"Блогерлар ёрдамга бормоқчи" – ўзбекистонликлар Туркияга кўмак йиғмоқда, видео

Ўқилиш вақти: 3 дақ

aid

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Пойтахт Тошкентнинг уч жойида ташкил этилган махсус марказларда Туркия учун йирик миқдорда инсонпарварлик ёрдами йиғила бошланган.

"Туркия ёрдам берганди, энди бизнинг галимиз" - дейди Тошкентдаги марказга Туркияга юбориш учун кўмак келтирган аёл.

"Бир вақтлар Истанбулда ишлаганман. Борганимизда, Туркия ёрдам берган. Ана энди ёрдам қўлини чўзиш бизнинг галимиз. У жойда яшаганим учун зилзила оқибатини ўз танамда ҳис қилгандек бўлдим", сўзлайди марказга уйидан кўрпа-тўшак, консерва маҳсулотлари олиб келганини айтган суҳбатдошимиз.

Ёрдам кампаниясининг асосий ҳомийлари хусусий бизнеслар бўлсада, суҳбатдошимиз каби ўзбекистонликлар ҳам қўлидан келган кўмакни аямаётгани айтилмоқда.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси координациясида кечаётган ёрдам йиғиш ишларига Ўзбекистон Саноат ва савдо палатаси, Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлар уюшмаси, Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Мустақил Саноатчилар ва ишбилармонлар уюшмаси Ўзбекистон бўлими (MUSAID) ва бир қатор хусусий компаниялар ҳомийлик қилаётгани маълум этилган.

Ёш йигит-қизлардан иборат кўнгиллилар эса ҳомийлар ва одамлар олиб келаётган ёрдамни саралаб, яхшилаб қадоқлаб, Туркияга жўнатишга тайёрлаш билан банд.

Би-би-си Яккасарой туманида очилган шундай марказлардан биридаги жараённи бориб кўрди.

Махсус видеомизни томоша қилинг:

"Эҳтиёж тугамагунча давом этамиз"

aid

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ёрдам кампаниясига координаторлик қилаётган Азмиддин Салоҳиддиновнинг маълум қилишича, Туркияда ҳалокатли зилзила юз берган куниёқ Тошкентда ёрдам йиғиш марказлари ташкил этилган.

Ҳозирда, мазкур марказларга биринчи эҳтиёж маҳсулотлари, қишки кийимлар, генератор ва иситкичлар, кўрпа-тўшак, узоқ сақланадиган озиқ-овқат, болалар учун озуқа ва тагликлар, гигиена маҳсулотлари каби зарур нарсалар тўпланмоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Ёрдам, асосан, корхоналардан келяпти. Аммо айтиб ўтиш керакки, ўзбек халқи ёрдамга муҳтож қардош миллатга баҳоли қудрат, уйида нима бўлса, олиб келяпти. Ярим кечаси ҳам ёрдам бермоқчи эдим, қаерга олиб борай, деб телефон қилишяпти. Имконияти чекланган одамлар уйига чақиряпти - бориб, атаган нарсасини олиб келяпмиз", таъкидлайди Азмиддин Салоҳиддинов.

aid

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ёрдам йиғиш марказларидан бири Яккасарой туманидаги Технопарк биносида ташкил этилган.

Унинг билдиришича, йиғилган ёрдам тез орада Туркияга юборилади.

9 февраль ҳолатига кўра, Тошкентдаги махсус марказларда 90 тоннага яқин маҳсулот йиғилган.

Азмиддин Салоҳиддинов Туркияда ёрдамга эҳтиёж тугамагунча, бу кампания давом эттирилиши ҳақида гапиради.

"Туркиями, бошқа давлатми - ўзи асли фарқи йўқ. Ҳаммамиз ер юзидаги Аллоҳнинг бандасимиз. Лекин турклар бизнинг қардошимиз. Тарихдан хабари бор одам биладики, ўзи биз асли бир халқмиз. Ўйлайманки, ўзбек халқи қардошининг оғир кунида яхши туриб беряпти".

"Блогерлар ёрдамга бормоқчи"

"Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси вакили ўлароқ ёрдам йиғиш кампаниясида иштирок этаётган таниқли блогер Худойберди Зоминий бир неча ўзбекистонлик фаоллар Туркиядаги қидирув-қутқарув ишларида қатнашишни истаётганини айтади.

"Ёшлар ташкилотлари фаоллари ва бошқа ёшларимиз юк тушириш, қадоқлаш, тахлаш ишларида сидқидилдан ишлашяпти. Аллоҳ рози бўлсин улардан.

Агар давлат томонидан расмий кўнгиллилар гуруҳи ташкил этилса, ўзим ва бошқа блогерлар Туркиядаги ёрдам ишларига ҳисса қўшишга тайёр турибмиз".

aid

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўзбекистон даҳшатли зилзила юз берган онларданоқ Туркияга фаол ёрдам қўлини чўза бошлаган.

Табиий офатдан зум ўтмай, Ўзбекистон юзга яқин қутқарувчини ҳалокат сатҳига юборган.

9 февраль куни бортида 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи мавжуд махсус учоқ Туркияга етиб боргани хабар қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрганларни даволаш учун 1 гектар майдонда дала шифохонаси қуриши ҳамда уни мамлакатдан келтирилган барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланишини эълон қилган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.