Туркия. Зилзила. Бугуннинг саволи: Вайроналар остида қанча вақт тирик қолиш мумкин? Turkiya O‘zbekiston Zilzila Dunyo Yangiliklar

Abdulalim Muaini

Сурат манбаси, UMIT BEKTAS / REUTERS

Сурат тагсўзи, Абдулалим Муайни Туркиянинг Ҳатай шаҳрида вайроналар остидан қутқариб олинди
    • Author, Чагил Касапоглу
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Даҳшатли зилзиладан бир ҳафтача ўтиб ҳам, одамларнинг вайроналар остидан тирик топилганига оид хабарлар олинмоқда. Ҳануз дараги чиқмаган ўзбекистонликлар бор. Одамзод яна қанчагача чидаши мумкин?

Алоқадор мавзулар:

Душанба куни Туркия ва Сурияда юз берган 7.8 магнитудали зилзилада қулаган бинолар вайроналари остида қолганлар учун вақт ўтиб бормоқда.

Икки мамлакат қутқарувчилари ва дунёдан келган қутқарувчилар қаерда ҳаёт асари бўлиши мумкин бўлса, ўша ердаги вайроналарни очиб, тагида қолиб кетган жонларни қутқариш учун тўхтовсиз ишлаяпти.

Аммо бу вайроналар остида одам қанча вақт тирик қолиши мумкин?

Бу бир қанча омилга боғлиқ, дейди экспертлар Би-би-сига. Бино қулаганда одам қандай ҳолатда қолгани, ҳаво, сув, иқлим, ҳаво харорати ва, албатта, одамнинг жисмоний ҳолати унинг қанча вақт тирик қолишига таъсир қилади.

Аксар қутқарувлар фалокатнинг биринчи 24 соатида бўлади. Аммо анча узоқ вақт ўтгандан кейин ҳам қутқариладиганлар чиқади.

БМТ қидирув ва қутқарув ҳаракатларини фожиа юз бергандан 5-7 кунгача давом эттиришга чақиради. Агар бир ёки икки кун давомида бирорта ҳам тирик одам топилмаса, қутқарув амалиёти тўхтатилади.

Шундай экан, қайси омиллар одамларни тирик сақлайди?

Ҳушёрлик ва тайёргарлик

Қачон зилзила бўлиши, қачон бино тўсатдан қулашини тўғри тахмин қилиш, ўша вақтдаги ҳолатингиз омон қолишингизда муҳим роль ўйнайди, дейди экспертлар.

Elbiston

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Огоҳлик ва тайёргарлик зилзила содир бўлганда жароҳатни енгиллаштириши мумкин

Яхши танланган жой сизни жисмонан яхши пана қилади ва ҳаво йўлини тўсиб қўймайди.

"Тиззалаш, панага ўтиш ва ушлаб олиш омон қолишга қулай шароит яратади", дейди Мурат Ҳарун Ўнгўрен. У Турк қидирув ва қутқарув ассоциацияси координаторидир.

"Тиззалаш, панага ўтиш ва ушлаб олиш" ерга тиззалаш, столга ўхшаш бирор нарсанинг остига ўтиш ва тебраниш тўхтагунча бирор нимани қаттиқ ушлаб олишни англатади.

"Фавқулодда ҳолатда ҳушёр туриш, нима қилишни ўрганиш жуда муҳим, аммо бу кўпинча эътибдан четда қолади", деб қўшимча қилади у.

"Ана шу вайрона остида тирик қолишингизни белгилаб беради."

ЖССТ Жаҳон соғлиқни сақлаш фавқулодда вазиятлар дастурининг техник ходими доктор Жетри Регми ҳам хушёрлик муҳимлигини таъкидлайди.

"Хавфсиз жойда, масалан, мустаҳкам стол остида бўлиш омон қолиш имкониятини оширади. Ҳеч нарсани билиб бўлмайди, чунки ҳар бир фавқулодда вазият ўзига хос, аммо дастлабки қидирув ва қутқарув ҳаракатлари одамларнинг тайёргарлигига боғлиқ ", дейди у.

Ҳаво ва сув бўлиши

Ҳаво ва сув бўлиши қулаган бино остида қолганда жон сақлаш калитидир. Аммо бу шикастланиш даражасига боғлиқ - қон йўқотиш 24 соат ичида омон қолиш эҳтимолини камайтиради.

Шундай қилиб, агар одам бино қулаганда жиддий жароҳат олмаса ва нафас олиш учун ҳаво бўлса - кенгроқ бўшлиқда ҳаво бўлса - кейинги масала сувсиз қолмасликдир, дейди мутахассислар.

АҚШдаги Дюк университети реанимация бўйича мутахассиси, профессор Ричард Эдвард Муннинг айтишича, "сув ва кислород бўлиши омон қолиш учун муҳим масаладир".

"Ҳар бир катта ёшли одам кунига 1,2 литргача сув йўқотади", дейди эксперт.

"Бу сийдик, нафас, парланиш ва тер орқали бўлади. Одам жиддий касал бўлганда саккиз литр ёки ундан кўпроқ суюқлик йўқотади."

Баъзи маълумотларга кўра, одамлар сувсиз уч кундан етти кунгача яшаши мумкин.

Qahramonmarash

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳали ҳам вайроналар остида ўн минглаб одамлар борлиги тахмин қилинмоқда

Шикастланиш даражаси

Агар бирор киши бошидан ёки бошқа еридан оғир жароҳат олган бўлса ва нафас олиш учун жой кам бўлса, фалокатдан кейинги суткада омон қолиш имконияти оз.

Доктор Регмининг айтишича, жароҳат даражасини чамалай олиш жуда муҳимдир.

"Умуртқа, бош ёки кўкрак жароҳати олган одамлар тез ёрдам бўлимига олиб кетилмагунча омон қололмайди", дейди у. Қон йўқотиш, эзилиш ёки органлар кесилиши ўлим эҳтимолини оширади.

Доктор Регмининг сўзларига кўра, қутқарувдан кейинги парвариш ҳам худди шундай муҳим.

"Ҳатто вайроналар остидан қутқарилганлар ҳам эзилиш синдроми туфайли ўлиши мумкин. Бу одатда зилзилалар каби фалокатлар пайтида, йиқилган ёки сурилган тош остида қолган одамларда бўлади.

ЖССТ техник ходимининг сўзларига кўра, эзилиш синдроми мушаклар босим туфайли шикастланганда ва токсин ишлаб чиқарганда пайдо бўлади. Босиб қолган нарса олиб ташлангач, токсин соғлиқ учун жиддий оқибатларга олиб келадиган шаклда бутун танага тарқалади.

Hatay

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво ва сувга имконият тирик қолишнинг калитидир

Иқлим, об-ҳаво шароити

Иқлим ҳам одам қанча вақт омон қолишини белгилайди.

Профессор Мунга кўра, Туркиядаги қиш шароити вазиятни анча оғирлаштиради.

"Соғлом катта ёшдаги одам 21 даражагача паст ҳароратга иссиқликни сақлаш қобилиятини йўқотмасдан бардош бера олади. Аммо совуқроқ бўлса, бу ёғи бошқа масала", дейди у.

Бу вақтда тана ҳарорати асосан атроф-муҳит ҳарорати билан бир хил бўлади.

"Гипотермия қандай тезликда бўлиши одам қанчалик изоляциядалиги ёки қанча бошпана борлигига боғлиқ бўлади. Аммо охир-оқибат, бундай шароитда омадсизроқларнинг кўпчилиги гипотермияга дучор бўлади", дейди интенсив терапия мутахассиси.

Ёзда, аксинча, агар хона жуда иссиқ бўлса, одам сувни жуда тез йўқотиши мумкин, бу унинг тирик қолиш имкониятини камайтиради.

Руҳий бардош

Мутахассисларнинг фикрича, кўпинча кам баҳоланадиган омил руҳий бардошдир.

Улар тирик қолишга бўлган ирода, истак муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлашади.

"Қўрқув - бизнинг табиий реакциямиз, аммо ваҳима қилмаслигимиз керак. Тирик қолиш учун руҳий жиҳатдан кучли бўлишимиз керак", дейди қутқарув бўйича мутахассис Ўнгўрен.

Бу қатъиятни талаб қилади.

"Қўрқувни қувиб, ўзингизни қўлга олиш муҳимдир. "Яхши, шу ерга тушиб қолдим, тирик қолиш йўлини топишим керак" деган мотивация бўлиши лозим. Бу хадеб қичқириб, ортиқча ҳаракат қилаверишни камайтиради. Ҳис-туйғу ва ваҳимангизни назорат қилиш орқали қувватни тежашингиз керак бўлади."

Ҳайратланарли шаклда тирик қолганлар

1995 йилда Жанубий Кореядаги зилзиладан 10 кун ўтиб, вайроналар остидан бир киши олиб чиқилди. Хабарларга кўра, у ёмғир суви ичиб, картон қути еб омон қолган. У ақлини йўқотиб қўймаслик учун болалар ўйинчоғини ўйнаган.

2013 йил майида Бангладешдаги завод биноси қулаганидан 17 кун ўтиб, унинг вайроналари остидан бир аёл чиқарилди.

"Бир неча кун давомида мен қутқарувчиларнинг овозини эшитдим. Уларнинг эътиборини тортиш учун вайроналарни таёқ билан урардим. Ҳеч ким мени эшитмасди", деди у қутқарувдан кейин.

"Мен 15 кун давомида қуритилган овқат едим. Охирги икки кун фақат сув ичдим".

Гаитида, 2010 йил январь ойида 220 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган зилзиладан сўнг, бир киши талон-тарож қилинган дўкон вайроналари остида 12 кун яшаган. Кейинчалик зилзиладан 27 кун ўтиб яна бир одам тирик топилди.

2005 йил октябрь ойида, Покистон Кашмиридаги зилзиладан икки ой ўтиб, Накша Биби исмли 40 ёшли аёл ошхонадан қутқариб олинди.

Унинг мушаклари қотиб қолгани ва жуда заиф бўлганлиги сабабли зўрға гапирарди. 2005 йилда Би-би-сига берган интервьюсида унинг амакиваччаси: "Аввалига биз уни ўлган деб ўйладик, лекин уни тортиб олганимизда кўзларини очди", дейди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.