Янгиликлар: Путиннинг ракета ва дронлари кутилган натижа бермаяптими? Dunyo, Ukraina

kyiv

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Жеймс Ландейл, Киев ва Лаура Гоззи, Лондон
    • Role, BBC News

Ҳарбийларнинг айтишича, сўнгги ҳужумларда ракеталар ишлатилган. Уларнинг барчаси уриб туширилган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Шаҳар мэри Виталий Кличко аҳолини бомбапаноҳларга киришга чақирди ва вайроналар бўлишидан огоҳлантирди.

Россия бу ой Киевга 16 та ҳаво ҳужуми уюштирган.

Душанба кунги зарбалар икки жиҳати билан ноодатий. Биринчидан у кундуз куни берилган, иккинчидан шаҳар маркази нишонга олинган.

Май ойида пойтахтга берилган зарбаларнинг барчаси тунда амалга оширилган ва улар муҳим миллий инфраструктуралар ва ҳаво мудофаа тизимига қаратилган эди.

Россия ҳужумларидан кейинги манзара

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия бу сафар кундуз куни ҳам ҳужумга тутди.

Бу сафарги ҳужумлар Киев аҳолиси учун катта хавф туғдирган, чунки кўпчилик ташқарига чиққан ва ишга бориш учун кўчаларда бўлган.

Украина ҳарбий ҳаво кучлари воизи Юрий Игнатнинг айтишича, сўнгги ҳужумларда Искандар баллистик ракеталари ишлатилган ва шунингдек, S-300 ҳамда S-400 ракетларилари ҳам отилган бўлиши мумкин.

Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар ишга тушган.

yulduz

Киевдаги маҳаллий ҳарбий қўмондонлар Россияни ўз тактикасини ўзгартириб, атайин тинч фуқароларни нишонга олишда айблаган. Афтидан Москва ҳар қандай қарши ҳужум олдидан Украинага босимни кучайтиришни истаётган кўринади.

Kiyev aholisi

Сурат манбаси, AFP

Украина Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Олександр Шербанинг Би-би-сига айтишича, сўнгги кунлар Киев аҳолиси учун ўта қийин кечган.

"Деярли ҳар куни осмон "Юлдузлар жанги"нинг навбатдаги эпизодига ўхшаб кўриняпти ва товуш чиқаряпти. Лекин биз Россия ракеталари шаҳар ичида нишонларига тегаётганини ҳис қилмадик. Буларнинг барчаси бизга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини берган дунёдаги яхши одамлар ва яхши давлатлар туфайли бўляпти", дейди у.

Шербанинг айтишича, пойтахтда яшаш ҳозир бир меъёрда кетмаяпти ва дрон ҳужумлари ва уйқусиз тунлар шаҳарликларнинг ажралмас қисмига айланган.

Якшанба куни Киев уруш бошланган бери энг йирик дрон ҳужумига тутилганидан сўнг Президент Зеленский мамлакат ҳаво мудофаа тизимини мақтаган.

Ҳарбий қўмондонлар Россия томонидан учирилган камикадзе дронларнинг барчаси уриб туширилганини айтганидан сўнг президент "Сизлар қаҳрамонсизлар", деган.

2022 йилнинг феврал ойида кенг кўламли урушни бошлаган Россия сўнгги вақтларда дронлар билан бирга бир қатор қанотли ва баллистик ракеталарни учирмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Москва узоқ кутилган қарши ҳужум олдидан Украина ҳаво мудофаа тизимини йўқ қилиб, зарар бермоқчи.

Шанба куни Украина юқори лавозимли мулозимларидан бири Би-би-сига мамлакат бундай амалиётни бошлашга тайёр эканлигини айтди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мулофаа кенгаши котиби Оликсей Даниловга кўра, Владимир Путин босиб олган ҳудудларни қайтариб олиш учун ҳужум "эртага, индин ёки бир ҳафта ичида бошланиши мумкин".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002