Янгиликлар. Дунё: Бачабозлик савдоси кучаймоқда - бунинг ортида кимлар туради? Dunyo Yangiliklar

Болакай
Сурат тагсўзи, Эрик ва Мария узоқ вақт жинсий таҳқирларга дучор бўлишган.
    • Author, Лаура Бикер
    • Role, BBC News Манила

Филиппин пойтахти Маниладан бир неча соатлик йўл шимолда, ям-яшил, қалин ўрмон билан ўралган боғда етти яшарли Эрик космик саёҳат ҳақида жилмайиб гапириб бермоқда.

Эрик камалакранг ракетасида Сатурнга учишни орзу қилади. Яқиндагина унинг сут тишлари тушган, лекин гавдаси ёшига нисбатан кичик. Нимжон елкаларида оппоқ кўйлаги осилиб турибди.

"Терапия пайтида нима деб йиғлайсан?" деб ундан сўрайди ижтимоий хизматчилардан бири. "Ота-онам", дейди у ерга қараб.

Федалин Мэри Балдо Эрик, унинг 10 ёшли опаси Мария ва икки акаси билан бир неча ой бирга бўлиб, уларга болаликлари бошқа болаларники каби эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Кўп йиллар давомида бу болалар тунлари бутун дунё педофиллари учун жонли шаҳвоний томошалар кўрсатишга мажбур қилинган.

Алоқадор мавзулар:

Улар камера қаршисида онаси томонидан зўрланган ва жинсий таҳқирланган. Уларнинг отаси, холаси ва амакиси ҳам бунда иштирок этган.

Айнан болаларнинг отаси ўзаро жанжалдан кейин хотини ва унинг оиласи ҳақида полицияга хабар берган. Терговчилар Буюк Британия ва Швейцариядаги ҳисоб рақамлардан оилага пул тўланганини аниқлашди.

Бир неча ой ўтгач, Эрик ва унинг туғишганлари жинсий зўравонликка учраган болаларга ёрдам берадиган Преда хайрия ташкилотига қарашли уйга келтирилди.

Балдо хоним 17 йилдан бери ижтимоий хизматчи. Бу вақт ичида болалар жинсий зўравонлиги тасвирлари ва видеолари Филиппинда миллиард долларлик саноатга айланди ва ҳозир дунёдаги энг катта манба ҳисобланади.

Уларнинг ўта қашшоқлиги, юқори тезликдаги интернет ва инглиз тилида мулоқот қила олиши бу жараённи осонлаштирарди.

Болалар
Сурат тагсўзи, Қутқарилган болалар бугун махсус муассасада руҳий ёрдам олишади.

Кейин пандемия бошланди. Икки йилдан кўпроқ вақт давомида локдаунлар ва узоқ вақт давомида мактабларнинг ёпилиши заиф болаларни уйга банди қилиб қўйди, ота-оналари пул топишга қийналарди.

Unicef ва Save the Children (Болаларни асранг) томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқотга кўра, ҳар бешинчи филиппинлик бола ҳозирда жинсий таҳқир хавфи остида, бу қарийб икки миллион бола деганидир.

Балдо хоним Филиппинда таҳқирлар «оддий» ҳолга айланиб бораётганидан ва бу мамлакатнинг энг қашшоқ ҳудудларида одатий ҳолга келиши мумкинлигидан хавотирда.

Президент Бонгбонг Маркос болаларнинг жинсий зўравонлигига қарши "ялпи уруш" эълон қилди. Аммо бу урушда ҳозирча мамлакат ғалаба қозонгани йўқ.

Глобал уруш

Манилада тонг отмоқда. Миллий тергов бюроси гуруҳи қабристон олдида тўпланди.

Чироқлар ўчирилган, қуроллар ўқланган, камералар далилларни олишга тайёр, гуруҳ раҳбари якуний топшириқларни берди. Улар бугун тайинли натижага эришишлари керак.

Аҳоли зич жойлашган бу шаҳардаги қабр тошлари орасида бир оила яшайди. 36 ёшли она қабристондаги ёғоч кулбада смартфонга қараб нимадир ёзмоқда.

У уч нафар фарзанди иштирокидаги жонли шаҳвоний кўрсатувни сўраган Австралиядаги мижозга хабар юбормоқда. Аслида эса унинг хабарлари махфий полиция ходимига боради.

У камерани ёққанида, ўнга яқин полициячи тор йўл бўйлаб унинг эшиги томон шошилади. Шу вақтда дайди итлар ҳуришни бошлайди.

