Чодир йўқ, ёрдам йўқ, ҳеч нима йўқ - Дунё Сурияни унутдими? Зилзила Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Чодирлар Сурия Туркия чегарасидаги деворга шу қадар яқин жойлаганги, унга деярли тегиб туради.
Бу ерда яшаётган одамлар ўн йилдан ортиқ давом этаётган фуқаролар уруши сабабли ўз уй жойларини ташлаб кетганлар ҳам, зилзиладан омон қолганлар ҳам бўлиши мумкин. Сурияда фожиалар бир бирига уланиб кетади.
Чегараларни тан олмайдиган зилзила ҳар икки мамлакатга фалокат келтирди. Аммо халқаро ёрдам текширув нуқталаридан ўта олмаяпти. Жанубий Туркияда кранлар, фельдшерлар ва итлар ёрдамида минглаб қутқарувчилар кўчаларни тўлдириб, тирик қолганларни изламоқда. Аммо Суриянинг мухолифат назоратидаги ҳудудида бундай амалиётлар кузатилмади.
Мен Туркиянинг Антакя шаҳрида тўрт кун бўлганимдан сўнг чегарани кесиб ўтдим, бу ерда ёрдам амалиётлари шовқини ҳаммаёқни тўлдирган: тез ёрдам сиреналари тун бўйи тинмайди, ўнлаб бульдозерлар 24 соат бўкириб ишлайди. Суриянинг Идлиб вилоятидаги Бсания қишлоғидаги зайтунзорлар орасида эса сукунат ҳукм сурмоқда.
Бу чегара ҳудудидаги уйлар яқинда қурилган. Ҳозир 100 дан ортиғи ғойиб бўлди, улар бир уюм тош тупроққа айланган, дала устида арвоҳдек оқ чанг тарқалган. Қишлоқнинг бўр харобалари орасидан ўтаётиб, харобалар орасида бўшлиқни кўраман. Ичкарида, пушти кошинлар билан безатилган ҳаммом мукаммал сақланиб қолган.
Зилзила Абу Аланинг уйини вайрон қилиб, унинг икки фарзанди ҳаётига зомин бўлди.

"Ётоқхона у ерда, бу менинг уйим, - дейди у вайроналар уюмига ишора қилиб. - Хотиним, қизим ва мен шу ерда ухлардик. 15 ёшли қизим Вала хонанинг четида айвон олдида ётган экан. Бульдозер билан устини очиб, жасадини чиқардик, сўнг дафн қилдим".
Зулматда зилзила тоғ ёнбағирини силкитаркан, эр хотин зайтун дарахтларини маҳкам ушлаб олган эди.
Мухолифат назорати остидаги ҳудудларда фаолият юритувчи "Оқ дубулғалилар" номи билан ҳам танилган Сурия фуқаролик мудофаа кучлари қўлларидан келганча одамларни қутқаришга уринмоқда. Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган қутқарувчиларда замонавий қутқарув ускуналари йўқ.
Абу Ала бедарак йўқолган 13 ёшли ўғли Алани қидирганини айтиб берди. "Эртаси куни кечгача қазишни давом эттирдик. Аллоҳ рози булсин бу инсонлардан. Улар менинг ўғлимни қазиб олиш учун қаттиқ меҳнат қилишди».
У ўғлини қизининг ёнига дафн қилди.
Бсаниялар кўп эмасди - Туркия томонга қараган айвонли замонавий турар-жой бинолари. Абу Ала уни яхши жой эди дейди. "Қўшниларимиз яхши одамлар эди. Улар ҳам аллақачон ўлган."
Диндор бўлган бу одам ҳозир боридан маҳрум. «Мен нима қиламан? - деб сўрайди у. - На чодирлар, на ёрдам бор, ҳеч нарса. Худонинг иноятидан бўлак ҳеч нарса олганимиз йўқ. Кўча кезиб юримман".
Кетишимиз билан у мендан чодир борми, деб сўрайди. Аммо бизда унга берадиган ҳеч нарса йўқ.

Мен тирик қолганларни қидиришяпти деган хаёлда Оқ дубулғалилар билан учрашдим. Лекин жуда кеч. Исмоил ал-Абдуллоҳ бу саъй-ҳаракатлардан ва, ўзининг айтишича, дунёнинг Сурия халқига эътиборсизлигидан чарчаган. Унинг айтишича, халқаро ҳамжамиятнинг қўли қон.
"Биз 120 соатдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин омон қолганларни қидиришни тўхтатдик, - дейди у. - Биз халқимизни қутқариш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик, аммо уддасидан чиқа олмадик. Бизни ҳеч ким эшитмади.»
"Биринчи соатданоқ биз шошилинч чоралар кўришга, тезкор ёрдамга чақирдик. Ҳеч ким жавоб бермади. Улар шунчаки: "Биз сиз биланмиз", дейишади, бошқа ҳеч нима. Биз ускуналар кераклигини айтдик.»
Бир неча испан шифокорларидан ташқари Суриянинг бу қисмига халқаро ёрдам гуруҳи етиб бормаган. Бу Башар ал-Ассад ҳукмронлигига қаршилик анклавидир. Туркия ҳимоясида бу ҳудуд Ҳаят Таҳрир аш-Шом назорати остида. Бир пайтлар бу исломий гуруҳ Ал-Қоида билан алоқадор бўлган. Гуруҳ бу алоқаларни узган, аммо деярли барча ҳукуматлар улар билан алоқа қилмайди. Сурияда бўлганимизда тасвирга олишимизни истамаган қуролланган одамлар бизга ҳамроҳ бўлишди.
Сурияда ўн йилдан ортиқ давом этиб келаётган фуқаролар уруши мобайнида бу ҳудудда яшовчи 1,7 миллион аҳоли президент Асад бошқарувига қаршиликни давом эттирди. Улар муваққат лагерларда ва янги қурилган бошпаналарда яшайдилар. Уларнинг аксарияти бир неча марта кўчирилган, шунинг учун бу ерда ҳаёт зилзиладан олдин ҳам жуда оғир эди.
Суриянинг бу қисмига етиб келган халқаро ёрдам жуда оз. Зилзилада жабрланганларнинг кўпчилиги Сурия Америка Тиббиёт Жамияти томонидан қўллаб-қувватланадиган Баб ал-Ҳава касалхонасига етказилди. Умумий жарроҳ доктор Фаруқ ал-Умарнинг айтишича, улар шундан сўнг бир вақтда 350 нафар беморни даволашига тўғри келган ва уларнинг барчасига фақат битта ультратовуш аппарати ишлатилган.
Ундан халқаро ёрдам ҳақида сўрасам, бош чайқаб, кулади. "Энди бу ҳақда гапира олмаймиз. Бу ҳақда кўп гапирдик. Бари беҳуда. Одатий ҳолларда ҳам бизда тиббий ходимлар етарли эмас. Зилзиладан кейин аҳвол қандай бўлишини тасаввур қилинг", дейди у.
Йўлак охиридаги инкубаторда чақалоқ ётибди. Унинг боши кўкарган ва боғлаб қўйилган, ўзи нафас олдириш аппаратига уланган. Шифокорлар унинг ёшини аниқ билишмайди, тахминан уч ойлик деб ўйлашади. Унинг ота-онаси зилзилада ўлган, қўшниси уни уйининг харобаларида қоронғуда йиғлаган овозидан билиб қолган.
Сурияликлар кўп марта ташлаб кетилган ва менга эътиборсизликка ўрганиб қолганликларини айтишади. Аммо барибир ҳозир яна ёрдам келмаётганидан ғазаб бор.
Ҳарам шаҳрида Фадел Гадаб холаси ва амакиваччасидан айрилган.
"Қандай қилиб БМТ атиги 14 та юк машинаси ёрдам юбориши мумкин? - деб сўрайди у. - Биз ҳеч нарса олмадик. Одамлар кўчада."
Сурияга кеч бўлса ҳам кўпроқ ёрдам етиб келди, лекин жуда кўп эмас.
Ҳарамда халқаро қутқарув гуруҳлари йўқлиги сабабли, болалар вайроналарни тозалашади. Эркак ва икки бола автомобиль домкратидан фойдаланиб, қулаган бино қолдиқларини кўтаряпти. Сурияда ҳаёт арзонроқ эмас, балки хавфлироқ.
Кун қораймоқда, мен кетишим керак. Мен Туркияга чегарани кесиб ўтаман ва тез ёрдам машиналарини, қурилиш техникаларини, миллий ва халқаро ёрдам оқиб келаётганини кўраман.
Телефонимга туркиялик қутқарувчидан хабар келди, унинг жамоаси қулаган уйи остида 132 соат қолган аёлни тирик топди. Ортимда Сурияда эса зулмат тушиши билан фақат сукунат бошланади.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














