Янгиликлар, ISW: Путиннинг дрон ҳужумларига жавоб имконияти кам - Видео Dunyo, Ukraina

Сурат манбаси, EPA
Урушни ўрганиш институти ISW ёзишича, Россиянинг пойтахт Москвагача етиб бораётган дрон ҳужумларига жавоб қайтариш имконияти кам, шунинг учун ҳам Президент Путин бу нарсанинг аҳамиятини камайтириб кўрсатишни хоҳламоқда.
31 май куни АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ўзининг янги ҳисоботини эълон қилди, бу ҳисоботни бир кун олдинги Россия пойтахтига дрон ҳужумлари ва бу ҳужумларга Россия раҳбариятининг муносабатига бағишлади.
Россия Президенти Владимир Путин Москва шаҳрига дрон ҳужумларини Украинанинг қасос амали деб атади: гўёки «икки-уч кун олдин» Россия Киевдаги Украина ҳарбий разведкаси бош қароргоҳига зарба берган, Украина эса бу ҳужумга жавобан дрон ҳужумларини амалга оширган.

Сурат манбаси, .
ISW Киевдаги ҳарбий разведка штаб-квартирасига ҳужум ҳақида ҳатто Россия Мудофаа вазирлиги хабар тарқатмаганига эътибор қаратади.
Бундай зарба бўлганининг мустақил тасдиғи ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалгани йўқ.
Лекин бу ҳақда Путиннинг ўзининг гап очгани Россия қандайдир янги ҳаракатлар бошлаганидан эмас, юзага келган воқеликка нисбатан жавоб ҳаракатлар қилишга мажбур бўлаётганининг аломати, деб ҳисоблашади Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари.
Украинанинг ҳақиқий ёки содир этди деб айтилган ҳаракатларига Путин мунтазам равишда ракета ва дронлар ҳужумлари билан жавоб қайтараяпти, афтидан, бу нарса армиясининг жанг майдонида салмоқли ғалабани қўлга киритишга қодир эмаслигидан қилинмоқда.
ISW таҳлилчилари фикрича, "Украина ҳаракатларига ўзининг жавоб ҳаракатлари имкониятлари чекланганидан Путин Москвага дрон ҳужумлари аҳамиятини пасайтиришни" хоҳламоқда.
Украина Москвага дрон ҳужумларига алоқадорлигини рад этмоқда.
Москва осмонида кўринган ва уриб туширилган дронлар қандай дронлар эканини таҳлил қилишга кўпчилик ҳаракат қилмоқда.
Қандай қилиб Украина ҳудудидан учирилган дронлар Москвагача етиб борди, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими нега уларни йўлда уриб туширмади, деган саволлар ўртага чиққан.
30 май
Россия расмийлари хабар қилишларича, 30 май куни эрталаб Москва шаҳри ва вилояти дрон ҳужумлари кузатилган.
Эрталаб Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ва Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев дрон ҳужумлари ҳақида хабар бердилар, маҳаллий яшовчиларни хотиржам бўлишга чақирдилар.
Гувоҳларга кўра, Москва шаҳрининг жануби-ғарбий қисмидаги кўп қаватли уйларга дронлар бориб урилган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Путиннинг ракета ва дронлари кутилган натижа бермаяптими?
- Украинадаги ўзбек аскар: Бу уруш ҳам, ғалаба ҳам ҳаммамизники - янгиликлар
- Россия ўз чегара ҳудудида қуролли гуруҳни тўхтатишга уриняпти – Янгиликлар Video
- Ўзбекистон: Тошкентда соҳиби йўқ хонадон балконидаги Украина байроғи олиб ташланди - янгиликлар, видео
Москва вилояти ҳокими эса Москва шаҳрига қараб учиб бораётган дронлар уриб туширилгани, ракета ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушгани ҳақида ёзди Телеграм-каналида.
Россия Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Россия пойтахти саккизта дрон билан ҳужумга тутилган.
Баъзи Телеграм-каналлар эса 25 та дрон ҳужуми рўй бергани ҳақида ёздилар.
Москва шаҳридаги биноларга кичик шикаст етгани хабар қилинди.
Москвага ҳужум Украина пойтахтига учинчи тун дрон ҳужумлари уюштирилган вақтга тўғри келди.
Душанбадан сешанбага ўтар кечаси Киев камида 20 дрон билан ҳужумга тутилган.
Бундан олдин ҳам Россия расмийлари Москвага яқин ҳудудларда дронлар аниқланганини хабар қилишган, Украинани дрон ҳужумида айблашган.
3 май тунида Кремлнинг гумбазига икки дрон бориб урилган эди.
Москвада нима бўлди?

