бошланди?
- Янгиликлар: Путин Пригожин исёнини "хиёнат" деб атади ва жазо муқаррарлиги билан пўписа қилди
- Янгиликлар: Путин ҳеч кимни аямайдими?
- Пригожин қаттиқ сўкди ва "Вагнер" Бахмутдан чиқишини айтди, шаҳар тақдири нима бўлади?
- Украина уруши: Путин алоқаси борлигини тан олмаётган "Вагнер" гуруҳи қанчалик кучайди?
Фақат кучми?
Руслар хато қилмайдими ё Ғарб нимани эплолмади?
Нега дипломатия Россиянинг Украинага босқинини тўхтата олмади? Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатлар бузилиши олдини олмади? Бунинг сабабларидан бири Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳаракатларидир. Кўп йиллар давомида дипломатлар ҳокимият тизимида обрўсини йўқотиб, Кремлга ёқишга уринадиган бўлиб қолган. Натижада улар Владимир Путиннинг позициясига таъсир ўтказа олмайдиган тарғиботчи ва "робот"га айланишган. Путин аста-секин тушундики, куч ва ультиматумлар музокаралардан кўра унинг мақсадига яхшироқ хизмат қилади.
Би-би-си ушбу инқироз қандай ривожлангани ва Россиянинг уруш сабабли Ғарб дунёси билан узилган алоқаларини тиклаш мумкинми ёки йўқлиги ҳақида ҳикоя қилади.
"Қоғоз кўтарган роботлар"

Сурат манбаси, .
Давлат департаментининг Россия бўйича бош мутахассиси Виктория Нуланд Москвадаги Смоленская майдонидаги кўп қаватли бинодаги кабинетда ўтирарди. Унинг Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков билан бир ярим соатлик учрашуви ниҳоясига етаётган эди. Улар кўп йиллардан бери таниш, Нуланд у билан норасмий мулоқотга ўрганиб қолган. Нима учун бу сафар у ташқи кўринишидан россиялик ҳамкасбига ўхшаб кетадиган "робот"ни тинглаётганини тушунмасди. Рябков қоғоздан бош кўтармай, Москванинг расмий позициясини ўқиди.
Бинодан чиқиб кетаётиб, Нуланд журналистларга бир-икки сўз айтди: музокаралар самарали бўлди, Россияга яна келганимдан хурсандман. Рябков мулоқотни фойдали деб атади, бироқ унчалик олдинга силжиш бўлмаганидан афсусда шундай деди: "Бундан кейин ҳам вазият кескинлашиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. Америкалик ҳамкасбларимизга буни тўғридан-тўғри айтганмиз."

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
Унинг 2021 йил 12 октябрь учрашувдаги хатти-ҳаракати Нуланд учун кутилмаган бўлди, дейди Би-би-сига бу ҳақда унинг ўзидан эшитган икки манба. У хонада бўлган Рябков ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фоминни "қоғоз кўтарган роботлар" деб таърифлайди; улар "хонада бўлмаган кимлардир учун гаплашарди" шекилли.
Ўша пайтда Украина масаласи ҳали муҳокама қилинмаган, улар АҚШдаги Россиянинг ва Россиядаги АҚШнинг дипломатик ваколатхоналари (дипломатларнинг ўзаро чиқариб юборилиши билан боғлиқ масала), Афғонистондаги гуманитар инқироз ҳақида гаплашдилар. Ўша йил ёзида мамлакатлар раҳбарлари Владимир Путин ва Жо Байден Женевада стратегик барқарорлик бўйича музокараларни бошлади. Россия Украинага бостириб киришга тайёрланаётганини бир неча ҳафта ичида Қўшма Штатлар эълон қилди ва Марказий разведка бошқармаси раҳбари Билл Бернс Москвага борди.
Сергей Рябков ва Виктория Нуланд дипломатик фаолиятини Россия-АҚШ муносабатларига бағишлаган. Рябков карьерасини Канададаги элчихонадан бошлаган, олти йил давомида Қўшма Штатларда яшаб, Россия дипломатик миссиясида бир нечта юқори лавозимларни эгаллаган. У 2008 йилда ташқи ишлар вазири ўринбосари даражасига кўтарилган ва ўшандан бери Вашингтон билан муносабатларга масъул - америкаликлар уни прагматик ва хотиржам музокарачи сифатида эслашади. Ҳатто мамлакатлар ўртасида таранглик ортганда ҳам, у билан мулоқот қилиш мумкин эди.
1980-йиллардан бошлаб Нуланд Давлат департаментида СССР бўйича, кейин эса Россия бўйича ишлаган. Сўнгги 40 йил ичида у Одессадаги болалар лагерига етакчи сифатида борган, олти ой давомида Узоқ Шарқда балиқчилар кемасида совет денгизчилари билан бирга яшаган ва ўндан ортиқ дипломатик лавозимларда ишлаган. У Москвага АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари сифатида келган (бу Давлат департаментидаги учинчи муҳим лавозимдир).
Унинг 2021 йил октябрь ойидаги ташрифи дипломатик савдолашиш мавзусига айланди. 2019 йилда у Россиянинг "қора рўйхати"га тушди. Москва бир неча йиллик рад жавобларидан сўнг АҚШ томони Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Қуролларни тарқатмаслик ва назорат қилиш департаменти директори ўринбосари Константин Воронцовга виза бергандагина Нуландни мамлакатга киритишга рози бўлди. 2018 йил баҳорида Солсберида Скрипалларнинг заҳарланишидан кейин йигирмага яқин давлат деярли бир юз эллик нафар россиялик дипломатни персона нон грата деб эълон қилган эди.
2019 йилда Россия делегацияси Воронцовга виза берилмагани туфайли БМТнинг Қуролсизланиш комиссияси йиғилишларини тўхтатган эди. Ташқи ишлар вазирлигининг Воронцовга виза олиш учун бу қадар интилаётгани ўша пайтда БМТнинг Женевадаги бўлимида Россия миссияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Борис Бондаревни ҳайратда қолдирди: "Биз вазифалар ва воситаларни ўзаро боғлашимиз керак. Чивинни қувиб, бутун квартирани ёқиб юбормайсиз-ку."
Шунда ҳатто Эрон вакиллари ҳам россиялик ҳамкасбларидан халқаро тинчлик муаммоларини муҳокама қилишни ва америкаликлар билан муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришни илтимос қилишди. Беҳуда. "Бизникиларга барибир эди. Биз россияликмиз ва янглишмаслигимиз керак", дейди у ҳамкасбларининг мантиғи ҳақида.
Рябков, охиригача, Бондаревга "ҳуши жойида одам" бўлиб туюларди - ундан амалга ошириб бўлмайдиган таклифлар чиқмаган. 2022 йил бошига қадар.
"Россия глобуси бошда"
2021 йил декабрь ойида Бондарев Ташқи ишлар вазирлигидан шундай ҳужжат олди: "Ўқиб чиқиб ўйладим, қанақа аҳмоқона гап бу, болалар боғчасими бу? НАТО ҳеч қачон қабул қилмайдиган шартлар…. Бунақа қилиб бўлмайди!"
Бондарев Россиянинг АҚШ ва НАТОга қўйган ультиматум матнини ўқиб чиқди. Ғарб Россиянинг Украинага бостириб кириши хавфи ҳақида очиқ гапирганда, Москва "хавфсизлик кафолати"ни талаб қилди. Унинг моҳияти: иттифоқ шарққа кенгайишдан бош тортади ва собиқ СССР мамлакатларини қабул қилмайди, шунингдек, Европадаги қўшинларини 1997 йилги позицияларига қайтаради.
Талабларнинг ўзи ҳам, ультиматумнинг кейинги эълон қилиниши ҳам дипломатия учун мисли кўрилмаган қадамлар эди. Бундан нафақат Ғарбдагилар, балки Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ҳам ҳайратга тушди.
Бондарев раҳбари ҳужжатнинг келиб чиқиши ҳақида ҳеч нарса билмас эди. "Қўнғироқ қилишади, узоқ тушунтиришади. Натижада, бу Кремлдан келгани, ТИВда ҳеч ким ҳатто савол ҳам бермагани маълум бўлади! Ҳамма: "Тамом! Бажарамиз." Биз кичкина одамлармиз, ҳеч нарса бизга боғлиқ эмас, шундай дейишади бизда", дейди Бондарев.
Ультиматум бандлари ҳақида, масалан, НАТО қўшинларини 1997 йилги позицияларга қайтариш талаби юзасидан саволлар пайдо бўлиши керак эди, дейди Бондарев. Москва ўша пайтда Европада 2021 йилдагидек 5-7 минг эмас, 300 минг америкалик ҳарбий хизматчи жойлашганини унутгандек эди. "Бизникилар ҳатто ўйлаб ҳам кўришмаган. Ҳамма нарса Россиянинг глобусидан келади. Умуман олганда, бошқа давлатларда гўё манфаат йўқдек", деб шикоят қилади дипломат.
Ультиматум мутахассислар учун ҳам кутилмаган эди. "Россия дипломатияси ҳеч қачон, ҳатто Путин даврида ҳам ишлагани йўқ", дейди Карнегининг Берлиндаги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази директори Александр Габуев.
Биринчидан, Россия ўзининг "қизил чизиқларини" очиқ белгилаб олди. "Сиз қандайдир рамкага тушасиз, унда ҳаракатланиш жуда қийин", деб тушунтиради Габуев. Иккинчидан, киноя билан гапиради эксперт, Москва НАТОдан ўзини Совуқ урушда ютқазгандек тутишни сўради.
2022 йил 10 январь куни Россия икки вазир ўринбосари - Ташқи ишлар вазирлигидан Рябков ва Мудофаа вазирлигидан Фомин Женевада кечки овқатда америкаликлар билан учрашди. Қўшма Штатлар томонидан Давлат котибининг биринчи ўринбосари Венди Шерман ва Давлат котибининг молиявий назорат бўйича ўринбосари Бонни Женкинс иштирок этди. Улар Россия ультиматумини муҳокама қилиш учун йиғилишганди.
"Бу ерда қандайдир даҳшатли нарса бор эди, - дейди Бондарев. - Америкаликлар "Келинг, келишайлик" дейишади. Рябков қичқиради: "Бизга Украина керак! Биз Украинасиз ҳеч қаерга бормаймиз! [1997 йил чегарасида] ашқол-дашқолларингизни олиб чиқиб кетинг!". Шерман темир аёл, лекин, менимча, бундан унинг ҳам оғзи очилиб қолган".
Фомин ва Рябковларни анчадан бери таниган Бондарев ҳам ҳайратда эди. Биринчиси "ҳеч қачон қўпол ва аҳмоқ одамдек таассурот қолдирмаган": "Оддий амаки, Африкада қандай хизмат қилгани ҳақида сўзлаб берарди". Иккинчиси "ақлли ва хушмуомала": "У Американи неча йиллардан бери ўрганиб, энди бирдан америкаликлар душман, Украинада урушиш кераклигини тушуниб қолганмиш".
Иккинчи босқин бошланганидан сўнг, Бондарев уруш сабабли Россия Ташқи ишлар вазирлигини тарк этган энг юқори мартабали ходим бўлди.