Аёл полициячи болаларни хавфсиз жойга олиб кетаётганда она қаршилик қилмайди, бошқалар эса далилий ашёларни тўплашни бошлайди: шаҳвоний ўйинчоқлар, смартфонлар, хориждаги тўловлар тафсилотлари кўрсатилган квитанциялар.

Бу каби ҳибсга олишларнинг аксариятида бўлгани каби, бунисида ҳам хорижий мижоздан талаб тушган.

Австралия федерал полициясининг Би би сига хабар беришича, улар аэропортда бир одамни болаларга жинсий тажовуз тасвирланган видеоларга тўла қурилма билан қўлга олишган. Унинг телефонида Филиппиндаги аёлга видео эвазига пул таклиф қилинган хабарлар бор экан.

Амалиёт бир неча ҳафта давом этган ва икки киши - бири Манилада ва бири Сиднейда қўлга тушган.

Австралия расмийларининг таъкидлашича, ўтган йил давомида болалар эксплуатацияси ҳақидаги хабарлар тахминан 66 фоизга ошган.

Улар International Justice Mission (Халқаро Адолат Миссияси), Буюк Британиянинг Жиноятчиликка қарши кураш агентлиги ва Нидерландия полицияси, шунингдек, Филиппиндаги зобитлар билан бирга жинсий жиноятчиларни топишга ҳаракат қилмоқда. Гумонланувчи шахслар топилгач, улар материалнинг манбаси кетига тушадилар.

Аммо кўпинча зўравонлик ҳақида хабар топишнинг ягона йўли боланинг гапиришидир. Аммо бунгача ҳам узоқ йўқ бор.

Ижтимоий хизматчилар маҳаллий полицияни болаларни қутқаришга кўндириш ва ота-оналарга қарши иш очтириш учун кунлар, ҳатто ҳафталар кераклигини айтишади.

"Баъзида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қиламиз, баъзида ҳақиқатан ҳам болаларни ҳимоя қилиши керак бўлган одамларнинг ҳаракати кечикади. Аммо биз бир чорасини топишимиз керак», дейди PREDA фондидан Эммануэл Дрюери.

Болакай

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Филиппинда ҳар бешинчи болар жинсий таҳқир хавфи остида.

Бу ташкилот биринчи марта 1970 йилларда АҚШнинг йирик денгиз базаси жойлашган порт шаҳар Олонгапо яқинида қизлар учун болалар уйини ташкил қилган.

Бу шаҳар жинсий туризм, чет эллик эркакларга хизмат кўрсатувчи филиппинлик қизларнинг ноқонуний фоҳишалик марказига айланган. Бу қизлар кўпинча оилавий босим ва иқтисодий ночорлик туфайли жинсий савдога итқитилган бўларди.

Йиллар ўтиб, ижтимоий хизматчилар бу ерда жинсий зўравонликнинг катта қисми авлоддан-авлодга ўтиб кетишидан, зўрланган, жинсий таҳқирланганларнинг болалари ҳам ўшандай кўргуликка учрашидан хавотирда эди. Бу аёллар "мен яшаб қолиш учун шундай қилганман, сен ҳам қилишинг керак", қабилида фикрлар эди.

PREDA президенти Шай Калленнинг отаси Филиппинда 1974 йилдан бери зўравонликка учраган болалар ҳуқуқлари учун курашиб келади. У ўсиб бораётган муаммога глобал ечим топишни истайди.

"Халқаро нормалар бўлиши керак. Бу ягона йўл. Барча ҳукуматлар интернет корпорацияларига чекловлар қўйишлари керак. Улар болаларга нисбатан жинсий тажовуз тасвирлари интернетда айланмаслиги учун биргаликда чора кўришлари керак."

Вазият ўзгармоқда, дейди у, аммо жуда секин.

Бироқ бу урушнинг фақат бир томони холос. PREDA каби ташкилотлар учун катта муаммо болаларни реабилитация қилишдир.

Нега менга бундай қилдинг?

PREDA'ги энг оғир ўтадиган терапиялардан баъзилари майин мусиқа янграб турадиган қоронғи хонада бўлади.

Девор ва полда юмшоқ гиламчалар бор - ундан одатда гимнастикачилар фойдаланишади. Фақат ёруғлик очиқ эшикдан тушиб туради.

Тахминан бешта бола чўккалаб ўтирибди, ҳар бири ўз жойида. Уларнинг аксарияти деворга қараб турибди.

Ҳаддан ташқари кучли овоз чиқади - бу уларнинг муштлари ва оёқларининг гиламчаларга тартибсиз уришидир.

Аввалига қаттиқ, азобли қичқириқдан чўчиб кетасиз. Кейин яна бошланади, лекин бу овозларни эшитиш қийин, ҳатто масофадан туриб, ҳатто бир неча дақиқа ҳам.

Болакай

Юмшоқ деворларга қарата саволлар айтилади: "Нега менга бундай қилдинг? Нега мен? Нима қилдим?" Юракни эзади бу саволлар.

Терапевт жимгина ичкарида ўтирибди, ёрдам беришга тайёр.

"Ҳаммаси хонада бошланади", дейди PREDA президенти Франсиско Бермидо.

"Агар улар терапия вақтида зўравонларга қарши тура олсалар, суд залида ҳам уларга қарши туришлари мумкин. Бу жиноятчиларига бўлган нафратдир, бу болалар шикоят қилганида уларнинг сўзларига ишонмаганларга қарши нафратдир.

PREDA ўнлаб йиллар давомида жисмоний ва жинсий зўравонликнинг ҳиссий таъсирини енгишда болаларга ёрдам бериш учун ана шу руҳан енгил тортишга ёрда мберадиган терапияни қўллаб келади.

Аммо ресурс танқис. Уларнинг Манила яқинидаги маркази йилига атиги 100 га яқин болани қабул қила олади. Аммо бу кам.

Полицияга ариза топширгандан сўнг, болалар бир қанча уйларга ёки бошпаналарга юборилиши мумкин, аммо у ерлардаги хизматчиларнинг кўпчилиги зўравонликка учраган болаларга ғамхўрлик қилиш учун ўқитилмаган ёки тажрибага эга эмас.

Эрикнинг акаси дастлаб яқин атрофдаги болалар уйига жойлаштирилганди, кейин PREDA марказига кўчирилди.

Марказ ижтимоий хизматчиларининг таъкидлашича, уларнинг қарамоғида бўлган зўравонликка учраган болаларнинг қарийб 40 фоизи ҳаётини хавфсиз давом эттирмоқда. Ҳар бир муваффақият бу йўлда уларга қувват беради.

Мунтазамлик ёрдам беради. Марказда каратэ ва волейбол каби спорт турлари, ҳикоя сессиялари ва албатта терапиянининг маълум жадвалга солинган машғулотлари тартиб билан ўтказилади.

"Мен каратэни, рақсларни ва терапияни яхши кўраман", деб қичқиради Эрик ҳавога қўллари билан зарб бериб.

Унга қўшиқ айтиш ёқади ва ўйин хонасида дўстлари билан бирга. Яккахон куйлаш навбати келганда, аввалига оҳиста куйлайди, кейин ўзига бўлган ишонч кучайиб, овози хона бўйлаб таралади.

Болалар
Сурат тагсўзи, Болаларга спорт ҳам руҳий қувват беради.

Унинг акаларидан бири ҳали ҳам гапира олмайди. Балдо хонимнинг айтишича, опаси Мария ҳам кўп гапирмайди.

Аммо ўша куни чеҳраси очиқ ҳолда қадрли пенали ва юмшоқ ўйинчоққа ёпишган Мария жуда қизиқувчан ва саволларга тўла эди.

"Улар бу ерга олиб келинганда жуда мулойим, итоаткор, аммо бошқаларга ишонмас эдилар", дейди жаноб Бермидо.

Аммо ойлар ўтгач, улар ижтимоий хизматчиларга ўз ҳикояларини даҳшатли тафсилотлар билан айтиб бериши мумкин. Бу тўрт бола ўз оиласига қарши гувоҳлик берди, бу Филиппин судларининг талабидир.

"Бу ҳақиқатан ҳам жуда муҳим, чунки уларнинг адолат талаби шу ердан бошланади", дея қўшимча қилади у.

Эрик ҳам, Мария ҳам гуруҳ ҳикоялари сессиясида қатнашадилар. Опа ука ёнма ён ўтиради. Эрик беихтиёр опасининг сочини бармоғига ўраб ўйнай бошлайди.

Балдо хоним Мариядан Золушка ҳақида сўраганда у шундай жавоб беради: "Золушка оғир дамларда ҳам, ҳатто энг қийин вазиятда ҳам таслим бўлмади, умиди бор эди", дейди у юмшоқ ўйинчоқни қаттиқроқ қучиб.

"Ота-онамиз бизни таҳқирлашса ҳам, Золушка каби бўлишимиз керак."

Жабрланганлар исмлари ўзгартирилди.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek