Туркия: Она ва чақалоғи вайрона тагида қандай тирик қолишди? Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

- Author, Алис Кадди
- Role, Самандағ, Туркия
Туркия ва Сурияда юз берган ва минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ҳалокатли зилзиладан ҳам бир ҳафта ўтди. Аммо умидсизлик ўртасида «мўъжизалар» ҳам рўй берди. Мана улардан бири.
Нежла Жамуз 27 январь куни иккинчи ўғлини дунёга келтиргач, унга Яғиз, яъни «жасур» деб исм қўйди.
Орадан атиги 10 кун ўтиб, маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Нежла Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятидаги уйида ўғлини эмизаётганди. Бир неча дақиқада улар вайроналар остида қолди.
Нежла ва унинг оиласи Самандағ шаҳридаги замонавий беш қаватли бинонинг иккинчи қаватида яшар эди. "Чиройли бино" эди, дейди у. У ўзини бу уйда хавфсиз ҳис қиларди.
Ўша куни эрталаб зилзила бўлиб, бинолар вайрон бўлиб кетишини билмас эди.
"Зилзила бошланганда, қўшни хонадаги эримнинг олдига бормоқчи эдим ва у менинг олдимга келмоқчи бўлган", дейди у.
"Аммо у бошқа ўғлимиз билан мен томон келаётганда, шкаф уларнинг устига қулади ва улар қимирлай олишмади.
Зилзила кучайиши билан девор ҳам қулади, хона ларзага келди. Тўхтагач, бир қават пастга тушиб кетганимни сезмай қолдим. Мен уларни чақирдим, лекин жавоб бўлмади. "
33 ёшли аёл кўзини очганда чақалоқ унинг кўксида ётар, қўлларидан ушлаб олганди. Унинг ёнида ағанаган шкаф уларнинг ҳаётини сақлаб қолди - катта бетон бўлагини тутиб қолганди.
Она ва бола деярли тўрт кун давомида шу ҳолатда қолди.
Биринчи кун
Вайроналар остида пижама билан ётган Нежла туйнукдан тушаётган ёруғликдан бошқа нарсани кўрмасди. У нима бўлаётганини тушуниш учун бошқа сезгиларга таяниши керак эди.
Яғизнинг нафас олаётганини дарҳол англади.
Аввалига чанг унинг нафас олишини қийинлаштирди, бироқ бу тез орада пасайди. У вайроналар таги анча иссиқ эди.
Остида болалар ўйинчоқлари борлигини сезди, лекин уларни олиш учун ўгирила олмади.
Шкаф, янги туғилган ўғлининг майин териси ва устиларидаги кийимлардан ташқари ҳеч нимани сезмасди, қолгани бетон ва чанг эди.
У узоқдан овозларни эшитарди, ёрдам чақириб, шкафни тақиллатишга ҳаракат қилди.
"У ерда кимдир борми? Кимдир мени эшитяптими?» деб чақирарди у.
Бу иш бермагач, ёнидаги майда бўлакларни шкафга урди. У босиб қолиши мумкин деб, устидаги юзага уришдан қўрқарди.
Бироқ ҳеч ким жавоб бермади.
Нежланинг хаёлига ҳеч ким келмаса чи деган ўй келди.
«Жуда қўрқиб кетдим».
Вайрона тагидаги ҳаёт
Вайроналар остидаги зулматда Нежла вақтни ҳис қилмай қўйганди.
Ҳаёт бундай бўлиши керак эмас эди.
"Янги фарзандли бўлганингизда, кўп нарсаларни режалаштирасиз ва кейин ... бирдан уй босиб қолади", дейди у.
Бироқ, у Яғизга ғамхўрлик қилиши кераклигини билар эди ва уни тор, сиқиқ жойда эмиза олди.

Унинг ўзи учун сув ёки егулик йўқ эди. У умидсизликка тушиб, ўз сутини ичишга уриниб кўрди.
Нежла тепада бурларнинг шовқинини эшитди, қадам товушлари ва овозларни эшитди, лекин бўғиқ товушлар узоқдан келаётгандек эди.
У қувватини тежашга ва ташқаридан шовқин яқинлашгунча жим туришга қарор қилди.
У доимо оиласи ҳақида ўйларди - кўкрагидаги бола ҳақида, вайроналарда йўқолган эри ва ўғли ҳақида.
У бошқа аҳволидан ҳам хавотирда эди.
Нежла вайроналардан чиқаман деб ўйламаганди, лекин Яғизнинг борлиги унга умидини йўқотмасликка куч берди.
Боласи кўпинча ухларди ва йиғлаб уйғонганида, у тинчлангунча уни индамай эмизарди.
Қутқарув
Вайрона остида 90 соатдан кўпроқ вақт ётган Нежла итларнинг ҳуришини эшитди. Туш кўряпманми деб ўйлади.
Итлар товушидан кейин одамлар овозлари эшитилди.
"Яхшимисиз? Ҳа дейиш учун бир марта тақиллатинг, - улардан бири бақирди. - Қайси квартирада эдингиз?»
У топилди.

Қутқарувчилар она болани чиқариб олиш учун ерни эҳтиёткорлик билан қазишди.
Қоронғиликни унинг кўзларига тушган чироқ нури бузди.
Истанбул муниципалитети ўт ўчириш бўлимининг қутқарув гуруҳи Яғизнинг неча ёшда эканлигини сўраганида, Нежла аниқ жавоб бера олмади. У фақат зилзила содир бўлганида унинг 10 кунлик бўлганини биларди.
Яғиз қутқарувчиларга топширилгач, Нежла катта оломон кўз ўнгида замбилда олиб кетилди. У атрофдаги ҳеч бир юзни таний олмади.
Тез ёрдам машинасига ўтказилганда, у иккинчи ўғли ҳам қутқарилган ёки йўқлигини сўради.
Қутқарилгач
Касалхонага келганида Нежлани қариндошлари кутиб олишди ва унга турмуш ўртоғи Ирфон ва уч ёшли ўғли Йигит Керим вайроналар остидан қутқариб олинганини айтишди.
Аммо улар Адана вилоятидаги касалхонага олиб кетилган, оёқларидан жиддий жароҳат олган экан.
Эътиборлиси, Нежла ва Яғиз жиддий тан жароҳати олмаган. Улар кузатув учун 24 соат давомида касалхонада қолдирилган.
Нежланинг қайтиб борадиган уйи ҳам йўқ эди, лекин бир қариндоши уни вақтинчалик кўк чодирга олиб борди. Ҳаммаси бўлиб 13 киши бор - уларнинг барчаси уйсиз қолганлар.

Чодирда қариндошлар бир-бирини қўллаб-қувватлайди, кичкина печкада қаҳва тайёрлайди, шахмат ўйнайди, суҳбатлашади.
Нежла бошидан ўтганларни қабул қилишга "ҳаракат қилмоқда". У Яғиздан ҳаётимни сақлаб қолгани учун қарздорман дейди.
"Агар фарзандим бардош бермаганда, мен ҳам бардош беролмасдим", деб тушунтиради у.
Унинг ягона орзуси - ўғлининг бошига бошқа бундай кулфатлар тушмаслиги.
"У янги туғилган чақалоқ ва ҳеч нарсани эсламайди, шундан жуда хурсандман", дейди у.
Қўнғироқ бўлганда Нежла жилмайиб қўяди. Ирфон ва Йигит Керим касалхонадаги каравотдан жилмайиб, қўл силтайди.
«Салом, жангчи ўғлим, яхшимисиз?» дея Ирфан экран орқали чақалоғидан сўрайди.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