Сурат манбаси, Reuters
Россия Украинага янги айбловлар билан чиқди.
Украинани Москвани эрта тонгда дрон ҳужумига тутишда айблади.
Россия Мудофаа вазирлигининг иддао қилишича, бу "террорчилик ҳужуми" бўлган.
Киев Москвага қарши саккизта дронини ишга солган.
Россия томонига кўра, ҳужум оқибатида шаҳардаги бир неча бинога бироз зиён етган.
Москва шаҳар мэри эса, ҳеч кимга жиддий жароҳат етмаганини айтиб чиққан.
Сергей Собяниннинг маълум қилишича, зарба еган сатҳларга фавқулодда хизмат ходимлари сафарбар этилишган.
Россия Мудофаа вазирлиги барча дронлар уриб туширилганини иддао қилаётир.
Дастлаб бўй кўрсатган хабарларда дронлар сони 30 та экани ҳам айтилган.
Украинанинг ишими?

Сурат манбаси, Reuters
Расмий Киев Россия томонининг бу даъволарига ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.
Аммо душанба куни Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Россиянинг Киевга қарши ҳужумларига жавоблари тезкор бўлиши билан огоҳлантиргани ҳам бор гап.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасвирларда Москва осмонига тутун ўрлаётгани, айрим бинолар ойналари тўкилиб тушганини кўриш мумкин.
Москва мэрининг айтишича, дрон ҳужумлари сабаб, хавфсиз ерга кўчирилганлар ҳам бор.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Киевга қарши уюштирилган навбатдаги дрон ҳужуми ортидан кузатилган.
Россия кетма-кет учинчи тун Украина пойтахтига зарба берган, шу ой ҳисобидан ўзининг 17-ҳужумини уюштирган.
Россиянинг сўнгги ҳужуми камида бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва яна бир қанчасини яралагани айтилмоқда.
Украина томонига кўра, Россиянинг йигирмадан ортиқ дронини уриб туширишган, уларнинг қолдиқлари тушиб, бир қанча бинога ўт ҳам кетган.
Россия ҳарбийлари сўнгги ҳужумларида кўзда тутган барча нишонларга аниқ зарба берганликларини иддао қилишаётир.
Аммо уруш шароитида ҳеч бир томоннинг даъволарини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз.
Украина урушига бир йилдан ошди, Россия бу вақт оралиғида Украинага камикадзе дронлари баробарида қанотли ва баллистик ракеталари билан ҳам зарба бериб келади.
Таҳлилчиларга кўра, Москва узоқ кутилаётган қарши ҳужумлари олдидан Украинанинг ҳаводан мудофаа тизимини заифлаштириш ва ишдан чиқаришни мақсад қилган.
Украина эса, жорий пайтда Ғарбнинг энг замонавий русумдаги ҳаводан мудофаа тизимларига ҳам эга.
Россиянинг устма-уст ҳаво ҳужумлари манзарасида Украина президенти АҚШ ўзларига берган "Patriot"ни мақтаган ҳам.
Расмий Москва сўнгги бор шу ой бошида Украинани Кремлга қарши дрон ҳужуми уюштирганликда айблаган.
Россия томони ҳужум расмий Киевнинг буйруғи билан қилинганини иддао этган.
Аммо Украина президенти бунда ўзларининг бирор бир иштироклари йўқлигини айтиб чиққанди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















