Оиласини боқишга мажбур афғон болалари - Уруш ва Тинчлик - Видео

- Author, Секундар Кермани
- Role, Би-би-си, Кобул
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Афғонистонда инсоний инқироз бу қиш янада кучаймоқда. Кўплаб оилалар тирик қолиш учунгина курашишига тўғри келмоқда. Бу мамлакатда олдин ҳам 100 минглаб бола кўчада ишлашга мажбур эди. Энди эса яна ҳам кўплаб оилалар боласини пул топишга чиқаришга мажбур бўлмоқда.
Кобулда қаерга борманг, ишлаётган болаларга кўзингиз тушади.
Улар машиналарга исириқ тутатишади. Чиқиндилар ичида нарса йиғади.
"Отам ишини йўқотди. Уйимизда ҳеч ким ишламайди. Шу сабаб оёқ кийим тозалашни бошладим", дейди Парвиз.
Бу мамлакатга ҳатто миллиардлаб пул оқиб келганда ҳам кўплаб болалар оиласига ёрдам беришга мажбур эди.
Энди эса иқтисодий таназзул шароитларида уларнинг сони ортмоқда.
"Ҳозир бундай болалар кўп. Одамлар оч қоляпти".
Соат эрталабки саккиз бўлди. 13 ёшли Парвиз ишга чиқишга тайёргарлик кўрмоқда. У ва амакиваччаси пойабзал тозалашни бир неча ой олдин бошлашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Бир кунда 50-100 афғоний ёки 1 долларгача пул топаман. Олдин 150 афғоний ишлардим. Лекин ҳозир иш йўқ. Отам иш тополмай қолгач, мен ишлаш учун мактабни ташладим. Бир қоп ун 3000 афғони ёки 29 доллар, бир идиш ёғ эса 34 доллар. Ҳамма нарса қимматлаб кетди", дейди у.
Парвизнинг отаси кунини мардикор бозорда иш кутиб ўтказади. Олдинлари у фақат кун ўтиши учун пул топарди.
"Бу ерга ҳар куни келаман, аммо бир афғоний ҳам топмайман. Ҳатто тушликка нон олишга пулим йўқ. Бу ерда ҳамма шу аҳволда", дейди Малик Шоҳ
"Болам ишлаётгани учун ўзимни ноқулай ҳис қиламан, аммо вазият чатоқ. Уларни ишга юборишдан бошқа чора йўқ", дейди Парвизнинг амакиси Файзи Худо.
Парвиз ва амакиваччаси кўчада бошқа болалар ҳужум қилиб қолса бирга бўлиш учун яқин юради.

Уларнинг иши шу кунларда юришмаяпти.
"Одамлар оёқ кийимини тозалатмаса хафа бўлиб кетаман, бу қалбимни оғритади. Чунки 2 ё 3 та нон ҳам сотиб ололмаймиз-да. Кун бўйи иш тополмасак, баъзан уйга қўлимиз бўш борамиз", дейди у.
Мижоз йўқ вақти болалар Кобул марказидаги ўйин майдонида дам олишади. Уларнинг келажакдан орзулари ҳали катта.
Би-би-сининг катта бўлганда ким бўласизлар деган саволига болалар муҳандис, доктор ва учувчи деб жавоб беради.
Улар мактаблар очилган тақдирда ҳам оталари иш тополмаса кўчада ишлашга тўғри келишини айтади.
Болалар кун давомида иш излаб шаҳар кабобхоналари олдидан ва Кобул гул расталари, шунингдек, тўланмаган маошларини талаб қилаётган давлат хизматчилари ва банклар ташқарисидаги узун навбатлар ёнидан ўтади.
Толибон қудратга келгач халқаро ёрдамлар тўхтатилди. Афғонистоннинг хориждаги пуллари музлатилди ва мамлакатга жазо чоралари киритилди.
Ҳозир иқтисод ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Кун бўйи болалар билан юрган Би-би-си мухбири Секундар Кермани уларнинг тушликка аранг бир нон олиб ўртада бўлиб еганига гувоҳ бўлган.

Шунда улар мижоз топишди.
"Оёқ кийимларимни эрталаб тозалатган бўлсам ҳам, уларга ёрдам бериш учун яна тозалатаяпман", дейди болаларга иш берган дўкондорлардан бири.
"Эрталабдан кечгача дўконимга келаётганларнинг кўпчилиги пойабзал тозаламоқчи бўлганлар ёки тиламчилар. Ҳар куни қарийб шундай 150 одам келади", дейди у.
Парвиз кун бўйи ишлаган пул бугун оиласининг қорнини тўйдиришга ёрдам беради. Аммо озиқ-овқат нархи ошмоқда ва ижарадан қарздор бўлиб қолишган.
Оилангга ёрдам бераётганингдан хурсандмисан, деган саволга у шундай дейди:
"Ҳа, мен шукур қиламан, аммо биз мактабда бўлишимиз керак эди. Мактабнинг яхши томони - у бизнинг кимдир бўлишимизда ёрдам беради", дейди Парвиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















