Ўзбекистон: Тошкентда соҳиби йўқ хонадон балконидаги Украина байроғи олиб ташланди - янгиликлар, видео

Сурат манбаси, Courtesy
24 май куни кечга томон Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадон балконига илинган Украина байроғи махсус кран орқали олиб ташланган. Хонадон соҳиби воқеадан бир неча соат аввал туман ички ишлар бўлимидан қўнғироқ бўлганини айтади.
Маълумотга кўра, ҳолат Мирзо Улуғбек туманидаги "Новомосковская" турар-жой комплексида чоршанба куни соат 18.00 атрофида юз берган.
Би-би-сига юборилган сурат ва видеоларда фуқаролик кийимидаги бир неча шахслар махсус кўтарма кранда уйнинг 8-қаватида жойлашган хонадон балконига чиқиб, Украина байроғини олиб тушаётгани кўринади.
Суратлардан бирида уларнинг ишини кучишлатар тизим формасидаги ходим пастдан кузатиб турганини кўриш мумкин.
Хонадон соҳиби Режеп Латипов Би-би-си билан суҳбатда воқеа юз берган пайт уйда ҳеч ким бўлмагани, ўзи турмуш ўртоғи билан Туркияда экани ҳақида гапирди.
Унинг таъкидлашича, байроқ олиб ташланишидан уч соатча аввал ўзини Мирзо Улуғбек туман ИИБ ходими деб таништирган шахсдан қўнғироқ бўлган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
"Адашмасам, ўзини жиноят-қидирув бўлимидан Мурод деб таништирди. Шу уй менга тегишли экани ҳақида сўради. Яна ўзингиз ё рафиқангиз Украина фуқароси эмасми, деган савол берди. Мен йўқ, дедим. Кейин нега балконимда Украина байроғи тургани сабабини суриштирди".
Латипов ўзаро суҳбатда мазкур шахсга байроқ хонадони балкони ичида - ўз шахсий мулки ҳудудида турганини билдирганини айтади.

"У ўзимнинг, рафиқамнинг туғилган йилига оид бир неча шахсий саволлардан сўнг байроқ олиб ташланишини таъкидлади. Мен ҳеч бўлмаса, Телеграм орқали нега байроқ олиб ташланиши ҳақида ёзма изоҳ беришларини сўрадим, асоссиз олиб ташлай олмасликларини айтдим. Ходим келсангиз тушунтирамиз, бизда олиб ташлашга топшириқ бор, деди", ўзаро суҳбат тафсилотларини келтиради Латипов.
51 яшар Латипов байроқ ҳақида ички ишларга ким ва нима сабабдан хабар бергани ўзи учун қоронғи эканини қўшимча қилади.
"Очиғи, байроқни айнан ким олиб ташлаганини билмайман. Билганим - бу қўшнилар юборган хабар, суратлар, видеолар. Улар милицияга байроқ ўтган йилдан бери ўша жойда тургани, ўзлари томонидан бирор қаршилик ёки саволлар бўлмаганини айтишибди".
Латиповнинг сўзларига кўра, у Украинанинг Черновцы шаҳрида туғилган, аммо доимий Ўзбекистонда яшаб, ишлаб келади.
У нафақат Украинада дунёга келгани, балки Россия очган урушга жиддий қарши бўлгани учун ҳам Украина байроғини хонадонида сақлаганини айтади.
"Байроқни Киевдаги дўстларим совға қилишган. Уларга қўлловимни кўрсатиш учун ҳам байроқни уйимда сақлаганман. Қайта-қайта такрорлашим лозим, байроқ шунчаки балконда турган эди, кўчага чиқариб илиб қўйилмаганди.
У ўтган йилнинг март ойидан бери бир жойда турарди. Шу пайтгача ТСЧЖ ёки бошқа жойдан бирор савол бўлмаганди", қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Courtesy
Латипов Украинада кўп бор бўлгани, у ерда кўплаб дўстлари борлиги, бир вақтнинг ўзида эса, россияликларга нисбатан ҳам дўстона муносабатда эканини таъкидлайди.
"Пандемия ва урушга қадар Украинада кўп бўлганман. Украин тилини билмасамда, одамлар билан мулоқотда бирор муаммога учрамаганман. Россияда ҳам дўстларим кўп. Менда Россия фуқароларига нисбатан ҳеч қандай адоват, нафрат мавжуд эмас. Мен фақат уруш ва у келтираётган кулфатдан нафратланаман.
Менинг позициям аниқ - мен урушга қаршиман ва бу урушда Украинани қўллайман", таъкидлайди у.
"Украинани қўллаб-қувватлаш гуруҳи"

Сурат манбаси, Courtesy
Мирзо Улуғбек туманида 24 май куни юз берган воқеа тўғрисидаги хабар биринчилардан "Украинани қўллаб-қувватлаш гуруҳи"га юборилган.
Гуруҳ асосчиси, мустақил таҳлилчи Анвар Назир Би-би-сига байроқни олиб ташлаш ноқонуний хатти-ҳаракат бўлгани ҳақида гапирди.
"Хусусий мулкка бостириб кирилган. Уй эгаси бўлмаган, уйда ёнғин чиқмаган ёки жиноят содир бўлмаган. Биласизми, ўтган йили тепадаги қўшним сув бостириб юборганда, уч кун пойлаганман. Уйнинг эгаси йўқ экан, эшикни бузиб киролмаймиз, дейишганди".
Ўзи асос солган гуруҳ Украинани қўллаб-қувватлаган ўзбекистонликларнинг босим ва тазйиқларга учраш ҳолатларини қайд қилиб боришини айтган Анвар Назир мамлакатда Украина байроғига нисбатан тақиқловчи қонун мавжуд эмаслигини эсга олади.
"Айримлар Сталин, Путин тарафдори эканини очиқ айтяпти. Қизил байроқлар кўтарилади, ҳатто ўзбек мактабларида Россия байроғи кўтарилди. Ҳеч ким чора кўрмаяптику? Ҳа, бу демократия, бизнинг ҳаққимиз бор, дейиши мумкин. Унда Украина байроғи қайси қонунда тақиқланган?»
Анвар Назир охирги вақтдаги ўз кузатувларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда "рус миллатчилари гуруҳи» пайдо бўлган ва улар Украинани дастаклаган фуқаролар устидан шикоят ёзиш билан шуғулланмоқда, деган фикрда эканини билдиради.
"Ички ишлар ходимлари кўпинча бу шикоятларни текшириб ҳам ўтирмай, одамларни чақириб, босим қилмоқда. Бу бўлган нарса. Ўз уйимизда меҳмонга ўхшаб, гапиролмай қолдик", таъкидлайди жамоатчи фаол.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