Сурат манбаси, АЛЕКСАНДР ЩЕРБАК/ТАСС
2022 йил 2 февралда Вашингтон ва Брюсселнинг Москва талабларига жавобини Испаниянинг El Pais нашри чоп этди. НАТО Украинада ҳужумкор ракета тизимлари ва қўшинларини жойлаштирмаслик ва Европада стратегик хавфсизликни таъминлаш юзасидан музокара ўтказишни таклиф қилди. Қўшма Штатлар ядро қуролларини чеклашни истади. Вашингтон ҳатто Польша ва Руминияда жойлаштирилган ва Россияга етиб боришга қодир "Tomahawk" ракеталари масаласини муҳокама қилишга ҳам рози бўлди, бу масала Москвани кўп йиллардан бери ташвишга солаётган эди.
Ўшанда россиялик дипломатлар билан суҳбатлашган Габуев америкаликларнинг ўша таклифларидан ҳайратда қолишганини эслайди: "Ана энди Женевада яна бир-икки ой ўтириб, хавфсизликни чиндан ҳам мустаҳкамлайдиган идеал келишувларни қоғозга туширамиз." Ҳатто Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Андрей Келин ҳам Би-би-си билан суҳбатда Украинанинг нейтрал мақоми ҳақидаги келишув эҳтимоли бўлганини тан олди.
Габуевнинг айтишича, ўша кунларда Кремль шантаж ёрдамида бўлса ҳам, катта дипломатик ғалаба қозониши мумкин эди, бироқ Путин аллақачон урушга қарор қилган ва НАТО билан мулоқот шунчаки хўжакўрсинга бўлиб қолганди. Охир-оқибат у альянс "Россиянинг фундаментал хавотирларини" эътиборсиз қолдирганини эълон қилди.
Бу вақтга келиб дипломатлар Путинга таъсир ўтказа олмадилар. Би-би-си билан суҳбатлашган Оқ уйда ишлаган манбанинг эслашича, 2010 йиллардан бери америкалик расмийларга россиялик дипломатлар Кремлда таъсири камайгандан норозидек туюлган. Улар шахсан Путинни ташвишга соладиган масалаларда сўз айта олмай қолдилар. Бундай масалалар эса йилдан йилга кўпайиб борарди.

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES
2009 йилдан 2017 йилгача Бен Роудс Барак Обама маъмуриятида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари бўлиб ишлаган ва Америка президенти спитчрайтери ҳам эди. Би-би-си билан суҳбатда у янги дипломатик стратегия Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги муносабатларни тўғирлашига шубҳа қилади - бу Путинни барибир ўзгартира олмасди. "Бутун фожиа ана шунда. Баъзида қиладиган ишларимизнинг ҳам ўз чегараси бор", дея қўлларини кўтаради Роудс.
Унинг айтишича, Ғарбни маккор деб ишонган Путиннинг душманона кайфияти унинг "ортга қайтиб бўлмайдиган қоронғу томонга ўтиб кетишига" олиб келди. Россия дипломатияси эса Кремлнинг куч сиёсатига шунчаки илова холос.
"Ярим ҳарбий ташкилот"
"Россия НАТО билан ҳамкорлик қилишга тайёр [...] альянсга қўшилишгача ҳатто." Ишониш қийин, лекин бу сўзларни Владимир Путин 2000 йил март ойида айтган. Ўшанда у қўшимча қилганди: "Мен ўз мамлакатимни Европадан айро тасаввур қила олмайман."
Энди тасаввур қилишнинг ҳожати йўқ: 2023 йил июль ойида Ғарб давлатларидан Россияга учоқда тўғридан-тўғри бориб бўлмай қолди, Россия расмийлари ва давлат компанияларига қарши санкциялар қўлланди, Ғарб давлатларининг кенг коалицияси Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда, Россия Европа Кенгашидан чиқариб юборилди, Гаагадаги Халқаро жиноят суди украиналик болаларни ноқонуний депортация қилгани учун Путинни ҳибсга олишга ордер берди.
"Биз НАТОга қўшилиш масаласини ҳақиқатда муҳокама қилдик. Бу Путиннинг ташаббуси эди", деб эслайди Би-би-сининг 2000-йиллар бошида Кремлда ишлаган суҳбатдоши. Россия дипломатлари бу мунозараларда фаол иштирок этди ва Путин уларнинг фикрини тинглади: "Муҳит эркинроқ эди. Амалдорлар фақат ёқишга уринмасди - ҳамма ҳали ҳам ҳақиқий муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиларди."
Александр Габуевнинг қайд этишича, Путиннинг биринчи икки президентлик даврида (ва ҳатто Медведев даврида ҳам) рус дипломатлари эркинроқ эди.
"2003 йилда биз Грузиядаги инқилоб пайтида [ҳокимиятнинг] қон тўкишларсиз транзити ҳақида келишиб олдик. 2004 йилда Хитой билан ҳудудий баҳсни ёпдик ва ниҳоят чегарани белгиладик. Биз 2003 йилда европаликлар билан тўрт сфера (иқтисодиёт, адлия, илм-фан ва хавфсизлик соҳаларида), сўнгра модернизация сфераси бўйича келишиб олдик. Медведев давридаги дипломатлар Норвегия билан чегарани келишиб, ҳудудий низоларни бартараф қилдилар", деб ёзади сиёсатшунос.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо ўша йилларда ҳам "ижодкор ва танқидий фикрлаш қобилиятига эга бўлган"лар Россия дипломатик корпусида бор эди, деб эслайди 2000-йилларда Кремлда ишлаган Би-би-си суҳбатдоши: "Ташқи ишлар вазирлиги шундай ҳарбийлаштирилган ташкилот эдики, унда ижодий фикрловчи одамлар мутлақо минимал миқдорда бўларди. Ташқи ишлар вазирлиги тилида шахсий исм деган нарса йўқ. "Маълумот учун қабул қилинди" каби гаплар. Элчи ҳар доим ўзи ҳақида учинчи шахсда ёзади. Бу сизнинг бир чеккада эканингизни англатади. Армиядаги аскардексиз".
2000-йилларда кўплаб дипломатлар аллақачон "протокол асири" бўлишган ("четга бир қадам чиқсанг, отиласан"), дейди Кремлнинг собиқ расмийси Би-би-сига. У 2000-йиллар бошида расмий делегация таркибида Вашингтонга қандай сафар қилганини эслайди. Америкаликлар охирги дақиқада қулайлик учун учрашувлар кетма-кетлигини ўзгартиришни таклиф қилишди. Бу таклифдан ўша пайтда Россиянинг АҚШдаги элчиси (ҳозир у Путиннинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси) Юрий Ушаков шокка тушди. "" Бу провокация! Биз жадвални олдиндан келишиб олган эдик! Бунга келишиш мумкинмас, бу протоколнинг бузилишидир" деб бақирди у", дейди кулиб Би-би-си манбаси.
2004 йилда президент маъмурияти аъзолари Сергей Лавровни "халқаро ва ўз позициясига эга" шахс сифатида ташқи ишлар вазири лавозимига Путинга тавсия қилганини эслайди у: "Қўшма Штатларни ҳам, Европани ҳам тушунади. Саводли қизиқарли одам, - дейди Би-би-си суҳбатдоши. - Аммо бу бошқа Лавров эди. Ўтган йиллар давомида жуда кўп ўзгарди".

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
Лавров Путиннинг кетидан ўзгариб борди, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, дейди истеъфодаги дипломат Бондарев: агар биринчиси ўз позициясини сақлаб қолмоқчи бўлса, ҳеч бир давлатда вазирнинг фикри президентникидан фарқланиши мумкин эмас. Лавров қарийб 20 йилдан бери ўз лавозимини сақлайди.
Урушдан бир неча кун олдин у Россия НАТОга қабул қилинмаганидан шикоят қилди (альянс Москва махсус шартларни талаб қилгани ва таклиф кутганини айтади). "Улар шунчаки улоқтиришди. Улар шунчаки алдашди", дейди Путин, Ғарб давлатларининг 1990-2000 йиллар бошидаги хатти-ҳаракатларини тавсифлар экан. Унинг фикрича, НАТО Россияни чув туширди ва ваъдасини бузиб шарққа кенгайишни бошлади.
Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Андрей Келин Би-би-си билан суҳбатда Ғарб билан муносабатлар қандай бузилаётгани ҳақида шикоят қилади: "Биз буни ўтказиб юбордик, албатта, ғарбликларнинг бошига дарҳол уриб, НАТОнинг 1997 йили кенгайишига кескинроқ муносабат билдиришимиз керак эди."
Оптимистлар

Сурат манбаси, Reuters
Путиннинг 2007 йилда Мюнхенда сўзлаган нутқи янги Совуқ урушни бошлаб берди, унда у биринчи марта Ғарб давлатларини бир қутбли дунё қуришга уринаётганликда айблади.
Ҳозирда Федерация Кенгаши раиси ўринбосари, ўша вақтда Думанинг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари бўлган Константин Косачев Путиннинг нутқини жонли эфирда тинглаган. Би-би-си билан суҳбатда у "президентнинг ўша чуқур шахсий нутқи" Путиннинг "Россиянинг Ғарб билан муносабатларини қандай қуриш кераклиги ҳақидаги тасаввурини" акс эттирганини таъкидлайди.
Косачевнинг айтишича, айнан ўшанда Ғарб "Россия билан ҳамкорлик ўрнатиш учун ажойиб имкониятни қўлдан бой берган". Ғарбдагилар эса, аксинча, Россия имкониятни бой берган деб ўйлайди.

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
Косачевнинг тенгдоши Майкл Макфол 2010-йилларда ўзи ҳақида шундай деган эди: "Мен жаноб анти-скептицизм, жаноб барини эпловчи". Косачев ва Макфол ўн йиллик фаолияти давомида ўз мамлакатлари ўртасидаги мулоқот имкониятига ишонган романтиклардан ҳозирги шароитда ҳамкорлик қилишнинг ҳеч иложи йўқлигига ишонч ҳосил қилган муросасиз рақибларга айландилар.
59 ёшли Макфол ҳозир Стэнфорд профессори. У Байден маъмуриятига мунтазам равишда маслаҳат бериб туради. Би-би-си билан бир ярим соатлик суҳбатда у ёш эмаслигини, кўп нарсани эслашини уч марта такрорлайди ва Вашингтон-Москва муносабатлари бошқача ривожланган пайтларни эслайди. Бугун Макфолнинг ишончи комилки, Қўшма Штатлар миллий манфаатларни мустаҳкамлаш учун фақат икки воситага эга: Украинага имкон қадар кўпроқ қурол етказиб бериш ва Россияга қарши имкон қадар кўпроқ санкциялар жорий этиш.
Косачев мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар чуқур инқирозда эканини тан олади. "Дипломатия шунчаки йўқ, барча алоқалар узилган", дея қўшимча қилади у: "Улар бизнинг ташаббусимиз билан узилган эмас".
Макфол АҚШнинг Монтана штатида, ўз сўзлари билан айтганда, АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги кескинлик жуда юқори бўлган бир пайтда туғилган. 1981 йилда Стэнфордга ўқишга кирганида, Рональд Рейган Қўшма Штатлар президенти бўлди ва икки йилдан кейин СССРни ёвуз империя деб эълон қилди. Макфол ўша пайтда Совет Иттифоқида бўлмаганига қарамай, Стэнфордга агар америкаликлар совет халқини яхшироқ тушунса ва улар билан кўпроқ мулоқот қилса, муносабатлардаги кескинлик юмшаши мумкин деган гипотеза билан кирди. Университетда у дарҳол рус ва поляк тиллари курсларига ёзилди.
Косачев Макфолнинг Россияга элчи этиб тайинланишини олқишлаганди. 2010-йиллар бошларида у Думанинг Халқаро масалалар бўйича қўмитасини бошқарган ва ўша пайтдаги ва ҳозирги Давлат Думасининг кўплаб депутатларидан фарқли ўлароқ, бу курсига тасодифан келиб қолмаган. Косачев дипломатик оилада туғилган ва Швециядаги "элчихона панжараси ортидаги" болалигини ҳанузгача соғинч билан эслайди. У отаси изидан бориб, дипломатик таълим олишга ва охир-оқибат олтинчи синфда дипломат бўлишга қарор қилган.
2009 йилда Лавров ва Ҳиллари Клинтон муносабатларни "қайта тиклаш тугмасини" босган эди. Макфол ўшанда Обаманинг Миллий хавфсизлик кенгашидаги махсус ёрдамчи эди. У "қайта тиклаш"ни режасини ишлаб чиққанди. Ўша пайтдаги Россия Президент маъмурияти раҳбари биринчи ўринбосари Владислав Сурков билан бирга Макфол фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Россия-Америка ишчи комиссиясини бошқарган.

Сурат манбаси, Getty Images
Константин Косачев Думага киришдан олдин СССР Ташқи ишлар вазирлигида, кейин эса Россияда, Швециядаги элчихонада, сўнгра бир қанча бош вазирлар, жумладан, Евгений Примаков ва Сергей Кириенко кабинетларида халқаро масалалар бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган. У ҳам Россиянинг АҚШ билан муносабатларини "қайта тиклаш"да иштирок этган ва Макфолни "виждонли ва ижодий" фаолияти учун юқори баҳолаган.
Обаманинг собиқ спитчрайтери Бен Роудс ўша йилларни эслаб, Қўшма Штатлар ва Россия кўп нарсага эришганини таъкидлайди: улар Америка Афғонистондаги ўз гуруҳини Россия орқали етказиб бера олишига келишиб олдилар, СНВ-3 имзоладилар, Россиянинг ЖСТга кириши ва Эронга қарши санкцияларни муҳокама қилдилар.
Аммо Ғарб билан муносабатлардан кўнгли тўлмаган Владимир Путиннинг таъсири йўқолгани йўқ, дея таъкидлайди Роудс. Унинг айтишича, Оқ уй Путин президентликдан кетган бўлса ҳам, мамлакат йўналишини айнан ўзи белгилаб бераётганини тушунган.
Обама биринчи марта Россия раҳбари, кейин эса бош вазир билан 2009 йилда учрашган. Улар "русча услубда" нонушта қилишди - самовар ва халқ чолғулари оркестри ижроси. Путин ҳамкорликни муҳокама қилишдан кўра дунёга қарашини гапириб беришдан кўпроқ манфаатдор эди: суҳбат давомида у олдинги президент Жорж Бушни Россияга хиёнат қилганликда айблади.
"Путин, асосан, АҚШ унинг режаларини қандай бузгани ва унга зарар етказишга урингани ҳақида икки ёки уч соатлик тақдимот қилди. У 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШга қўл узатганидан шикоят қилди. У қўлга киритган нарса АҚШнинг Ракетага қарши мудофаа тизимлари ҳақидаги шартномадан чиқиши, Ироқдаги уруш ва НАТОнинг кенгайиши эди", дейди Роудс, Обамадан эшитганларини эслаб.
Келажакда Путин европалик ҳамкасбларига Ғарбнинг хиёнати ҳақида маъруза ҳам ўқий бошлади. Масалан, 2022 йилнинг февралида уруш олдини олиш учун Россияга сафар қилган Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам уни тинглади.
Ўшанда ҳам америкалик расмийлар Обама ва Медведев ўртасидаги учрашувда россиялик дипломатлар президентга эмас, балки бош вазирга бўйсунишларига тўла амин бўлишган. "Баъзан шу сабабли Обама Медведевга дипломатларсиз, юзма-юз мулоқотга ўтишни таклиф қилган. Дипломатларнинг президентга жавоб бермаслигини билиш жуда ғалати эди", дейди ўша йилларда деярли барча саммитларда қатнашган Роудс.

Сурат манбаси, UNIVERSAL IMAGES GROUP VIA GETTY IMAGES
Дипломатларнинг хатти-ҳаракатларидан мамлакатлар ўртасидаги муносабатларида "қайта тиклаш" бўлмаслиги маълум эди. "Лавров шунчаки оқим билан кетадиган одам. Бизни "қайта тиклаш" йўналишига олиб борганида, у ўша томонга кетди. Шамол ўзгарганда эса, унинг хатти-ҳаракати ҳам ўзгарди. Биз буни аниқ ҳис қилардик", дейди Роудс.
Президентлиги бошида Путин буни рағбатлантирмаган. Кремлнинг собиқ амалдори президентнинг шикоятини эслайди: "Нега бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиз доим мослашишга уринади? Нима учун? Мен урушаман ва уларнинг вазифаси ҳамма билан дўст бўлиш, муносабатлар ўрнатишдир. Улар бўлса доим менга қараб туришади." Манбанинг таъкидлашича, 2010 йиллар бошида Путин дипломатларнинг унинг ноғорасига ўйнашидан уялмай қўйганди.
Ўзаро муносабатларни тиклаш уринишларига чек қўйган шамол ўзгаришини Роудс ва Макфол учта воқеа билан боғлайди. Биринчидан, араб баҳори. Бу даврда бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатларда диктаторлар ағдарилди. Иккинчидан, АҚШ Ливияга кириши. Бу Путинни Америка ўз мақсадини бошқа давлатлардаги режимларни ағдаришда кўришига ишонтирди. Ва ниҳоят, 2011-2012 йилларда Россиядаги норозиликлари. Бу ҳақда Америка расмийлари ижобий гаплар айтганди.

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
2011 йил кузида Владимир Путин ва Дмитрий Медведев ўзларининг лавозим алмашишлари ҳақида эълон қилганида, Макфол Обамага келажак ҳақида очиқ гапирди: "Россия билан муносабатлардаги катта умидлар тугади". 2012 йил бошида Макфол Москвага АҚШ элчиси сифатида келди. Унинг башорати амалга ошди. Сурков-Макфол комиссияси бир йил ичида йўқолади. "Қайта тиклаш"га чек қўйилди.
"Путин билан ҳамкорлик қилиб бўлмасди, деганлар адашади", деб таъкидлайди Американинг RAND нотижорат таҳлил марказидан, ўзи ўтмишда АҚШ Давлат департаментида ишлаган Сэм Чарап. Аммо туб ўзгаришлар юз берди. Ғарб етакчилари учун Путин билан гаплашиш жуда қийин бўлиб қолгани мутлақо тўғри. Чунки ҳамма ўз мамлакати Россияни қандай безовта қилгани ҳақида маъруза эшитганди".
"Россияни ҳақорат қилишга журъат этма"
"Менга қара! Кўзларингизни олиб қочманг! Кўзингни қаёққа олиб қочяпсиз?
"Қаттиқ гап учун узр - лекин Ғарбнинг санкциялари ҳақида гапиряпмиз";
"Аҳмоқлар, …";
"Киев режимининг хўрозча стратегияси ҳеч кимга янгилик эмас";
"Менга гапиришга қўйиб беринг. Акс ҳолда, рус градлари овозини эшитасиз."
Бу иқтибослар ижтимоий тармоқларда сиёсий мавзудаги жанжаллардан олинмаган. Россия элчилари ва Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари халқаро платформаларда ва оммавий ахборот воситаларида ҳамкасблари ва журналистлари билан шундай мулоқот қилади.
Москва ташқи сиёсатининг тили 2012 йилда Путин Кремлга қайтганидан сўнг тез ўзгара бошлади, дейди Би-би-си суҳбатдошлари. Ўзгаришлар Ғарб билан муносабатларни яхшилашга умидлар барбод бўлгани аломати эди.
Буни ҳатто Россиянинг сўзчилари ҳам тан олади. Катта дипломатик ғалабаларга эришиш учун нафақат тил ва одоб-ахлоқни билиш, балки мулоқотда бўлганлар психологиясини ҳам тушуниш керак, дейди Константин Косачев. Ҳақиқий дипломатия, дейди у, карнайлар ва эмоционал баёнотлар орқали эмас, машаққатли музокаралар натижасида ёпиқ эшиклар ортида амалга оширилади.
Дипломатик тилни билмаслик элчи сифатидаги фаолиятидаги камчиликлардан бири экани ҳақида Майкл Макфол ҳам гапиради: "У жуда босиқ эди. Мен профессор эдим ва гапирганда ўзимни чекламасдим. Натижада бир қанча хатоларга йўл қўйдим".
Аксарият рус дипломатлари содир бўлаётган воқеаларда муаммо кўрмайди. Москва ташқи сиёсатидаги ушбу янги бобнинг рамзларидан бири 2015 йилда ТИВ ахборот ва матбуот департаменти бошлиғи бўлган Мария Захаровадир. Унинг келиши ўзига хос "вақт талаби" эди, деб таъкидлайди Ташқи ишлар вазирлиги собиқ аъзоси Борис Бондарев.
"Ундан олдин бу лавозимда сўзларини сайқаллаб гапирадиган дипломатлар бўлган. "Биз ўзаро мақбул ечимларни истаймиз, консенсусга эришишга интиқмиз, ҳоказо, ҳоказо ...", деб эслайди у. Смоленская майдонида кўпчилик матбуот котибилигига "ёрқинроқ ва жонлироқ" кимдир қўйилади деб кутган, келган одам шунчалик "ёрқин" эдики, ҳеч ким бунақасини кутмаганди, деб эслайди Бондарев.

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES
Захарованинг келиши билан Ташқи ишлар вазирлигининг брифинглари театрлаштирилган томошага ўхшай бошлади. Унинг ўзи Россиянинг энг таниқли амалдорларидан бирига айланди. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини фаол юритади, ўзининг шеърлари, Ғарб сиёсатчиларининг карикатуралари ва халқаро сиёсат ҳақидаги фикрларини улашади (Киевнинг "хўрозча стратегияси" ҳақидаги иқтибос шунчаки унинг Telegram каналидан олинган).
Захарованинг бундай енгил услуби жанжалларга кўп бора сабаб бўлган. 2016 йилда у Владимир Соловёвнинг дастурида яҳудийлар Доналд Трамп ғалабасини қандай таъминлагани ҳақида атай гапирди. 2018 йилда у Чеченистонда гейларнинг таъқиб қилиниши ва қийноқлари билан қизиққан фин журналистига унинг учун республикага саёҳат уюштиришга ваъда берди. 2020 йилда эса Путин ТИВ вакили сўзлари учун шахсан узр сўраши керак бўлди. Захарова Сербия президенти Александр Вучични ҳақорат қилган эди.
Ташқи ишлар вазирлигининг бошқа ходимлари ҳам Захаровадан ўрнак олишди. Бу вақтга келиб, БМТ платформаси Россиянинг ўша пайтдаги доимий вакили Виталий Чуркин ва чет эллик ҳамкасблар ўртасидаги доимий жанжал жойига айланган эди. ОАВ хабар қилишича, 2012 йилда у Қатар Бош вазирига агар "оҳангингизни ўзгартирмасангиз" мамлакатингиз "ортиқ мавжуд бўлмайди" деб таҳдид қилган (Чуркиннинг ўзи буни рад этган).
Чуркин Британияга "виждонини поклаш" ва "мустамлакачилик одатларидан воз кечишни" маслаҳат берган эди. Америкалик ҳамкасби Саманта Пауэрни эса ўзини "Она Тереза" каби тутишда айблаган.
Чуркиннинг ўринбосарлари янада ошиб тушди. 2017 йил апрелида Россия вакили ўринбосари Владимир Сафронков Британиялик ҳамкасби нутқи ҳақида гапирар экан, ундан "кўзингизни олиб қочманг" деб талаб қилди ва кейин қўшиб қўйди: "Россияни ҳақорат қилишга бошқа журъат этманг!" Россиянинг БМТдаги сўнгги олти йилдаги доимий вакили Василий Небензя эса Хавфсизлик Кенгашига раислик қилган Германия вакилига йиғилиш қоидаларига риоя қилмаслигини айтди: "Соатингизни хоҳлаганча айлантираверинг, лекин мен қанча вақт керак бўлса, шунча вақт оламан".
Сўнгги йилларда бундай мулоқот услуби кўплаб оддий дипломатлар учун одатий ҳолга айланди, дейди Борис Бондарев. У 2021 йилда Женевада бўлиб ўтган кичик тадбирдаги воқеани эслайди. Бондаревнинг айтишича, Россия делегацияси барча таклиф қилинган ташаббусларни блоклаган. Бир пайт уларга Швейцариядан ҳамкасблари мурожаат қилишди.
"Улар: "Йигитлар, бундай қилолмаймиз, биз ён беряпмиз. Сиз умуман қўзғалмаяпсиз!" дейишди. Бизникилар уларга нима деди: "Хўш, нима бўлибди? Биз буюк кучмиз, сиз эса қандайдир Швейцариясиз!" Тўғридан-тўғри. Мана дипломатия сизга", дейди Бондарев.
Тўғрироғи, сўнгги йилларда нафақат рус дипломатиясининг оҳанги ўзгарди, балки бошқа мамлакатларда ҳам кичикроқ бўлса ҳам, шунга ўхшаш воқеалар содир бўлмоқда. 2013 йилда БМТдаги инсон ҳуқуқлари бўйича Япония вакили Хидеаки Уэда йиғилишда чет эллик ҳамкасбларидан "жим бўлишни" талаб қилди. 2019 йилда Буюк Британия мудофаа вазири Гэвин Уилямсон Россияга худди шу сўзлар билан мурожаат қилган эди. Украинанинг Германиядаги элчиси Андрий Мелник эса ўтган йили Германия канцлери Олаф Шольцни "xафа бўлган колбаса" деб атаган эди.
Сиёсатшунос Александр Габуевнинг айтишича, бу ўзгаришлар сиёсатнинг "кўпроқ оммавий бўлиб бораётгани" билан изоҳланади: "Сиёсатнинг катта қисмини жамоатчилик фикри белгилайди, баландроқ бақирган киши асосли далили бордек кўринади. Шунинг учун, ҳатто Ғарб дипломатлари ҳам жамоатчиликка ноз-карашма қила бошлади".
Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Келин риторика юмшаши мумкинлигига ишонади: "Бундай баёнотлар ҳозирги сиёсий вазиятни акс эттиради. У жуда қарама-қаршиликларга бой. Кейин нима бўлишини кўрамиз."
"Сиз элчимисиз ёки нима? Нега улар билан гаплашаяпсиз?"
Россиянинг йирик корпорацияси собиқ топ-менежери Би-би-си мухбирига бир ҳикояни сўзлаб берди. Россия ташқи ишлар вазири Лавров ва АҚШ Давлат котиби Блинкен ўртасида учрашув бўлиб ўтди. "Сергей, - дейди Блинкен, - негадир бошим айланяпти. "Албатта", деб жавоб беради Лавров. "Бунинг сабаби биз сизни ****." Ушбу ҳикояни тадбиркор Россия ТИВ ходимларидан эшитган экан.
"Трамвай" услуби рус дипломатлари орасида илдиз отган, чунки кескин ҳужумлар хорижий ҳамкасбларгагина қўлланмайди. Сиёсатшунос Габуевнинг таъкидлашича, ўша Захарова ўзининг ижтимоий тармоқларини фақат рус тилида олиб боради: "У ҳам худди Маргарита Симонян каби ички тарғиботчи. Унинг вазифаси сайловчиларда Россиянинг ташқи сиёсатидан фахр уйғотишдир. Бу дипломатия қандай ўзгарганлиги белгисидир - бу энди ташқи дунё билан алоқа учун интерфейс эмас.

Сурат манбаси, Getty Images
Кремлнинг собиқ расмийси ҳам унинг фикрига қўшилади. Унинг айтишича, Россия дипломатиясининг диққати маҳаллий аудиторияга ҳам қаратилди, чунки Ғарбда "уларни барибир эшитишмайди".
Аммо, Бондаревнинг таъкидлашича, россиялик дипломатларнинг бундай баёнотлари аслида уларнинг ўз бошлиқларига мўлжаллангандир. Хориждаги ҳар қандай тадбирдан сўнг, иштирокчилар Москвага учрашувлар натижалари жамланган расмий телеграммалар юборади. Бу амалиёт Россиянинг дунё билан муносабатлари ёмонлаша бошлаганидан анча олдин шаклланган. Бу амалиётнинг Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари карьерасидаги ўрни катта.
"Телеграмма космос билан алоқадир. Ёмон ёзилган телеграмма карьера учун қимматга тушиши мумкин. Сиз ўзингизни кенг дунёқарашга эгадек кўрсатишингиз, ўзингизга ортиқча юкларни қабул қилмаслигингиз ва ютуқларни ўзингизга боғлашингиз керак. Бу бевосита Ташқи ишлар вазирлиги ходимининг шахсий санъати", дея тушунтиради вазирлик ишидан яхши хабардор суҳбатдошимиз Би-би-сига.
Сўнгги йилларда бундай телеграммалар услуби тажовузкор бўлиб кетди, дейди собиқ дипломат Бондарев. Бундай мактубларда асосий нарса ҳақиқий ютуқлар ва муроса эмас, балки дипломатларнинг мамлакат манфаатларини қанчалик қизғин ҳимоя қилгани ҳақидаги хабарлардир. Унинг айтишича, уларнинг одатий мазмуни тахминан шундай: "Биз уларнинг башарасини столга қаратиб қўйдик! Ҳатто овоз чиқара олишмади! Ғарбликлар ҳеч нарса қила олмай, думларини ликиллатганда, биз Россия манфаатларини қаҳрамонона ҳимоя қилдик!"
Раҳбариятга бу услуб ёқади. "Шунинг учун ҳам Эквадор, Танзания ва исталган бошқа жойдан элчилар ниманидир "ҳимоя қилгани" ҳақида телеграмма жўнатади", дейди Бондарев. Бу барча дипломатларга ҳам ёқавермайди, аммо ҳеч ким бошқалардан ажралиб қолишни истамайди: "Чунки ҳамма қандай қилиб "ғарбликлар овозини ўчириб" қўйганини ёзганда сиз "консенсусга эришдик" деб ёзсангиз, ҳамма сизга жиннига қарагандек қарайди. Сиз элчимисиз ёки ким? Нега улар билан гаплашяпсиз? Улар ҳамма нарсани тушуниши учун столни уришингиз керак.

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES
Россия дипломатлари ўз хатти-ҳаракатларини нафақат бир-биридан, балки президентдан ҳам кўчиради, деб ҳисоблайди Габуев. Ҳокимиятда бўлган йиллар давомида у гаплари билан ҳам ёдда қоладиган бўлди: "ҳўллаб қўйди", "ёқса ёқмаса, чида, гўзалим".
Россия дипломатларининг жанговар риторикасини юмшатиш иложи йўқ - лавозим қанчалик баланд бўлса, гаплар шунчалик қаттиқроқ бўлиши керак. Жим туриш мумкин эмас - ишдан олишади.
"Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя буни қила олмайди. Унда яна ақлдан озган [ўринбосар] Полянский бор. Лекин у доим ҳам уни четга суриб қўя олмайди. Шундай қилса, Москвадан унга: "Агар "касал" бўлсангиз, уйга кетинг? Сизнинг ўрнингизга Полянский доимий вакил бўлади" дейишади", дейди Бондарев.
"Деярли ҳеч нарсани ҳал қила олмадик"
2014 йилда Украинада инқилоб содир бўлди (Россия ҳукумати буни давлат тўнтариши деб билади). Бир неча ҳафта ичида Россия Қримни аннекция қилди ва Донбассдаги можарога ҳарбий йўл билан ҳам аралашди. Бу воқеалар бугунги кунгача давом этаётган урушга олиб келди. Россияга қарши санкциялар жорий этила бошланди - ҳозир барча чекловларни санасак юзлаб, балки минглаб саҳифалар керак бўлади.
Москванинг Ғарб билан муносабатлари учун Украинадаги воқеалар охирги томчи бўлди. Шундан сўнг дипломатик даражадаги барча алоқалар кескинлашди, дея эслайди Бен Роудс: "Путин қайта ва қайта Қўшма Штатлар Януковични ағдаришга қаратилган фитнани қўллаб-қувватлаганини гапирарди. Обама аввалига бу билан баҳслашишга ҳаракат қилди. Аммо буни тўхтатдик. Шунчаки АҚШ Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тарафдори, деб жавоб бердик".
Шу билан бирга, Россия ТИВ америкалик ҳамкасблари билан муайян хавфсизлик масалалари бўйича мулоқотни давом эттирди, бироқ халқаро ҳамжамиятга дипломатлар Украинада содир бўлаётган воқеаларни ҳал қила олмаслиги аён эди, чунки Путин бу борадаги барча қарорларни қабул қилаётган эди.
"Путин автократ ва ўз мавқеидаги энг тажрибали бюрократга айлангани сайин ҳамма нарсани билишига ишончи мустаҳкамланиб борди, - деб тушунтиради сиёсатшунос Александр Габуев. - У энди бу одамларга (дипломатларга) муҳтож эмас эди."
Габуев халқаро сиёсатнинг асосий масалаларини ҳал қилишда Ташқи ишлар вазирлигининг таъсири пасайганини қуйидаги мисол билан кўрсатади: "Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олиш тўғрисида [2008 йилда] Лавров ва унинг асосий ўринбосарлари билан маслаҳатлашган. Улардан катта доклад ёзишни сўрашганди, ўшанда Ташқи ишлар вазирлиги бунга қарши эди. Масалан, 2014 йилда Лавров [Украинада] нима бўлишини олдиндан билган, аммо бошқа дипломатлар буни билмасди". 2022 йилда эса ташқи ишлар вазири Россия Украинага бостириб киришдан бир неча соат олдин бу ҳақда хабар топган, деб ёзади Financial Times.
2014 йилда Россиянинг нафақат АҚШ билан, балки Европа билан - хусусан, асосий "иттифоқчи" Германия билан ҳам муносабатлари ёмонлашди. Европа Кенгашининг ташқи алоқалар бўйича катта илмий ходими Кадри Лиик Қримнинг аннекция қилинишидан Берлинда юзага келган шокни эслайди: "Германия Аншлюс билан бошланган воқеа нима билан тугашини биларди".
Ўша йилларда, дея қўшимча қилади Лиик, Германия Россиянинг Ғарбдаги "ягона ҳақиқий дўсти" эди. Путин узоқ йиллик Германия канцлери Ангела Меркел билан алоҳида муносабатларга эга эди. Канцлер ГДРда ўсган эди, бўлажак Россия президенти эса у ерда бир вақтлар КГБ разведкасида ишлаган.

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
Уруш бошланганидан кейин Польша, Латвия ва бошқа давлатлар Германияни Россия билан ҳатто Москва Ғарб билан қарама-қаршиликка интилаётгани аниқ бўлганда ҳам ҳамкорликни давом эттиришда (масалан, газ соҳасида) айблади.
Нима бўлганда ҳам, 2023 йилга келиб бу ҳамкорлик барбод бўлди - Германия Россия газидан воз кечди, Берлин Россияга қарши урушда Киевнинг асосий иттифоқчиларидан бирига айланди. Лиик муносабатлар таназзулга учраши сабабларидан бири сифатида Россия Ташқи ишлар вазирлигининг хатти-ҳаракатларини кўрсатади: "Россия дипломатлари орасида Ғарбдаги ҳақиқий кайфиятни тушунадиган одамлар бор. Улар Кремлга биз Европадаги энг яхши дўстимизни йўқотишимиз мумкин деб айтишлари керак эди".
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари собиқ ўринбосари Бен Роудс Путин 2010 йиллардаёқ Ташқи ишлар вазирлиги қарашидан фарқли ўзининг дунё ҳақидаги тасаввурини шакллантиргани ҳақида гапиради. Унинг айтишича, Путин ва Обама ўртасидаги сўнгги учрашувлар қандай ўтганини билиш учун инсайдерлар билан мулоқот қилиш шарт эмас - Путин ўзини россиялик аудитория олдидаги чиқишларидагидек тутган.
Мисол учун, Обама билан шахсий суҳбатларда ҳам, кўплаб далилларга қарамай, Путин рус ҳарбийлари Донбассда ҳаракат қилаётганини инкор этишда давом этди. Сўнгги учрашувда у Москванинг АҚШ сайловларига аралашуви ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди.
Дипломатлар ҳам унга тақлид қила бошлади: Америка расмийлари Сергей Лавров қандай қилиб "қаттиқроқ" позицияни эгаллаганини ва баъзида "тиккасига ёлғон" гапиришини ўзаро муҳокама қилишарди.
"Бироқ баъзида Путин қизиқ бир нарсаларни айтарди. Бир гал у Обамага: "Менга нима дейишингиздан қатъи назар, ҳеч нарса мени Қўшма Штатлар мени ағдаришга уринмаётганига ишонтира олмайди", деганини эслайман. Бу сўзлар унинг ҳақиқий психологиясига очилган ойна эди", дейди Бен Роудс.
Роудснинг айтишича, бу вақтга келиб ТИВ ходимлари бутунлай "робот"ларга айланиб улгурган эди: "Улар Путин каби тез бўлмаган бўлиши мумкин. Фақат позицияларни мослаштиришган. Бу вақтга келиб улар деярли ҳеч қандай таъсирга эга эмас эдилар. Улар Путинни қизиқтирмайдиган баъзи масалалар устида ишлаши мумкин эди. Аммо Украина каби масалаларда улар ҳеч нарсани ҳал қила олмасди".
"Уруш - дипломатиянинг давоми"
Трамп маъмуриятининг Оқ уйга келиши Вашингтон билан муносабатларда ҳеч нарсани яхшиламади, 2018 йилда Скрипалларнинг "Новичок" ёрдамида заҳарланишидан сўнг, Россия билан муносабати кескинлашган яна бир давлат Буюк Британия бўлди. Қирқ йиллик тажрибага эга дипломат Андрей Келин 2019 йилда жанжал фонида Лондонга элчи этиб юборилган эди. У бутун умри давомида Ташқи ишлар вазирлигида Ғарб билан ўзаро алоқада бўлган.
Келиннинг Би-би-сига айтишича, у 1989 йилда НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳи дарвозасидан ўтган биринчи совет дипломати бўлган. Бельгияда Келин Ғарб билан алоқалар ўрнатди, масалан, у СССРнинг янги мудофаа доктринасини ишлаб чиқиш вақтида учрашувлар уюштирди. Унда, жумладан, ядро уруши сиёсий мақсадларга эришиш воситаси бўла олмаслиги айтилган.
"Мен кўплаб бошқа [НАТОдаги дипломатлар] билан учрашдим, биз инглизлар билан ажойиб муносабатларга эга эдик, бирга теннис ўйнардик", дейди у.

Сурат манбаси, ILYA DMITRYACHEV/TASS
Ҳозир Келин инглизлар билан теннис ўйнамайди. 2022 йилда дипломат Британия парламентига кириш учун шахсий тақиқ олди. Шу билан бирга, унинг айтишича, Россиянинг Лондондаги элчихонаси деярли газ ва электр энергиясиз қолган, суғурта компаниялари эса элчихона автомобилларини суғурта қилишдан бош тортган.
Инглизлар билан норасмий алоқа энди "очиғи, унчалик эмас", деб тан олади Келин. Аммо кўнглини чўктирмайди: "Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар дунёнинг атиги 15 фоизини ташкил қилади" дейди, Лондондаги Россия дипломатик резиденцияси яқинида мулоқот қилиш мумкин бўлган бошқа кўплаб ваколатхоналар мавжуд - масалан, Ливан ва Саудия Арабистониники.
Ўтган йили Ғарб матбуоти Келиннинг Украинадаги уруш ҳақидаги баёнотларини кўп келтирди. У рус армияси томонидан уюштирилган Буча қирғинини "Ғарбнинг провокацияси" деб атади, Россия "ҳали жиддий ҳеч нарса бошламаган"лигини айтди.
Келиннинг ишончи комилки, элчихоналар ҳам, умуман Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Кремлни хориждаги вазиятдан хабардор қилишдаги муҳим ролини сақлаб қолган. Аксинча деб ўйлайдиганларни у "диван экспертлари" деб атайди: "Мен бу ишда 43 йилдан бери ишлайман ва тизим қандайлигини жуда яхши тушунаман".
У Ғарб билан бузилган муносабатлар учун Москва ва шахсан дипломатларнинг жавобгарлигини кўрмайди: "Бузаётган биз эмасмиз. Киев режими билан муаммоларимиз бор. Бу ерда ҳеч нарса қила олмайсиз." Элчи Россия музокаралар ўрнига ҳарбий йўлни танлаганини муваффақиятсизлик деб ҳисобламайди: "Уруш дипломатиянинг бошқа йўллар билан давом этишидир", дейди Келин.
Би-би-си билан суҳбатда худди шундай фикрни Россияни "катта халқаро муаммоларни ҳал қилишнинг дипломатик усуллари ва воситалари етакчиси" деб атаган Константин Косачев ҳам айтди: "Агар биз бошқача ҳаракат қила бошласак, билингки, дипломатик йўл билан муаммоларни ҳал қилишнинг бошқа имкониятлари қолмаган."
"АҚШ бир ишора билан бу урушни тугата олмайди"
Бир ярим йиллик урушдан кейин ҳам дипломатия уни тўхтатишга ёрдам беради деб умид қилиш мумкинми? Аксарият Би-би-си суҳбатдошлари ҳозир бунинг даргумон эканлигини айтишади.
Ҳатто оптимистлар ҳам Россия, Украина ва Ғарб давлатлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар жуда катта ва ҳатто парда ортидаги музокаралар учун ҳам асос йўқ деб тан олади.
Одатда, дипломатлар ишининг 95 фоизи парда ортида содир бўлади, деб тушунтиради собиқ дипломат Бондарев: "Бу кофе ичиб, норасмий суҳбатлашишлар". Унинг айтишича, урушдан кейин барча бундай алоқалар кескин қисқарган - "гаплашиладиган мавзунинг ўзи йўқ".
Муаммо дипломатларнинг кетма-кет ўзаро ҳайдалиши билан ҳам юзага келган. РБК маълумотларига кўра, 2022 йил январидан бери Россия 337 кишини, Ғарб давлатлари эса 600 дан ортиқ россияликни чиқариб юборган. Бундай алоқаларни ўрнатишга муваффақ бўлганлар чет эллик ҳамкасблари билан норасмий учрашувлар ўтказиши мумкин, деб тушунтиради Бондарев: "Агар янги дипломат келган бўлса ва у америкаликлар билан бирор нарса ҳақида гаплашиши керак бўлса, буни ҳозир амалга ошириб бўлмайди.
Эртами-кечми одам гапиришга мажбур бўлади, дейди RAND таҳлилчиси Сэмюэл Чарап. Унинг тушунтиришича, музокараларга ягона муқобил "мутлақ ғалаба", яъни бир томон иккинчисининг қаршилик кўрсатиш қобилиятини бутунлай синдириб ташлаганда бўлади. Чарапнинг фикрича, ҳозир на Киев, на Москва жанг майдонида бундай ғалабага эриша олади. Агар Украина ёки Россия ҳудудларни қайтариб олиш ёки босиб олиш мумкинлигига ишонса, уруш тўхтамайди: "Охир-оқибат, музокаралар давом этади".

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
Вашингтон назарида эса, урушнинг чўзилиши НАТО ва Россия ўртасидаги тўғридан-тўғри қарама-қаршилик хавфини оширади - ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳам ошади. Чарап Америка учун маъқул вариант томонлар музокара қилиши мумкин бўлган сиёсий келишувдир дейди. Уларни айнан Москва ва Киев ўтказиши керак, дейди Чарап: Гарчи Қўшма Штатлар уларда кафолатлар бериш даражасида қатнашиши мумкин бўлса ҳам, улар урушни "бармоғини бир силкитиб" тўхтата олмайди.
Унинг айтишича, Путин жаҳон саҳнасида шу қадар ноқулай ўйинчига айландики, у билан кимдир гаплашадими ўзи ёки унинг ўзи келишувда иштирок этишни хоҳлайдими - номаълум. Чарапнинг тан олишича, ҳозир музокаралар ўтказиш имконияти йўқ ҳисоби.
Россия президенти сўнгги пайтларда ҳатто Россия иттифоқчи деб ҳисоблаган давлатлар билан, масалан, МДҲ давлатлари ёки Африка давлатлари билан ҳам муносабатларда муаммоларга дуч келди. Ҳатто расмий даражада Украинага нисбатан бетараф позицияни сақлаб келаётган Жанубий Африка ҳам Россия раҳбаридан Гаагадаги Халқаро Жиноят суди ордери туфайли августда БРИКС саммитига келмасликни сўради. Рим статутини ратификация қилган давлатлар Путин ўз ҳудудига қадам қўйиши биланоқ уни ҳибсга олишлари керак бўлади, Жанубий Африка ҳам шундай давлатлардан биридир. Россия номидан саммитда Лавров қатнашади.
Россия ва Украина урушни фақат бир марта, 2022 йил баҳорида музокаралар йўли билан тўхтатишга уринган. Путинни мулоқотга ТИВ эмас, балки олигарх Роман Абрамович кўндирган, деб ёзади Financial Times. Би-би-си бу музокараларга нима бўлгани ҳақида кўп марта ҳикоя қилган. Бу музокараларнинг салбий натижа билан тугашига рус армияси босқиндан кейин (масалан, Бучада) содир этган ҳарбий жиноятлар ва Россия имиджига берилган нозик зарбалар, масалан, Москва крейсерининг чўкиши таъсир кўрсатди.
Умуман олганда, Москвада ҳам, Киевда ҳам, оммавий баёнотларда мамлакатлар келажаги жанг майдонида белгиланишини айтишди, яъни улар мутлақ ғалабага умид қилишмоқда.
Украина расмийлари Россия, сўнгги йилларда тез-тез содир бўлганидек, яна муроса ўрнига ультиматумлар таклиф қилаётганидан шикоят қилмоқда, масалан, Украинадан босиб олинган ҳудудлар аннекциясини тан олишни талаб қилмоқда. Киев бу форматда "музокара" олиб бормоқчи эмас ва Ғарб иттифоқчилари бу қарорда уни очиқ қўллаб-қувватламоқда.
Украина президентининг ўзи кузда Путин билан ҳар қандай музокараларни қонун билан тақиқлаган эди. Бу Украинанинг қисман босиб олинган тўртта вилоятининг Россияга расман қўшиб олинишига жавоб бўлди. Кейин Зеленский Россия раҳбари билан "суҳбатлашишдан манфаатдор эмаслигини" яна бир неча бор такрорларди. Путин бунга "улар истамаяпти, керак ҳам эмас" деб жавоб берди.
"Агар болға бўлсанг, ҳар қандай муаммо - михдир"
Ҳозир, 2023 йил августида, Россиянинг ўзи дипломатик усулларга қайтишга қарор қилишига ишонишга ҳожат йўқ. Александр Габуевнинг ишончи комилки, Кремль ташқи сиёсатда ўз улушини учта восита: ҳарбий, махсус хизматлар ва геоиқтисод (яъни энергия ресурслари савдоси) орқали амалга оширган ва шунда давом этмоқда. Экспертнинг фикрича, Путин анъанавий дипломатияни эмас, айнан ана шу усулларни энг самарали деб ҳисоблайди, биринчи навбатда, улар узоқ вақт иш бергани учун.
"Улар Қримни эгаллаб олишди, ҳеч кимни ўлдиришмади, Сурияга киришди ва ҳоказо. Ҳарбийлар муаммоларни қандай ҳал қилишни билишларини айтишди. Шунга кўра, агар шундай бўлса, агар сиз болға бўлсангиз, унда ҳар бир муаммо михдир. Агар сиз қўлингизда энг самарали қурол бор деб ўйласангиз, ундан максимал даражада фойдалана бошлайсиз", дея тушунтиради Габуев.
Путин ҳали ҳам алоқа каналлари заруратини тушунади, бироқ у фикр алмашиш учун дипломатлардан фойдаланишни тўхтатди, дейди Бен Роудс. "Энди бу эски мактаб, жосуслар жосуслар билан, ҳарбийлар билан ҳарбийлар. Улар энди муаммоларни ҳал қиладиган дипломат эмас, шунчаки хабар узатувчилар. Менимча, Путин шундай дунёда яшашни хоҳлайди".
Сўнгги ойларда Украинадаги уруш Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат департаменти раҳбарияти ўртасида эмас, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бернс ўртасида муҳокама қилинган. Хавфсизлик кучлари маҳбусларни алмашиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, турли даражада муваффақиятга ҳам эришди. Мудофаа вазирлиги Украина билан Туркия ва БМТ воситачилигида тузилган "ғалла битими"ни тузишда иштирок этди. Шунингдек, у Украина билан маҳбусларни алмашиш билан шуғулланади - яна ким денг, Роман Абрамович каби хусусий шахслар воситачилигида.
Ғарб билан муваффақиятсизликка учраган рус дипломатлари бошқа соҳаларда - Яқин Шарқ ва Осиёда, айниқса, Хитойда ўз истеъдодларини кўрсатишга уринади, деб тахмин қилиш мумкин.
"Буни амалга оширадиган дипломатлар ҳақиқатан ҳам кўпроқ ресурсларга, кўпроқ имкониятларга эга, улар кўпроқ ишлайди ва кўпроқ аҳамиятлидир. Аммо бу шунчаки бутун кеманинг ўша томонга бурилиши натижасидир, - деб тушунтиради Россия-Хитой муносабатлари бўйича эксперт Габуев. - Ҳамма нарса фақат савдо, санкцияларни четлаб ўтиш ва бошқалар билан боғлиқ - шартномалар кам."
Нега дипломатлар бундай шароитда ТИВни тарк этмайди? "Бу ўтирган барча йигитларнинг бахтсизлиги. 10-20 йил ўтирганингизда, барча ҳаётий кўникмаларингиз ўтмаслашади. Сиз учун бошқа ҳаёт йўқ, - дейди бир вақтлар Кремлда ишлаган Би-би-си суҳбатдоши, нафақат дипломатлар, балки Путин Россиясидаги барча амалдорлар ҳақида.
У бир неча ой олдин Сергей Лавровни кўрганини эслайди: "Чарчаган одам. Бир оз тебраниб юрибди. Уруш унинг иши эмас ва унинг борадиган жойи йўқ. Пенсиядан бошқа яна қаерга кетиши мумкин у? Шу, ўтиради, курсисини қўриқлаб".
"Бу одамлар етарлича ақлли, лекин уларда бирор нарса қилиш учун жасорат етишмайди. Улар фақат бу лавозимларда узоқ ишлашади. Улар яшовчан одамлар. Путинизм давридаги аппаратчилар", дейди Бен Роудс рус дипломатларини тавсифлаб.
Ташқи ишлар вазирлигини тарк этган кам сонли амалдорлардан бири Борис Бондаревнинг Би-би-сига тан олишича, унинг ўзи ҳам яққол таназзул фонида узоқ вақт дипломатик хизматни тарк этишни истамаган.
"Мен ўзимни жуда принципиал одамман, деб айтмаяпман. Ташқи ишлар вазирлигидан 2014 йилда кетган ҳамкасбларимиз бор эди. Лавровнинг бир севимли таржимони бор эди, гўё у деярли кўз ёшлари билан ундан қолишни сўраганди, лекин у "йўқ, қола олмайман" деди. "Агар уруш бўлмаганида, мен ҳам ўтириб чидаган бўлардим. Иш кўринишдан ёмон эмас. Ўтирасиз, азоб чекасиз, кечқурун ишдан чиқасиз, Женева эса гўзал шаҳар. Қандайдир компенсация. Кўпчилик шундай деб ўйлайди".
Унинг асосий дипломатик муваффақияти ҳақида сўралганда, у шундай жавоб беради: "Мен ишдан бўшаганман. Бу, эҳтимол, ҳаётим давомида қабул қилган ягона инсоний қарорим".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














