Афғонистон, Human Rights Watch: Толибон 100 дан ортиқ собиқ хавфсизлик ходимини ўлдирди Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибон аскарлари Кобул шаҳри четида

Сурат манбаси, EPA

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Human Rights Watch халқаро ташкилоти янги ҳисобот эълон қилди, ташкилотга кўра, Толибон Афғонистонда 100 дан ортиқ собиқ хавфсизлик ходимини ўлдирган ёки улар бедарак кетганлар.

Human Rights Watchга кўра, Толибон олий раҳбариятининг амнистия ҳақидаги ваъдалари маҳаллий қўмондонларнинг собиқ хавфсизлик ходимлари, аскар ёки полиция ходимларини нишонга олишдан қайтаролмаган.

Human Rights Watch Толибон олий раҳбариятини "атайин қотилликларга муроса қилаётганликда" айблади.

Яқинда Толибон воизи ўч олиш мақсадидаги қотилликлар содир бўлганини рад этганди.

Толибон шу йил 15 августида, 20 йиллик уруш ортидан АҚШ қўшинлари олиб чиқилиши арафасида Президент Ашраф Ғани ҳокимиятини ағдариб Афғонистон устидан назоратни қўлига олди.

Толибон олдинги ҳукуматга ишлаган ходимлар учун умумий афв эълон қилган, полиция, армия ёки давлатнинг бошқа идораларида ишлаганлар ўзларини хавфсиз сезишлари мумкинлигини айтган.

Аммо кўпчилик бу амнистиянинг амал қилишига шубҳа қилган. Боиси, Толибон узоқ вақтдан буён хавфсизлик кучлари ходимлари ва фуқаролик жамияти намояндаларини ўлдириб келган.

Шунингдек, Толибон 2020 йил бошларидан токи август ойида ҳокимиятни қўлга олгунича бўлган бир ярим йиллик вақт мобайнида содир этилган шафқатсиз қотилликлар учун масъулдир. Қурбонлар орасида судьялар, журналистлар, тинч фаоллар бор эди.

Таҳлилларга кўра, ушбу қотилликлар кампаниясидан кўзланган мақсад, қудратга қайтиш олдидан потенциал танқидчиларни йўқотиш ва тириклар орасида қўрқув муҳитини пайдо қилиш бўлган.

Human Rights Watch ўз ҳисоботида эълон қилишича, Толибон маъмурияти остида нишонга олинган қотилликлар давом этган, тўрт вилоят - Ғазни, Ҳелманд, Қундуз ва Қандаҳорда 100 дан ортиқ инсон ўлдирилган ёки бедарак кетган.

Инсон ҳақлари ташкилоти хабар қилишича, Толибон собиқ хавфсизлик ходимларига уларнинг хавфсизлиги таъминлангани кафолати хатини бериш ва таслим бўлиш ҳақида мурожаат қилган, бироқ қўлга киритган маълумотларидан эса одамларни қўлга тушириш ва қатл қилиш ёки "ғойиб бўлиши" мақсадида фойдаланган.

Шунингдек, Толибон собиқ ҳукумат идорасида қолган ишчилар ҳақидаги маълумотлардан инсонларни қидириб топиб ҳибс этиш ва қатл қилишда фойдаланган, дейилади HRW ҳисоботида.

"Толибон раҳбарияти ваъда қилинган амнистияси маҳаллий қўмондонларни собиқ Афғон хавфсизлик кучлари ходимларини ўзбошимчалик билан қатл этиши ёки ғойиб қилишидан тўхтатолмади", деб айтди Human Rights Watchнинг Осиё бўйича масъули Патриция Госсман.

"Келажакдаги қотилликлар олдини олиш, масъулларни жавобгарликка тортиш ва қурбонлар оилаларига товон тўлаш Толибон зиммасида", деди Human Rights Watch вакиласи.

29 ноябрь куни оммага мурожаат қилган Толибон Бош вазири Муҳаммад Ҳасанд Охунд қасос қотилликлари содир этилаётганини рад этди.

"Толибон ҳокимиятни эгаллаганида ҳаммага афв эълон қилди. Бирорта мисоли бўлдими?", дея савол берган у ўч қотилликларини назарда тутиб. "Бирорта одам учун муаммо йўқ", деб айтган Толибон Бош вазири Муҳаммад Ҳасанд Охунд.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek