Дунё, Ўзбекистон: Никоҳдан ташқари жинсий алоқа тақиқланадими?

Сурат манбаси, AFP
АҚШ Вакиллар Палатаси Президент Трампга импичмент эълон қилишга тайёр.
Бу борада эълон қилган Конгресс спикери Нэнси Пелосига кўра, бош сабаб - Оқ Уй соҳибининг Украина президенти Владимир Зеленский билан 25 июлда бўлиб ўтган суҳбати.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўша суҳбат давомида Украина президенти Владимир Зеленскийдан 2020 йилдаги сайловда ўзига эҳтимолий рақиб бўладиган шахс - Жо Байден устидан текширув ўтказишни талаб қилган.
Маълум бўлишича, Дональд Трамп Украинага ажратиладиган 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни ҳам икки ойга ушлаб турган.
Афғонистонда сайловолди сукути

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистонда бугун маҳаллий вақт билан ярим тунда икки кунлик сайловолди сукути бошланади.
Шанба 28 Сентябрдаги сайловда эса Афғонистон халқи президентлик сайловида овоз бериши кутилмоқда.
Жами 18 номзод президент бўлиш учун беллашади.
Толибон сайлов пайтида ҳужум қилиш таҳдиди билан чиққан.
Ўтган икки ой давомида Толибон кучлари бир нечта худкушлик ҳужумлари уюштириб, 100 нафарга яқин одамни ўлдиришди.
Никоҳдан ташқари жинсий алоқани тақиқламанг

Сурат манбаси, AFP
Индонезия полицияси пойтахт Жакартадаги парламент биносини ўраб олган намойишчиларни тарқатиш учун сув ва газ пуркаган.
Дунёнинг энг йирик мусулмон давлати никоҳдан ташқари жинсий алоқани зино, деб тақиқламоқчи.
Бу учун махсус қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Аммо Индонезияда кўплаб бошқа дин вакиллари ҳам яшашади.
Минглаб одамлар мазкур қонун лойиҳасига қарши намойиш қилмоқдалар.
Ҳозир лойиҳани кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилди.
Намойишчиларнинг хавотирланишича, барибир, Зино қонуни қабул қилиниши эҳтимоли катта.
Бир намойишчи аёл "Менинг жинсий аъзом ҳукуматнинг мулки эмас" деган шиорни кўтариб олган.
Индонезиянинг Ачеҳ вилоятида аллақачон шариатга мос қонунлар ишлайди.
Масалан, жинсий алоқа қилишда айбланган гей эркаклар ва зинода айбланган аёллар омма олдида сазойи қилинган ва дарраланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












