Ўзбекистон – Афғонистон: Толибон расмий Тошкентни яна ишонтирди - Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Кобулдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан Кобулга ўз Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатини амалий ташриф билан юборган биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё давлати бўлди. Толиблар Афғонистонда ўзбек тили ва маданияти ривожланишда давом этади, дейишмоқда. Аммо буни қандай амалга оширишмоқчи?

Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, мамлакатга чегарадош бешта минтақа давлатидан биттаси.

Дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп - миллионлаб сонда ўзбеклар яшовчи иккинчи мамлакати.

Афғонистон Сурия ва Ироқ билан бирга жаҳоннинг ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаш мавқеида бўлган давлати ҳам бўлади.

Толибон ва худди шу вақт оралиғида Афғонистонда жанг қилиб келган аксарият йирик жангари гуруҳлар эса, уларнинг ҳам яқин иттифоқчилари саналишган.

Аммо расмий Тошкент сўнгги йилларда ўзаро алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган минтақа давлати.

Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаши мумкин бўлган транзит давлати экани билан жозибали.

Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат.

Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи бозорларидан биттаси.

Аммо орадан йигирма йил ўтиб, шу йил август ойида Афғонистонда Толибон яна қудратга қайтган.

Ҳаракат Афғонистонни бу гал ҳам қуролли йўл билан, хорижий иттифоқ қўшинлари ҳозирлигида эгаллаган.

Қудратга қайтиши ортидан, уларнинг Афғонистонда қолиш муддатларини ўзгартиришга кўнмаган, улар мамлакатни буткул тарк этишидан бор-йўғи ҳафта ўтиб, ўзининг муваққат ҳукуматини ташкил қилган.

Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

Толибоннинг муваққат ҳукумати ҳалича дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман қонуний, деб тан олинмаган.

Халқаро ҳамжамият Афғонистонни қуролли йўл билан босиб олган тақдирда, уларни якаллаб қўйиши борасидаги мавқеини ҳали-ҳануз ўзгартирмаган.

Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.

Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи саналади.

Ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони 80 мингдан ошиши айтилади.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Учрашув

Сурат манбаси, TWITTER/AHMADULLAHWASIQ

Ўзбекистон худди шу манзарада Толибоннинг муваққат ҳукуматини олқишлаб чиққан дунёнинг илк давлатларидан бири бўлган.

Орада Марказий Осиё мамлакатлари орасидан биринчи бўлиб Толибоннинг Исломий Амирлигига катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами юборган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг яқинда Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган сўнгги саммити чоғида Ўзбекистон президенти инсоний инқирознинг олдини олиш учун Афғонистоннинг чет эл банкларида сақланаётган пулларини музлатмасликка ҳам чақирган.

АҚШ банкларида Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлик маблағи қолаётгани айтилади.

Мирзиёев ШҲТ-Афғонистон форматида олий даражадаги учрашувларни ўтказиш таклифини ҳам илгари сурган.

Унинг дастлабкисига ўзларига мезбонлик қилишга шай эканликларини билдирган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти АҚШ, Ғарб қўшинлари чиқиб кетиши ортидан Афғонистондаги бугунги вазиятга ҳам қизиқиш ва ҳам хавотир билан қараётган Россия ва Хитой шамсияси остидаги минтақавий ташкилот бўлади.

Унинг раислиги бу йил Ўзбекистонга ўтади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Афғонистон пойтахтига кеча, 7 октябрь кунги амалий ташрифи худди шу фонда амалга ошган.

Амалий ташриф ҳақида биринчи бўлиб мезбон Афғонистон томони хабар берган.

Уларнинг билдиришномасидан бир неча соат ўтиб, бу ҳақда Ўзбекистон тарафи ҳам расман маълум қилган.

Бу - Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан Ўзбекистон томони уюштирган илк олий даражадаги ташриф бўлган.

Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг расмий амалий ташрифидан аввал томонларнинг маҳаллий миқёсдаги қатор учрашувларига оид хабарлар ҳам олинган.

Тафсилот ўрнида

Кобулдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Ҳар икки томоннинг расмий хабарлари тафсилотларидан Кобулдаги учрашув чоғида Толибоннинг сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон томонига бериб келган ваъдаларини яна бир бор такрорлагани маълум бўлган.

Абдулазиз Комилов етакчилигидаги ҳайъат Толибоннинг муваққат Ташқи ишлар вазири билан алоҳида учрашган.

Муваққат Бош вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказган.

Музокаралар чоғида Толибон муваққат ҳукуматининг ягона этник ўзбек аъзоси, Афғонистон Бош вазирининг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий ҳам ҳозир бўлган.

Томонларнинг хавфсизликдан тортиб, иқтисодиёт ва ўзбек тилининг учинчи расмий тил ўлароқ Афғонистондаги кейинги тақдири қадар турфа масалаларни гаплашиб олишгани маълум бўлган.

Кўрилишича, Толибоннинг муваққат ҳукумати Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёевнинг бу каби саъй-ҳаракатларини беэътибор қолдирмаган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини "юқори" баҳолаган.

Афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улкан эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун "самимий" миннатдорлик билдирган.

Афғонистонда Ўзбекистон манфаатдор бўлган ва йилларки қизиқиш билдириб келаётган энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама этилган.

Улар сирасида "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш тармоқлари ва "Мозори Шариф - Кобул - Пешовар" темир йўл қурилиши лойиҳалари ҳам тилга олинган.

"Мозори Шариф - Кобул - Пешовар" темир йўл қурилиши лойиҳасини Шавкат Мирзиёев "аср лойиҳаси", деб аташгача борган.

Томонлар бу масалани тез орада Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида биргаликда муҳокама этишга келишиб олишгани айтилган.

Кобулдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Маълум бўлишича, Толибоннинг муваққат ҳукумати ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинажак ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирган.

Ўз навбатида яна бир бор Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон хавфсизлигига бирор бир таҳдид бўлмаслигига ҳам қатъий ишонтирган.

Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.

Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.

Бу йўллар орқали Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши ҳам айтилган.

Толибон қудратга келмасидан аввал ҳам, кейин ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга ваъда бериб келади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг хабаридан Кобулдаги музокаралар чоғида ўзбек тили ва маданиятининг Афғонистондаги ҳозирги ва кейинги тақдирига ҳам эътибор қаратилгани маълум бўлган.

Расмий вакил ўзининг хабарида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг, "ўзбек тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этиши"га оид сўзларидан иқтибос келтирган.

Иқтибосда Абдулазиз Комилов Афғонистондаги маҳаллий ўзбекларни "ўзбек ватандошларимиз", деб атагани кўрилган.

Янгилик Толибоннинг муваққат ҳукумати Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилганига оид кибер фазодаги гап-сўзлардан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.

Ўтган ой ўзбекзабон интернет сегменти орасида Толибон ўқув дастуридан ўзбек тилини чиқариб ташлаганига оид айрим тасдиқланмаган постлар ҳам кўзга ташланган.

Худди шундан келиб чиқиб, "Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райхон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг тақиқлангани"га оид хулосалар қилинган.

Бунинг ортидан Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳрида буюк ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг тасвири туширилган деворнинг вайрон қилинганига оид суратлар ҳам пайдо бўлган.

Сурат илова қилинган постларда бу Толибоннинг иши экани иддао қилинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда ҳам айни мазмундаги иддаоларни расман рад этиб чиққанди.

Расмий Тошкентнинг бугунги Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсати таҳлилчилар қолиб, оддий ўзбекистонликлар орасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.

Ёқловчи томон буни "ўта прагматик, рационал сиёсат" ўлароқ баҳолаётган бўлса, танқидчилари Ўзбекистон "таваккал қилаяпти", деган фикрда.

Янгича минтақавий сиёсат

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон сўнгги йилларда ҳаракатнинг сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келган.

Ўзбекистон Афғонистонда қудратга қайтиши ортидан, Толибон мустақиллиги куни билан устма-уст расман қутлаган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Ҳаракат вакиллари ўз раҳбарлари номидан йўллаганликлари айтилган табрик мактубларида Ўзбекистон ҳукумати ва халқини "дўст", "биродар" ва "шерикларимиз", деб аташган.

Бунинг ортидан расмий Тошкент Толибон Афғонистонда тузган янги муваққат ҳукуматни ҳам биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан.

Бу Афғонистонда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши, мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолишига умид қилган.

Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Доимийси йўлида қўйилган жиддий қадам экани айтилганига қарамай, Толибоннинг янги муваққат ҳукумати дунё бўйлаб танқидлар билан қарши олинган.

Таркиби инклюзив эмаслиги ва зиддиятли экани талқинида жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Бу Афғонистонда янги нотинчликларга сабаб бўлиши эҳтимоли борасида янги қўрқувларни ҳам пайдо қилган.

Ўзбекистон илова ҳозирча дунёнинг бирор бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб тан олмаган.

Афғонистонни айнан қуролли йўл билан эгаллагани боис, йирик донорлар Афғонистонга бериб келган катта миқдордаги молиявий ёрдамларини тўхтатишга киришишган.

Худди шу манзарада толибларнинг иқтисоди абгор бир мамлакатни қайта оёққа қўйишга қанчалик қодир бўлишларига оид саволлар, жиддий хавотирлар ўртага чиққан.

Мирзиёев ва Афғонистон

президент

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, амалий ташриф билан Навоий вилоятида экан, 27 август куни Афғонистондаги вазиятга тўхталган.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.

Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.

Ўзбекистон раҳбари бунга қўшимча худди шу чиқишининг ўзида хавотир олишга ўрин йўқлигини ҳам таъкидлаган.

Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб туришгани, мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёрлигини баён қилган.

Президент Мирзиёев Афғонистон ўзларининг "жонажон қўшнилари" эканига ҳам тўхталган.

"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни айтганди.

Толибон пойтахт Кобулни эгаллаган 15 август куни ҳам расмий Тошкент Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ишлаб тургани, ходимлари ҳам ҳали эвакуация этилмаганини маълум қилган.

Орада толиблар визаси бор афғонистонликларни аллақачон Ўзбекистонга ўтказишни ҳам бошлаганига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири ўзаро чегарадаги вазиятни яқиндан кўришга имконли бўлмаган.

Яқинда мамлакат Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаётганини расман маълум қилган.

Ўзбекистон президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek