Ҳамма ҳижобда юриши шарт эмас – Ислом ва мусулмонлар, Islom dini, musulmonlar, dunyo, O‘zbekiston, yangiliklar

Indoneziya

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳамма ҳижобда юриши шарт эмас - ҳижоб масаласи шу кунларда дунёнинг энг йирик мусулмон давлатида кун тартибига чиқди. Масъуллар якунида худди ана шундай тўхтамга келишди.

Индонезиянинг давлат мактабларида барчанинг диний либосда бўлиши талаби бекор қилинди.

Бунга ҳижоб ўраш босими остида қолган насроний ўқувчи қиз видеосининг интернетда оммалашиб кетиши сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, 16 ёшли бу қиз борган мактабда барчанинг ҳижобда бўлиши шарт, деб кўрилган.

Сўнгги можаро ортидан, ҳукумат мавжуд тартиб-қоидаларни бекор қилишлари учун давлат мактабларига 30 кун муҳлат берган.

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Индонезияда бошқа динлар ҳам расман тан олинади.

Аммо сўнгги пайтларда мамлакатда диний тоқатсизлик кучайиб бораётганига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Фармон кучини олган тақиқ ўтган ҳафта имзоланган, унга амал қилмаган мактаблар энди жазоланиши мумкин.

Индонезия Таълим ва Маданият вазири Надием Макаримнинг айтишича, диний либос кийиш-киймаслик "мактабнинг қарори эмас, шахснинг ҳуқуқи" бўлади.

Диний эътиқод эркинлиги...

Indoneziya

Сурат манбаси, EPA

Сўнгги ҳафталарда бутун мамлакат эътиборига тушган ҳодиса ўтган ой Индонезиянинг Паданг шаҳрида юз берган.

Насроний қиз ўқиган касб-ҳунар мактабидагилар ундан ҳижобда келишини сўрайверишган.

Қиз бош тортгач, унинг ота-онасини мактабга чақиришган.

Ота-онаси эса, мактаб масъуллари билан учрашувни яширинча видеотасвирга тушириб олишган, кейин ижтимоий тармоққа жойлашган.

Бунинг ортидан, ушбу тасвирлар кибер фазода қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Видеода эса, мактаб мулозими ўзларида мавжуд бўлган тартиб-қоидага мувофиқ, муслима бўладими ёки йўқ, барчанинг ҳижобда бўлиши шарт эканини таъкидлаган.

Отаси Элиану Хианинг айтишича, "ҳижоб ўрамагани учун қизини деярли ҳар кун чақиртиришган, у эса бунинг сабабини ўзининг мусулмон эмаслиги билан изоҳлаб келган".

"Агар, мен қизимни ҳижоб ўрашга мажбур қилсам, мен унинг кимлиги ҳақида ёлғон гапирган бўлиб чиқмайманми", - деркан, унинг отаси, "менинг диний ҳуқуқларим нима бўлади? Ахир бу давлат мактаби бўлса", - дея савол қўйган.

Кейинчалик мактаб директори бу иш учун матбуот анжуманида узр сўраган ва ўқувчига ўзининг диний эътиқодига кўра кийинишга рухсат берилишини айтган.

Ўтган ҳафта янги фармон билан боғлиқ брифинг бўлиб ўтган, унда Индонезиянинг Диний масалалар бўйича вазири, "динлар ноаҳилликка ундамаслиги, ўзгаларга нисбатан адолатсиз бўлишни оқламаслиги"ни айтган.

Индонезиядаги сўнгги ҳодисага "Хьюман Райтс Вочт" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти вакили ҳам ўз муносабатини билдирган.

Андреас Ҳарсононининг "Рейтер" ахборот агентлигига айтишича, Индонезиядаги 20 дан ортиқ мактабда ҳануз диний либос шарт экани назарда тутилса, янги фармон бу йўлда қўйилган ижобий қадамдир.

"Кўпгина давлат мактабларида ўқувчи қизлар ва аёл ўқитувчиларнинг ҳижобда бўлишлари талаб қилинади, бу эса, аксарият ҳолларда таҳқир, қўрқитиш, ижтимоий босим ва баъзи ҳолларда мажбурий истеъфога ҳам сабаб бўлади", - дейди у.

Дунёнинг энг йирик мусулмон давлати бўлган Индонезияда олтита дин расман тан олинади.

Панчасила - давлатнинг беш тамойили ҳам плюрализмни кўзда тутади.

Indoneziya

Сурат манбаси, Getty Images

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek