Янгиликлар. Никоҳсиз жимо қилган туристлар жазога тортилмайдими? Индонезия, Dunyo

Bali

Сурат манбаси, Getty Images

Никоҳсиз жимо қилиш ёки бирга яшашга жорий қилинаётган жазо Индонезияга саёҳат қилаётганларга таъсир қилмайдими? Олдинроқ мамлакатда никоҳсиз қовушганларни бир йилгача қамоқка ташловчи қонун эълон қилинганди.

Расмийларнинг айтишича, Индонезияга борувчи туристлар янги қонун бўйича жазога тортилмайди.

"Балида жимога тақиқ" деб ном олган янги қонун уйланмаган жуфтликлар секс билан шуғулланганда 1 йил, никоҳсиз бирга яшаганлар учун 6 ойгача қамоқ жазосини назарда тутади.

Бироқ сайёҳлар учун жозибадор Бали ҳокими расмийлар туристларнинг никоҳ ҳолатини текширмаслигини билдирди.

Қонун уч йилдан сўнг кучга кириши керак, бироқ у айрим ҳуқуқий муаммоларга дуч келиши мумкин.

Янги қонун жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришларнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу ўзгартиришларга кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиладиган Индонезияда диндорлик кучайганидан сўнг эҳтиёж пайдо бўлган.

Гарчи никоҳдан ташқари сексга жазо чет элдагиларнинг кўпроқ эътиборини тортган бўлса-да, мамлакат ичидагилар янги кодекснинг бошқа моддалари кўпроқ зарарли эканлигини айтишмоқда. Масалан, энди президент ва вице-президентни танқид қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

БМТ янги қонун мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари пайпол қилиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ Индонезия мулозимлари қонун "Индонезия қадриятларини" қўллаб қувватлашини таъкидламоқда.

Тадбиркорлар ушбу ўзгаришлар Индонезияни туристлар учун жозибадор бўлмаган бир давлатга айлантиришидан хавотир билдирган. Уларга кўра, Ковид пандемиясидан сўнг туризм саноати ҳали ўзига келмаган.

2019 йили Индонезияга 16 миллиондан кўпроқ сайёҳ борган.

Қонун техник жиҳатдан ҳам маҳаллий аҳоли ҳамда хорижликлар учун бирдек амал қилса-да, расмийлар туристлар таъқиб қилинади деган хавотирларни бостиришга ҳаракат қилмоқда.

"Бали ҳар доимгидек қулай ва келиш учун хавфсиз бўлган Балидир", деган Бали ҳокими Ваян Костер.

Унинг айтишича, сайёҳлар меҳмонхонага кираётганда никоҳлари борлигини исботлаши керак бўлмайди ва маҳаллий мулозимлар буни текширмайди.

Индонезия Адлия вазири ўринбосари хорижликлар қонун билан таъқиб қилинмаслигига ваъда берди.

"Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, хорижлик сайёҳлар, марҳамат қилиб Индонезияга келингизлар, чунки сизлар бу модда билан жавобгарликка тортилмайсиз", дейди Эдвард Умар Шариф.

Ҳукуматнинг урғу беришича, янги жиноят кодексига кўра, никоҳсиз секс ва бирга яшаш фақатгина турмуш ўртоғи, ота-онаси ёки фарзанди хабар берсагина таъқиб қилинади.

Бу қонуннинг туристларга таъсир қилиш эҳтимоли деярли йўқ, дейди расмийлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek